muslim.uz

muslim.uz

Шундай бўладики, инсон Аллоҳдан тўғри йўл кўрсатишини сўраб дуо қилади[1], аммо банда Робби унга танлаган йўлдан боришдан бош тортади. Бу ҳам нафс касалликларидандир. 

Муолажа услуби

Инсон Аллоҳнинг илми ва ҳикмати унинг барча қарорларини қамраб олишини англаб етиши керак. Одамлар воқеа-ҳодисаларнинг фақат очиқ-ойдин томонларини кўра олишлари мумкин, Аллоҳ эса барча махфий-ошкор нарсаларни ҳам, уларнинг оқибатларини ҳам билади.

Шундай экан, инсон ўз нафсига эмас, балки Аллоҳнинг ихтиёрига, Унинг тақсимига қаноат қилмоғи керак. Бинобарин, инсоннинг хоҳиш-истаклари ўзи учун бахтсизликка айланиши мумкин.

Ҳеч ким тақдирни ўзгартира олмайди. Инсон Аллоҳ таолонинг хоҳиш-иродасига қарши чиқа олмайди, агар тақдирига ёзилганини қабул қилса бахтли бўлади. Агар норози бўлса Аллоҳ таолонинг раҳматидан узоқ бўлгани қолади, холос, лекин Аллоҳнинг тақдири ҳамиша амалга ошади.

 

Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг

“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан

Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.

 

[1] Хусусан, истихора қилганда.

Германия пойтахтида 2022 йилда Муҳаммад исми янги туғилган ўғил болалар орасида энг кўп тарқалган исмга айланди.

Репорт-24 нашрининг ёзишича, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга ҳурмат изҳор қилган ҳолда номланган Муҳаммад исми Европанинг қатор шаҳарларида машҳурлик бўйича етакчилик қилмоқда. Мисол учун, Норвегия пойтахти Ослода сўнгги 14 йил давомида ўғил болаларни кўпинча Муҳаммад деб аташган. Буюк Британия пойтахти Лондонда ҳам Муҳаммад исми энг машҳур ўнталикка киради.

Брюсселда ўтган йил давомида болаларни Жан, Патрик ёки Марк каби анъанавий машҳур исмлардан кўра кўпроқ Муҳаммад деб аташди. Муҳаммад исми Қўшма Штатлардаги ўғил болалар учун энг машҳур исмлардан бирига айланди.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Кеча, 16 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллигининг ташаббуси ҳамда йиллик иш режасига асосан ва албатта вилоят ҳокимлигининг жамоат ҳамда диний ташкилотлар билан ишлаш бўлими, Дин ишлари бўйича қўмитанинг вилоятдаги ҳамда унинг жойлардаги бўлимлари билан ҳамкорликда ташкил қилинган навбатдаги сайёр йиғилиш Нуробод туманида ўтказилди.

Тумандаги мавжуд 14 та масжид имом-хатиблари ва ноиблари ҳамда ҳамкор ташкилот масъулларининг ҳамроҳлигида вилоятдаги 16 та шаҳар ва туман бош имом хатиблари, иқтидорли имом-хатиблар тумандаги 16 та маҳаллаларга тарқалиб, жойларда аҳолининг кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ИҲМ ва шу каби тоифадаги оилаларга ташриф буюрди. Шунингдек, маҳалла марказларида уюшмаган ёшлар ва уларнинг оила аъзолари билан суҳбатлар ташкил қилинди. Ҳар бир маҳалладаги фуқаролар сони, ижтимоий ҳолати ва муаммолари таҳлил қилинди. Шу билан бир қаторда, вилоят ишчи гуруҳи Нуробод туманидаги 14 та масжидда Пешин намозини ўқиб, йиғилган намозхонларга “”, “Ёшлар тарбиясига эътиборли бўлайлик”, “Шукр қилиш фазилати”, “Ёшликни ғанимат билинг”“Фитналарга берилмайлик”, “Тинчликнинг қадрига етинг”, “Бидъатларнинг тарқалишига йўл қўймайлик”, “Ёшлар келажагимиз”, “Ота-онага яхшилик қилиш улуғ савоб”, “Интернетдан фойдаланиш одоблари”, “Ёт ғояларга алданманг”, “Илм олишнинг фазилатлари” ва бошқа бугунги кундаги долзарб мавзулар юзасидан маърузалар қилдилар ҳамда уларнинг муаммо ва таклифларини тингладилар. Иш жараёнидаги ҳолатлар ишчи гуруҳ томонидан далолатнома асосида хатланди.

