muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26 йиллиги  муносабати билан Тошкент шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи отинойилар ўртасида “Энг фаол отинойи” кўрик танловини ўтказиш жорий қилинди. Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари томонидан тасдиқланган баённома иловасига асосан, “Энг фаол отинойи” кўрик-танловини ўтказиш бўйича шаҳар ҳайъати таркиби тузилиб, мазкур кўрик танловнинг туман босқичи  3-, 4-, 10 декабр кунлари ўтказилиб, унда ғолибликни кўлга киритган 13 нафар отинойилар кўрик танловнинг Тошкент шаҳар босқичида иштирок этиш учун йўлланма олган эдилар.

Бугун мазкур кўрик-танловнинг шаҳар босқичи “Шайх Зайниддин” жоме масжидида 13 нафар отинойи иштирокида бўлиб ўтди.

Саволлар исломдаги шаръий ҳукмлар ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси асосида тузилган бўлиб, отинойиларнинг диний илм салоҳиятини ва ҳуқуқий саводхонлигини Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Шуҳрат Турдиқулов, ЎМИ Тошкент шаҳар бош имом хатиби ўринбосари Эргашали Рустамов, Тошкент шаҳар бош имом хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Дилбар Атабоева ва малакали ҳуқуқшунос мутахассислар баҳолаб бордилар.

Кўрик-танлов қатнашчилари иштироки туманларда фаолият юритувчи барча отинойилар кўз ўнгида одилона баҳоланди.

Якуний хулосаларга кўра, 1-ўрин соҳибаси Юнусобод тумани ҳудуд отинойиси – Дилором Каримова, 2-ўрин соҳибаси Мирзо Улуғбек тумани ҳудуд отинойиси – Насиба Тўрахўжаева ва Шайхонтоҳур тумани ҳудуд отинойиси – Феруза Тошхўжаева,  3-ўрин соҳибаси Яккасарой тумани ҳудуд отинойиси – Сижоат Шарипова деб топилди.

Юқорида қайд этилган 4 нафар ғолиб отинойилар ва иштирок этган фаол отинойилар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

 

 

Дилбар Атабаева,

Тошкент шаҳар бош имом хатибининг

хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган. 

*****

Машаққатлар ҳар қанча кўп бўлса ҳам, барибир узоқ давом этмайди. Аллоҳ таолонинг раҳмати кенгдир, неъмати яқиндир. Умидингни узма, безовта бўлма, унинг ўрнига “Я Ҳаййу я Қоййум, бироҳматика астағийс” деб дуо қил.

“Ҳикмат дурдоналари”

*****

Кўпчиликнинг тортишув, баҳс-мунозарадан мақсади ҳақиқатни билиш эмас, олдинга ўтиш, ўзининг илмли эканини кўрсатиб қўйиш бўлиб қоляпти.

*****

Одамларни рост гапириб қийин аҳволга солиш ёлғон гапириб уларни рози қилишдан афзал.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Жим туриш маъносиз сўзларни гапиришдан афзалдир.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Ёмон ақл эгалари гўзал ниятларни ҳеч қачон ўзларига сингдиролмайдилар.

Анис Мансур

*****

Чивинларни ўлдирманг, унинг ўрнига ботқоқларни қуритинг.

Али Иззатбегович

*****

Йиқилиб тушмаслигинг учун бирорта инсонга суянма.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Агар сенинг заифлигинг нуқтаси садоқат бўлса, демак сен дунёдаги энг кучли шахс экансан.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Қалбдан тушганнинг яна ўша қалбга қайтиши даргумон.

“Ҳикмат дурдоналари”

*****

Бўш вақтларида сени эслайдиганлар бор.

Сени эслаш учун вақт топадиганлар бор.

Доим бўш юрса ҳам, сени таниб, сендан кўп яхшилик кўриб туриб, сени умуман эсламайдиганлар бор.

*****

Ўзлари Юсуфнинг жамолига эга бўлгандек, одамларнинг шаклини, ташқи кўринишини масхара қиладиганлардан нафслар жирканади.

“Ҳикмат дурдоналари”

*****

Бировга ёмонлик қилганингда, у жим бўлиб қолиб, сенинг озорингга жавоб қайтармаса, билгинки, сен унга гапиришга ҳам истаги, мажоли қолмайдиган даражада азият берибсан. Аллоҳдан қўрқ! Баъзи жим туриш – секин ўлиш демакдир.

