muslim.uz

muslim.uz

Дубайда XXI Халқаро Қуръони карим “Dubai International Holy Quran Award” мусобақаси бўлиб ўтади. Унда бутун дунёдан ташриф буюрган 100 дан ортиқ қорилар иштирок этади.

Дубай ҳукуматининг маданият ва ижтимоий  масалалар бўйича маслаҳатчиси Иброҳим Муҳаммад Бумалханинг айтишига кўра, мусобақа Рамазон ойининг 1-20 кунлари тахминий ҳисоб бўйича шу йилнинг 27 майидан 16 июнига қадар бўлиб ўтади.

Мусобақада биринчиликни қўлга киритган ғолибга 250 минг дирҳам (68 минг АҚШ доллари), иккинчи ўринга 200 минг дирҳам, учинчи ўринга эса 150 минг дирҳам миқдордаги пул мукофоти берилади.

Мусобақа қатнашчиларининг маҳоратларини Саудия Арабистони, БАА, Яман, Баҳрайн, Миср ва Суриянинг таниқли халқаро эксперт ҳакамлари баҳолайдилар.       

 М.Зуфарова тайёрлади.

vendredi, 12 mai 2017 00:00

Овчи ва айиқ воқеаси

Қадим замонда бир овчи бўлган экан. У бир куни айиқ боласин топиб олибди ва парваришлай бошлабди. Айиқ кундан-кунга ўсиб, унга ўргана бошлабди. Овчи қаерга борса, уни ўзи билан олиб юрар экан. Одамлар унга эҳтиёт бўлишни тайинлаб, бу қилаётган иши хато эканини айтишибди. Лекин овчи уларга: "Бу айиқ менга одамдан ҳам яхши дўст, у мени ҳар жойда қўриқлайди", деб жавоб берибди. Бир куни улар бирга ов қилиб юришганда овчи чарчабди ва бир дарахт соясида бироз мизғиб дам олмоқчи бўлибди. Айиқ эса ҳар доимгидек уни қўриқлай бошлабди. Шу пайт бир пашша учиб келиб овчига қўнибди. Айиқ уни ҳайдабди. Пашша айланиб яна қўнибди. Айиқ яна ҳайдабди. Бу ҳол бир неча маротаба такрорланиб, айиқнинг жаҳли чиқибди. Катта бир тошни олиб, овчига қўниб турган пашшага отибди. Пашша учиб кетибди, овчи эса тил тортмай ўлибди.

Дўст танлашда ўйлаб иш қилинг. Ота-боболаримиз "Аҳмоқ дўстдан ақлли душман яхши", деб бежиз айтишмаган. 

Акбаршоҳ Расулов

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бандаларни тўғри йўлга солиб қўйиш учун турли мисоллар келтирган. Биз ана ўша мисолларни ўқир эканмиз, фикр юритмоғимиз, ақлимизни ишга солмоғимиз, бу каби мисолларга ибрат кўзи билан боқмоғимиз зарур экан. Бундай мисоллардан бир қисмида махлуқотлардаги ғаройиб ҳолатлар диққатимизни тортади. Ўргимчак уйлари ҳам шундай мисоллардан биридир.

Қуръони каримдаги бир суранинг номи “Анкабут – урғочи ўргимчак” деб номланган. Ушбу суранинг 41-оятида Роббимиз бундай амр қилган: “Аллоҳни қўйиб, ўзга дўст тутганларнинг мисоли ўзига уй тутган ўргимчакка ўхшайдир. Ҳолбуки, энг заиф уй ўргимчакнинг уясидир. Кошки билсалар эди”.

 Бу оятда араблар қадимдан қиёслаш айтиб юрадиган бир иборага ишорат қилинган. Араблар бир нарсанинг  заифлигини англатмоқчи бўлса ўргимчак тўрини мисол келтирар экан. Ўргимчак тўри майда ҳашаротларни овламоқ борасида ишончли бўлса-да, инсоннинг қувватига қараганда жуда ҳам ночор. Ўргимчак бу тўрни ўзига уй қилган бўлса-да, аслида у ҳимояловчи бошпана нуқтаи назаридан мутлақо яроқсиз. Аксинча, бу тўрлар овлар учун жуда ҳам таҳликали.  