Ушбу тадбирлар давомида умумий ўрганилган хонадонлар ва ўтказилган учрашувлар сони қуйидагиларни ташкил қилди:

  • Имом-хатиблар ташриф буюрган маҳаллалар сони: 16 та. Шундан 12 тасида  муаммолар борлиги аниқланди ва барчаси ижрога йўналтирилди;
  • Кам таъминланган оилаларга ташриф: 58 та. Барчасига моддий ёрдам кўрсатилди.
  • Ногиронлиги бор ва касалманд 2 нафар фуқаролар ҳолидан хабар олинди. Шундан барчасига моддий ёрдам кўрсатилди.
  • Нотинч оилаларга ташриф: 1 та. Бу оила ўтказилган тушунтиришлардан ўзларига тегишли хулосалар чиқарди;
  • Қўшниси билан низолашган 1 та оиланинг ўртаси ислоҳ қилинди;
  • Уюшмаган ёшлар билан 12 та МФЙда йиғилиш ўтказилди. Унда 100 га яқин уюшмаган ёшларнинг ва уларнинг ота-оналарининг иштироки таъминланди.
  • Тумандаги 14 та масжидда Пешин намози ўқилиб, йиғилган намозхонларга долзарб мавзуларда маърузалар қилинди. Унда 1000 нафардан зиёд намозхонлар иштирок этишди.
  • Юқорида айтиб ўтилган хонадонларга кўрсатилган жами моддий ёрдам миқдори  11 300 000 (ўн бир миллион уч юз минг) сўмни ташкил қилди.
  • Вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров Нуробод туманидаги “Ҳазрати Али” жоме масжидида туманда расмий фаолият олиб бораётган маҳалла муллалари ва отинойилар билан фаолиятларини янада жадаллаштириш, аҳоли орасида кенг тарқалаётган бидъат хурофот ва ажримларнинг олдини олиш йўлида қилиниши керак бўлган амалий ишлар, аҳоли билан яқиндан ишлаш, фаолиятларига масъулият билан ёндашиш ва шу каби масалалар юзасидан давра суҳбати ўтказди.
  • Шундан сўнг, ушбу сайёр учрашувда иштирок этган диний соҳа ходимлари билан таҳлилий йиғилиш ташкил қилинди. Унда Нуробод туманидаги маҳаллаларда ва масжидларда ўрганилган муаммолар, диний соҳадаги ютуқ ҳамда камчиликлар муҳокама қилиниб, ижрога йўналтирилди. Мазкур йиғилишга вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров ва дин ишлари бўйича қўмитанинг тумандаги мутахассиси бевосита бош бўлдилар. Ўтказилган таҳлилий йиғилишда масжиднинг ободончилиги ҳамда аҳолининг турли қатламларидан ўрганилган камчилик ва муаммолар ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ижрога йўналтириш чоралари муҳокама қилинди. Шунинг билан бир қаторда, диний соҳа ходимларига раҳбарлар томонидан масжидларни доим озода сақлаш, таъмирлаш ишларига эътиборли бўлиш, аҳоли билан янада яқинроқ ишлаш, соҳанинг ривожини янада такомиллаштириш ҳамда жойларда диний вазиятни янада соғломлаштириш бўйича керакли кўрсатма ва топшириқлар берилди.
  • Мазкур тадбирлардан сўнг, Аллоҳдан юртимиз тинчлиги, осмонимиз мусаффолиги, юртбошимизнинг олиб бораётган ишларига зафарлар сўраган ҳолда хайрли дуолар қилинди.

ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги матбуот хизмати

Ислом оламида аянчли оқибатларга сабаб бўлаётган, жаҳолат туфайли фитналарга замин яратаётган “такфир” тушунчасини мазмун-моҳиятини шарҳлаб ўтамиз. “Такфир” тушунчаси “бировни кофирга чиқариш”, “кофир деб ҳисоблаш” маъноларини англатади.

Динда ғулувга кетиш – ҳаддан ошиш оқибатида асримизнинг долзарб масаласига айланган муаммолардан бири мусулмонларни «кофир» деб фатво чиқаришнинг кўпайганидир. Бу масала кейин чиққан масалалардандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақтларида бирор кишини кофир деб ҳукм чиқарилганини ҳеч ким билмайди. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари мусулмонларни бу ишдан қаттиқ қайтарар эдилар.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч нарса иймоннинг аслидир: «Лаа илаҳа Иллаллоҳу» деган кимсага тегмаслик; гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз; амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч нарса иймоннинг аслидандир», демоқдалар. Бу, масалани баён қилишнинг энг кучли усулларидан биридир. Аввал баён этиладиган нарсаларнинг ададини, аҳамиятини айтиб, кейин бирин-кетин улар васф қилинади. Демак, биз ўрганадиган нарсаларнинг адади учта. Улар энг муҳим нарсалар, чунки иймоннинг аслидан ҳисобланадилар. Мусулмон киши учун дунёда иймондан муҳимроқ нарса йўқ. Иймоннинг асли эса энг муҳимидандир.

