muslim.uz
Нишонга урилган гаплар: “Уйқудан олдин Мулк сурасини ўқиш сизни қабр азобидан қутулишингизга сабаб бўлади”
Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.
Биласизми, азон билан иқомат орасидаги дуо ижобат қилинади. Шунинг учун бу фурсатни қўлдан бой бермай, дуони узун қилинг!
Биласизми, намозда гуноҳларингиз бошингиз устига, кейин курагингиз устига қўйилади. Кўпгина гуноҳларингиз тўкилиб кетиши учун рукуъ ва саждани узоқроқ қилинг!
Биласизми, агар ҳар фарз намоздан кейин Оятул Курсийни ўқисангиз, сиз билан Жаннат орасида фақат ўлим бўлади.
Биласизми, уйқудан олдин Мулк сурасини ўқиш сизни қабр азобидан қутилишингизга сабаб бўлади.
Эй Аллоҳ! Ушбу айтилганларга ихлос билан амал қилиб боришимизни насиб этгин!
*****
Биз кўп одоблар қатори, жанозада иштирок этиш, тобутни кўтариш одобини ҳам яхши ўрганишимиз керак.
*****
Донишмандлар сукут қилиб турганда аҳмоқлар кўпайиб кетади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
“Жамият аъзоларининг ярми ахлоқсиз, ёмон кимсалар” десангиз, ҳамманинг ғазаби келади.
“Жамият аъзоларининг ярми ахлоқли, яхши одамлар” десангиз, ҳамма сизни мақтайди.
Ваҳоланки, иккала гап маъноси бир хил.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Луғавий хатоларга эътибор қаратиб, мавзунинг моҳиятини унутадиганлар “Мен ойга ишора қиламан, аҳмоқ эса бармоғимга қарайди” деган мақолни ёдимга солади.
Тавфиқ Ҳаким
*****
Агар бир шахсга ишонч билдириб, у билан улфат бўлиб юрсанг, охирида икки натижадан бирига эришасан:
Ё бир умрлик дўстга эришасан.
Ё бир умрлик дарсга эришасан.
Иброҳим Фиқий
*****
Бойлик - денгиз сувига ўхшайди. Ундан ичганинг сари ташналигинг ошиб бораверади. Бу қоидани машҳурликка ҳам татбиқ этса бўлади.
“Тарих мухрлаган сўзлар”
*****
Шарафли инсон юксалгани сари камтар бўлиб боради.
Пасткаш инсон юксалгани сари мутакаббир бўлиб боради.
Араб мақоли
*****
Одамларга ҳар қанча ишонсанг ҳам, сирларингни ўзингда қолдир!
Нажиб Маҳфуз
*****
Ҳаёт ҳар қанча қийин ва оғир бўлмасин, яхши кўрган кишимиз билан ёнма-ён яшасак, у ширин туюлиб қолади.
“Ажойиб фикрлар”
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
Европада ислом дини ҳақида сўзловчи "Мулла" филми намойиш этилди
Европа мамлакатларида татаристонлик ижодкорлар томонидан тасвирга олинган филм намойиш этилиши режалаштирилган. "Мулла" деб номланган картинанинг навбатдаги намойиши Франкфурт Майн шаҳрида ташкил этилди.
«Татар-информ» агентлигининг "Хоним" халқаро татар аёллари иттифоқи раиси Гульнур Даутовага таяниб маълум қилишича, филм германиялик томошабинларда ижобий тааассурот қолдирган.
Маълумот учун, "Мулла" филми Туфан Миннуллин ғояси асосида тасвирга олинган. Филм шу кунга қадар Берлин ва Франкфурт шаҳарларида намойиш этилган. Женева, Вена ва Прага шаҳарларида ҳам намойиш этилиши кўзда тутилган.
Филм ислом динининг тинчлик ва эзгулик дини эканини кўрсатади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Қорақалпоғистонда тўққиз ойнинг якуни кўрилди
Жорий йилнинг 9 октябрь куни Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти йиллик иш режаси бандлари бажарилиши ва ўтган тўққиз ойнинг якуни бўйича барча шаҳар ва туман масжид имом-хатиб ва ходимлари иштирокида йиғлиш ўтказилди.
