www.muslimuz

www.muslimuz

Бугунги кунда ҳар томонлама ривожланаётган жамият тараққиётини ахборот технологияларисиз тасаввур этиш қийин. Ахборот технологиялари кун сайин жадал суръатларда ривожланиб бораётганлиги сабабли ҳам улардан ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида фойдаланиш давримизнинг бугунги кун масаласи бўлиб бормоқда.

Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 24 январь кунидаги Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида тараққиётга эришиш учун рақамли билимлар ва замонавий ахборот технологияларини эгаллашимиз зарур ва шарт эканлиги, бу бизга юксалишнинг энг қисқа йўлидан бориш имкониятини беришини алоҳида таъкидлади.

Узлуксиз таълим тизимининг барча бўғинларида таълимнинг замонавий педагогик методлари ва ахборот технологиялари воситаларидан тобора кенгроқ фойдаланилиб, таълимий жараёнларнинг таркибий қисмига айланди ва бу омил эндиликда таълим сифати ва самарадорлигини оширишнинг энг муҳим шартларидан бири сифатида эътироф этилмоқда. Жумладан, Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида жорий йилда  давлатимизнинг бир неча соҳалари қатори таълим тизимини ҳам тўлиқ рақамлаштириш лозимлиги белгилаб берилди.

Ҳадис илми мактабида ҳам ўқув жараёнларини электрон ахборот технологиялари орқали ташкил этиш, бошқариш ва мониторингини юритиш, ўқитувчи ва талабаларнинг маълумотлар базасини шакллантириб бориш, аудитория ва дарсдан ташқари машғулотлар ҳамда фанлардан назорат синови жадваллари тўғрисида маълумотлар олиш, талабаларнинг ўзлаштириш ва давомат кўрсаткичларини аниқлаш, шунингдек, интерактив хизматларни тақдим этиш мақсадида электрон деканат (e-dekanat) тизими жорий этилди.

Ушбу қулайлик натижасида мактаб ўқитувчилари ортиқча ҳужжатлар билан ишлаш ҳажми камайиб, илмий салоҳиятини янада бойитиш мақсадида ўз устида кўпроқ ишлаши имконияти яратилмоқда. Шунингдек, талабалар фан ва машғулотлар бўйича электрон маълумотлардан ҳеч қандай қийинчиликсиз мустақил хабардор бўлиб боришмоқда.

Яқин куларда мазкур дастурий тизим янада такомиллаштирилиб,  ўқув жараёнида қуйидаги вазифаларни автоматик равишда бошқариш ва маълумотларни тақдим этиш имкониятларига эга электрон портал (e-ta`lim) тизимини жорий қилиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда:

  • Мактаб структуравий тузилмаси ва лавозимлар бўйича функционал вазифалар тўғрисида маълумот олиш;
  • Мутахассислик бўйича электрон ўқув режани шакллантириш;
  • Фанлар кесимида талабаларнинг ўзлаштириш кўрсаткичини аниқлаш мақсадида онлайн тест синовларини амалга ошириш;
  • Мактаб раҳбарияти, ўқитувчи ва талабалар ўртасида ўқув жараёнларига оид электрон ёзишмаларни амалга ошириш, маълумот юбориш ва маълумотни кўчириб олиш;
  • Ўқув жараёнларини ташкил этилиши, таълим олиш сифати ҳамда ўқиш учун яратилган шарт-шароитларни ўрганиш мақсадида онлайн сўровнома ўтказиш;
  • Ўқув жараёнларига бевосита боғлиқ бўлган кафедра ва ўқитувчиларнинг ўқув йили давомида амалга оширадиган ишлар режасини тузиш;
  • Ўқитувчи ва талабалар шахсий портфолиосини яратиш;
  • Маҳаллий ва хорижий таълим муассасалари билан масофадан туриб онлайн видеоконференция ўтказиш;
  • Дастурдан фойдаланувчи фанлар бўйича электрон ахборот ресурслари (видео, аудио дарслар ва электрон китоблар)дан фойдаланиш имкониятларига эга бўлади.

