muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Сурхондарё вилоятига ташрифлари давомида 11 октябрь куни жума намозини Термиз шаҳридаги “Ҳаким Термизий” жоме масжидида намозхонлар билан бирга адо этдилар.
Муфтий ҳазратлари йиғилганларга амру маъруф қилиб, юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, айниқса, куни кеча 10 октябрь куни муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан Яқин Шарқдаги ИШИД жангарилари уруш қилган ҳудудлардан 64 нафар ўзбекистонлик бола она-Ватанимизга олиб келингани жуда катта инсонпарварлик бўлганини атрофлича изоҳлаб бердилар.
Мазкур масжид биноси шарқ меъморчилигининг ноёб анъаналарини ўзида мужассам этган бўлиб, иншоотдаги битта йирик гумбаз ҳамда унга ёндош 2 та 42 метр баландликдаги минора масжидга кўркамлик ва ўзига хос салобат бахш этади. Ёпиқ бино ичида бир вақтнинг ўзида 2500 намозхон ибодат амалларини бажариши мумкин.
Шу билан бирга, мажмуа ҳудудида энг нодир асарлар жамланган кутубхона, турли илмий анжуманлар ўтказишга мўлжалланган алоҳида хоналар ташкил этилди. 2,5 гектарни ташкил этувчи ҳудуд девор билан ўралиб, шарқона айвонлар қад ростлади, умумий овқатланиш, савдо ва турли хизмат кўрсатиш шохобчалари ёдгорлик мажмуасига кўрк бағишлаши баробарида зиёратчилар ҳамда сайёҳлар учун қулайлик яратмоқда.
Сурхондарё вилояти сафари давом этмоқда.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бугун муборак жума тонгида юртимизда қайтадан қурилаётган навбатдаги масжидга чин ихлос ва эзгу ниятлар билан биринчи ғишт қўйилди.

Сирдарё вилояти Бахт шаҳридаги “Бахт” жоме масжиди аввалги жойлашган ўрнидан бироз марказда, яъни Тошкент-Самарқанд йўналишидаги М-34 магистрал йўли бўйида қурилмоқда. Бу эса нафақат ҳудуд аҳолиси балки, йўловчилар, юртимиз меҳмонларининг ибодатларини адо этиб олишлари  учун қулайлик туғдиради.

 

 

Масжид учун 50 сотих ер майдони ажратилган. Лойиҳага кўра, асосий хонақоҳ 8 бурчак шаклида бўлиб, 1500 кишини сиғдиради. Масжид жойлашган ўрнини эътиборга олиб, аёллар учун алоҳида намозхона ва таҳоратхоналар бўлиши кўзда тутилган.

Ҳозирга келиб масжид пойдеворига асос солинган. Бинонинг биринчи ғиштни қўйиб бериш учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси маслаҳатчиси Абдуҳаким Матқулов, Сирдарё вилояти бош имом-хатиби Ҳабибуллоҳ домла Зокиров ҳамда имом-хатиблар, маҳалла аҳли жам бўлишди.

Йиғилганлар қурилишга бош бўлиб турган имом-хатиб, масжид жамоаси, меҳнат қилаётган қурувчилар, уларга ҳар тарафлама кўмак бериб, бу савобли ишга ҳиссаси қўшилаётган барча мухлис кишилар ҳақларига дуолар қилдилар. 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими 

 

vendredi, 11 octobre 2019 00:00

Ота ва унинг қизлари

Фарзандларимга нима иш қилишимни айтмаганман. Мени деб уялишларини истамайман. Кичик қизим нима иш қилишимини сўраганда, оддий ишчиман қизалоғим, дердим. Уйга қайтиш олдидан кўчадаги умумий ҳаммомда ювиниб, кейин борардим. Токи улар менинг нима иш қилишимни сезмасинлар.

Ҳамма қизларимни мактабга юборишни, уларнинг таълим олишларини, келажакда инсонлар олдида азиз ва ҳурматли шахс бўлиб етишишларини хоҳладим. Уларга бирор киши менга қилганидек муомала қилмаслигини, паст назар билан қармаслигини истадим. Одамлар мени менсимасликка ўрганиб ҳам қолишган.

