muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур Халқаро Ислом фиқҳи академияси президенти, профессор Абдуссалом Довуд ал-Ибодий таклифига биноан Ислом фиқҳи академиясининг 23-сессиясида иштирок этади. Ушбу сессия шу йил 28–31 октябрь кунлари Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрида бўлиб ўтади.
Маълумот ўрнида, 1981 йили Ислом конференцияси ташкилотининг Макка шаҳрида ўтказилган сессиясида Халқаро Ислом фиқҳи академияси ташкил этилган. Ушбу академияга 50 дан зиёд давлатлар уламолари аъзо бўлган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари 2006 йилдан буён Ислом фиқҳи академияси аъзоси ҳисобланади.
Халқаро Ислом фиқҳи академиясининг 23-сессиясида муҳокама қилинган масалаларни сайтимиз орқали ёритиб борамиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Кеча, 23 октябрь куни Қуддус шаҳридаги “Ал-Ақсо” масжиди имом-хатиби Юнус Салоҳ Одил бошчилигидаги делегацияни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари қабул қилди.
Учрашувда муфтий ҳазратлари меҳмонларнинг ташрифи билан қутлаб, мамлакатимизнинг ушбу муқаддас диёр билан алоқалари ривожланиб бораётгани ҳақида сўзлаб бердилар. Масжидул Ақсо мўмин-мусулмонлар учун Макка ва Мадина шаҳарларидаги Масжидул Ҳаромлардан кейинги учинчи улуғ қадамжо ҳисобланиши тўғрисидаги нодир маълумотларни баён қилдилар.
Юнус Салоҳ Одил жаноблари мана шундай улуғ алломалар етишиб чиққан табаррук Ўзбекистон заминини зиёрат қилганидан бахтиёр эканини изҳор қилди. Меҳмон сафар давомида олган тассуротларини ўз халқига сўзлаб беришини ва уларни бу диёрларни ҳам зиёрат қилишга чорлашини таъкидлади. Ўз навбатида ўзбекистонликларни ҳам Қуддуси шариф зиёратига таклиф этди.
Шунингдек, учрашувда зиёрат туризмини ривожлантириш ва икки давлат уламолари ҳамкорлигини йўлга қўйиш борасида фикр-мулоҳазалар алмашилди.

 

 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Малайзиянинг “Alhijrah” телеканалида Ўзбекистоннинг сайёҳлик имкониятига бағишланган кўрсатув намойиш этилди. Кўрсатувда журналистлар томошабинларни Шаҳрисабздаги ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган тарихий ва меъморий ёдгорликлари билан таништириб боради. Шунингдек, бу шаҳар ислом динининг бутун дунёда тарқалишига улкан ҳисса қўшган қўмондон ва давлат арбоби Амир Темур туғилган юрт эканлиги алоҳида таъкидланади.

Тuron24 нашрининг маълум қилишича, Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган видеороликда Амир Темур даврида бунёд этилган ёдгорликлар, хусусан, Оқсарой кошонаси, Дор ут-тиловат мақбараси, Кўкгумбаз масжиди каби қадимий обидаларнинг ўзига хос архитектуравий жозибаси акс эттирилган.

Малайзиялик ижодкорлар дастур давомида Самарқанднинг тарихий қадамжолари ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтган. Айниқса, Регистон майдонидаги меъморий ёдгорликларнинг ўзига хослиги, шаҳарга келган сайёҳларга ҳақиқий шарқона муҳитни тақдим эта оладиган ўрта аср масжид, мадраса ва устахоналари журналистларда ёрқин таассурот қолдирганини айтишган.

Кўрсатув якунида телеижодкорлар Ўзбекистон ислом тараққиёти маркази эканлигини ва ҳар бир малайзиялик бу муқаддас ерни зиёрат қилиши кераклигини таъкидлайди.

ЎМИ Матбуот хизмати

2017 йилнинг сентябрь ойида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги Хастимом мажмуасига ташриф буюриб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти, имом-хатиблар, маҳалла фаоллари билан учрашган эдилар.

Учрашув чоғида Ҳаж масаласига ҳам тўхталиб: “Ҳажга бориб келган ҳар бир фуқаро маънавият тарғиботчиси бўлиши керак. У Худодан қўрқиши, бандасидан уялиши керак. Адолат мезони биринчи галда унда бўлиши керак, қўшниси Ватанга муҳаббат, ишга муносабат, фарзанд тарбияси масаласида энди ундан ўрнак олиши керак”, деган фикрни билдирган эдилар.