Унда Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Ш.Бауатдинов шу йилнинг 9-10 сентябрь кунлари Тошкент шаҳри «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» мажмуасида Республикада ижтимоий маънавий муҳитни соғламлаштиришда диний соҳа вакилларининг ўрни ва вазифалари мавзусида ўтказилган тадбирда қўйилган талаблар, шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси топшириғига асосан тўйларни тартибга солиш тўғрисидаги низомда кўрсатилган топшириқлар ва белгиланган вазифалар билан таништирди.
Йиғилишда республикадаги барча имом-хатиблар томонидан бажарилган ишлар, маънавий-маърифий тадбирлар, оммавий ахборот воситаларидаги иштироки, масжидлардаги қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари, тўй-маракаларни тартибга солиш, шаръий никоҳни мувофиқлаштириш ва бошқада режадан ташқари ишларнинг ҳисоботлари тингланди, йўл қўйилган хато-камчиликларни тузатиш учун кўрсатмалар берилди.
Тадбир сўнгида қози Ш.Бауатдинов Тошкент халқаро ислом академиясида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг жойлардаги вакиллари, барча имом-хатиблар иштирокида ўтказилган малака ошириш ўқув-курсида малака оширган шаҳар ва туман бош имомларига сертификатлар топширди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмат
Тўй маросимларидаги дабдабабозлик, исрофгарчиликларга барҳам беришда кексаларимизнинг ўрни катта
Маълумки, октябрь ойининг биринчи ҳафтаси Республикамизда “Кексалар ҳафталиги” этиб белгиланди. Мазкур ҳафталик доирасида шундай ҳам доимий ҳурмат ва ардоғимизда бўлган дуогўй кексаларимизга янада илтифот кўрсатилиб, меҳнат жамоалари, маҳаллаларда учрашув ва тадбирлар ўтказилмоқда.
Миробод тумани бош имом-хатиби Одил Холмуродов тумандаги меҳнат фахрийлари, кексалар билан ўтказилган тадбирда маъруза қилди.
Имом-хатиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кексаларни ҳурматлаш ҳақидаги ҳадиси шарифларидан айтиб ўтиб, кекса-нуронийлар хонадонимиз кўрки, дастурхонимизнинг файзу-баракоти эканлигини билдирди. “Уларнинг дуолари ватанимиз, ҳаётимиз, оилаларимизни нурафшон этиб туради ва яхши ишларга ундайди. Биз айни вақтда ташвиқот олиб бораётган тўй ва маросимлардаги дабдабабозлик, исрофгарчиликларга барҳам беришда кўпни кўрган ёши улуғларимизнинг панду насиҳатлари катта ёрдам беради, сабоқ бўлади”, дейди имом-хатиб.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Масжидларни обод қилинг
Масжидлар – Аллоҳ таоло эъзоз қилган гўшалардир. Масжидлар – Аллоҳ таолонинг уйидир. Чунки Роббимиз илк қурилган масжидни “Менинг уйим” деб номлади. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади: “Биз Иброҳимга Байтнинг жойини белгилаб бериб: “Менга ҳеч нарсани шерик қилма, Байтимни тавоф қилувчилар, (ибодатда) қоим тургувчилар ҳамда рукуъ, сужуд қилувчилар учун поклагин...” деганимизни эсла!” (Ҳаж сураси,26-оят)
Бошқа бир оятда эса: “(У) бир уйлардаки, Аллоҳ уларнинг кўтарилишига ва уларда Ўз исми зикр қилинишига изн бергандир. Уларда Унга эртаю кеч тасбеҳ айтурлар”, дейилади. (Нур сураси, 36-оят)
Оятдан кўриниб турибдики, ер юзидаги илк қурилган масжид бўлган Каъбаи Муаззаманинг бино бўлиш жойини Аллоҳ таолонинг Ўзи белгилаб бергани, ҳамда ушбу жойни ибодат қилувчилар учун доимо пок тутишга амр қилгани, Ўзининг муборак исмини зикр қилишлик учун уларинг кўтарилишига изн бергани масжиднинг қадри қанчалар баланд эканини англатади.
