muslim.uz
Пингвин қушми ёки балиқми?
Пингвинлар – қушларнинг бир тури бўлиб, сузувчи, шўнғувчи хусусиятга эга, лекин учолмайди. Бунинг сабаби қанотининг кичиклиги, танасининг оғирлигидир.
Пингвинларнинг 16 тури, уларни бирлаштирувчи 6 та уруғи мавжуд.
Гавдасининг узунлиги 30-120 см, вазни 1-40 килограммни ташкил этади. Қорни ва кўкраги оқ, орқаси тўқ кўк ёки қора бўлади.
Пингвинларнинг кўкрак мускуллари яхши ривожланган.
Қанотлари тангачасимон патлар билан қопланган куракоёққа айланган. Сузганда ва шўнғиганда улардан эшкак сифатида фойдаланади.
Муз ва қор устида секин қадамлаб юради.
Пати майин.
Пингвинлар Галапагос оролларидан то Жанубий Қутбгача бўлган ҳудудларда, асосан, Антарктидада яшайди.
Пингвиннинг суяклари бошқа қушларнинг суягига нисбатан анча зичдир. Бу эса унинг сув остига шўнғиб, у ерда узоқ вақт тура олишига имкон беради.
Одатда пингвинлар овқат излаб анча узоқ масофаларга сузиб борса ҳам, яна айланиб олдинги инига қайтиб келади.
Пингвинлар бошоёқли моллюскалар, қисқичбақасимонлар ва майда балиқлар билан озиқланади.
Пингвинлар ичида энг каттаси император пингвини бўлиб, унинг баландлиги 1 метрдан ошади.
Пингвинлар денгизда соатига 8-9 километр тезликда сузади.
Тарихда ўтган энг катта пингвиннинг баландилиги 1 ярим метр, оғирлиги 91 кг бўлган.
Пингвинларда тишлар йўқ. Аммо бунинг ўрнига уларнинг тили ва томоғи тиканли тузилишга эга бўлиб, у таомни тутиб қолади, оғзидан ташқарига сирпаниб чиқишига йўл қўймайди.
Пингвинлар ўртача 15-20 йил умр кўради.
Ҳар бир пингвинни ўзига хос овози бўлиб, улар бир-бирларини овозлари орқали таниб оладилар.
Пингвинлар денгизнинг шўр сувини ича олади. Уларда махсус без мавжуд бўлиб, унинг вазифаси суюқликни фильтрлаш, ортиқча тузларни ташқарига улоқтиришдан иборат.
Барча пингвинлар умрининг 75-80 фоизини денгизда ўтказади. Лекин жуфтлашиш мавсумида қуруқликка чиқади. Тухумларини ҳам ерга қўяди. Тухумларни эркак ва урғочи пингвинлар навбати билан босиб ўтиришади. Улар ўзлари босиб турган тухумни иситиш учун қорнидаги тери бурма билан ўраб, 65 кун давомида ўтиришади.
Император пингвинлари фақат битта тухум қўяди. Қолганлари эса иккитадан тухум қўйишади.
Пингвинлар денгиздан қуруқликка сакрашни моҳирлик билан уддалашади. Император пингвинлари сувдан қуруқликка сакраётганда 180 сантиметр баландликкача сакраши мумкин.
Баъзи пингвинлар 100 метр чуқурликкача, император пингвинлари эса 500 метргача шўнғиши мумкин.
Пингвинлар кўпайиш мавсумида фақат битта урғочи пингвин билан жуфтлашади. Император пингвинлар эса умр бўйи битта жуфти билан яшайди.
Пингвинларнинг айрим турларида жуфтлашиш олдидан бир воқеа содир бўлади. Эркак пингвин урғочи пингвиннинг кўнглини олиш учун унга ҳадя сифатида катта тошни олдига суриб қўяди.
Бир неча аср олдин денгизчилар томонидан пингвинлар гўшти ва ёғи учун овланган. Ҳозирги кунда уларнинг кўп турлари Халқаро қизил китобга киритилган.
