muslim.uz

muslim.uz

vendredi, 06 juillet 2018 00:00

Кўнглимда бор…

Кўпинча бирор кишидан ўзи қилмай юрган яхшиликларни нима учун учун бажармаётгани сўралса, бирданига рад жавобини қайтармайди. “Бўлди, Худо хоҳласа қиламан, дейди. Гўёки айб бунда эмасдек. Аллоҳ сақласин. Дангасаман, камчилигим бор, ҳаракат қиламан, демайди. Ишни пайсалга солади. Ўз айбини Аллоҳга тўнкаради.

Худо хоҳлайди. Банда ҳам ҳаракат қилиши лозим.

Мусулмон кишининг эътиқоди мана бундай бўлади:

                   مريد الخير والشر القبيح

                  ولكن ليس يرضي بالمحال

Яхшию  ёмонга  иродаси  бор,

Лек ёмон ишларга розимас зинҳор.

Бир кишидан сўрадим:

-Қачон намоз ўқийсан?

Жавоб берди:

-Менга ҳидоят сўраб дуо қил!

Шундай деди-да йўлида давом этди.

Унга айтдим:

-Кетма.

У деди:

-Нимага?

Айтдим:

-Ҳаққинга ризқ сўраб дуо қиламан.

 

«Ҳазрати Билол» жоме масжиди

имом-хатиби Равшанбек Ўринбоев

 

Мавлоно Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳафизаҳуллоҳ давримиздаги тасаввуфнинг энг нуфузли шайхлари сирасига киради. У 1953 йил 1 апрелда Ҳиндистоннинг шимоли-ғарбидаги Панжоб вилоятининг Жҳанг ҳудудида дунёга келган. Отасининг исми Аллоҳдета эди. Отаси Қуръонни ёд олган ҳофиз зот бўлган. Акаси устоз Аҳмад Али эса ёш Зулфиқор Аҳмадни тарбиялашга муҳим ҳисса қўшган.

Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий 1967 йил ўрта мактабни, 1971 йил Панжоб унверсититетини битирган. 1976 йили инженерлик соҳасининг менежментлик ихтисослигида таълимни давом эттирган. Шунингдек, ҳазрат асосий ихтисосликдан ташқари, спорт турларидан сузиш, гимнастика, крикет ва футбол бўйича мутахассисликни ҳам эгаллаган. Дунёвий таълим билан бирга диний таълимга ҳам эътибор берган, ҳофизи Қуръон бўлган. Ҳадисга оид билимни эса “Жомия Реҳмания Жаҳания МанДи” (тасаввуф мактаби) ва Милтандаги “Жамия улумия” таълим муассасаларида олган.

Инженерлик ихтисослигини битиргач, Покистоннинг энг нуфузли саноат корхонасида инженер бўлиб ишлаган. Аста-секин малака ошириб бориб, бош инженер лавозимига кўтарилган. Қирқ ёшида шу лавозимдан бўшаб, диний илмини пухталишни мақсад қилган. 1983 йилда ҳазрати Хожа Ғулом Ҳабиб раҳматуллоҳи алайҳ тарафидан ҳалфалик мақомини олган.

Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳазрат Ҳожи Муҳаммад Абдулмалик Сиддиқийнинг қизига уйланган. Улардан икки ўғил дунёга келган. Улар: Мавлоно пир Ҳабибуллоҳ Нақшбандий ва Мавлоно Сайфуллоҳ Нақшбандий. Зулфиқор Аҳмад Нақшбандийнинг нутқ ва маърузалари дил тортар бўлиб, тарбияни ислоҳ қилишга йўғрилган. Уларни одамлар кўзда ёш билан тинглайди, гуноҳларидан тавба қилади.

Ҳаётида суннатга эргашади. Ҳозиргача у 70 та мамлакатни бориб кўрган. Сингапур, Тайланд, Саудия Арабистони, Ҳиндистон, Миср, Непал, Американинг жуда кўп штатлари, Россиянинг жуда кўп шаҳарларига, Туркия, Италияга сафар қилганлар. 1992 ва 1998 йилларда эса Ўзбекистонга ташриф буюрган. Бу сафарлари ҳақида “Лаҳур сэ та хакэ Бухоро о Самарқанд” деган китоб ёзган. Урдудан ташқари, араб ва инглиз тилларида бемалол маъруза қилади.