Динимиз бизни масжидлар қуришга, уларни обод қилишга ва асраб авайлашга буюради.
Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллаш айтадилар: “Ким Аллоҳнинг розилиги учун бир масжид қурса, Аллоҳ у банда учун жаннатда бир қаср қуради” , дедилар. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти)
Ушбу ҳадис мутавотир ҳадислар сарасига киради. Яъни, рад этиб бўлмас даражадаги аниқ маълумотлар ва ишончли бир нечта кишилардан етиб келган. Ҳадисни шарҳида Ибн Ҳажар Асқалоний роҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар: “Кимгаки, Аллоҳ таоло жаннатда қаср қурадиган бўлса, ўша банда у қасрга киритилади. Чунки Аллоҳ таоло шунчаки, фойдаланилмайдиган қасрни қуриб қўймайди. Демак, Аллоҳ таоло бировнинг номига бир қаср қурса, албатта у бандани қасрга киргизади”.
Масжидларни ҳурматини, қадр қиммати ва шаънини улуғлаб айтилган оятлар ва ҳадислар жудаям кўпдир. Шунингдек, масжидга борувчилар учун ҳам бир қанча ваъдалар берилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким эртами-кечми масжид томон борса, Аллоҳ таоло унга ҳар эрта ва кеч юрганида жаннатдан манзил тайёрлайди”, дедилар”. (Икки Шайх ривоят қилишган)
Демак, инсоннинг жаннатдаги манзили, мартабаси масжидга боришига қараб бўлади. Инсон масжидга ҳар боргани сабабидан, Аллоҳ таоло унга жаннатда манзил тайёрлайди. Қанча кўп борса, жаннатдаги мартабаси шунча ортиб бораверади.
Динимизда масжиднинг улуғланиши, уни обод қилганларга, хусусан жамоат намозига тарғиб қилиниши бежиз эмас албатта. Чунки, Ислом дининиг энг катта таълимотларидан бири бу – бирдамлик, аҳиллик, тафриқага тушмасдан жамоат бўлиб, ҳамжиҳат бўлиб, ўзаро фикр ва маслаҳатлашиб ҳаёт кечиришдир. Ушбу кўрсатмаларга амал қилиш учун эса масжид энг яхши жойдир. Демак, масжид қуриш – одамларни жамлаш, жамиятни ҳамжиҳатликка ундаш, кишиларни бир-бирига бўлган муҳаббати ва меҳрини зиёда бўлишига сабаб, душманларнинг қалбига қўрқув солишдир. Қолаверса, “Кўпчиликнинг дуоси – кўл” деганларидек, жамоат бўлиб қилинган дуолар бесамар кетмайди. Масжидга борган инсонлар Аллоҳ таолодан юрт учун офият, хотиржамлик, халқ учун барака, форовонлик, ўзгалар учун ҳам яхшилик, иймон – инсоф, хуллас, шу халқ учун, миллат учун, дин ва ватан ривожи учун нимаики зарур бўлса барчасини сўраб дуолар қилишади.
Масжидга душманлик қилиш, уни ёмон кўриш эса, юқорида айтилган барча яхшилик омиллариниг аксидир. Қолаверса, асло унутмаслик керакки, масжидни вайрон қилиш учун қдам босган Абраҳа исмли шахснинг ҳолатини Аллоҳ таоло қиёматгача эслатиб қўйди.
Унутманг! Аллоҳ Ўз байтини қандай ҳимоя қилиб олишни Ўзи билади. Тарих яна такрорланаверади. Кимдир яхшилик билан, яна кимдир эса ёмонлик билан эсланаверади. Хулоса ўзингиздан !!!
Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби:
Исломов Ёрбек