«Лаа илаҳа Иллаллоҳу», деган кимсага тегмаслик.» Яъни, калимаи шаҳодатни айтиб, ўзининг мусулмонлигини билдириб турган кишига тегмаслик, унинг жонига, молига зарар етказмаслик зарур. Зоҳирида мусулмон бўлиб кўриниб, Исломнинг зоҳирий амалларини қилаётганлар билан мусулмонча муомала қилинаверади. Кишиларнинг ички сирлари ва ҳисоб-китоблари Аллоҳнинг Ўзига ҳавола.

«Гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз.» Яъни, «Лаа илаҳа Иллаллоҳу»ни айтиб, зоҳирида мусулмон бўлиб кўринган одамни қилган гуноҳ иши туфайли кофирга чиқармаймиз. У кофир эмас, осий мўмин бўлади.

«Амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз.» Яъни, калимаи тавҳидни айтиб, Исломни зо-ҳиридан кўрсатиб турган одамни амали туфайли Ислом дини, Ислом миллатидан чиқармаймиз. Бундай одамларга амалига яраша тайин қилинган шаръий жазо берилади.

Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ким мўмин кишини кофирга чиқарса, уни ўлдиргандек (гуноҳкор) бўлади” (Имом Бухорий ривоятлари).

Ҳанафий уламолардан Ибн Нужайм: “Агар кофир дейиш учун тӯқсон тӯққизта далил бӯлса- ю, кофир демаслик учун биргина далил бӯлса, тӯқсон тӯққизни қӯйиб, ӯша бир далилни олиш керак “,- дейдилар.

Хозирги кунимизда ёшларимиз, баъзи бир Сохта салафийларнинг жим-жимадор суҳбатлари қурбони бўлиб қолишдан сақланишлари, ижтимоий тармоқлар орқали тинч ва осуда яшаб келаётган ва диний ибодатларни қилаётган, айниқса, диний- дунёвий раҳбарларни кофирга чиқариб обрӯсизлантиришга уринаётган, тинч юртимизни барбод қилиб, нотинч қилиш каби гуноҳ ишларга чақираётган кимсалардан огоҳ ва эҳтиёт бӯлишлари талаб этилади.

Аллоҳ таоло юртимиз мусулмонларини, мусулмон уммати бирлигига раҳна солувчи маънавий таҳдид бӯлган “такфир “дан сақласин.

Муҳаммадхон Абдураҳманов

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси

Аввал хабар берганимиздек, бугун, 16 май куни Самарқанд вилоятидаги Ҳадис илми мактабида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари педагог-ўқитувчилари ўртасида “Йилнинг энг яхши Ақоид фани ўқитувчиси” кўрик-танловининг Республика босқичи ўтказилди.

Танловда қатнашган устозлар орасидан қуйидагилар 1-, 2-, 3-ўринларни қўлга киритдилар:

I-ўрин Мир араб олий мадрасаси ўқитувчиси Маҳмудов Асрорхон 1-даражали диплом ва “Ҳаж” сафарига йўлланмасини қўлга киритди;

II-ўрин Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси Пардаев Абдуқодир 2-даражали диплом ҳамда “Умра” сафари йўлланмаси соҳиби бўлди;

III-ўрин “Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси Муҳаммадходжаева Санобар 3-даражали диплом ҳамда музлаткич билан тақдирланди.

Қолган иштирокчиларга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фахрий ёрлиғи ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси, “Вақф” хайрия жамоат фонди, ЎМИнинг ҳудудий вакилликлари ҳамда ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари топширилди.

Бундан ташқари, кўрик-танлов низомига асосан янги ўқув йилидан бошлаб бир ўқув йили давомида 3-ўринни эгаллаган иштирокчига ойлик маошининг 40 фоизи миқдорида, ўрин эгалламаган иштирокчиларга ойлик маошининг 30 фоизи миқдорида уларнинг асосий иш жойи (таълим муассасаси) маблағлари ҳисобидан устама ҳақ қўшиб бериш белгилаб қўйилди.

Аллоҳ таоло барчаларига ғолибликни муборак айласин, қолган иштирокчиларга ҳам келгусида муваффақиятлар ато этсин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Мақолалар

Top