Топадиган ҳамма пулларимни қизимни ўқитиш учун йиғиб қўйдим. Ҳеч қачон ўзимга янги кўйлак сотиб олмадим. Бунинг ўрнига фарзандларимга китоблар олиб бердим.

“Эҳтиром”. Мана шу мен орзу қилган нарсадир. Ҳа, мен кўча тозаловчи бўлиб ишлайман.

Ўтган куни қизимнинг ҳужжатларни топшириш вақти эди. Аммо мен керакли пулни тополмадим. Ўша куни қўлим ишга бормади. Ишлолмай, кўз ёшимни яширишга уриниб, ахлат қутиси ёнига ўтирдим. Ҳамкасбларим менинг аҳволимни кўришди, аммо ёнимга кела олишмас, бирорталари мен билан гаплашишга ботинишолмасди. Қизимнинг ўқишга кириш орзуси рўёбга чиқмади. Жуда сиқилдим, ичим эзилди. Бугун уйга борганда қизим билан қандай кўришишимни, агар у мендан пул ҳақида сўраса, нима деб жавоб беришимни билмайман.

Мен фақир оилада туғилганман. Бугун ишдан сўнг ҳамкасбларим ёнимга ўтиришди-да, “Бизни ўзингга дўст деб биласанми?” деб сўрашди. Ҳали жавоб беришга улгурмасимдан барчалари бугунги иш ҳақларини менга узатишди. Пулларни олишдан бош тортдим. Шунда улар  “Биз бугун нари борса оч қолармиз. Аммо қизинг абата ўқиши керак!” дейишди. Бу гапларини эшитиб ўзимни тута олмай йиғлаб юбордим. Шу куни ҳаммомга ҳам кирмай уйга бордим. Ҳамма ёғим кир эди.

Бугун эса... Қизларимдан бири университетни тугатиш арафасида. Қизларим мени кўча тозалаш ишига юборишмади. Катта қизим университет қошидаги бир бўлимда ишлайди. Қолган учтаси эса университет стипендиясини олишади.

Гоҳида катта қизим олдин ишлаган жойимга мени олиб боради. Борганимиздан сўнг ўша ерда ҳалиям меҳнат қилаётган ҳаммкасбларимга овқат улашиб келамиз.

Бир куни ўша ердаги ҳамкасбларимдан бири кулиб туриб қизимга бир савол берди: “Нега бизга доим овқат олиб келасан?”

Қизалоғим уларга шундай жавоб берди: “Мен бу мартабага эришишим учун сизлар ҳаммангиз бир кун оч қолгансизлар. Шу боис Аллоҳ таолога дуо қилинглар, У Зот менга сизларга ҳар куни овқат олиб келишимни насиб этсин!”

Ҳа, бугун мен ўзимни фақир ҳисобламайман. Қандай қилиб фақир бўлайин, ахир Роббим менга шундай қизларни ато этган-ку!

 

Интернет маълумотларидан Нозимжон Ҳошимжон таржимаси

ЎМИ Матбуот хизмати

Расмлар муаллифи: Шаҳзод Шомансур

XIX асрнинг сўнгида Германияда туриб инсониятга «жаннат»ни ваъда қилган «даҳо»ларнинг ворислари XX асрнинг ўрталарида ҳам пайдо бўлди. Бу сафар энди Яқин Шарқда ўтган асрнинг 50-йилларида фаластинлик Тақийуддин Набаҳоний бу ишга бел боғлади. Аслида Фаластин озодлиги йўлида тузилган «ҳизбут-таҳрир» бугун инсониятга яна «жаннат»ни ваъда қилаётир.

Бу икки ғоянинг ўхшаш жиҳатлари шундаки, улар фаровон ҳаётни одамлар қони эвазига бунёд этишни тарғиб этишади. Яқин тарихимизда мустабид тузум сиёсати туфайли халқимиз ва миллатимиз чеккан жабру ситамлар, адоқсиз қатағонлару топталишлар ҳали ҳеч биримизнинг эсимиздан чиққан эмас. Худди коммунистик партиядек «ҳизбут-таҳрир» ҳам бу йўлда қўлини қонга ботиришдан ор қилмайди. Манбаларда келтирилишича, террорчиларнинг етакчиларидан бири Марказий Осиёда «жиҳод» ҳақида гапираркан: «Халифаликни барпо этиш тарафдорлари» ҳеч қандай қурбонлар беришдан тап тортмайди, агар зарур бўлса, янги давлат кофирлар қони устига қурилади», - деган бир баёнотида. Таассуфки, бу ўринда «кофирлар» деганда «ҳизбут-таҳрир» йўлига юрмаган мусулмонлар ҳам назарда тутилган. Ҳолбуки, ислом ҳеч қачон мусулмонларни, ҳатто лаънатлашга ҳам ижозат бермаган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бир киши биродарига “эй кофир!” деса бу гап аниқ иккисидан бирига тегишли бўлади. Агар у киши ростан ҳам кофир бўлса, унга қайтади. Аммо ундай бўлмаса, гапирувчининг ўзига қайтади”, деб айтдилар (Имом Бухорий ва Имом  Муслим ривояти).

Манбаларда келтирилишича, «ҳизбут-таҳрир»нинг ўлкамизга кириб келиши, ўтган асрнинг 80-90 йилларига тўғри келади. Собиқ Иттифоқ барҳам топиб, Марказий Осиёда дини ва ижтимоий яшаш тарзи бир-бирига яқин бўлган бешта янги давлатнинг пайдо бўлиши ҳизбчиларни руҳлантириб юборди.

Шундай қилиб, 1990 йилларнинг бошларида Марказий Осиё давлатлари, жумладан, мамлакатимизда ҳам «ҳизбут-таҳрир»нинг болшовойларнинг ячейкаларига ўхшаш илк халқалари пайдо бўлди. Халқаларда энг аввало ўқитиш (яъни, ёшларнинг онгини заҳарлаш) ишларига жиддий эътибор қаратилди. Ўтилаётган дарслар ва даъватларнинг асосий мавзуси мавжуд конституцион ҳукуматларни ағдариш ва унинг ўрнида халифалик барпо этишга қаратиларди. Ҳизбий мафкурачилар ҳам энг аввало ўқимаган ёшлар ва аёлларни нишонга олди. Бу ўринда улар иккита йўлдан фойдаланишди. Биринчиси, моддий рағбат. Ўша йиллари ҳукуматга қарши варақа тарқатиш, симёғочларга даъватлар ёзилган қоғозларни осиб кетиш 50-100 АҚШ долларида баҳоланган. Иккинчи йўл эса ақидапарастларнинг энг нозик қуроли - руҳиятни заҳарлаш билан боғлиқ. Яъни, улар Худодан қўрқмай алданганларга бу йўлда қурбон бўлса (қаранг, ўз халқи, ота-онаси, опа-укасини портлатса) тўғри жаннатга тушишларини ваъда қилишган.

Ҳизбийлар минтақамизда асл мақсадларига ета олишмаса-да, юқорида келтириб ўтганимиздек, кўплаб дилхираликлар содир бўлишига сабабчи бўлишди. Энг ёмон томони, оми ёшларимиз ва аёлларимиз онгини заҳарлашди. Ҳеч қачон эришиб бўлмайдиган сароб бир хаёл ортида саргардон қилишди. Кучли психологик таъсир ва мафкуравий тазйиқ остида онги шаклланган кўплаб ёшлар на Ватанни, на ота-онасини тан олади, улар бамисоли манқуртларга ўхшаб берилган кўрсатмага асосан ҳаракат қилиши кузатилади.

Ҳозирги пайтга келиб ҳизбут-таҳрир ва бунга ўхшаган бошқа бузғунчи ташкилотлар ўзларининг исломга зид бўлган вайронкор ғояларини тарқатиш ва ёшларни тузоқларига илинтириш йўлида интернетдаги ижтимоий тармоқлардан кенг фойдаланмоқда. Афсуски кўп ёшлар ислом ниқоби остида олиб бораётган бузғунчи харакатларнинг қурбони бўлиб, дин душманларининг қуролига айланиб қолмоқда.

Бошида Фаластин озодлиги даъвосида тузилган “ҳизбут таҳрир” (ҳизб-партия, таҳрир-озодлик) фирқаси томонидан кейинчалик асосий мақсад бир четда қолиб, оламшумул хаёлий ғоя дастак қилиб олинди. Қайсидир маънода у коммунизм ғоясига ўхшайди. Бир маҳаллар коммунизм нима ўзи, деб сўрасангиз, жаннатга ўхшаш бир ҳаёт, ҳеч бир муаммо бўлмайди, дейишарди. Албатта, бу уйдирмадан бошқа нарса эмас. Авваламбор шуни айтиш керак, динимиз бизларни ўзаро ихтилоф қилишдан, тафриқага бўлинишимиздан қайтаради. Зеро, ихтилоф ва тафриқа инсонларни бир-биридан узоқлаштиради, ўртада адоват ва фитна пайдо бўлишига сабаб бўлади. Айниқса, динда тафриқага бўлиниш залолат саналиб, инсоннинг икки дунёсини ҳам барбод бўлишига олиб боради. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:

وَاعْتَصِمُوا بِحَبْلِ اللَّهِ جَمِيعًا وَلَا تَفَرَّقُوا وَاذْكُرُوا نِعْمَةَ اللَّهِ عَلَيْكُمْ إِذْ كُنْتُمْ أَعْدَاءً فَأَلَّفَ بَيْنَ قُلُوبِكُمْ فَأَصْبَحْتُمْ بِنِعْمَتِهِ إِخْوَانًا وَكُنْتُمْ عَلَى شَفَا حُفْرَةٍ مِنَ النَّارِ فَأَنْقَذَكُمْ مِنْهَا كَذَلِكَ يُبَيِّنُ اللَّهُ لَكُمْ آَيَاتِهِ لَعَلَّكُمْ تَهْتَدُونَ

(سورة آل عمران/103)

яъни: “Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони”ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг! Унинг неъмати туфайли биродарларга айландингиз. Дўзах чоҳи ёқасида турганингизда, сизларни ундан қутқарди. Шояд ҳақ йўлни топгайсизлар, деб, Аллоҳ Ўз оятларини сизларга шундай баён қилади”

(Оли Имрон сураси, 103-оят).

Бу йўлга кириш ҳеч кимга фойда келтирган эмас, фақат зарар келтиради. Агар сиз, 10-15 йил аввал шу йўлга кирган, билим ва тушунчаси, тажрибаси тўлишган кишилар билан ҳамсуҳбат бўлсангиз, бу хаёлий нарса эканини, шу нарсага ундаган даъватчилар эса, бошингга иш тушса, кунингга ярамаслигини, мудом парда ортида туришини айтади. Шуни айтиш керакки, сўнги йилларда бу ҳақиқатни англаб етаётган, «ҳизбут-таҳрир»дан қайтаётган кишилар кўпайди. Уларнинг аксарияти боши берк кўчага кириб қолганига иқрор бўляпти.

Глобал сиёсат ҳукм сураётган бугунги дунё огоҳликни ҳар бир давлат стратегиясининг муҳим қоидасига айлантирди. Жаҳон саҳнида хавфли касаллик вирусидай урчиб ётган турли мафкура ва ғоялар, назариялар инсоният бошига бугун ўлатдан ҳам оғир кулфатлар солишга қодир. Бундай таҳликали шароитда айниқса, келажагимиз эртаси бўлган ёшларимиз онгу шуурини бегона ғоялардан асраш, уларни Ватанга муҳаббат, эл-юртга садоқат руҳида камол топтириш, буюк аждодларимизга муносиб ворис қилиб тарбиялаш ҳар биримизнинг миллат ва Ватан олдидаги масъулиятимиз ва бурчимиздир.

 

Музаффар Жабборов,

Тошкент шаҳридаги “Фотимаи Заҳро” жоме масжиди имом-хатиби,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси таянч докторанти

Мақолалар

Top