Маълумки, пингвинлар минус 40 даража совуқда яшайди. Лекин нега музлаб қолмайди? Ҳатто танасидаги кичик бир ҳудудда ҳам музлаш, қотиб қолиш жараёни юз бермайди.
Америка Қўшма Штатларида шу масалада тадқиқот ўтказилди. Олимларнинг хулосаларига кўра, пингвиннинг терисида майда тешикчалари бўлиб, ҳар бир тешикчада ёғ тўпланади. Ушбу ёғ унинг бутун танасини ўраб олади. Пингвин бу ёғ орқали танасини тозалайди. Мана шу ёғ натижасида пингвиннинг танаси сув билан намланмайди. Танага сув юқмагани учун музламайди.
Ҳаво жуда совиб кетса, пингвинлар жамоаси бир жойга тўпланиб, ёш пингвинчаларни ўртага олиб, бир-бирлари билан сиқилиб туришади. Натижада жамоанинг ўртасида илиқ ҳаво юзага келади. Улар шу алфозда ҳавонинг совуқлиги бироз пасайиб, изғирин босилгунча туришади. Жамоанинг четида турган пингвинлар совуқ ҳавода қийналмасликлари учун аста юриб ичкарига – илиқ ҳаво айланиб турган марказга киришга уринадилар. Шу тарзда ҳамма пингвинлар навбати билан илиқ ҳаводан баҳраманд бўлиб, совуқ ҳаво оқимини талафотсиз ўтказадилар.
Калифорния университетининг профессорлари пингвин танасининг музламаслиги борасида махсус текшириш ўтказдилар.
Пингвин ажойиб тузилишга эга жонзотдир. Унинг танасидаги ёғ тананинг сув билан намланишининг олдини олиб, тана ичига совуқ ҳаво киришига тўсқинлик қилади. Натижада у денгизда сузиб, қуруқликка чиқса ҳам танасида сувнинг музлаши содир бўлмайди.
Энди савол туғилади: “Ушбу ажойиб тузилиш ўз-ўзидан бўлиб қолганми ёки Буюк Холиқ томонидан аниқ ҳисоб-китоб билан яратилганми?”
Бу саволга ушбу оят билан жавоб берамиз:
صُنْعَ اللَّهِ الَّذِي أَتْقَنَ كُلَّ شَيْءٍ إِنَّهُ خَبِيرٌ بِمَا تَفْعَلُونَ
“Бу ҳар бир нарсани пухта қиладиган Аллоҳнинг санъатидир. Албатта, у нима қилаётганингиздан хабардордир” (Намл сураси, 88-оят).
Субҳаналлоҳ!
Интернет маълумотлари ва Абдуддоим Каҳел мақоласи асосида
Нозимжон Иминжонов тайёрлади
Сиз гўзал хулқ соҳибисиз, ё Росулаллоҳ!
2018 йилнинг 3 декабрь куни Мир Араб ўрта махсус ислом билим юртида “Сиз гўзал хулқ соҳибисиз, ё Расулуллоҳ” номи остида сийрат тадбири бўлиб ўтди. Тадбирга “Жўйбори Калон” аёл қизлар ўрта махсус ислом билим юрти мудири А.Иноятов, фахрий устозлар ва бошқа меҳмонлар ташриф буюришди. Тадбир мусобақа тарзида олиб борилди. Мусобақадан кўзланган мақсад талабалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини янада мукаммалроқ ўрганишлари назарда тутилган.
Тадбирни очиш учун сўз билим юрти мудири Ж.Эловга берилди. Устоз бўлиб ўтаётган тадбир билан барча устоз ва талабаларни табриклаб, мусобақани очиқ деб эьлон қилдилар ва ўтганларни хотирлаб Қуръон тиловати ва дуои хайрлар қилинди.
Мусобақада 2- ва 3-курслардан олти талаба “Ансорлар” жамоаси, 4-курслардан эса олти талаба “Муҳожирлар” жамоаси бўлиб, билимларини синовдан ўтказдилар.
Сийрат мусобақасининг шартлари қуйидагича бўлди:
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари.
- Саҳобаларнинг номларини айтиш.