Аллоҳдан бошқасига сиғинган, ундан манфаат кутган ёки хатардан қўриқлар дея дўст тутганлар ўргимчакнинг уйига сиғинган нодон пашшаларга ўхшайди. Ҳолбуки, ўргимчак уяси ҳатто ўзига сиғинадиган жой бўла олмайди, бошқасига қандай қилиб бошпана бўлсин.

Ўргимчакнинг уяси фақат тутқунлик ва ажал маконидир. Ўргимчак тўрига тушган овларни ҳашаротларни тутиб олади ёки тўрнинг ипларни тортади. Бечора ов чирпина-чирпина бор кучини йўқотади. Чунки ўргимчак тўри пишиқ тўқилгани боис узилиб кетмайди. Шу вақтда уй соҳибаси ўргимчак овга яқинлашади. Қисқичларидан заҳар чиқариб уни шол қилиб қўяди. Сўнгра овнинг ички органларини эритишга киришади. Қисқа замонда овнинг ички органлари эриб  суюқ ҳолига келади. Ўргимчак эмувчи меъдасини шишириб суюқликни эмиб олади. Ов қисқа замонда ичи бўш қобиққа айланиб қолади. Ўргимчак тўрлари ана шу бўш қобиқлар сабабли ҳашаротлар мозорига ўхшаб кўринади.

Фақат тўрга тушганлар пашша ва қўнғизлар эмас, эркак ўргимчаклар ҳам бу ердан омон чиқа олмайди. Ўргимчак тўрларини ҳар доим урғочилари тўқийди ва вазифасини бажарган эркак ўргимчакни ейди. Шунинг учун ҳам сура “Урғочи ўргимчак” деб аталган.

Урғочи ўргимчакнинг ўзи ҳам тухумлагандан сўнг ўлади. Яъни бу уя унга ҳам ёр бўлмайди. Ҳатто ўргимчакнинг тухумдан вақтлироқ чиққан болалари ҳали чиқишга улгурмаганларини еб қўяди. Қисқаси, бу уя ҳар бир жон учун ҳалокат ва фалокат жойидир.

Ана шу мисол воситасида мушрикларга мадад кутаётган бутлари ва санамлари ўргимчак тўрига ўхшаган ҳалок этувчи бир тузоқ экани билдирилган. Суранинг бош қисмида Од ва Самуд каби мушрик қавмларнинг ҳалок этилгани англатилган. Сўнгра Аллоҳдан бошқадан умид қилиб, манфаат кутган ҳар нарсанинг аслида ишончли бошпана эмас, тузоқ эканига ишорат этилган.

Одам ўғли ишонган бутлар фақат ҳайкал суратидаги сохта маъбудлар эмас. Кўплаб инсонлар бутга сиғинмаса-да дунё манфаатларини кўзига бутлаштириб олган. Ҳолбуки, дунё фоний: бир бозорлик, бир мозорлик кабидир; у ўзига кўнгил қўйган ҳеч кимсага вафо қилмайди. Худди ўргимчак тўридаги каби ҳар киши териси ичидаги ҳамма нарсасидан айрилади.

Инсон зоти дунёга боқаркан турли неъматлар кўради ва уларнинг жилвасига алданиб қолади. Ваҳоланки, бу манзара чалғитувчи бир акс кабидир.

Ўргимчак турининг ҳам шундай хусусияти бор. Тадқиқотлар натижалари ўргимчак тўрининг худди ойна каби ултрабинафша нур таратиши ва шу йўл билан майда ҳашаротларни алдаб ўзига тортишини кўрсатмоқда.

Аллоҳ таоло гулларга ультрабинафша нур таратиш хусусиятини берган. Гуллар шу хусусияти билан ари, пашша ва қўнғизларни ўзига жалб этади. Чунки бу қуртлар инсон кўзи кўрмаган нурни кўради ва асал олмоқ учун уларга яқинлашади. Гуллар ҳам улар воситасида чангларини бошқа гулларга узатади.

Ўргимчак тўрлари ҳам ультрабинафша нурлари таратишда гулларнинг ана шу хусусиятига тақлид этади. Шунинг учун кичик қуртлар гулга боряпман деб хаёл қилади ва ўргимчак тўрига тушади. Ниҳоятда очофат жонивор бўлган ўргимчаклар шу йўл билан бир йилда миллиардларча ҳашаротларни тузоққа тушириб ейди.

Бутпарастларнинг илоҳларидан кутган манфаатлари ҳам пашшаларнинг ўргимчак тўрини гул деб ўйлагани каби аянчли бир алданишдир. Сохта ва ёлғон динлар, мафкуралар, дунёвий манфаатлар ваъда қилиб инсонларни тузоғига туширмоқда. Бу йўлнинг натижаси эса муқаррар ҳалокатдир.

