www.muslimuz

www.muslimuz

mardi, 21 août 2018 00:00

Қурбон ҳайити шукуҳи

Бугун юртимизнинг барча масжидларида Ҳайит намози адо этилди. Унинг таровати, ўзгача ёришган тонгги қалбларга ажиб бир ҳис бағишлайди. Шукроналик, шодлик, муҳаббат тўла қалбларни масжид сари одимлашга, аввалги сафларда туришга ундайди. Шундай эзгу ниятлар билан адо этилган ибодатлар асносида инсонлар юзидаги ифодани кузтиш мумкин. Туйғуларни сўз билан тарифлаб бўлмайди, уларни фақатгина тасвирлардан англаб олиш мумкин.

Ҳайит кунлари оила ичида ҳам байрам кайфиятини тиклаш керак. Уйга қилинадиган харажатларни одатдагидан яхшироқ қилиш даркор. Иложи бўлса, уларга совға ва махсус ҳадялар улашилса, янада яхши бўлади. Ҳайит кунларида беморларнинг ҳолидан хабар олиш, уларнинг ҳам ҳайитни нишонлашларига кўмаклашиш айни савоб иш бўлади.

Ҳайит кунлари силаи раҳм қилиш, қариндош-уруғ, кексалар ва беморларни, қуда-андаларни зиёрат қилиш ҳар қачонгидан ҳам кўра таъкидланган бўлиб, савоби кўпроқ бўлади.

Узоқлашиб кетган қариндошлар билан, айрим аразлашган дўст-яқинлар билан ҳайит баҳонасида алоқаларни тиклаш, ярашиб олиш лозим. Зеро, силаи раҳмни узган ёки инсонларга гина қилган кишиларга фазилатли кунларнинг яхшилиги етмаслиги ҳақида ривоятлар бор. Шу боис, бунга жиддий қараш керак. Болаларга муносиб ҳадя ва совғалар улашилса, айни мақсадга мувофиқ бўлади. Фарзандларимиз йил давомида ҳайитни эслаб юрсин, уни орзиқиб кутсин, унинг буюклигини ҳис қила билсин, ана шунда яхши бўлади. Бу каби ишлар фарзандларимиз онгида миллий-диний қадрятларимизга нисбатан эҳтиром туйғусининг шаклланишига, уларнинг Ватан ва миллатга ҳақиқий садоқатли инсонлар бўлиб тарбия топишида муҳим аҳамият касб этади.

Таниш-билиш, ёру дўст ва ҳар бир кўринган мусулмон кишини ҳайит билан табриклаб, уларга хурсандчилик ва шодлик изҳор қилиш керак.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Бугун ислом оламида катта байрам! Субҳисодиқдан, юлдузлар самони тарк этмай туриб Ўзбекистон бўйлаб барча жоме масжидлари томон Қурбон ҳайити намозини адо этиш учун самимий ва эзгу ниятлар ила ёшу қара қадам босиб келди. Йиғилганларнинг юзида табассум, илиқлик ва шукроналик кайфияти уфуриб туриби. Минбарда имом-домлалар амру маъруф ҳамда дуолар қилишиб, Яратгандан  эл-юрт ҳаққига тинчлик, соғлик, фаровонлик ва юксак тараққиёт сўрашмоқда! Хазрати имом мажмуасида ҳам мана шундай гўзал манзаранинг гувоҳи бўлишингиз мумкин! Намоздан сўнг бир-бирларини қучиб муборакбод этаётган танишу-нотанишларнинг кўтаринки кайфиятларини кўриб тилингиздан бехос бундай улуғ, тинч ва осуда байрамлар учун шукрона калималари келтирилса неажаб!

ЎМИ матбуот хизмати 

 

Аввал хабар берганимиздек, айни дамда юртимиз ҳожилари Арафот майдонида бўлиб туришибди. Ҳадислардан маълумки, бу кун Арафотда қилинган дуолар мустажоб бўлади. Ана шу фурсатларни  ғанимат эканини англаган зиёратчиларимиз кўзларида ёш, чин ихлос ила дуолар қилишмоқда. Вакилимизнинг Арафот майдонидан хабар беришича, бир неча дақиқа олдин, Ўзбекистон ҳожиларининг Муҳтарам Президентимизга йўллаган мактубларини Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов томонидан ўқиб эшиттирилди. Қуйида ушбу мактубни тўлиғича келтирамиз.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

 

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу,

Муҳтарам Президент Жаноби олийлари,

 

Сиз ва Сиз орқали барча юртдошларимизни улуғ айём – Қурбон ҳайити муносабати билан муборак заминда ҳаж ибодатини чин ихлос ва имон-эътиқод билан адо этаётган ҳожиларимиз номидан самимий муборакбод этамиз.

