muslim.uz
Тарбия – келажакка сармоя
Тарбия ҳақида Имом Ғаззолийнинг «Иҳёу улумуд дин» китобида бундай дейилади: «Бола – ота-она қўлидаги омонат. Унинг қалби турли нақш ва расмлардан холи. Қандай нақш солинса, қабул қилади, нимага мойил қилинса, мойил бўлаверади. Агар яхшиликка ундалса ва ўргатилса, саодатли бўлади. Ота-онаси ҳамда одоб, таълим-тарбия берган устозлар унинг савобига шерик бўлди. Агар ёмонликка ундалса, ҳалок бўлади».
Бундан роппа-роса бир аср олдин маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний тарбия ҳақида куйиниб бундай деган: «Тарбияни кимлар қилур? Қайда қилинур? деган савол келадур. Бу саволга жавобан: биринчи – уй тарбиясидур. Бу Оналарнинг вазифасидур. Иккинчи – мактаб ва мадраса тарбиясидур. Бу Оталар, муаллим, мударрис ва ҳукумат вазифасидур.
Менга савол берурлар: Қайси оналарни айтурсиз? Билимсиз, боши пахмоқ, қўли тўқмоқ оналарниму? Ўзларида бўлмаган тарбияни қандай берурлар? Қайси ота? Тўйчи, улоқчи, базмчи, дўмбирачи, карнайчи, сурнайчи, илм қадрини билмаган, илм учун бир пулни кўзи қиймаган, замондан хабарсиз оталарними айтурсиз? Аввал уларни ўзларини ўқутмаклик керакдур.Бу сўзлар кишини юрагини эзар, бағрини ёндирур...»
Ёшлар тарбиясини ―ҳаёт-мамот масаласи‖, деб таърифлаган мутафаккир нақадар ҳақ эканини барчамиз яхши биламиз. Чунки тарбияси мўрт ёшлардан жамият, маҳалла ёки оила учун ҳеч қандай наф йўқ. Ёшларнинг ҳаётда адашиши, тузатиб бўлмас хатолари тарбияда йўл қўйилган хато ёки бефарқликнинг аччиқ инъикосидир.
Бу борада олиб борилган изланишларнинг аксари шуни кўрсатмоқдаки, тарбияда, аввало, ота-онанинг ҳиссаси катта. Бежиз Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳеч бир ота-она фарзандига гўзал тарбиядан кўра қимматлироқ мерос қолдира олмайди”, демаган.
Шу ўринда ҳаётий бир ҳақиқатни айтиб ўтиш мақсадга мувофиқдир. Чунончи, ота-онасидан кўра бобо-бувиси қўлида улғайиб, уларнинг панду насиҳатларини олиб улғайган боланинг тарбияси мустаҳкам бўлади. Буни аниқроқ тасаввур қилиш учун шаҳарлардан кўра кўпроқ қишлоқларда улғайган бола бардошли, қатъиятли, иродаси мустаҳкам, маънавияти юксак бўлади. Бу билан шаҳарлик ёшларни айбламоқчи эмасмиз. Шаҳарларда ҳам бобо-бувисининг тарбиясини олиб, ҳаммага ибрат бўлаётган болалар бисёр.
Ҳар не бўлса-да, тарбияга асло беэътибор қараб бўлмайди. Машҳур ихтирочи Томас Эдисоннинг ҳаётига оид қизиқ маълумотни келтириш ўринлидир.
...Томас болалик уйидан кўчар чоғи бир пайтлар кийимлари сақланган шкафнинг юқорисидан онасининг севимли қизил ғилофли жомадони чиқди. Томас уни эҳтиёткорлик билан стол устига қўйиб очди. Онасига тегишли буюмлар орасидан чиққан сарғиш қоғозни олди. Мактуб остига унинг муаллимаси имзо чеккан экан. Бу имзо Томасга онаси билан боғлиқ хотирани эслатиб юборди.
У пайтда Томас биринчи синфда ўқирди. Ўша куни у муаллима унга онасига бериши зарурлигини тайинлаган мактубни волидасига келтириб берди. Хатга кўз ташлаётган онаизорнинг ғамгин кўзларида ёш айланди, сўнг фарзандини бағрига олди.
– Муаллимам нима деб ёзган экан? – қизиқиб сўради ўғил онасидан.