Бу гаплар ўргимчакнинг буткул ёмон эканини англатмайди, албатта. Улар ўз зиммасига Аллоҳ юклаган вазифани бажармоқда, холос. Ҳеч бир махлуқни сабабсиз ва фойдасиз яратмаган буюк Роббимиз ўргимчакларга ҳам экологик жиҳатдан аҳамиятли вазифа юклаган.

Ўргимчаклар шу қадар кўп ҳашарот ўлдирадики, агар улар бўлмаганида экинларимиз ҳашаротларга талош бўлар, дунё яшаб бўлмас ҳолга келар эди. Тахминларга кўра, ўргимчаклар ўлдирган ҳашаротларнинг жами оғирлиги дунёдаги бутун инсонларнинг оғирлигидан кўп экан. Бу тахмин қанчалик тўғри бўлган тақдирда ҳам уларнинг инсон зотининг ҳаёт кечириши борасидаги хизмати катта экани ҳақ гап.

Дамин ЖУМАҚУЛ,

журналист

vendredi, 12 mai 2017 00:00

Оқибати оғир гуноҳ

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ғийбат нима биласизми?" дедилар. Саҳобалар: "Аллоҳ ва Расули билгувчидир", дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Биродарингни, у ёмон кўрадиган нарса билан зикр қилишинг", дедилар. "Мазкур нарса биродаримда мавжуд бўлса-чи?" деб савол берилди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Айтилган нарса биродарингда мавжуд бўлса – ғийбат, унда бўлмаса – туҳматдир", дедилар (Имом Муслим).

Ғийбат қилиш гуноҳи кабирадир. Унинг ҳаром эканига Қурьони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда кўплаб далиллар бор. Жумладан, Аллоҳ таоло бундай амр қилади: "Айримларингиз айримларингизни ғийбат қилмасин" (Ҳужурот, 12), деб буюрилган.  

Уламоларнинг айтишларича, ғийбат тўрт хил бўлади:

1.Мубоҳ ғийбат. Бунда ғийбатчи гуноҳкор бўлмайди. Бу ғийбат гуноҳ ва бидъатни ошкора қилувчини ғийбат қилиш бўлиб, бу хусусда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фожирдаги нарсаларни зикр қилаверинглар, чунки одамлар ундан эҳтиёт бўлишлари лозимдир", деганлар.

  1. Гуноҳ саналган ғийбат. Бунда ғийбат эгаси гуноҳкор бўлади. Бу ғийбат ғойиб инсоннинг айбини бир жамоатнинг олдида унинг исмини айтиб зикр қилишдир. Бундай кимса осий бўлиб, тавба қилмоғи вожиб.
  2. Нифоқ ғийбат. Бунинг эгаси мунофиқ бўлади. Бу ғийбатда ғийбатчи бир инсонни бошқа бировнинг олдида исмини айтмасдан зикр қилиши. Аҳли мажлис ғийбат қилинаётган одамни билса-да, ғийбатчи ўзини тақводор кўрсатиб, унинг исмини айтмайди. Бу эса мунофиқликдир.
  3. Куфр ғийбат. Бу ҳолатда ғийбат қилувчи кофир бўлади. Куфр томони мусулмонни ғийбат қилмоғидир. Унга: "Ғийбат қилмагин", десалар у: "Бу ғийбат эмас, бу нарсага содиқман (яьни рост айтяпман)", деб жавоб қилади. Бу вақтда у Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол санади, кимки ҳаром нарсани ҳалол деса, кофир бўлади. Бу нарсалардан Аллоҳдан паноҳ тилаймиз.

Бундан ташқари, ғийбат кўз қисиш, масхара қилиб кулиш, ишора, киноя, ҳаракат, ёзиш кабилар билан ҳам амалга ошади. Ўтганларни ғийбат қилишнинг гуноҳи қаттиқроқдир. Чунки, тирик инсондан кечирим сўраш мумкин. Вафот этганнинг розилигини олиш амримаҳол.

Аллоҳ таоло оқибати оғир гуноҳдан сақланишимизни ва бошқаларни ҳам огоҳ этишимизни насиб этсин. Амиин.

Фотима КОМИЛЖОНОВА,

ТИИ 1-курс талабаси

Мақолалар

Top