“Ҳикмат дурдоналари”

*****

Одамларнинг мен ҳақимда ёмон гап гапирганларини айтма. Унинг ўрнига қандай қилиб сенинг олдингда мен ҳақимда ёмон гап гапира олганларини менга тушунтириб бер!

“Ҳикмат дурдоналари”

*****

Сени тушунмайдиган ва сенинг қадрингга етмайдиганлар билан бирга қолма!

“Ҳикмат дурдоналари”

*****

Одамларга ҳар қанча ишонсанг ҳам, сирларингни ўзингда қолдир!

“Ҳикмат дурдоналари”

 

 

 

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

 

Жибутининг айни номдаги пойтахтида “Абдулҳамидхон II” масжидининг қурилиши якунига етиш арафасида. Бу ҳақда қурилиш ишларини олиб бораётган Туркиянинг “Диёнат вақфи” маълум қилди.

Азон интернет нашрининг маълум қилишича, масжид қурилиши 2015 йилда бошланган бўлиб, бино усмонийлар меъморчилиги услубида барпо этилган. Фойдаланишга топширилганида масжидда бир пайтнинг ўзида беш минг киши намоз ўқий олади.

Маълумот учун, Жибути Шарқий Африкада жойлашган кичик давлат бўлиб, аҳолисининг 94 фоизи мусулмонлардан иборат.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Замонавий технологиялар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Бутунжаҳон ўргимчак тўри деб аталадиган Интернетнинг имкониятлари, тараққиётнинг тезлигига тезлик, кучига куч бағишламоқда. Ҳозирги вақтда ана шу буюк ихтиронинг имкониятларидан баҳраманд бўлмаган инсон кам қолган. Бироқ башариятга фойда келтириши кўзланган ушбу воситадан ўзларининг ғаразли мақсадларини амалга ошириш, одамларни тўғри йўлдан адаштириш мақсадида фойдаланувчилар ҳам йўқ эмас. Интернетдан нимани ахтарсангиз, топасиз. Фақат топилган нарса тўғри, ишончли ва энг муҳими зарарсиз эканини билиш учун онг ва тафаккур керак.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ҳозирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари ва масжидларнинг расмий диний-маърифий сайтлари, фейсбук ва телеграм каналлари, шунингдек, uz. доменидаги расмий исломий сайтлар фаолият олиб бормоқда. Улардан барча шаръий масалаларга асосли жавоб топиш мумкин.

Аллоҳ таоло бандалари ичида энг лойиқларини пайғамбар этиб сайлади ва ўша пайғамбарларга Жаброил алайҳиссалом воситасида дин ҳукмларини ўргатди. Сўнгра пайғамбарлар бу ҳукмларни одамларга етказдилар.

Одамлар зиммасидаги амаллар саккиз қисмга бўлинади: Биринчиси – фарз. Иккинчиси – вожиб. Учинчиси – суннат. Тўртинчиси – мустаҳаб. Бешинчиси – мубоҳ. Олтинчиси – ҳаром. Еттинчиси – макруҳ. Саккизинчиси – мустакраҳ.

Ушбу саккиз амалнинг баъзиларини бажариш шарт, баъзиларини бажармаслик шарт. Айримларини эса қилиш-қилмаслик ихтиёрий. Баъзи кишилар ана шу амаллар қолиб, баъзи бир “фалоний”, “пистоний” номли мутаассибларнинг гапларига ишониб, чалғиб юрибдилар. Ундан кўра ҳалол ва ҳаромни фарқлаб, поклик (таҳорат, ғусл ва ҳ.к.) қандай бўлиши, Аллоҳ таоло ёқтирадиган намоз, рўза, закот, ҳаж, ростгўйлик, омонатни адо қилиш, ота-онага яхшилик кўрсатиш, силаи раҳм қилиш, аҳдга вафо, Аллоҳ таолонинг динига ихлос, У Зотнинг неъматига шукр қилиш, қазосига рози бўлиш ҳақида қайғуриш афзал эмасми? Қиёматда Аллоҳнинг ҳузурига қандай борамиз. Фалончи ундай деди, пистончи бундай деди каби миш-миш ва уйдирмалар зарардан бошқа нарса эмас-ку. Бинобарин, ҳадисларда шундай ривоят қилинади: Албатта, Аллоҳ таоло сизларнинг суратларингизга ҳам, мол-давлатингизга ҳам қарамайди, балки қалбингизга ва амалларингизга қарайди (Имом Муслим ривояти).    

Шу ўринда ўзларига “фалоний”, “пистоний” деб ном қўйиб олган  мутаассиб гуруҳларга тегишли интернет сайтларини фарқлаб олиш ҳамда бундан огоҳ бўлиш мақсадида, уларга тааллуқли бўлган саҳифаларнинг ўзига хос хусусиятлари қуйидагича:

  • улар саҳифаларида ва гуруҳларида фақат ўзларини тўғри йўлда юрувчилар деб даъво қилиб, ўзларига эргашмаганларни кофир санашади;
  • иймон келтирмаганларни ёки ғайридинларни душман деб эълон қилишади;
  • ўзларининг тўдабошиларидан бошқа олимларни қоралаб, уларни ҳақоратлашади;
  • давлат ҳокимиятига нисбатдан норозилик кайфиятини уйғотиш ва мавжуд камчиликларни бўрттириб кўрсатиш орқали одамларни ваҳимага солишади;
  • халқ билан гўёки яқинлигини билдириш мақсадида ўзларини уларнинг қийинчилик ва ташвишларига “шерик” қилиб кўрсатишади, аслида эса уларнинг диний туйғуларидан устамонлик билан фойдаланишади;
  • ихтилоф чиқарадиган масалаларни ўз саҳифалари орқали ёритиб, одамларга ўз қарашлари тўғрилигига ишонч ҳосил қилишга уринишади.

Хўш, бундай фитна ва хатолардан эмин бўлиш учун нима қилиш керак?

Аллоҳ таолонинг кузатиб турганини, У зот ҳамма нарсадан воқиф эканини доим ҳис қилиб туриш;

Интернетга муайян вақтларда, аниқ мақсад билан кириш;

ўзи айтаётган, эшитаётган, нақл қилаётган ва ўқиётган нарсалар ҳақида ишончли илмга эга бўлиш лозим. (Чунки интернет шундай маконки, унда тўғри келган одам сохта исм остида тўғри келган нарсани ёзиши мумкин);

бирор воқеадан хабардор бўлса, ақл тарозисига солиб кўриш лозим. Чунки Нисо сурасининг 83-ояти тафсирида бундай дейилади: “Баъзи кишилар бирор хабарни эшитишлари билан ҳамма ёққа тарқатишга шошиладилар. Бундан мусулмонларга фойда борми, зарар борми ўйлаб ўтирмайдилар. Мазкур хабарни тарқатиш мусулмонлар учун яхшими ёки тарқатмаслик яхшими – ўйлаб кўрмайдилар. Оқибатда душманлар «совуқ уруш» (қуролсиз уруш) деб номланган қабоҳатни ишга солиб, турли-туман ёлғонларни тўқиб чиқарадилар. Мусулмонлар ичида ғулғула, келишмовчилик тарқатадилар. Руҳий, маънавий қувватларини синдирадилар. Агар мусулмонлар ўз динларига амал қилсалар, бундай лақмалик, нодонлик қилмас эдилар. Эшитган гапларини дарҳол ёймас эдилар. Чунки Ислом ҳукми бўйича, эшитган гапини тарқатавериш мумкин эмас” (“Тафсири ҳилол“ иккинчи нашр 1- жуз 587-бет. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф).

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Бўлар-бўлмас гаплар билан умримизни бесамар ўтказмайлик! Аллоҳ таолога тақво қилайлик! Тақво қилишнинг фазилатлари ва фойдалари жуда ҳам бисёрдир, Қуръони каримда уларнинг бир қанчалари зикр этиб ўтилган. Жумладан: “Эй, имон келтирганлар! Агар Аллоҳдан қўрқсангиз, сизлар учун (ҳақ билан ноҳақликни) ажрим этувчи (ёрдам)ни берур ва гуноҳларингиздан ўтиб, сизларни мағфират қилур. Аллоҳ улкан фазл соҳибидир (Анфол сураси, 29-оят).