– У сени ўта қобилиятли эканингни, бу мактаб сенга тўғри келмаслигини айтиб, мендан сени бирор нуфузли мактабга ўтказишимни сўрабди, – дея жилмайишга ҳаракат қилиб жавоб қайтарди она.
Жомадондан топилган мактубни Томас ўқиб ҳайратга тушди:
- Ўғлингиз руҳий касал. Илтимос, уни ихтисослашган бошқа бирор мактабга жойлаштирсангиз. Ҳурмат билан муаллима. XIX ва XX асрнинг тенгсиз даҳоларидан бири Томас Эдисоннинг киприклари бехосдан намланди. Онасининг қанчалар оқила аёл бўлганига яна бир бор амин бўлди:
- Менинг барча ютуқларим сабабчиси онамдир. У мени тушунар, ўз орзу-ҳавасларим йўлидан боришимга имкон яратган эди, – дея хотирлайди у.
Бугун АҚШ ялпи ички маҳсулотининг 16 фоизини айнан Эдисон кашфиётлари ташкил этаётгани гўзал тарбиянинг мевасидир.
Мухтасар айтганда, буюк ҳамюртимиз Абу Али ибн Сино фарзанд тарбияси ҳақида: «Ёш бола таълим-тарбия оладиган жойда одоб-ахлоқли, туриш-турмуши намунали болалар бўлиши лозим. Зеро, ёш бола ҳар бир нарсани уларга тақлид қилиб ўрганади ва улар билан дўст бўлади», дея таъкидлаган.
Миродил МИРЖАЛИЛОВ,
Қибрай тумани бош имом-хатиби
Ҳозирги даврда нималар бўляпти?
- Уйлар катталашди, аммо оилалар кичрайди.
Уйларимизни ҳашаматли қилиб, баланд-баланд қуряпмиз. Аммо оила аъзолари ўртасида меҳр, оқибат, мурувват камайди.
- Тиббиёт ривожланди, бироқ касалликларнинг тури кўпайди.
Тиббий ускуналар, жиҳозлар ривожланиб боряпти, аммо йилдан йилга касалликларнинг турлари кўпайяпти.
- Одам Ойга етиб борди, аммо ён қўшнисининг ҳолидан бехабар.
Инсоният космосга парвоз қилмоқда. Аммо ён қўшнимиз оч қолаётганидан, қишда совқотаётганидан хабаримиз йўқ.
- Пуллар кўпайди, аммо хотиржамлик йўқолди.
Пулларимиз кўп, уй, машина ва бошқа қиммат жиҳозлар сотиб оляпмиз. Аммо хотиржамлик кам. Ношукрлик бор.
- Донолик юксалиб боряпти, лекин ҳис-туйғулар камайиб кетяпти.
Ҳамма илмий жиҳатдан ўсиб борса-да, бир-бирини, воқеаларни, ўқиган нарсаларини ҳис қилиш кам.
- Билим-маърифат ошди, аммо ҳикмат озайди.
Илм оляпмиз, аммо илмга амал қилиш суст.
- Йўл-йўлакай қўшилиб оладиган дўстлар кўп, бироқ ҳақиқийлари жуда кам.
Ҳақиқий дўстлар кам. Кўплари пул, мансаб, обрў учун улфат бўлиб олган.
- Соатлар турли дизайнда ишлаб чиқарилмоқда, аммо кўп нарсага вақт топа олмаймиз.
Қиммат соатларни тақамиз. Кўриниши, шакли, ҳажми турлича. Аммо кўп нарсага вақтимиз етмайди.
- Одамлар йилдан-йилга кўпайиб бормоқда, бироқ одамийлик йўқолиб бормоқда.
Ер юзи бўйича аҳоли сони ортиб боряпти. Аммо ўзаро меҳр, инсонийлик йўқолиб боряпти.
Эй Роббим! Аҳволимизни ислоҳ қилгин ва бизга гўзал хотима бергин!
Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
“УЙЛАНИШМИ ёки ЎЙЛАНИШ..?” Ёхуд яна тўйларимиз ҳақида
1-қисм
Яқинда бир танишим билан суҳбатлашиб қолдим. Суҳбат жараёнида мавзу ўз-ўзидан иш жойи ва қанча маош олишига бориб тақалди. У бир ойда икки миллионга яқин пул топиши ва иши ўзига ёқишини айтди. Лекин шунга қарамай уй-рўзғоридан орттира олмаётгани ва уйланиш учун Россия ёки Қозоғистонга ўхшаш бирор чет давлатда ишлаб, пул топиб келишини айтди. Мен унинг бу гапидан қаттиқ таъсирландим. Наҳотки энди тўй ўтказиш учун бегона давлатга боришга эҳтиёж сезилса, наҳотки битта тўй қилиш шунчалик қиммат бўлса. Бу муаммонинг ечими қаерда? Бир неча саволлар хаёлимдан ўтди бир зумда. Хўш, чиндан ҳам аслида шундайми ёки ўзимиз қийинлаштириб юбордикми? Шу он Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак ҳадислари ёдимга тушди:
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳуда сариқлик аломатини кўриб: “Бу нима?” дедилар. “ Эй Аллоҳнинг Расули, данак оғирлигидаги тиллога бир аёлга уйландим.”, деди у. “Аллоҳ сенга барака берсин. Бир қўй сўйиб бўлса ҳам тўй қилгин”, дедилар”. (Бешовлари ривоят қилишган)
Эътибор беряпсизми тўй учун фақатгина бир қўй сўйишни айтяптилар. Ваҳоланки Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳу энг бой саҳобалардан бўлганлар. Агар тўйда хоҳлаганча харажат қилиш керак бўлганда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу бой саҳобани шунга буюрардилар.
Бошқа бир ҳадисда эса Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Никоҳнинг энг баракалиси чиқими енгилроғидир”, деганлар. Демак бундан кўриниб турибдики, муаммонинг илдизи ўзимизда экан. Биз қанча кўп харажат қилганимиз сари шунга яраша ташвишимиз ҳам ортиб бормоқда. Биргина набавий ҳадисга амал қилмаслигимиз оқибатида ўзимизни қийин аҳволга солиб қўймоқдамиз. Тўғриси ҳам шундай эмасми, Сиз нима дейсиз..!?
“Ҳидоя" ўрта махсус ислом билим юрти
ўқитувчиси Юсуфхон Шодиев
Исроф ва дабдабабозлик – тараққиётимиз душманидир!
Халқимиз озгина маблағ топса, яхши ниятлар билан тўйга, яхши кунларга деб жамғариб қўяди. Бу халқимизнинг бошқа миллатлардан ажратиб турадиган, мақтовга сазовор, фазилатли хислатларидан десак муболаға бўлмайди. Халқимизнинг бундай мехмондўстлиги қадимдан тилларда достон бўлиб келмоқда. Лекин халқимизнинг ушбу меҳмондўстлик каби фазилати, минг афсуслар бўлсинки, иллатга айланиб қолмоқда.
Бугунги кунда тўй, маърака ва маросимларда динимиз белгилаб берган чегарадан чиқиб, ким ўзарга пойга ўйнаётган айрим инсонларнинг қилаётган хатти-ҳаракатларини кузатадиган бўлсак, ҳеч қайси меъёрларга тўғри келмаётганлигини кўришимиз мумкин. Жумладан, келинларнинг ғарб модалари асосида тикилган қимматбаҳо кийимларни ижарага олишлари, турнақатор тўй картежларининг йўллардаги куракда турмас ҳаракатлари, келин-куёвларнинг миллийлигимиз ва қадриятларимизга умуман тўғри келмайдиган севги қиссаларию, валс тушишлари каби кўплаб мисолларни келтириш мумкин. Бу ҳолат фақатгина тўй маросимларидагина эмас, балки мусибат бўлган жойларда ҳам бундан ҳам аянчлироқ бўлган ҳолатларни кузатишимиз мумкин.