Давлатимиз раҳбари таклифларини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг Ҳаж ҳақида фатвоси эълон қилинган эди. Ушбу фатвода Ҳаж зиёратини адо этиш, унга номзодларни саралаш тартиблари баён этилган эди.

Фатвода юртимиз ҳожиларини зиёратга боргунига ҳамда зиёратдан қайтгандан сўнг маҳалла равнақи, фарзандлар тарбиясида иштирок этишлари тавсия қилинган эди.

Ушбу ишлар ижроси юзасида Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида ҳам амалий ишлар бошлаб юборилган.

Ҳаж ва Умра зиёратини адо этиб қайтган юртдошларимизнинг жамият ҳаётидаги фаолликларини таъминлаш мақсадида, уларнинг жойлардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини сақлаш ва диний вазиятни соғломлаштиришда мутасаддиларнинг фаоллигини ошириш мақсадида Шаҳрисабз туманининг барча туман-шаҳарларида аҳоли билан суҳбатлар ташкил этилиши режаси ишлаб чиқилган.

Режа асосида Шаҳрисабз шаҳридаги "Ғалаба" МФЙда ҳам ишчи гуруҳ ташкил этилиб, МФЙ раиси Г.Оққўзиева, ҳожилар ва маҳалла фаоллари иштирокида хонадонларда аҳоли билан суҳбатлар ташкил этилмоқда.

Умра зиёратини адо этган ва эндиликда Ҳаж зиёратини адо этишни мақсад қилиб қўйган бир қатор фуқаролар маҳалла ободлиги, аҳолининг турмуш тарзи фаровонлиги йўлида бош-қош бўлмоқдалар.

Шундай хайрли ишлардан бири маҳалла фаоли Рустам Раҳматов ташаббуси билан амалга оширилди. Маҳалла аҳолиси яшаш шароитлари ўрганилганида Фирдавсий кўчасида жойлашган 105 та хонадонни табиий газ билан таъминланмагани, газ қувурларини таъмирталаб бўлиб қолгани маълум бўлган. Масалани ҳал этиш учун Шаҳрисабз шаҳар ҳокими ўринбосари А.Рустамов, тадбиркорлар Х.Сатторов, С.Содиқжон, Турсунмурод Хожимурод бобо ҳомийлигида 1 километрдан ортиқ ерости газ қувури лой ва сувдан тозаланган ҳамда тармоқда тамирлаш ишлари олиб борилган. Уч миллион сўмга яқин маблағ сарфлаган ҳолда аҳоли учун зарур бўлган табиий газ етказилиши қайта тикланган.

Хулоса қилиб айтганда Президентимизнинг ташаббуслари билан йўлга қўйилган ҳожиларни саралаш ва уларнинг фаоллигини ошириш бўйича янги тизим маҳалла аҳолисининг оғирини енгил қилишда, муаммоларни бартараф этишда муҳим қадам бўлди.

Г.Оққўзиева "Ғалаба" МФЙ раиси

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган. 

Кечириш осон. Лекин унутиш ва қайта ишонч билдириш — мана шу энг қийини.

Инглиз мақоли 

***** 

ОТАНИНГ ЎРНИНИ БИРОРТА ИНСОН БОСОЛМАЙДИ

— Отажон, менинг табассумим билан сизнинг табассумингиз орасида қандай фарқ бор?

— Ўғлим, сен хурсанд бўлганингда табассум қиласан. Мен эса сени хурсанд ҳолда кўрганимда табассум қиламан. 

Қаттиқ шамол эсиб, бўрон бўлаётганда ёнимда турмаган кишига Қуёш чиққанда эҳтиёжим тушмайди.

“Сукутдаги садолар”дан 

***** 

Ҳасад, чақимчилик, бахиллик каби касаллликларга мубтало бўлганларга Аллоҳ таоло тезда комил шифо берсин!

***** 

Бошқаларни кузатиш, уларнинг хатоларини овлаш билан мушғул бўладиган кимсаларда ўзларидаги касалликни кўргани, ўз нафсларини муолажа қилгани вақтлари бўлмайди.

“Ажойиб фикрлар”дан 

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

 Нозимжон Иминжонов

 

 

Мақолалар

Top