- Саҳобия аёлларнинг номларини айтиш.
- Ҳудайбия сулҳи ва Макка фатҳини ёритиб бериш.
- Шамоили Муҳаммадия китобидан баҳслашиш.
- Гўзал саловот айтиш.
Талабаларнинг шартларга тўлиқ ва аниқ жавоб беришларини билим юрти устозларидан иборат ҳакамлар ҳайъати баҳолаб бордилар.
Биринчи шартда ҳар иккала жамоа ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқларини жуда ҳам ажойиб тарзда баён қилиб бердилар. Иккинчи шартда эса иккала жамоа 90 та саҳобанинг исмини санаб бердилар. Учинчи шартда саҳобия аёллардан 97 та айтиб бердилар. Тўртинчи шартда талабалар кўргазмали қуроллар ёрдамида Ҳудайбия сулҳи ва Макка фатҳини жуда хам чиройли тарзда ёритиб, ундан олинадиган ибратларни баён қилиб бердилар. Бешинчи шартда Шамоили Муҳаммадия китобидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тана тузилишларига оид халқий сифатларини айтиб бердилар. Сўнгги шартда ҳар иккала жамоа ҳам гўзал бир саловотни тараннум этдилар.
Тадбир давомида устозлар томонидан викторина савол-жавоблари томошабин талабаларга берилди. Саволларга тўлиқ ва аниқ жавоб берганларга ҳомийлар томонидан китоблар тақдим этилди.
Мусобақа натижасига кўра ҳар иккала жамоа ҳам бир хил натижа кўрсатиб ғолиб бўлдилар. Иштирокчиларимизга билим юрти маъмурияти ва ҳомийлар томонидан эсдалик совғалари топширилди.
Сўз навбати устозимиз А.Иноятовга берилганда, у киши: “Ҳақиқатан ҳам талабаларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини жуда ҳам зўр ўрганибди. Мен ҳали бундай сийрат мусобақасини кўрганим йўқ. Айниқса, саҳоба ва саҳобия аёлларни санаб бераётганларида жуда ҳам хурсанд бўлдим. Ҳудайбия сулҳи воқеаси ва Макка фатҳини талабаларимиз жуда ҳам таъсирли баён қилиб бердилар”, дедилар.
Тадбирни билим юрти мудири Ж.Элов дуои-хайр билан якунладилар.
Мир Араб Ўрта махсус ислом билим юрти ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари Исматилло Холназаров
Туркманистонда Шаҳрислом ёдгорлиги ўрганилмоқда
Туркманистондаги ўрта асрга тегишли Шаҳрислом ёдгорлиги Туркманистон Республикаси Фанлар академиясининг Археология ва этнография институти тадқиқотчилари томонидан ўрганилмоқда. Бу ҳақда Турон24 нашри маълум қилди.
Шу сабаб, Саноатчилар ва тадбиркорлар уюшмаси томонидан тадқиқотчилар учун доимий экспедиция ва транспорт хизмати йўлга қўйилди.
Эски карвон йўлидаги ушбу ёдгорликда экспертлар форс ҳунармандлари томонидан талкхлорид тошидан ясалган рўзғор асбоблари, Хитой чинни буюмлари, мис, кумуш ва олтин-кумуш қоришмасидан тайёрланган тангалар, шунингдек, қимматбаҳо тошлар билан безатилган заргарлик буюмлари топилган.
Шаҳрислом карвонсаройи, ундаги эски сув таъминоти тизими туркманлар томонидан амалий тажриба ва махсус билимларсиз бунёд этилгани маълум.
Туркманистон Республикаси президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ўзининг “Туркманистон – Буюк Ипак йўлининг юраги” номли китобида ўрта асрда Шаҳрисломдаги “Так-Ёзир” деб номланган савдо шаҳри ҳақида айтиб ўтади.