Яқин ўтмишда ўтган маърифатпарвар аждодларимиздан Махмудхўжа Беҳбудий ҳазратлари “Ойна” журналининг 1915 йил, 13-сонида ушбу иллат ҳақида ёзиб: “Бизни кемиргувчи иллатлар деганда, захму маразними гумон этарсиз? Ёйинки, сил, сил-ар-ия (ўпка сили) ва маховликними дерсиз? Йўқ, андан ҳам ямонроқ ва андан ҳам жонхарош (жон азоби), бевоя, хонавайрон ва ғариб этгувчи бир дард, биз – туркистонийларни шаҳри ва қишлоқи ёйинки ярим маданий, ярим ваҳший синфларимизғача истило этиб, бутун тириклигимизға сорилган ва бизни инқирозға ва таҳликаға ва жаҳаннамға юмалатурғон тўй, азо исминдаги икки қаттол душманни дерман”, дея куйинганларида нақадар ҳақ эдилар. Чунки ушбу иллатлар ҳақиқатда ҳам жамиятимизни таг-тагидан емирувчи иллатлар бўлиб, бугунги кунда ушбу дабдабабозлик, хашаматбозлик, ичкиликбозлик ва шу каби ишларга кетаётган маблағларни ҳисоблаб кўрадиган бўлсак миллиардлаган маблағ нафақат ҳавога совурляпти, балки келажагимизга салбий таъсир қиладиган ишлар учун сарф қилаётганлигимиз аён бўлади. Шу маблағларни фарзандларимизнинг илму-маърифат ҳисол қилишлари учун, уларни касби-корли қилиш учун, ишлаб-чиқариш ташкил қилиб, халқимиз турмуш тарзини яхшилаш, йўлларни обод қилиш, бева-бечораларга ёрдам бериш каби ҳисобсиз тараққиётимизга хисса қўшувчи ишлар турган бир даврда ҳисобсиз маблағларни дабдабабозликка берилиб, исроф қилишимиз ҳеч кечирилмас иллат эканлигини тарих давомида кўплаб гувоҳи бўлганмиз. Муаррихлар айтишадики, тарих такрорлардан иборат, ақлли инсонлар ундан ўзлари учун зарур ибратларни олиб, бахтли хаёт кечиришади, дейишган.
Аллоҳ таъло исрофнинг ёмон иллат эканлиги ҳақида Қуръони каримнинг жуда кўп жойларидан марҳамат қилган. Жумладан, Аъроф сураси, 31 оят мазмунида: “...Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У зот исроф қилувчиларни севмас”, дея марҳамат қилган.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сени икки хислат – фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер”, деганлар” (Имом Бухорий ривояти).
Динимиз нафснинг хоҳишларига қул бўлишдан қайтаради. Дабдабабозлик ва исрофгарчилик иллат эса айнан мана шу қайтариққа итоат этмаган инсонлар томонидан содир этилади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ исрофчиларни, дабдабабозларни ҳар бир яхшиликнинг душмани, ҳақиқатни кўра билмайдиган, доимо унга қарши турадиганлар, деб сифатлаган. Улар доимо Аллоҳнинг пайғамбарларига ҳам қарши чиққанлар.
«Сабаъ» сурасида шундай дейилган: «Қайсики бир шаҳар-қишлоққа огоҳлантиргувчи юборсак, албатта, унинг маишатбозлари: «Биз, албатта, сиз ила юборилган нарсага куфр келтиргувчилармиз», дедилар. Улар: «Бизнинг молу дунёмиз, бола-чақамиз кўпроқ. Биз азоблангувчи эмасмиз», дерлар» (34-35-оятлар).
Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга қарата Қуръони Каримнинг «Зухруф» сурасида шундай дейди: «Худди шунингдек, Биз сендан илгари ҳам қайси бир қишлоқ-шаҳарга огоҳлантиргувчи юборсак, албатта, унинг зодагонлари: «Таъкидки, биз ота-боболаримизни бир динда топдик ва, албатта, биз уларнинг изларидан эргашгувчилардирмиз», дедилар» (23-24-оятлар).
Дабдабабозлар ёмон ишларга доим тайёр турган кишилардир. Чунки уларнинг қоринлари тўқ бўлиши, лаззатга берилиши, чўнтаклари пулга тўла бўлиши ҳаётдаги ягона мақсадларидир.
Бехбудийнинг айтишича, яҳудий миллатига мансуб бўлган кишилар, вақтдан унумли фойдаланиш мақсадида баъзан ўликларини кечаси дафн қилишар экан. Сабаби, кундуз куни ишларидан ва манфаатларидан қолмаслик учун. Биз бўлсак, тўй ва маъракаларимиз учун нафақат кунларимизни балки, ҳафталар, ҳатто, ойларимиз шу ишга бағишлаб, йиллар давомида тўплаган мулкимизни бир онда на дунёмиз, на охиратимизга фойда бермайдиган бир ишга совуриб, юборамиз. Ва энг афсусланарлиси бу ишимиз билан фахрланамиз.
Ваҳоланки, бугун ғарб дунёси ушбу иллатлардан нисбатан ўзини тийиб, илму-маърифат хосил қилишга қилган ҳаракатлари сабаб, фан ва технологиядан, ишлаб чиқариш соҳаларида биздан жуда кўп олдинлаб кетди. Агар теран фикр юритиб ўйлаб кўрадиган бўлсак, ушбу технлогияларнинг асоси бўлмиш илм-фан кашфиётларини бизнинг Ал-Хоразмий, Беруний, Аҳмад Фарғоний, Абу Али ибн Сино каби юзлаб ота-боболаримиз кашф қилганлигини кўришимиз мумкин. Биз эса ўзимизнинг зараримизга хизмат қиладиган ишлар билан овора бўлиб, ота-боболаримизнинг ҳам бизга қолдирган меросларидан тўғри фойдалана олмаяпмиз.
Бизга тўғри йўлни кўрсатувчи шариатимиз ҳам бизни исрофдан, дабдабадан қайтариб, бу иллатлар барча умматни ҳалокатга олиб келади деяётган бўлса, ҳар бир ишимизни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олиб қилишга чақириб турсаю, наҳот биз бу ишларда фақат ўз зараримизга хизмат қилаётганимизни англаб етмасак.
Аллоҳ таоло «Исро» сурасида шундай марҳамат қилган: «Қачон бир шаҳарни ҳалок этишни истасак, унинг маишатпарастларини (итоатга) амр қилурмиз, бас, улар у(шаҳар)да фисқ қилурлар. Шунда унга «сўз» ҳақ бўлур. Бас, Биз у(шаҳар)ни мутлақо вайрон қилурмиз» (16-оят).
Бу оятнинг мазмунидан шуни англаб етишимиз керакки, жамиятда кенг тарқалган иллат бўлмиш, ҳашаматчилик, дабдабабозлик ва исрофгарчиликка йўл қўяётганлар бу ишларидан тўхтамас экан, албатта, Яратган зотнинг азобига дучор бўлинади.
Бугунги кунда юртимизда ва дунёда ёрдамга муҳтож бўлган инсонлар жуда ҳам кўп. Мол дунёсида кенгчилик бўлган инсонларни бойлигини тўғри тасарруф қилиб, уни исроф қилиш ўрнига халққа манфаати етадиган ишларга ва ёрдамга муҳтож бўлганлар учун ишлатар экан, ҳам ўзининг молига барака киради, ҳам жамиятни тараққий топтиради.
Бугунги ҳаёт шиддат билан давом қилаётган бир даврда, вақтимизни ва нақдимизни ўзимизга ва миллатимизга зарар-заҳмат келтирувчи иллатлар йўлида исроф қилмасдан, Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаравонлиги, фарзандларимиз маърифати, динимиз ривожи учун сарф этар эканмиз, албатта бу ишларимиздан дунёю охиратда фойда топжагимиз шубҳасиздир.
Раҳимов Учқун
Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус
ислом билим юрти маънавий – маърифий
ишлар бўйича мудир ўринбосари
Ҳалимлик мўминлар сифати
Ҳалималик инсоннинг жуда ноёб фазилатларидан бири ҳисобланади. Ҳалималик хислатига эга бўлган кишининг даражаси юқори, ҳурмати баланд, қадр-қиммати олий, Аллоҳ ҳузурида ва одамлар орасида иззат ва даражаси етук ва мукаммал булади. Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аъша Абдулқайсга: «Сенда икки хислат бордир. Аллоҳ ўша хислатингни яхши кўради. Улар ҳалимлик ва босиқликдир», деганлар. (Имом Муслим ривояти)
Шунингдек, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга дўзахга ҳаром кишининг ёки дўзах унга ҳаром бўлган кишининг хабарини берайми? У биродарларига ҳожат вақтида яқин турадиган, тавозеъли ва мулойим кишидир», дедилар (Имом Термизий ривояти). Бу хислат “Мулойимлик билан илон чиқар инидан”, “Камтарга камол, манманга завол” каби халқимиз мақолларида ҳам ўз аксини топган. Шунингдек, халқимиз шоирларидан бири камтарлик тўғрисида чиройли ташбеҳ қилиб хокисорлик ҳақида шеър битганлар:
Гарчи шунча мағрур турса ҳам,
Пиёлага эгилар чойнак.
Шундай экан, манманлик нечун,
Кибру ҳаво нимага керак?
Камтарин бўл, ҳатто бир қадам
Ўтма ғурур остонасидан.
Пиёлани инсон шунинг-чун
Ўпар доим пешонасидан.