Кўплаб ихлосманд кишилар ул зотнинг халқасига мансуб. Уларнинг кўпи Ҳиндистонда истиқомат қилади.

Юз мингдан ортиқ киши Зулфиқор Аҳмад Нақшбандийнинг маърузаларини тинглаб,  китобларини ўқиб ўзгарган. Унинг қаламига мансуб жуда кўп диний асарлар чоп этилган. Уларга, “Ишқи Илоҳий”. “Ишқи Расул ссоллаллоҳу алайҳи васаллам”, “Тасаввуф-о сулук”, “Ҳаё аор пакдаманий”, “Хутбаатэ фақир”, “Илмэ наафэ” каби китоблар мансубдир.

Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳазратлари ҳозирда Лоҳур шаҳрида истиқомат қилади. Мадинаи мунавварада ҳам уйи бор.

Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий асарларидан:

ДАРАХТДА ЯШИРИН СИРЛАР

Инсон дарахт эмаски бир жойда тик тураверса, тош эмаски ётаверса. Инсон ашрафул махлуқот – жонзотларнинг энг улуғи. У ҳар доим Аллоҳнинг зикри билан машғул бўлиши керак! Яшашдан мақсад Аллоҳ таолога бандалик қилишдир. Ҳаётдан мақсад Аллоҳ таолонинг ёди. Инсон жисми тегирмонга ўхшайди. Тегирмон буғдой тортиб турса фойдаси тегади. Ёпиқ тегирмон фойдасиздир. Худди шундай инсон жисми солиҳ амалларни бажо келтириб турса фойдалидир. Акс ҳолда жисм фойдасиз буюм каби бўлиб қолади.

Коинотдаги жисмлар бизга сузаётгандек кўринади. Осмондаги сайёралар ва юлдузларга қаранг. Ҳаракатланаётгани кўриниб турибди. Бунда инсон учун бир сассиз пайғом бор: Эй инсон! Сен ҳам ўз ҳаётингда ҳаракатланувчига айланишинг керак!

Қул зеҳниятли одамларда жуда кенг вақт бор бўлади. Вақтининг аксар қисми бўш ўтади. Озод бандалар меҳнати кўплиги сабаб вақти тиғиздир.

Атрофимизга яхшилаб боқсак бизни ўраб олган табиат бизга дарс бераётгандек: Эй инсон! Сен дунёда фақат бир мақсад узра яратилдинг! Агар шунга муносиб ҳаёт кечирсанг муваффақият қозонасан.

Дарахтнинг ердан униб-ўсиш сири

Биз учун дарахтда кўп фойдалар мавжуд. Унда ажойиб ва ғаройиб нарсалар яширин. Масалан, эътибор бергандирсиз, дарахт доимо тупроқ остидан униб чиқади. Тилло ва кумуш идишларда ўсмайди. Бундан мақсад нима? Мақсад шуки: Эй инсон, агар сен муваффақиятли бир ҳаёт кечирмоқ истасанг атрофингдаги муҳит ва жамиятдаги одамлар билан аралашиб яшашинг керак бўлади. Ўрмонларга, ғорларга беркиниб тараққий топаман десанг, истаган нарсанг у ерлардан топилмайди.

Уруғнинг тупроқ остига кўмилиши ҳикмати

Тупроқ остига кўмилган томир дарахт бўлиб ўсади. Қандай қилиб дарахтга айланди? Томир ўзини маҳв этиб, уруғ ўзини тупроққа қориштиргач Аллоҳ таоло уни дарахтга айлантиради. Сўнгра дарахт мева боғлайди. Бир уруғдан минглаб уруғлар олинади. Худди шундай, инсон ҳам “мен”ликни маҳв айласа, ўзидаги кибр, манманликни синдирса Аллоҳ таоло минглаб балки юз минглаб инсонларнинг ҳақиқий инсон бўлишига сабаб бўладиган мақомни унга ато этади.