Шунингдек, китобда бир квадрат километр майдонни эгаллаган ушбу қароргоҳ ўрта асрларда улкан савдо маркази вазифасини бажаргани айтиб ўтилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
“Ўзбекистон уламолари”
Ўзбекистон мусулмонлари идораси юртимизнинг диний, ижтимоий-маданий ҳаётида муносиб ўрин эгаллаган расмий диний ва мустақил ташкилот сифатида маълум. Ушбу китобда мазкур идора ташкил топганидан буён ўтган 70 йилдан ортиқ вақт мобайнида Ватан, дин, халқ хизматига бел боғлаган, умрини ислом маърифатини ёйиш йўлида бахшида этган дин арбоблари, мударрислар, имом- хатиблар ҳаёти ва фаолияти хақидаги маълумотлар жамланган.
Китобга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Бахтиёр Бобожонов масъул муҳаррирлик қилган.
Асар икки қисмдан ташкил топган. Биринчи қисмда: Ўрта Осиё Россия империяси мустамлакаси бўлган даврда мусулмон диний ташкилотлари, Қатағон йиллари: зулм ва истибдод, Мустақиллик йиллари: миллий ва диний қадриятларнинг тикланиши каби мавзуларда илмий маълумотлар келтирилган.
Иккинчи қисмда эса, ватан, дин ва халқ хизматида фаолият юритган диний идора раҳбарлари, муфтийлар, уларнинг ўринбосарлари, диний таълим муассасалари раҳбарлари, Тошкент ислом институти ректорлари, Мир Араб мадрасаси мудирлари ҳамда республикамизнинг вилоят, шаҳар ва туманларида меҳнат қилган имом-хатибларнинг таржимаи ҳоллари, илм йўлидаги ибратли намуналари баён этилган.
Асар сўнгида Ўзбекистон мусулмонлари идорасида кўп йил меҳнат қилган ходимлар ва юртимизда таҳсил олган хорижлик дин арбоблари ҳақида ҳам маълумотлар келтирилган.
Китоб “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Муаллиф: Ҳайдархон Йўлдошхўжаев.
Нашриётда сотиладиган нархи: 55000.
Нишонга урилган гаплар: “Кўпинча севишини ифода қилиб беролмайдиганлар кўпроқ севишади”
Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.
*****
Эй Роббим!
Ҳар бир вафот этган мўминни раҳм қилгин!
Ҳар бир беморга шифо бергин!
Ҳар бир ғамнокка шодлик бергин!
Ҳар бир ишсизга иш бергин!
Ҳар бир бефарзандга солиҳ-солиҳа фарзандлар ато этгин!
Ҳар бир толиби илмга фойдали илм бергин!
Ҳар бир бўйдоққа солиҳ-солиҳа жуфтни рўбарў қилгин!
Ҳар бир маҳзунга саодат бергин!
*****
Кўпинча севишини ифода қилиб беролмайдиганлар кўпроқ севишади.
*****
Бу ҳаётда кўп нарсани ўзинг ўқиб, ўрганасан. Аммо қўполликни бошқалар билан бўладиган садоқатсиз муомалалардан кейин ўрганасан.
*****
Энг ҳунук нарсалардан бири – қадрноним деб юрган одаминг хатойингни айтмасдан сен билан алоқани узишидир.
*****
Баъзи одамлар сунъий дарахтларга ўхшайди. Ҳар қанча суғорсанг ҳам мева бермайди.
*****
Ҳеч кимни жеркиб, четга суриб қўйма! Аммо сени хоҳламайдиган инсонни қўлидан тутиб қолма.
*****
Шундай инсонлар борки, улар одамларга айб излаш кўзи билан, ўзларига эса гўзаллик, ютуқ излаш кўзи билан қарайдилар.
*****
Ҳеч кимга зулм қилмасликка, ҳеч кимни ғийбат қилмасликка, ҳеч кимнинг дилини оғритмасликка, ўзини ҳеч кимдан устун қўймасликка уринадиган кишиларга саломатлик бўлсин!
*****
Ҳаммамизда айблар бор. Агар Аллоҳ таолонинг “сатр” (тўсиш, яшириш) деган неъмати бўлмаганда, қаттиқ хижолатликдан бўйинларимиз эгилиб қолган бўларди.
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов