muslim.uz

muslim.uz

Эътибор берсак, Аллоҳ таоло бутун бир борлиқни биз бандалар учун ибрат қилиб яратган. Табиатни, атрофингизда рўй бераётган табиий жараёнларни кузата туриб ҳам, ундан катта сабоқ олиш мумкин. Келинг, бизнинг эътиборимизни тортган чумолининг тўртта ҳаёт фалсафасини ўрганиб чиқайлик. Балки бу ҳолат сизга ҳам бегона эмасдир. Фақатгина ундаги айрим англашингиз керак бўлганларини сизга эслатиб ўтмоқчимиз, холос.

Биринчи сабоқ. Чумолилар ҳеч қачон таслим бўлишмайди. Ҳаракатланаётган чумолини тўхтатишга қанча уринманг, у барибир ўз йўлида тўхтаб қолмайди. Тепага тирмашади, пастга кетади, лекин барибир фақат ўзига маълум бир йўналишга интилаверади. Сира таслим бўлмай, ўзи истаган манзилга қараб интилиш – жуда гўзал одат! Биз мусулмонлар ҳам Аллоҳнинг розилиги йўлида чумолидек шижоатли ва мақсад сари олға интилувчан бўлишимиз керак.

Иккинчи сабоқ. Чумолилар бутун ёз давомида қиш учун ишлайди. Ахир ёз абадий давом этмайди-да, ҳудди бу дунё каби. Шунинг учун улар ёзда дон-дун йиғиб, қишга ғамлаб қўйишади. “Қумдан қўрғон қуриб бўлмас” деганларидек, чумолилар ёзнинг неъматларини кўриб, завқ олиш ўрнига, бу пайтда қирчиллама совуқни ҳам “ўйлашади”. Яъни, улардан олинадиган иккинчи сабоқ, доим келажак ҳақида, лхират ва қиёмат куни хусусида қайғуришдир.

Учинчи сабоқ. Чумолилар бутун қиш давомида ёзга қандай етиб боришни ҳам ўйлашига нима дейсиз? Улар қишлов учун ер тагидаги уясига кириб кетишар экан, “Қиш абадий давом этмайди, биз тез кунларда яна ёруғ оламга чиқамиз”, дейишади ва қишнинг илиқ кунларида ҳам ташқарига ўрмалаб чиқишади. Бу фалсафанинг моҳияти – доим яхши ўзгаришлар илинжида яшаш ва бундан умид узмаслик. Демак, инсон ҳам ҳар бир воқелик ортидан яхшилик излаб, ҳар бир мусибатдан сўнг икки яхшилик борлигини унутмаслиги лозим. Аллоҳ таолодан доимо умид қилиб яшанг!

Тўртинчи сабоқ. Қишга тайёргарлик кўриш учун бутун ёз давомида чумолилар қанча меҳнат қилишлари керак..? Қанча керак бўлса, шунча. Имкони борича, ишнинг барчасини бажариш – қандай ажойиб фалсафа! Яъни бир ишни бажармоқчимисиз, чин дилдан бажаринг! Қилган ишингиздан ўзингиз ва ўзгалар манфаат кўрсин!

 

Демак, чумолидан ўрганишимиз керак бўлганлари – ҳеч қачон таслим бўлмаслик, доим олға интилиш, ишонч ва умидни узмаслик, қўлдан келган ишнинг барчасини бажариш!

 

Интернет манбалар асосида
Саидаброр Умаров тайёрлади

Иордания 27-халқаро Қуръон мусобақасида 38 давлатдан жами 39 та қори қатнашмоқда. Бу ҳақда Al-Rai нашрига таяниб Ислом.уз хабар берди. Танловда ғолиб чиққан 5 нафар ғолибга ташкилотчи давлат томонидан қимматбаҳо совғалар ва пул мукофоти берилиши маълум қилинган. Мусобақанинг якуний босқичи 20 июнь куни бўлиб ўтади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Индонезия Қорилар ва Қуръони каримни ёд олувчилар уюшмасининг маълум қилишича, мамлакатда шу кун ҳолатига кўра 23000 та Қуръони каримни таълим берувчи марказ фаолият кўрсатмоқда. Бу ҳақда IQNA хабар беради.

Уюшма раҳбари Саййид Оқил ал-Мунаварнинг маълум қилишича, марказлар маҳаллий давлат органлари томонидан қўллаб-қувватланади ва бошқариб борилади. Шу боисдан ҳам маҳаллий ҳокимият Қуръони каримни таълим бериш ва ўргатиш борасида катта мажбуриятни ўз зиммаларига олишган.

Марказдаги Қуръони карим таълими ҳақида гапирган Саййид Оқил қориларга Қуръондан ташқари фиқҳ ва ҳадис илмлари ҳам мукаммал тарзда ўргатилади, деб таъкидлаган. Унинг айтишича, жорий йил Индонезияда V-Халқаро Қуръон мусобақаси ўтказилиши режалаштирилган. У раҳбарлик қилаётган уюшма 1988 йилда таъсис этилган бўлиб, илк Қуръон марказларини ташкил этиш ва уларни молиялаштиришда асосий ролни ижро этган. Уюшма раҳбарининг эътироф этишича, марказларда етишиб чиқаётган қорилар мамлакатдаги мусулмон жамоасини бирлигини мустаҳкамлаш ва динлараро тотувликни сақлаб қолишда катта роль ўйнамоқда, деб фикр билдирган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Жорий йилнинг 18 июнь куни юртимизда меҳмон бўлиб турган Бангладеш Халқ Республикаси Президенти Муҳаммад Абдул Ҳамид бошчилигидаги делегация Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрди.
Зиёрат давомида делегация аъзоларига мажмуа тарихи, давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда кейинги йилларда барча соҳаларда, жумладан, маънавий-маданий ва диний-маърифий соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти ҳақида маълумот берилди.