Биз ҳар қандай мартабага эга бўлмайлик, Аллоҳ таоло бизларни мақомга кўтариб қўйган бўлмасин, биз умматлар учун Расуллулох соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чиройли насиҳатлари қулоғимиздан кетмаслиги лозим, чунки, у Зот шундай марҳамат қилганлар: “Дунёда бирор нарса баланд бўлса, Аллоҳ таоло уни пасайтирур”,
Яна бир ҳадиси қудсийда Пайғамбарингиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолодан ривоят қилиб айтадилар: “Аллоҳ таоло деди: Кибриё - ҳамма нарсадан устун бўлишлик кўйлагимдир ва Азамат - ҳамма нарсадан кўра улуғ бўлиш изоримдир. Бас, кимийки мана шу иккала сифатимдан бирида мен билан талашса, уни дўзахга улоқтираман”.
Парвардигори олам бизларга Қуръони каримда Луқмони Ҳакимнинг ўғлига тарбия бериб айтган насиҳатини келтириб, шундай марҳамат қилади: “Эй ўғилчам, намозингни тўкис адо қил, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтар ва ўзингга етган мусийбатга сабр қил. Албатта бу ишлар азму-қарор билан адо этиладиган ишлардандир. Одамлардан (кибрланиб) юзингни бурмагин ва ерда кибру-хаво билан юрмагин. Чунки Аллоҳ таоло кибру-ҳаволи, мақтанчоқ кимсаларни севмас. Юришингда муътадил бўл ва овозингни пасайтир, чунки, овозларнинг энг ёмони эшакнинг овозидир” (Луқмон, 17-18).
Жарир ибн Абдуллоҳдан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки мулойимликдан маҳрум бўлса, яхшиликларнинг барчасидан маҳрум бўлибди”, деганлар. (Имом Муслим ривояти)
Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен учун энг севимли ва менга қиёмат кунида мақом жиҳатидан энг яқин зот кимлигини айтайми?”, деб уч маротаба сўрадилар. Саҳобалар: “Ҳа айтинг, Ё Расулуллоҳ”-дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Хулқи яхшиларингиз ва ҳалимларингиздир”, деб башорат бердилар.
“Бир куни ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бозорга чиқдилар. Бозордан бир қоп пиёз сотиб олибдиларда, ўша бир қопни елкаларига олиб кетаверибдилар. Ўша пайтнинг подшоҳи, амирул муъминин бир қоп пиёзни елкаларига олиб кетмоқдалар. Сотувчи дарҳол қопга ёпишиб: “Эй амирал мўминин, қопни менга беринг, сиз қопни кўтаришлигингиз уят бўлади, менга беринг”, деди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу дедилар: “Бу қопни кўтаришликда бир нечта хислат бор: Аввало, ўзим учун, оилам учун хизмат қиляпман. Иккинчидан, мен ўзим кўтара оламан. Яна бир кишини орқамдан эргаштиришимнинг ҳожати йўқ, чунки унинг ҳам ўзига яраша бир фойдали меҳнати бор албатта. Учинчидан, сиз олдин кетсангиз мен орқангиздан борсам кибрланиб кўкрагим кўтарилади. Агар кўтарилган кўкрагимни Аллоҳ босса дунё ва охиратим куйиб кетади, пиёзни кўтарсам, кўкрагим пасаяди, Аллоҳ таоло кўради ва мендан рози бўлади. Яна бир нарса эсимдан чиқмасинким, кечагина Умарча эдим, бугун Умар бўлдим. Умар бўлиб қолишим, Умар бўлгандан кейин ҳам ўзгармаслик керак”, деган эканлар.
Ушбу воқеага гувоҳ бўлган саҳобалардан Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу шундай дейдилар: “Ким ўз юкини ўзи кўтарса, кибрдан холи бўлибди”. Абу Дардо розияллоҳу анҳу эса: “Модомики, ортидан одам эргаштириб юрар экан, банда Аллоҳ таолодан узоқлашаверади”, дедилар.
Албатта, ушбу оят ва ҳадисларда келган насиҳатлар ҳар бир ўсиб келаётган ёшлар учун дастуруламал бўлмоғи лозим. Ана шунда биз илоҳий ҳикматни англаб етган бўламиз.
Раҳимов Учқун
Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус
ислом билим юрти маънавий – маърифий
ишлар бўйича мудир ўринбосари