www.muslimuz

www.muslimuz

17 август куни Макка шаҳридаги муҳташам “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонасида ҳаж амалларини адо этишга ҳозирлик кўраётган юртдошларимизнинг Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари билан якуний учрашувлари бўлиб ўтди.


Шу кунга қадар Мадинаи мунавварадан навбати билан Маккаи мукаррамага етиб келган 7200 нафар зиёратчи билан ўн маротаба суҳбатлар ўтказилди. Ушбу учрашувда муфтий ҳазратлари сўзга чиқиб, муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан барча соҳалар қаторида муборак ҳаж сафарини намунали ўтказиш борасида бир қатор хайрли ислоҳотлар амалга оширилаётганини сўзлаб, жумладан, бу йилги ҳаж сафарига келган юртдошларимиз навбат билан эмас, балки суҳбатлар асосида ҳаж сафарига танлаб олинганини алоҳида таъкидладилар ҳамда қуйидаги панду насиҳатларни қилдилар:
– Ҳар биримиз, аввало, Мадинаи мунаввара зиёратини адо этдик, у ерда Равзаи муборакда намоз ўқидик, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саломларни етказдик, Уҳуд тоғи, “Қиблатайн” ва “Қубо” масжидларини зиёрат этдик. Кейин эса умра амалларини жуда ҳам чиройли ҳолатда бажардик.


Энди олдимизда ҳаж ибодатини адо қилиш вазифаси турибди. Дуоларимиз ижобат бўлиб, умра амалларини осон адо этганимиз каби ҳаж ибодатини ҳам енгил, нуқсонсиз ва мукаммал бажаришимизни Парвардигоримиздан дуо қилиб сўраймиз. Ўз навбатида, ҳаж амалларининг фазилатларини билиб олиш лозим. Айниқса, Байтуллоҳни тавоф қилишда “Ҳажарул асвад” ва “Рукнул ямоний” ўртасидаги дуонинг фазилати, ушбу икки рукн орасида фаришталар жам бўлиб, ҳожиларнинг дуоларига “омин” деб туришларини англаш керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қачонки, Байтуллоҳнинг ичига кирганларида ёки хатимга кириб намоз ўқиганларида доимо умматнинг саодатини сўраб, Ҳақ таолога илтижо қилганларини мушоҳада қилиш зарур.


Эртадан кейин эҳром боғлаб, ният ила ҳаж амалларини бажаришга киришамиз. Мино, Арафот, Муздалифа ва Жамарот майдонларида ҳаж рукнларини адо этамиз. Ўзбекистонлик ҳожиларга шундай шароитлар муҳайё қилинганки, улар ҳеч нарсага чалғимайди, фақат ибодат қилади, ибодатнинг лаззатини ҳис этади, иншоаллоҳ.


Йиғилишда тиббиёт гуруҳи раҳбари Алишер Саатов эса зиёратчилар диққат қилиши лозим бўлган тиббий масалалар ва саломатликларини сақлаш йўлида амал қилиши лозим бўлган тавсияларни билдирди.
Якунда Қуръони карим оятларидан тиловат қилиниб, муфтий ҳазратлари томонларидан, аввало, муҳтарам Президентимиз, она-Ватанимиз, халқимиз ҳаққига, шунингдек, барча мутасадди кишилар, ишчи гуруҳлари, элликбошилар, шифокорлар, ошпазлар, зиёратчилар ва саудиялик ҳамкорларимиз ҳақларига дуои хайрлар қилдилар.



Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

16 август куни Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида бутун дунёдан келган давлатларнинг ҳожиларга хизмат кўрсатувчи тиббиёт гуруҳлари раҳбарлари иштирокида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Анжуманда ўтган 2017 йилги ҳаж сафари давомида амалга оширилган ташкилий ишлар, ўтказилган амалий тадбирлар ва зиёратчиларда кўп учраган касалликлар ҳақида сўз борди.
Шунингдек, жорий мавсумда Макка шаҳридаги Мино, Арафот ва Муздалифа водийларида ташкил этилган тиббиёт марказлари ҳамда шифохоналар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.