Тақводор бандага ҳар қандай танг ҳолатдан чиқиш йўллари осон қилиб қўйилади, унга ризқ эшиклари ҳам кенг очилади. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай дейилган: “Кимки Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини  (пайдо)  қилур. Яна уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирур (Талоқ сураси, 2-3-оятлар).

Тақво туфайли осмонлару ердан баракотлар ёғилиб, халқлар фаровон ҳаёт кечиришларига муяссар бўладилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Агарда (мазкур) юртларнинг аҳолиси имон келтирган ва тақво қилганларида эди, улар устига осмонлар ва Ердан баракотлар (эшиклари)ни очиб юборган бўлур эдик” (Аъроф сураси, 96-оят).

Бу оятда жуда катта марҳамат бор. Аллоҳ таоло бандаларидан жуда кўп ва оғир нарсани талаб қилмади. Имон келтириб, ширк ва гуноҳлардан ўзларини тийсалар, бас. Шу ишлари эвазига еру осмондан баракот ато этаман, деб ваъда қилмоқда. Бу шарт ва мукофот ваъдаси то қиёматгача дунёга келиб кетувчи барча бандаларга тегишлидир.

Фотиҳа сурасидага:  “Ийяка наъбуду” лафзи “фақат Сенинг айтганингни қиламиз”, маъносини англатади. Бу эса банданинг Аллоҳ таолога берган улкан ваъдасидир.

Аллоҳ таоло барчамизни ушбу ваъданинг устидан чиқадиганлардан қилсин.

 

Азамат УСМОНОВ,

Хожа Бухорий номли ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси

 

vendredi, 14 décembre 2018 00:00

Саккиз амал

Саҳобалардан розияллоҳу анҳум бири айтган экан: “Ким саккиз нарсадан ожиз бўлса, ўрнини тўлдириш учун унга саккиз нарса вожиб бўлади:

  1. Ким кечаси намоз ўқишни ният қилса-ю, ухлаб қолса, кундузи гуноҳ қилмасин. Чунки гуноҳдан сақланишнинг ажри таҳажжуд намозининг ажрига тенг.
  2. Ким нафл рўза тутишни хоҳласа-ю, тутолмаса, тилини сақласин. Тилни беҳуда сўзлардан сақлаш нафл рўза тутганнинг ажрига ноил этади.
  3. Ким уламолар фазлига етишишни хоҳласа, тафакккур қилсин. Тафаккур қилувчининг даражаси олимларга бериладиган даражага тенг.
  4. Ким душман билан урушиш савобини умид қилса-ю, уйида ўтириб қолса, шайтонга қарши уруш қилсин. Шайтонга қарши курашишнинг ажри душманга қарши курашишнинг ажрига тенг.
  5. Ким садақа беришни хоҳласа-ю, бунга қурби этмаса, одамларга эшитган нарсасидан таълим берсин. Эшитган яхши нарсаларини бошқаларга етказиш ҳам садақадир.
  6. Ким ҳаж ибодатини адо этишга қодир бўлмаса, жума намозидан қолмасин. Зеро, жума мискинларнинг ҳажидир.
  7. Ким обидларнинг фазлига етишишни хоҳласа, одамлар орасини ислоҳ қилсин, уларнинг орасига душманлик ва адоват уруғини экмасин. Аразлашиб қолганларни яраштириш ва одамлар орасида гап ташимаслик тинмай ибодат қилувчи кишининг ажрига тенг.
  8. Ким фазилатли кишиларнинг фазилатини хоҳласа, ўзи рози бўлган нарсасини биродарига ҳам раво кўрсин. Камтар ва хокисор бўлиш, ўзгаларга ҳам яхшиликни раво кўриш Аллоҳ фазилат берган кишиларнинг фазилатига тенг.

Хулоса шуки, Аллоҳ таоло бандаларига беҳад меҳрибонлиги сабабидан, ажр ва мукофотлардан бебаҳра қолишга имкон қолдирмади. Кимда-ким ушбу имкониятлардан фойдаланиб, жаннатни вожиб қила олмас экан, бунинг учун фақат ўз нафсини маломат қилсин.

Ёрбек ИСЛОМОВ,

Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби

Мақолалар

Top