Маълумки, юртимизда сўнгги йилларда ушбу йўналишда жаҳон ҳамжамиятининг эътирофи, халқимизнинг эътибори ва эҳтиромига сабаб бўлган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилди. Бугун бутун дунё Ўзбекистонни илм-маърифат маркази сифатида тан олмоқда. Мазкур меҳмонларнинг ташрифи ҳам юртимиздаги ислоҳотларнинг тобора оламшумул аҳамият касб этаётганининг амалий ифодасидир.

Меҳмонлар ташриф давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилдилар. Бангладеш президенти Самарқанддаги “Ҳазрати Ҳизр” комплекси зиёрати давомида Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Юксак мартабали меҳмонга мажмуа бўйлаб манзарали экскурсия ташкил этилди ва унинг доирасида комплекснинг барпо этилиши ҳамда Ўзбекистон биринчи президентининг ҳаётига оид маълумотлар тақдим этилди.

Шунингдек, олий мартабали меҳмонлар Самарқанднинг диққатга сазовор жойларини кўздан кечирдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бунёд этилган ва ўз фаолиятини бошлаган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига кейинги кунларда маҳаллий меҳмонлардан ташқари халқаро меҳмонлар ташрифи ҳам тобора ортмоқда.

Жорий йилнинг 14 июнь куни Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасига АҚШнинг “Darelsalam Islamic World Travel” сайёҳлик ширкати дастури асосида америкалик 93 нафар мусулмон сайёҳлардан иборат делегация ташриф буюрди. Дастлаб меҳмонлар Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилиб, у буюк муборак зотнинг ҳаққига Қуръон тиловат қилди.

Дастлаб ушбу мажмуа мажлислар залида меҳмонлар ва Марказ илмий ходимлари ўртасида тадбир давра суҳбати тарзида ташкил этилди. Учрашувда Самарқанд вилояти бош имом хатиби З.Эшонқулов меҳмонларни Самарқандга ташрифи билан табриклаб, келгусида ўзаро илмий-амалий алоқаларни йўлга қўйиш борасида гапирди.

Тадбирда ИБХИТМ директори Ш.Зиёдов сўзга чиқиб, янги бунёд этилган марказнинг ташкил этилиши фаолияти ва вазифалари тўғрисида маълумотлар берди ҳамда меҳмонларга илмий ходимлар томонидан улуғ аждодларимизнинг бебаҳо маънавий меросини тадқиқ этиш, улар яратган асарларнинг илмий-изоҳли таржима қилиш ва ўрганиш ҳамда мавжуд манбаларни халқимиз ва жаҳон жамоатчилигига етказиш каби масъулиятли вазифалар билан шуғулланиб, илмий тадқиқотлар олиб бораётганлиги тўғрисида ҳам маълумотлар берди.

Америкалик исломшунос олим Ёсир қози ва Буюк Британиялик Шайх Абу Исо Неъматулло, буюк муҳаддис бобомиз Имом Бухорийнинг қолдирган бой илмий мероси у улуғ зотнинг ақл-заковати, чексиз қобилиятини намоён этиб, беихтиёр қалбда фахр ва ғурур туйғуларини ҳис этишга ундашини таъкидлади ва ҳадис йўналиши бўйича илмий ходимларимизга ижозалар тақдим этди.

Шундан сўнг Ш.Зиёдов меҳмонларни марказга таклиф этиб, уларни бинонинг кириш қисми пештоқларига ёзилган Қуръон оятлари ва ҳадислар билан таништириб, марказнинг бунёд этилиши тарихи, унинг фаолияти ва вазифалари ҳамда илмий ходимларнинг буюк аждодларимиз меросини ўрганиши учун яратилган шароитлар ҳақида гапириб берди.

Шундан сўнг меҳмонларга Имом Бухорийнинг турли даврларга тегишли ҳадис илмига оид асарлари, экспозициялар ҳамда замонавий ахборот берувчи воситалар тўғрисида маълумотлар берилди. Меҳмонлар музейдаги буюк муҳаддис Имом Бухорийнинг Бағдоддаги имтиҳон жараёни акс этган сурат ва илмий сафарлари тасвирланган деворий суратларни қизиқиш билан томоша қилдилар. Меҳмонлар томонидан марказдаги музей ва тарихий қўлёзмалар фонди ушбу масканнинг том маънода халқаро аҳамият касб этиши, унинг дунё миқёсидаги нуфузи ва салоҳияти юксаклигини кўрсатиб туриши қайд этилди. Хорижий сайёҳлар Марказ жамоаси билан илмий жараёнда кечган давра суҳбатларидан мамнун эканлигини таъкидлади.

Марказ раҳбарияти ва меҳмонлар келгусидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва илмий-амалий алоқаларни изчил давом эттириш тўғрисида келишиб олишди.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top