Биз, ўзбекистонлик ҳожилар она диёримизнинг келажаги буюк, халқимиз ҳаёти янада фаровон, Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган барча хайрли ишлар бардавом бўлишини Аллоҳ таборака ва таолодан сўраб дуолар қилмоқдамиз.

Тараққиётимизнинг янги даврида динимиз арконларини адо этиш учун улкан шарт-шароитлар берилаётгани, хусусан, она-Ватанимиздан муборак ҳаж сафарига бораётган фуқароларимиз учун яратилаётган қулай имкониятлар Сизнинг ўз халқингизга бўлган ғамхўрлигингизнинг ёрқин намунасидир. Ҳар йили минглаб фуқароларимизнинг ҳаж ва умра ибодатларини қулай шароитларда адо этаётганлари, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимизда миллий-диний қадриятларимизни улуғлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг яққол ифодасидир.

Шу кунларда 7200 нафар юртдошларимиз ҳаж ибодатини адо этмоқдалар. Табаррук ёшдаги нуронийларимиз ҳам муборак сафарда Ватанимиз тараққиёти, халқимиз равнақини сўраб Маккаи мукаррамада, Арафот ва Мино водийсида дуои хайрлар қилмоқдалар.

Миллий ва диний қадриятларни равнақ топтиришга кўрсатаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрлигингиз туфайли юртимиздан етишиб чиққан буюк алломаларнинг қадамжолари обод этилиб, бой илмий-маънавий мерослари ўрганилаётгани, халқимиз бундай дурдона асарларни ўқиб-ўрганиб, юксак маънавий озиқ олаётгани, барчамизни чексиз қувонтирмоқда.

Муқаддас заминда ҳаж ибодатини адо этиб, Ватанимизга қайтгач, биз – ўзбекистонлик ҳожилар шахсий ҳаётда, ижтимоий фаолиятда бошқаларга ибрат ва намуна кўрсатамиз, ёшларни фидойи ва ватанпарвар этиб тарбиялаш, адашган инсонларни тўғри йўлга бошлашдек савоб ишларда бор куч-ғайратимизни аямаймиз, иншаоллоҳ.

Айни кунларда диёримизда қўшалоқ байрам – Қурбон ҳайити
ва Мустақиллигимизнинг 27 йиллигини нишонлаётганимизнинг замирида ҳам жуда катта ҳикмат бор.

Биз, ўзбекистонлик ҳожилар Арафотда туриб, Сизнинг раҳнамолигингизда юртимиз ҳамиша омон, элимиз тинч, турмушимиз янада фаровон бўлишини Ҳақ таборака ва таолодан илтижо қилиб сўрамоқдамиз.

Муҳтарам Президент Жаноблари, Аллоҳ таолодан Сизга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат тилаб, халқимиз ва азиз диёримизни ҳамиша Ўз паноҳида асрашини сўраб дуолар қилиб қоламиз.

 

Ўзбекистон ҳожилари

Макка шаҳри, Арафот водийси,

2018 йил 20 август

Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий  Усмонхон Алимовга!

Ҳурматли муфтий Усмонхон ҳазрат!

Россия марказий мусулмонлар идораси Россия Ислом университети, унинг ректорати, ўқитувчилар таркиби ва шогирдлари номидан Сизни, Сизнинг яқинларингизни, шунингдек Сизнинг бошқарувингиз остидаги Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг таркибига кирувчи барча диний ташкилотлар ходимлари, раҳбарлари ва иштирокчиларини муқаддас байрам Ийдул-Азҳо – ҳижрий 1439 йилнинг Қурбон байрами билан чин дилдан табриклайман.  

Ушбу қутлуғ кунларда Сизга ва Сизнинг яқинларингизга ҳамда Сизнинг ёнингизда турган барчага Дин ва Ватан учун эзгу хизматда сиҳат-саломатлик, бахт, Аллоҳ таолонинг қўллаши ва ёрдами ҳамроҳ бўлсин. Самимий табрикларимиз ва тилакларимизни қабул қилгайсиз.  

 

Ҳурмат ва эзгу дуолар ила,

Ректор Артур Сулейманов

Мақолалар

Top