Бир сўз билан айтганда, Ҳадис илми мактаби талабаларининг билими ва малака даражаларини ошириш,  бу даргоҳ келажакда энг юқори натижаларга эришиши, том маънода ҳадисшунослик бўйича дунёнинг нуфузли илм маскани мақомига кўтарилиши учун барча имкониятлар яратилмоқда.

 

 

  

Ж.Акрамов

Ҳадис илми мактаби

Ўқув-услубий бўлим бошлиғи

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.

 

Агар насиба сизга ёзилган бўлса, унга олиб борадиган йўллардан юриш амру маҳол туюлса ҳам, Аллоҳ таоло Ўзининг лутфи билан сизга ўша насибага етиб бориш сабабларини осон қилиб қўяди. Охирида у сизнинг қўлингизда бўлади. Ҳа, Роббимиз Латиф ва Меҳрибондир.

*****

Умр - ҳар қанча зиёда бўлгани сайин шунча камайиб борадиган нарсадир.

Сониялар ўтиб борар экан, қабримизга яқинлашаверамиз.

Соат миллари олдинга, танамиз эса кексайиш томон ҳаракатланиб бормоқда.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни гўзал қилсин!

*****

Илм рағбатлантирилса, илмга қизиқувчилар ортади.

Айтгандек, Шариатимиз кўрсатмаси бўйича юзга уриш мумкинмас.

*****

Агар ғазаб қилса, сизларни кўз очиб юмгунингизча ерга юттириб юборадиган Зотдан қўрқинглар!

Агар ғазаб қилса, сизларнинг устингизга сизларга аёвсиз ёмонликларни қиладиган душманларингизни бошлиқ қилиб қўядиган Зотдан қўрқинглар!

“Улуғ қозилар” филмида Қози Иёз раҳимаҳуллоҳнинг айтган гаплари

*****

Аллоҳ таоло Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг “Эй Аллоҳ, Сенинг йўлингда шаҳид бўлишимни ва ўлимим Пайғамбаринг (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг шаҳарларида бўлишини насиб этгин” деб қилган дуоларини ижобат қилди.

Роббимиз бизга ҳам шаҳидлик мақомини насиб этсин!

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

Бугун масофалар қисқараётган, муносабатлар яқинлашаётган, замон тили билан айтганда ҳамма нарса “глобаллашаётган” бир даврда яшаб турибмиз. Ўзи чуқур жарликдан чиқишга йўл тополмай боши қотган мустамлакачилар, бугун демократия ниқоби остида ёшлар онгини захарлаш, минг йиллик синовларга дош берган халқимизни ҳақ йўлдан тойдириш, уларни жаҳолат, бузғунчилик, нодонликка бошлаш билан бор ҳунарини ишга
соляпти.

Жамиятнинг тинчлигига ва хафсизлигига раҳна соладиган барча хатти-ҳаракатлар, маънавий, мафкуравий таҳдидлар, қўпорувчиликлар, бузгунчиликлар, уларнинг барчаси фасод bшлар саналади.

Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 205-оятида “Ва ҳолбуки, Аллоҳ фасодни хуш кўрмас” –деб марҳамат қилади.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш—юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигининг гарови” мавзусидаги маърузасида: “Мамлакатимизда ёшларнинг маънавий қиёфасини мустақиллик мафкураси, унинг инсоний тамойиллари асосида шакллантиришга бош вазифа сифатида қаралаётгани бежиз эмас. Ёшлар жамиятда содир бўладиган ҳар қандай воқеликларга ўзгача, руҳий ҳис кечинмалар доирасида муносабат билдира-дилар. Қийинчиликлар вужудга келганда эса эҳтиросларга бериладилар. Шунинг учун бизнинг олдимизда турган муҳим масала — ёшларни тўғри йўлга бошлашдир”- деб қайд этилган.

Инсон маънавиятига қарши йўналтирилган, бир қарашда арзимас бўлиб туюладиган кичкина хабар ҳам ахборот оламидаги глобаллашув шиддатидан куч олиб, кўзга кўринмайдиган лекин зарарини ҳеч нарса билан қоплаб бўлмайдиган улкан зиён етказиши мумкин.