2018 йилги ҳаж мавсуми давомида Саудия Арабистонининг Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари ўзбекистонлик зиёратчилар учун ташкил этилган Макка ва Мадина шаҳарларидаги тиббиёт марказлари ҳолати, шифокорлар фаолияти ва тиббий жиҳозларнинг яроқлилигини назоратдан ўтказиб, юқори баҳо беришди. Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, ўзбекистонлик зиёратчилар учун 35 та шифокор, 40 ўринли аёл-эркакка ажратилган стационар ва 4 та тез ёрдам машинаси хизмат қилмоқда.


Қувонарли жиҳати шуки, ушбу нуфузли тадбирда Ўзбекистон “Ҳаж – 2018” мавсуми тиббиёт гуруҳи мақтов ёрлиғи билан тақдирланди. Саудия Арабистонининг Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари Ўзбекистон тиббиёт гуруҳи раҳбари, шифокор Алишер Саатовга ушбу ёрлиқ тантанали равишда топширилди.


Мана шундай тақдирланган саноқли давлатлар шифокорлари орасида Ўзбекистон вакилининг бўлиши, айниқса, МДҲ мамлакатлари орасида фақатгина бизнинг юртга тақдим этилгани барчамизга юксак ифтихор бағишлайди.

 

Мақтов ёрлиқларининг таржималари 

Саудия Арабистони Подшоҳлиги
Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ташаккурнома ва эътироф

Маккаи мукаррама минтақасидаги Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси Ўзбекистон Республикаси ҳожиларга хизмат кўрсатувчи ишчи гуруҳининг намунали меҳнатлари учун миннатдорчилигини изҳор қилишдан мамнунлигини билдиради.
Ҳижрий 1439 йилдаги (милодий 2018 йил) ҳаж амалларини муваффақиятли амалга оширишдаги Сизнинг юксак саъй-ҳаракатларингиз ва ташаббусларингизни эътироф этган ҳолда Аллоҳ таолодан Сизнинг келгусидаги ишларингизда улкан зафарларга эриштиришини сўраймиз.

Маккаи мукаррама минтақасидаги соғлиқни сақлаш бош бошқармаси мудири, доктор Воил ибн Ҳамза Мутир

 

Саудия Арабистони Подшоҳлиги
Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ташаккурнома ва эътироф

Макка минтақасидаги ҳаж ишлари муассасалари қўмитаси Маккаи мукаррамадаги соғлиқни сақлаш бош бошқармаси номидан 1439 йил Аллоҳнинг уйига ҳаж зиёратига келган ҳожиларга кўрсатган хизматларингиз учун Ўзбекистон Республикаси ҳаж ишчи гуруҳига чуқур миннатдорлигини изҳор қилишдан мамнун эканини билдиради.

Маккаи мукаррама ҳаж ишлари муассасалари қўмитаси раиси, доктор Талъат ибн Абдулазиз Мунший

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Макка шаҳридан

 
 

Куни кеча Саудия Арабистони Подшоҳлигининг соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳаж сафарига келган 100 га яқин мамлакатлар орасида ҳаж-2018 мавсумидаги тиббий тайёргарлик ва тиббиёт марказларининг қай даражада ташкил этилганлигини ўрганиш мақсадида танлов ўтказилди. Ўтказилган ушбу танловнинг асосий мезони сифатида ташкил қилинган тиббиёт марказларининг биринчи тиббий ёрдамга шайлиги, ташкил қилинган даволаш стационарида аёллар ва эркаклар учун алоҳида, қулай ва зарурий шароитни яратилганлиги, дори-дармон воситалари билан таъминланганлик даражаси, тез тиббий ёрдам машиналарининг мавжудлиги ва сони, кўп тармоқли тиббий мутахассисларининг жалб қилинганлиги, тиббиёт ходимларининг ҳожиларга тиббий хизмат кўрсатишдаги сифат даражаларига алоҳида эътибор қаратилди. 

