ЗАКОТ

1-ФАТВО

Бойлиги шариат белгилаб қўйган маълум миқдорга, яъни нисобга етган мусулмон киши ҳижрий-қамарий бир йил ўтиши билан аслий ҳожатларидан ортиқча бойлигининг қирқдан бир қисмини, яъни 2,5 фоизини шаръан белгиланган жойларга бериши фарзи айндир. Нисоб 85 гр олтин қийматига баробар маблағдир. Закотни узрсиз кечиктириб бериш гуноҳ саналади. Закотни ажратаётган ёки бераётган пайтда ният қилиш шарт. Демак, шу ажратган ёки бераётган нарсам садақа ёки эҳсон эмас, закотдир, деб ният қилинади. Аммо йилнинг охирига келиб, шу бир йил мобайнида берган садақаларимни закот деб ният қилдим, деса, бу нияти ўтмайди. Бутун бойлигини садақа қилиб юборса, ният шарт эмас. Закотга ҳам ўтаверади.

«Оламгирия», «Мухтасар».

 

2-ФАТВО

Фақир кишига берган қарзидан кечиб юборса, ўша қарзда турган бойлигидан берадиган закотидан қутулади. Агар бир қисмидан кечса, ўша қисмидан берадиган закоти соқит бўлади. Бой кишидаги қарзини унга ҳадя қилиб юборса, унинг закоти соқит бўлмайди.

«Оламгирия», «Табйин».

3-ФАТВО

Бой киши фақир ҳузурига бориб фалон одамга берган қарзимни ўзингга олгин, деб закотни ният қилса, жоиздир.

«Оламгирия», «ал-Баҳрур-роиқ».

 

4-ФАТВО

Мискинга пул бериб, тилида ҳиба (ҳадя) ёки қарз деб айтиб, дилида закот деб ният қилса, закотга ўтади.

«Оламгирия», «ал-Баҳрур-роиқ», «Қуня».

Read 20945 times

Мақолалар

Top