Глобаллашувнинг салбий томони сифатида маънавий, мафкуравий тажовузлар кучайиб “оммавий маданият” ниқоби остида беҳаёлик, ваҳшийликни тарғиб қилиш, одамлар айниқса, ёшлар онги ва қалбига ҳукмрон бўлишга интилиш, маданиятларнинг бирхиллашуви ҳамда оқибатда миллийлик ва қадриятларга путур етказишда намоён бўлади.

Тадқиқотларга кўра, интернетдан олинадиган маълумотларнинг 10 фоизи ҳақиқат, қолган 90 фоизи маънавий, мафкуравий тахдидларга хизмат қилар экан. Бу эса, айниқса ёшларда мафкуравий иммунитетни шакллантириш ва мустаҳкамлашни доимо тақозо этади. Бугунги замонда мафкура полигонлари ядро полигонларидан ҳам кўпроқ кучга эга. Агдр ҳарбий, иқтисодий, сиёсий тазъйиқ бўлса, буни сезиш, кўриш, олдини олиш мумкин аммо мафкуравий тазъйиқнинг таъсири, оқибатларини тезда илғаб олиш ниҳоятда қийин. Албатта ёшларимизни юксак маънавиятли қилиб тарбиялай олсакгина олдимизга қўйган мақсадларимизга эриша оламиз. Айнан бу орқали юртимизда фаровонлик ва тараққиёт қарор топади. Шунинг учун ҳам ёшларни маънавиятли, комил инсон қилиб тарбиялаш, давлат сиёсатининг устувор соҳаси деб эълон қилинганлиги бежис эмас. Хулоса ўринда шуни айтиш керакки, ҳозирги глобаллашув шароитида ёшларни турли маънавий ва мафкуравий таҳдидлардан, зарарли иллатлардан ҳимоялаш, уларда мафкуравий иммунитетни шакллантириш тобора долзарб аҳамият касб этиб бормоқца. Бунинг учун эса, ёшларни мафкуравий жиҳатдан онгини бойитиб бориш, таҳдидлар ва тазйиқлар хавф туғдирмасидан аввал огоҳлик, дахлдорлик туйғуларини қалбларимизда мужассам этиб боришимиз лозим.

 

М.Қаландаров

Ҳазорасп тумани “Саид Боғдод” жоме масжиди имом- хаиби

Намоз буюк ибодатдир. Аллоҳ таоло намозни меърожда фарз қилган.

 

Роббимиз куннинг турли пайтларида намоз ўқишни биз бандаларига фарз қилган. Уйқудан турган одам тонгда бомдод намозини ўқийди. Хуфтондан сўнг тонггача заифлашган қувват бомдодда тўлдириб олинади. Бомдоддан сўнг заифлашган қувват кун қиёмдан бироз оққанда пешинда тиклаб олинади. Пешиндан кейин то қуёш ботишидан олдинги вақтгача кучсизланган қувват асрда тўлдирилади. Қуёш ботгач, инсон кундузидан кечга ўтгани, бошқача муҳитга кўчгани учун бу пайтда шом намозини ўқиб, қувватини тиклайди. Том маънода қоронғу тушгач, хуфтон намози ўқилиб, уйқу олдидан қувват тўлдириб олинади.

 

Тун ярмидан оққанда, уйқудан туриб таҳажжуд ўқишнинг фойдаси катта.

 

Банда ҳамма ухлаётганда уйғоқ бўлгани, ҳамма ғафлатдалигида сергак бўлгани, ҳамма уйқуда бўлганида у Аллоҳ таоло билан холи қолишни танлагани учун Аллоҳ таоло у бандасини яхши кўради ва юзига нур ато этади.

 

Валиллаҳил масалул аълаа (Аъло мисол Аллоҳникидир).

 

Бир муҳандис қурувчига ўзи қурган уйларни кунда беш марта кўрсатиб турилса, бир косибга ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотини кунига беш бор текширтириб турилса, ўша бино ва маҳсулот яхши ишлайди.

 

Кун давомида беш маҳал намоз ўқийдиган инсоннинг иймони зарядланади, қувватланади, ибодат ва дунё ишларига қувват олади, қалби покланади, танаси енгиллашади, гуноҳлардан қутилади.  Намоз ўқийдиган инсон ўзини тетик, енгил ҳис қилиши ҳам шундан.

 

Зеро, Аллоҳ таолонинг зикри билан қалблар ором топади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

 

الَّذِينَ آمَنُواْ وَتَطْمَئِنُّ قُلُوبُهُم بِذِكْرِ اللّهِ أَلاَ بِذِكْرِ اللّهِ تَطْمَئِنُّ الْقُلُوبُ

“Иймон келтирганлар ва Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топганлар. Аё, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топмасми?” (Ҳа, иймон келтирганларнинг қалблари Аллоҳнинг зикри ила ором топади. Чунки у қалблар ўзларининг Аллоҳга доимий боғлиқ эканларини ҳис этадилар. Чунки бу қалблар дунёдаги ҳамма нарса Аллоҳдан эканлигини яхши биладилар.) (Раъд сураси, 28-оят).

 

Намоз эса энг улуғ зикрдир.

 

Намоз ўқимайдиган инсоннинг иймони заиф, қалби кирланган, гуноҳлари елкасини эзиб юбораётган бўлади. Ундай инсон ўзини сиқилган, оғир ҳис қилади.

 

Аллоҳ таоло барчамизни намозни ўз вақтида, масжидда, жамоат билан адо этадиган бандаларидан қилсин!

 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

dimanche, 09 février 2020 00:00

АЛИШЕР НАВОИЙ

 Алишер Навоий (1441-1501) – буюк шоир ва мутафаккир, давлат арбоби. Тўлиқ исми Низомиддин Мир Алишер. 

Алишер Навоийнинг ота томондан бобоси Амир Темурнинг Умар Шайх исмли ўғли билан кўкалдош (эмикдош) бўлиб, кейинчалик Умар Шайх ва Шоҳрухнинг хизматида бўлган. Отаси Ғиёсиддин Баҳодир эса Абулқосим Бобурнинг яқинларидан, мамлакатни идора этишда иштирок этган. Онаси Кобул амирзодаларидан Шайх Абусаид Чангнинг қизи.

Алишер болалик чоғлари кўп китоб ўқиди. Эски мактаб, мадрасада Қуръон суралари ёд олинар, қироат усуллари ўргатилар зди. Демак, Алишер болалик чоғлариданоқ Қуръони каримни ёд олди. Унинг қувваи ҳофизаси жуда кучли эди. Шоир болалигида Қуръондан ташқари Фаридуддин Атторнинг «Мантиқут тайр» достонини ҳам ёд олган. Навоий йигитлик чоғлари 50 минг байт ғазални ёд билган.

Алишер Навоий 10—12 ёшларидан шеър ёза бошлаган. Тарихчи Хондамирнинг ёзишича, ёш Алишер Навоийнинг истеъдодидан мамнун бўлган мавлоно Лутфий, унинг:

 

Оразин ёпқоч, кўзумдан сочилур ҳар лаҳза ёш,

Бўйлаким, пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлғач қуёш

 

матлаъли ғазалини тинглаб: «Агар муяссар бўлса эди, ўзимнинг ўн-ўн икки минг форсий ва туркий байтимни шу ғазалга алмаштирардим…» деган. 

Алишер Навоий 15 ёшида шоир сифатида кенг танилган. Шеърларини туркий (Навоий тахаллуси билан) ва форсий (Фоний тахаллуси билан) тилларида ёзган.

Навоий ёшлигидан Хуросоннинг бўлажак ҳукмдори Ҳусайн Бойқаро (1469-1506) билан дўст бўлган. Ҳаёти давомида Навоий мусулмон Шарқининг турли мамлакатларида бўлади, ўз даврининг таниқли шахслари билан кўришади. Ўзининг шеърий маҳоратини оширади. 1464-1465 йиллар Навоий ижодининг шинавандалари унинг илк шеърий тўпламини (девонлари) тайёрлашади. 

1469 йил дўсти темурий Ҳусайн Бойқаро Ҳиротни эгаллайди ва Хуросон ҳукмдори бўлади. Шу вақтдан эътиборан, Навоий ҳаётининг янги босқичи бошланади. У мамлакатнинг сиёсий ҳаётида фаол иштирок этади. Шу йили Хуросон ҳукмдори Навоийни давлат муҳрдори этиб тайинлайди, 1472 йил вазир бўлади. Эгаллаган мансаби орқали у мамлакатнинг маданий ва илмий тараққиётида катта ёрдам кўрсатади. Катта мулк эгасига айланади.

Хондамирнинг қайд қилишича, 1480-йиллар давомида Алишер Навоий ўз маблағлари ҳисобидан Ҳиротда ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларида бир неча мадраса, 40 та работ, 17 масжид, 10 хонақоҳ, 9 ҳаммом, 9 кўприк, 20 га яқин ҳовуз қурган ёки таъмирлаттирган. Улар орасида Ҳиротдаги «Ихлосия», «Низомия» мадрасалари, «Халосия» хонақоҳи, «Шифоия» тибгоҳи, Қуръон тиловат қилувчиларга мўлжалланган «Дорул-ҳуффоз» биноси, Марвдаги «Хусравия» мадрасаси, Машҳаддаги «Дорул-ҳуффоз» хайрия биноси ва бошқа ноёб меъморлик ёдгорликлари бор.

Сарой амалдорларига Навоийнинг бу каби фаолияти ёқмайди ва турли фитналар орқали Ҳусайн Бойқаро билан муносабатларини бузишади. Шундай қилиб, Навоий эгаллаб турган мансабидан озод этилиб, 1487 йил Астробод шаҳрига ҳукмдор сифатида юборилади. Бу ерда у икки йил хизмат қилади. Мазкур муддат ниҳоясига етгачгина, Ҳусайн Бойқаро унга Ҳиротга қайтиб, ҳокимиятда мансабга эга бўлишига руҳсат беради. Лекин Навоий бу таклифни рад этади. Рад жавобига қарамай, Бойқаро султоннинг яқин кишиси лавозимини (“мукарраби хазрати султани”) таклиф этади. Бундай лавозимда Навоий барча давлат ишлари билан боғлиқ ишларда қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга эди.

Шу вақтдан Навоий ҳаётининг янги босқичи бошланади ва у кўпроқ ижод билан шуғулланади. У яратган асарларининг катта қисми айнан шу даврга тегишли. Навоий темурийларнинг сўнгги ҳукмронлик йилларида (1370-1506) яшаб ижод қилган. Шунинг учун унинг асарларида жамоат руҳи, даврга хос муҳим муаммолар устундир. 1490-1501 йиллар Навоий энг нафис, ижтимоий-фалсафий ва илмий асарларини яратган.

Алишер Навоийнинг ижоди улкан. Олти достонининг ҳажми 60 000 га яқин мисрани ташкил этади. 1483-1485 йиллар Навоий ўз ичига беш достонни олган “Ҳамса” асарини яратган: “Ҳайрат ул-Аброр” (“Яхши кишилариинг ҳайратланиши”), “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун”, “Сабъаи сайёр” (“Етти сайёра”), “Садди Искандарий” (“Искандар девори”).

 

Навоийнинг “Ҳамса”си мазкур жанрда яратилган туркий тилдаги биринчи асар ҳисобланади. У – туркий тилида ҳам бу каби йирик кўламдаги асар яратилиши мумкинлигини исботлаб берди.

Алишер Навоийнинг ўзбек тилида яратган шеърий мероси асосан «Хазойин ул-маоний» девонига жамланган. Асар 4 қисмдан иборат. Девоннинг биринчи қисмига «Ғаройиб ус-сиғар» («Болалик ғаройиботлари»), иккинчи қисмига «Наводир уш-шабоб» («Йигитлик нодиротлари»), учинчи қисмига «Бадоеъ ул-васат» («Ўрта ёш бадиалари») ва ниҳоят, тўртинчи қисмига «Фавойид ул-кибар» («Кексалик фойдалари») деган номлар берилди. «Хазойин ул-маоний» инсон боласининг мураккаб ва юксак тафаккури ҳамда беҳисоб ҳис-туйғулари билан боғлиқ мингларча шеър ва ўнларча шеър турларини ўз ичига олган мажмуа бўлиб, Шарқ адабиёти тарихида ноёб ҳодисадир.