Таъкидлаш керакки, юқорида қайд этилган мезонлар асосида кўрсатилаётган тиббий хизмат даражасини ўрганиш Саудия Арабистонидаги соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ташкиллаштирилмаган ҳолда кутилмаган ташрифлар орқали ўрганилди. Ниҳоят ҳаж-2018 мавсумига ташриф буюрган 100 га яқин мамлакатларнинг тиббий хизмат кўрсатиш даражаси тантанали тарзда эълон қилинди. Натижа эса, Ўзбекистон Республикаси 100га яқин мамлакатлар орасида Хитой ва Малайзия каби ривожланган давлатлар қаторида кучли ўнталикка кирди. Қайд этиш жоизки, мамлакатимиз Ўзбекистон Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига кирувчи давлатлар орасида ягона бўлиб ҳожиларга энг юқори ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш даражаси бўйича тақдирланди.

 

ДИҚ Матбуот хизмати

Макка шаҳридан

Жорий йилдан бошлаб китоб мутолаа қилишни оммалаштириш мақсадида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ҳар жума куни Китоб сайли ўтказилмоқда.

Китоб сайллари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 январдаги "Китоб мутолааси китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш ҳақида"ги фармойиши ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг кўрсатмасига асосан турли ҳудудларда ташкил этилмоқда.

"Мовароуннаҳр", "Ҳилол-нашр", "Янги аср авлоди", "Шарқ" ва "Ғафур Ғулом" нашриётлари иштирок этаётган ушбу сайллар жума айёми муносабати билан туман-шаҳарлардаги жоме масжидларида ташкил этилмоқда.

Бу эса кўпчилик юртдошларимизнинг эътирофига сазавор бўлмоқда. Ушбу сайлларда диний-маърифий мавзудаги китобларни нашриёт нархида исталган усулда харид қилишингиз мумкинлигини эслатиб ўтамиз.

Бугун, 17 август куни Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрининг қуйидаги масжидларида Китоб сайли ташкил этилади.

1. Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳар "Марказий" жоме масжидида бўлиб ўтади (масъул шахс А.Абраев Туронов +998 91 778 10 20).

2. Тошкент шаҳридаги “Қўйлиқ ота” жоме масжидида ташкил этилади (Раимқулов Равшанбой 3234109, 2958683).

 

ЎМИ Матбуот хизмати

@muslimuzportal

 

Қуръон – ҳидоят каломи. “Ушбу Китоб (Қуръон) шубҳадан холи ва (у шундай) тақводорлар учун ҳидоят (манбаи)дирким”... (Бақара сураси, 2-оят).

 

Қуръон – Аллоҳ таолонинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилган каломи. “Агар бандамизга (Муҳаммадга) туширган нарсамиздан (Қуръондан) шубҳада бўлсангиз, бас, сиз ҳам унга ўхшаш (биргина) сура (ёзиб) келтиринг ва Аллоҳдан ўзга гувоҳларингизни чақиринг – агар ростгўй бўлсангиз” (Бақара сураси, 23-оят).

 

Қуръон – тасдиқловчи калом. “Ўзингиздаги нарса (Таврот ва Инжил)ни тасдиқ этувчи ҳолда нозил қилган нарсам (Қуръон)га имон келтирингиз” (Бақара сураси, 41-оят).

 

“Қачонки, уларга Аллоҳ ҳузуридан ўзларидаги нарсани (Тавротни) тасдиқ этувчи Китоб (Қуръон) келганида, илгари кофирларга қарши (худди шу китоб воситаси билан) ёрдам сўраб юрар эдилар” (Бақара сураси, 89-оят).

 

(У) Сизга (эй Муҳаммад!) Китобни (Қуръонни) ҳақиқатан ўзидан олдинги (илоҳий китоблар)ни тасдиқловчи ҳолида нозил қилди” (Оли Имрон сураси, 3-оят).