Уруғнинг ўзини қурбон қилишида инсоният учун бир пайғом бор. Бир уруғ ўзини қурбон этиб дарахтга айланади ва инсонларга ҳамда жониворларга соя беради. Худди шундай, қайси инсон ўз нафсини қурбон этса ва нафсининг бўйнига шариат юганини илса, Аллоҳ таоло уни қад кўтарган дарахт каби қилиб қўяди. У бошқа инсонлар учун соядор дарахтга айланади. Ўзи ёлғиз бўлса ҳам минглаб инсонларга соябон бўлади. (Хутаботи Фақийр. 16-жилд. Абдулвоҳид Иброҳим домла таржимаси.)

 

Тошкент шаҳар “Ҳазрати Али” жоме масжиди имом ноиби
Абдулқайюм Ғофуров тайёрлади
.

vendredi, 06 juillet 2018 00:00

Малвия минораси

Бир замонлар Ироқдаги Самарра шаҳрида дунёдаги энг катта “Малвия” масжиди ва минораси мавжуд бўлган. Бу масжид ўзига бир вақтнинг ўзида 80. 000 мусулмонни сиғдира олган. Масжид минораси айлана ўрамга ўхшаш бўлиб, IX асрда халифа Мутаваккил даврида қурилган. Миноранинг бўйи 52 метрни, эни эса 33 метрни ташкил қилади. Масжид даврлар ўтиши билан секин-аста бузила бошлаган. 11 асрга келиб фақат минора сақланиб қолган.

 

 

 

http://kamolon.uz/

Cавол: Киши умра ҳажи қилса зиммасидаги ҳаж ибодати ҳам соқит бўладими?

Жавоб: Биринчидан “умра ҳажи” деган ибора хато. Ҳаж бор, умра бор. Умра қилган одамдан ҳаж фарзи соқит бўлмайди. Умра суннат амал, ҳаж эса фарз бўлиб, Ислом арконларининг бешинчисидир. Суннат ҳеч қачон фарзнинг ўрнини босмайди. Қодир одамга ҳаж қилиш фарз.

vendredi, 06 juillet 2018 00:00

Денгиз кўпиги

Денгиз кўпиги – чиройли ҳодиса бўлиб, илк марта кўраётган кишида ажойиб таассурот қолдиради.

Сиз ушбу суратда денгиз кўпигини кўриб турибсиз. Бундай кўпик барча денгизларда кўзга ташланади. Денгиз сувларидаги чиқиндилар, органик моддалар, тузлар, ўлик ўсимликлар ва чириган, парчаланган балиқлар бир-бири билан аралашиши натижасида вазни енгил бўлган кўпик ҳосил бўлади. Гоҳида кўпик эллик километрлаб масофага чўзилиб кетади.

Олимлар денгиз кўпигини миксер (аралаштирувчи қурилма) ичидаги сутнинг кўпигига ўхшатади. Денгиз кўпиги пайдо бўлганидан сўнг кўп турмай ҳавога тарқалиб кетади. Денгиз мавжларининг ҳаракати қанчалик ваҳимали, даҳшатли бўлса, кўпикнинг миқдори шунча кўпроқ ва енгилроқ бўлади.

Кўпик ҳақидаги илмий ҳақиқатлар қуйидагичадир:

  1. Денгиздаги кўпик тезкор ҳаракат пайтида ҳосил бўлади. Сувнинг тезкор ҳаракати эса қаттиқ бўрон ёки улкан селлар натижасида юзага келади. Кўпик доим қирғоқда баланд тепалик кўринишида тўпланади.
  2. Кўпикнинг вазни жуда енгил бўлиб, буғ каби ҳавода сузиб юради.
  3. Озгина миқдордаги сув улкан кўринишдаги кўпикнинг ҳосил бўлиши учун етарлидир.

Кўпик ва унинг моҳияти ҳақида Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилган:

أَنزَلَ مِنَ السَّمَاء مَاء فَسَالَتْ أَوْدِيَةٌ بِقَدَرِهَا فَاحْتَمَلَ السَّيْلُ زَبَداً رَّابِياً وَمِمَّا يُوقِدُونَ عَلَيْهِ فِي النَّارِ ابْتِغَاء حِلْيَةٍ أَوْ مَتَاعٍ زَبَدٌ مِّثْلُهُ كَذَلِكَ يَضْرِبُ اللّهُ الْحَقَّ وَالْبَاطِلَ فَأَمَّا الزَّبَدُ فَيَذْهَبُ جُفَاء وَأَمَّا مَا يَنفَعُ النَّاسَ فَيَمْكُثُ فِي الأَرْضِ كَذَلِكَ يَضْرِبُ اللّهُ الأَمْثَالَ

“У зот осмондан сув туширди. Сўнгра водийларда ўз миқдорича сел оқди. Бас, сел ўз устига чиққан кўпикни кўтариб келди. Ва зеб-зийнат, асбоб-ускуна ясаш мақсадида ўтда тобланадиган нарсаларда ҳам шунга ўхшаш кўпик бўладир. Аллоҳ ҳақ ва ботилга мана шундай зарбулмасал келтирур. Аммо кўпик ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетди. Одамларга манфаат берадиган нарса эса, ер юзида қолди. Аллоҳ мисолларни ана шундай келтирадир”. (Аллоҳ таоло осмондан сув тушириб, ёмғир ёғдирса, сел оқади. Шу билан бирга, сел ўзининг устида кўпикни ҳам оқизиб келади. Бунда сув ҳаққа, кўпик ботилга ўхшатилмоқда. Зеб-зийнат ясаладиган олтин ва кумуш, асбоб-ускуна ясаладиган темир ва мис каби маъданлар устида ҳам занг ва кераксиз моддалар бўлади. Бу масалда ҳаққа асл маъданлар, ботилга занг ва кўпик қиёс қилинмоқда. Кўпик, гарчанд сувнинг устига чиқиб турган бўлса ҳам, барибир у кўпикдир. Маъданлардаги занг ва бошқа моддалар уларни ўраб турган бўлсалар ҳам, тобланиш вақти келганда, бирпасда йўқ бўлиб кетадилар. Ботил ҳам шундай: ўзидан-ўзи йўқ бўлиб кетади.) (Раъд сураси, 17-оят).

Агар биз ушбу оят ҳақида яхшилаб ўйлаб кўрсак, унда айтилган гапларнинг илмий ҳақиқатларга қанчалик мос келишини кўрамиз.

Албатта, кўпик водийлардан тезкор ва шиддатли тарзда оқиб келган сув оқими – сел натижасида ҳосил бўлади. Кучли жала пайтида ҳосил бўладиган сел ва ундаги кўпик ҳаммага маълум.  

Юқоридаги оятда кўпикнинг ташкил топиши қандай бўлишини васф қилинган:

فَسَالَتْ أَوْدِيَةٌ بِقَدَرِهَا فَاحْتَمَلَ السَّيْلُ زَبَدًا رَابِيًا

“Сўнгра водийларда ўз миқдорича сел оқди. Бас, сел ўз устига чиққан кўпикни кўтариб келди”.

  1. Оятдаги رَابِيًا (робиян) калимасига эътибор берайлик. Бу калима “робаа-ярбуу” феълидан олинган бўлиб, “катталашди”, “улкан бўлди” маъносидадир.

Дарҳақиқат, олимлар “Кўпик – ичи ҳаво билан тўлган ғовак ва енгил нарсадир. Улкан ҳажмдаги кўпик ҳосил бўлиши учун озгина миқдордаги сув ҳам етади” дейишади. Сув оз бўлса ҳам, ундан ҳосил бўлган кўпик ичи ҳаво билан тўлгани сабабли катта бўлиб кўринади.