Навоий форсий тилида ёзилган ўз шеърларини “Девони Фоний” номи остида жамлаган. Шунингдек, Навоий форс тилидаги қасидаларини жамлаб, “Ситтаи зарурия” (“Олти зарурият”) ва “Фусули арбаа” (“Йилнинг тўрт фасли”) номли икки тўплам яратади.

 

Давлатшоҳ Самарқандий Алишер Навоийни “Мир Низомиддин”, яъни “диннинг низоми – қонуни” деб бежиз улуғламаган. Ҳазрат Навоийнинг деярли барча асарларида, хусусан, “Хамса” достонларининг муқаддималарида Аллоҳга ҳамд, Пайғамбарга наът, муножот ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мадҳининг мавжудлигиёқ бу фикрни тасдиқлайди. “Арбаъин” (“Қирқ ҳадис”) – ҳадисларнинг шеърий таржимаси бўлиб, анъанавий ҳамд ва наът билан бошланади. Асар муқаддимаси – “Сабаби таълифи манзума”да Навоий устози Абдураҳмон Жомий саҳиҳ ҳадислардан 40 тасини танлаб олиб, форсий тилда “Арбаъин” яратганини, лекин туркий китобхон бу чашмадан бебаҳра эканлигини айтиб, Жомийнинг рухсати билан шу 40 ҳадисни туркий тилга таржима қилганлигини ёзади.

Алишер Навоийнинг “Назму-л-жавоҳир” асари насрий усулда ёзилган муқаддима ва Ҳазрати Алининг икки юз эллик беш рақам остида тартибланган араб тилидаги ўгитларининг туркий тилда рубоий шаклида берилган талқинидан иборат.

“Муножот” – Оллоҳга илтижо тарзида яратилган насрий асар бўлиб, “Ҳамд”, “Наът” ва “Муножот” деб аталган уч қисмни ўз ичига олади. “Ҳамд”да Аллоҳнинг буюклиги, абадийлиги ҳақида сўз борса, “Наът”да Пайғамбаримиз Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам таърифлари кетирилади. Асарнинг “Муножот” қисми бевосита шоирнинг Аллоҳдан нажот сўраб қилган илтижоларига бағишланган. 

Алишер Навоийнинг “Насойиму-л-муҳаббат” (тўлиқ номи “Насойиму-л-муҳаббат мин шамойилу-л-футувват” – “Мардлик хушбўйликларини таратувчи муҳаббат шабадалари”) асари 1495-96 йилларда яратилган бўлиб, Абдураҳмон Жомийнинг “Нафаҳот ул-унс мин ҳазароту-л-қудс” (“Дўстлик таровати”) асарининг ижодий таржимасидир. Абдураҳмон Жомийнинг “Нафаҳот ул-унс” асарида 616 та шайх ҳақида маълумот келтирилган. Ҳазрат Навоий бу маълумотларни қайта ишлаб, тўлдириб, шайхлар сонини 770 тага етказади, улардан 35 тасини авлиё аёллар ташкил этади.

Бундан ташқари, у тарихий мавзуларда рисолалар яратган: “Тарихи мулуки Аъжам” (“Эрон шоҳлари тарихи”), “Тарихи анбия ва ҳукама” (“Пайғамбарлар ва донолар тарихи”). Бадиий мактубларини “Муншаат” тўпламига жамлаган. Алишер Навоийнинг сўнгги асари “Маҳбуб ул-қулуб” (1500). Унда шоирнинг сўнгги ижтимоий ва сиёсий қарашлари ёритилган.

 

Алишер Навоий бутун ҳаёти давомида адабий асарларни сиёсат билан бирлаштирган. Юқори мансабга эга шахс бўла туриб, у мамлакат ҳаётининг ижтимоий-иқтисодий такомиллашишига катта ҳисса қўшган; илм, фан, санъат ривожига ҳомийлик қилган; тинчлик ва тотувлик ҳукмрон суришига доим ҳаракат қилган.

Манба: Fitrat.uz

 

Мақолалар

Top