 

“Балки, у (бутун) оламлар Парвардигори томонидан (келган), шубҳасиз, ўзидан олдинги нарса (илоҳий китоблар)ни тасдиқловчи ва батафсил (баён этилган) китобдир” (Юнус сураси, 37-оят).

 

Қуръон – Аллоҳнинг каломи. “Аллоҳ томонидан улардаги нарсани тасдиқ этувчи Пайғамбар (Муҳаммад) келиши билан, китоб (Таврот) берилганлардан бир гуруҳи Аллоҳнинг китоби (Қуръон)ни худди билмагандек ортларига улоқтирдилар” (Бақара сураси, 101-оят).

 

Қуръон – ҳақ ва ботилни ажратувчи калом.(Энди эса) Фурқонни (ҳақ билан ноҳақликни ажрим этувчи Қуръонни) нозил қилди” (Оли Имрон сураси, 4-оят).

 

Қуръон – мўминлар учун насиҳатдир. “Бу (Қуръон ёки мазкур гаплар) одамлар учун баёнот ҳамда тақводорлар учун ҳидоят ва насиҳат (манбаи)дир” (Оли Имрон сураси, 138-оят).

 

“Албатта, Биз Сизга ушбу Китоб (Қуръон)ни одамлар орасида Аллоҳ кўрсатган йўл билан ҳукм этишингиз учун барҳақ нозил этдик” (Нисо сураси, 105-оят).

 

Қуръон – нурдир. “Эй одамлар! Сизларга Раббингиздан ҳужжат (Пайғамбар ва мўъжизалар) келди. Сизларга яна равшан нур (Қуръон)ни ҳам нозил этдик(Нисо сураси, 174-оят).

 

“...нозил қилинган нур (Қуръон)га эргашганлар, айнан ўшалар (охиратда) нажот топувчи кишилардир” (Аъроф сураси, 117-оят).

 

“Биз нозил қилган Нурга (Қуръонга) имон келтирингиз!” (Тағобун сураси, 8-оят).

 

Қуръон – ҳақиқатдир. “Уларга ҳақиқат (Қуръон) келиши билан уни ёлғонга чиқардилар” (Анъом сураси, 5-оят).

 

“Айтинг: (Бу Қуръон) Раббингиз (томони)дан (келган) Ҳақиқатдир” (Каҳф сураси, 29-оят).

 

Қуръон – огоҳлантирувчи каломдир. “Бу (Қуръон) бир муборак, ўзидан олдинги (илоҳий китоблар)ни тасдиқловчи, Уммул-қуро (деб аталмиш Макка аҳли)ни ва унинг атрофидаги кишиларни огоҳлантиришингиз учун Биз нозил қилган Китобдир” (Анъом сураси, 92-оят).

 

Қуръон – муборак каломдир. “Мана бу Биз нозил қилган муборак Китоб (Қуръон)дир, унга эргашингиз ва тақволи бўлингиз, токи раҳм қилингайсиз” (Анъом сураси, 155-оят).

 

(Эй Муҳаммад! Ушбу Қуръон) оятларини тафаккур қилишлари ва ақл эгалари эслатма олишлари учун Биз Сизга нозил қилган муборак Китобдир (Сод сураси, 29-оят).

 

Қуръон – эслатмадир. “У (Қуръон) мўминлар учун (илоҳий) эслатма ҳамдир” (Аъроф сураси, 2-оят).

 

“Сиз улардан бу (даъватингиз) учун бирор ажр (ҳақ) сўрамайсиз. У (Қуръон) фақатгина (барча) оламлар учун бир эслатмадир, холос” (Юсуф сураси, 104-оят).

 

“Албатта, бу Қуръонда уларнинг эслатма олишлари учун (турли масал ва ҳикматларни) баён қилдик. (Лекин бу эслатмалар) уларни янада (ҳақдан) йироқлаштирмоқда” (Исро сураси, 41-оят).