  1. Бу ояти карима физик олимлар яхши биладиган бир қонунга – зичлик қонунига ишора қилади. Бу қонунга кўра, оғир модда тортишиш кучи таъсирида пастга тушади, енгил модда юқорига кўтарилади. Ҳарорат ёрдамида бу жараённи тезлаштириш мумкин. Шунинг учун метални қайта ишлаш заводлари темир рудасини эритиб, ундаги ифлос, чиқинди нарсаларни чиқариб юборади. Темир рудасидаги ҳарорат муайян миқдорга етгандан кейин унга ёпишган чиқиндилар юқорига ҳаракатланади ва буғга айланиб чиқиб кетади. Тозаланган темир эса чўмичнинг пастида тўпланади. Кейин ўша тўпланган соф ва суюқ металл қолипларга қуйилади. Бу жараённи табиатдаги барча моддаларга нисбатан қўлласа бўлади.

Қуръони Карим бу жараёнга мана бу оятда ишора қилган:

وَمِمَّا يُوقِدُونَ عَلَيْهِ فِي النَّارِ ابْتِغَاءَ حِلْيَةٍ أَوْ مَتَاعٍ زَبَدٌ مِثْلُهُ

“Ва зеб-зийнат, асбоб-ускуна ясаш мақсадида ўтда тобланадиган нарсаларда ҳам шунга ўхшаш кўпик бўладир”.

Агар биз денгиз, сел кўпикларининг ташкил топиши билан темир рудасини эритиш асносида ҳосил бўладиган кўпикнинг ташкил топишини солиштириб кўрсак, иккиси ҳам бир хил физик қонуният асосида содир бўлишига гувоҳ бўламиз. Бу эса Қуръонда нозик услуб билан васф этилган ҳолатдир. Бу услуб бундан ўн тўрт аср муқаддам, ўқиш-ёзишни ўрганмаган, денгиз ва сел табиати ҳақида маълумотга эга бўлмаган ва металлургия саноатидан хабардор бўлмаган инсон томонидан содир бўлиши мумкинми?!

  1. Кўпикнинг кетиши.

Агар биз кўпикнинг кетиши ҳақидаги маълумотларни излаб кўрсак, олимларнинг мана бу гапларига дуч келамиз: “Кўпик (ҳар қанча катта бўлмасин) – енгил шабадалар эсганда, кетади ва ҳавога кўтарилиб, қуриб, кўздан ғойиб бўлади. Чунки у ғовак бўшлиқдан иборат бўлиб, вазни енгил ва ичи ҳаво билан тўлгандир”.

Энди Қуръондаги таърифга қаранг:

فَأَمَّا الزَّبَدُ فَيَذْهَبُ جُفَاء

“Аммо кўпик ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетди”.

 

Денгиз кўпиги ва гуноҳлар

Буюк Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам гуноҳларни денгиз кўпигига ўхшатганларида ўта нозик, илмий ўхшатиш қилганлар. У зот алайҳиссалом бир ҳадисда шундай деганлар: “Ким юз марта “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи” деса, унинг хатолари  денгиз кўпигича бўлса ҳам  ўчирилади”.

Бунга ўхшаган ҳадислар жуда кўп. Уларнинг барчасида гуноҳларнинг кўплиги ва уларнинг ўчирилиши денгиз кўпигига ўхшатилган. Бундай ўхшатиш орқали Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ажиб мактуб юборганлар. Бу мактуб мана бундай деяпти: “Албатта, гуноҳлар, ҳар қанча кўп ва катта бўлса ҳам, худди шабада денгиз кўпигини осонлик билан кетказганидек, Аллоҳнинг зикри (чин дилдан қилинган тавба, ҳақиқий истиғфор), солиҳ амаллар ўша гуноҳларни осонлик билан кетказади”.

Аллоҳ таоло бизларни Қуръонни тадаббур билан ўқийдиган бандаларидан қилсин ва барча гуноҳларимизни мағфират этсин, омин!

 

Муаллиф: Абдуддоим КАҲЕЛ

Мутаржим: Фахриддин ар-Розий ўрта махсус ислом

билим юрти мударриси Иномжон ХУДОЁРОВ

Мақолалар

Top