 

(Эй Муҳаммад!) Биз Сизга бу Қуръонни (дин ишида) машаққат чекишингиз учун эмас, балки (Аллоҳдан) қўрқадиган кишилар учун эслатма сифатида нозил қилдик” (Тоҳо сураси, 2-3-оятлар).

 

“Бу (Қуръон) Биз нозил қилган муборак эслатмадир. Ҳали сиз уни инкор қилувчимисиз?! (Анбиё сураси, 50-оят).

 

“Ҳолбуки, у (Қуръон барча) оламлар учун эслатмадир” (Қалам сураси, 52-оят).

 

“Ҳақиқатан, у (Қуръон) тақводорлар учун эслатмадир” (Ҳоққа сураси, 48-оят).

 

“Йўқ! У (Қуръон) бир эслатмадир (Муддассир сураси, 54-оят).

 

“У (Қуръон), ҳақиқатан, бутун олам (халқи) учун эслатмадир (Таквир сураси, 27-оят).

 

Қуръон – раҳматдир. “Бу (Қуръон) имон келтирадиган қавм учун Раббингиздан кўрсатмалар, ҳидоят ва раҳмат (манбаи)дир” (Аъроф сураси, 203-оят).

 

(Ушбу Қуръон) тўқиб чиқариладиган гап эмас, балки ўзидан олдинги нарсаларни (яъни самовий китобларни) тасдиқ этувчи, унга имон келтирадиган қавм учун барча нарсаларни муфассал баён қилиб берувчи ҳидоят ва раҳмат (манбаи бўлган бир Китоб)дир” (Юсуф сураси, 111-оят).

 

 “Албатта, у (яъни Қуръон) мўминлар учун ҳидоят ва раҳматдир (Намл сураси, 77-оят).

 

Қуръон – зулматдан нурга олиб чиқувчи каломдир. “Алиф, Лом, Ро. (Эй Муҳаммад! Бу Қуръон) Парвардигорларининг изни билан одамларни зулматлардан нурга, яъни қудрат ва ҳамд эгасининг йўлига олиб чиқишингиз учун Сизга Биз нозил қилган Китобдир (Иброҳим сураси, 1-оят).

 

Қуръон – Аллоҳ таоло Ўзининг ҳимоясига олган каломдир. “Албатта, бу зикрни (яъни Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва уни Ўзимиз асрагувчидирмиз” (Ҳижр сураси, 9-оят).

 

Қуръон – мўминлар учун башоратдир. “...ҳидоят, раҳмат ва мусулмонлар учун башорат бўлган Китоб (Қуръон)ни нозил қилдик” (Наҳл сураси, 89-оят).

 

(Эй Муҳаммад! Уларга) уни (яъни Қуръонни) Руҳул-Қудус (Жаброил) Раббингиз (тарафи)дан имон келтирганларни (динда) собитқадам қилиш учун мусулмонларга ҳидоят ва башорат бўлган ҳолида барҳақ нозил қилганини (уларга) айтиб қўйинг!” (Наҳл сураси, 102-оят).

 

“Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят этур ва эзгу ишларни қиладиган мўминларга катта мукофот борлиги ҳақида башорат берур” (Исро сураси, 9-оят).

 

“Албатта, бунда (Қуръонда) ибодат қилувчилар қавми учун хушхабар бордир (Анбиё сураси, 106-оят).

 

Қуръон – тақводорларга шифодир.(Биз) Қуръондан мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган (оят)ларни нозил қилурмиз. (Лекин бу оятлар) золим (кофир)ларга фақат зиённи орттирур” (Исро сураси, 82-оят).

 

Қуръон – мисли йўқ каломдир. Айтинг: “Қасамки, агар инсу жин ушбу Қуръоннинг ўхшашини келтириш учун бирлашиб, бирбирларига ёрдамчи бўлсалар-да, унинг мислини келтира олмаслар” (Исро сураси, 88-оят).

 

Қуръон – турфа масаллар баён этилган калом. “Аниқки, (Биз) ушбу Қуръонда одамлар учун турли масал (маъно)лардан баён қилдик. Лекин одамларнинг кўплари фақат инкор этишнигина ихтиёр этдилар” (Исро сураси, 89-оят).

 

Қуръон – бўлиб-бўлиб нозил қилинган калом. “Қуръонни одамларга вақти-вақти билан ўқиб беришингиз учун уни бўлакларга бўлдик ва бўлиб-бўлиб нозил қилдик” (Исро сураси, 106-оят).

 

Қуръон – ҳикмат ила нозил бўлган калом. “Биз уни (Қуръонни) ҳақиқат (ҳикмат) билан нозил қилдик ва (у ҳам) ҳақиқат билан нозил бўлди” (Исро сураси, 105-оят).

 

Қуръон – Аллоҳ таоло нозил қилган калом.(Ўз) бандаси (Муҳаммад)га Китоб (Қуръон)ни нозил қилган зот (Аллоҳ)га – ҳамд!” (Каҳф сураси, 1-оят).

 

“Албатта, (бу Қуръон) оламлар Парвардигорининг нозил қилган (китоб)идир (Шуаро сураси, 192-оят).

 

“Бу Китобнинг (Қуръоннинг) нозил қилиниши, шубҳасиз, (барча) оламларнинг Парвардигори (томони)дандир (Сажда сураси, 2-оят).

 

(Ушбу Қуръон) Қудратли ва Билимли Аллоҳ (томони)дан нозил қилинган Китобдир (Ғофир сураси, 2-оят).

(Бу Қуръон) Қудратли ва Ҳикматли Аллоҳ (томони)дан нозил қилинган китобдир” (Жосия сураси, 2-оят).

 

Қуръон – муборак кечада нозил бўлган калом. “Аниқ Китоб (Қуръон) билан қасамёд этурманки, албатта, Биз уни муборак кечада нозил қилдик...” (Духон сураси, 2-3-оятлар).

 

Қуръон – Аллоҳ таолонинг ваҳийсидир.(Эй Муҳаммад!) Сизга ваҳий қилинган Раббингизнинг Китоби (Қуръон)ни тиловат қилинг!” (Каҳф сураси, 27-оят).

 

“У (ваҳий) фақат зикр (эслатма) ва аниқ Қуръондир (Ёсин сураси, 69-оят).

 

Қуръон –тиловати осон қилинган каломдир.(Эй Муҳаммад!) Албатта, Биз тақво эгаларига хушхабар беришингиз учун ва саркаш қавмни огоҳлантиришингиз учун уни (Қуръон тиловатини) Сизнинг тилингизга осон қилиб қўйдик” (Марям сураси, 97-оят)

 

Қуръон – араб тилида нозил бўлган калом. “Шунингдек, Биз уни араб тилидаги Қуръон шаклида туширдик ...” (Тоҳо сураси, 113-оят).

 

Қуръон – Аллоҳ таолонинг зикридир. “Ҳолбуки, уларнинг ўзлари Раҳмоннинг зикри (Қуръон)ни инкор этувчилардир (Анбиё сураси, 36-оят).

 

Қуръон – оятлари батафсил ёритилган каломдир. “У биладиган кишилар учун арабий Қуръон ҳолида (нозил қилиниб), оятлари муфассал баён қилинган Китобдир (Фуссилат сураси, 3-оят).

 

Қуръон – зикри осон этилган каломдир. “Ҳақиқатан, Биз Қуръонни зикр (эслатма) учун осон қилиб қўйдик” (Қамар сураси, 17-оят).

 

Қуръон – фақат покизаларгина қўлига олувчи каломдир. “Уни (Қуръонни) таҳоратли кишилардан ўзгалар ушламаслар” (Воқеа сураси, 79-оят).

 

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

Мақолалар

Top