muslim.uz
Қозоғистон Мисрдаги масжид реконструкцияси учун 4,5 млн доллар ажратади
Қозоғистон Республикаси ҳукумати Миср Араб Республикаси пойтахти Қоҳира шаҳридаги Султон Бойбарс масжиди реконструкцияси учун 4,5 миллион доллар ажратди. Бу ҳақда “Интерфакс-религия” агентлиги хабар бермоқди.
Ҳозирги Қозоғистон ҳудудида туғилган Бойбарс 1260-1277 йилларда Миср ва Суриянинг султони бўлган. Унинг даврида Қоҳира мусулмон дунёсининг маркази ва аббосийлар халифалигининг пойтахтига айланди.
Azon интернет нашрининг ёзишича, Қоҳирадаги Султон Бойбарс масжиди шаҳарнинг иккинчи энг йирик масжиди ҳисобланади.
Масжидни реконструкция қилиш жами 12 миллион долларга тушади ва ишларни 18 ойда тугатиш режалаштирилган.
ЎМИ Матбуот хизмати
26.10.2018 й. Эҳсоннинг фазилати
بسم الله الرحمن الرحيم
ЭҲСОННИНГ ФАЗИЛАТИ
Муҳтарам жамоат! Раббимиздан берилган барча нарсалар бизларга омонат бўлганидек, молу давлатимиз ҳам омонатдир. Аллоҳ берган бу молу давлатни Ўзи буюрган ва рози бўладиган жойларга сарфлашимиз даркор. Хайру эҳсон ва садақа қилишда пешқадам, шунингдек барча эзгу ишларда имкон қадар кўмакчи ва ҳомий бўлишга ҳаракат қилишимиз керак.
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг жуда кўп оятларида хайр-эҳсоннинг савоби кўплиги ва фазилати улканлиги ҳақида марҳамат қилади. Жумладан, Оли Имрон сурасида шундай деган:
لَنْ تَنَالُوا الْبِرَّ حَتَّى تُنْفِقُوا مِمَّا تُحِبُّونَ وَمَا تُنْفِقُوا مِنْ شَيْءٍ فَإِنَّ اللَّهَ بِهِ عَلِيمٌ
(سورة آل عمران، الاية-92)
яъни: Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир (Оли Имрон сураси, 92-оят).
Бақара сурасида шундай деган:
الَّذِينَ يُنْفِقُونَ أَمْوَالَهُمْ بِاللَّيْلِ وَالنَّهَارِ سِرًّا وَعَلَانِيَةً فَلَهُمْ أَجْرُهُمْ عِنْدَ رَبِّهِمْ وَلَا خَوْفٌ عَلَيْهِمْ وَلَا هُمْ يَحْزَنُونَ.
яъни: “Мол (бойлик)ларини кечаю кундуз, пинҳонаю ошкора эҳсон қиладиган кишилар учун Парвардигорлари ҳузурида (махсус) мукофотлари муҳайёдир. Уларга (охиратда) хавф ҳам бўлмас ва улар ташвиш ҳам чекмаслар” (Бақара сураси, 274-оят).
Демак, киши хайр-эҳсонни ихлос билан, савоб умидида қилар экан, ояти каримада ваъда қилинганидек улкан мукофотларга эришади. Яна бир ояти каримада Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган:
إِنْ تُبْدُوا الصَّدَقَاتِ فَنِعِمَّا هِيَ وَإِنْ تُخْفُوهَا وَتُؤْتُوهَا الْفُقَرَاءَ فَهُوَ خَيْرٌ لَكُمْ وَيُكَفِّرُ عَنْكُمْ مِنْ سَيِّئَاتِكُمْ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ.
яъни: “Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши. Борди-ю, камбағалларга пинҳона берсангиз – ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир” (Бақара сураси, 271-оят).
Оятнинг зоҳиридан садақаларнинг барча турларини ошкора ёки пинҳона беришнинг жоизлиги, аммо пинҳона садақанинг афзаллиги маълум бўлади. Лекин баъзи уламолар фарз ёки вожиб садақаларни, яъни закот, хирож, ушр, фитр садақаси ва каффоратларни ошкора берган афзал, ихтиёрий нафл садақаларни эса пинҳона берилгани яхшидир, дейдилар. Зеро, вожиб садақалар пинҳона берилса, одамларда закот бермайди, деган шубҳалар туғилиши мумкин. Аммо нафл садақалар ҳам баъзида бошқалар кўриб ўрнак олсин деган ният билан ошкора берилгани яхшидир.
Битта берилган хайр-эҳсонни эвазига Аллоҳ таоло бир неча баробар кўпайтириб бериши ҳақида шундай дейди:
مَثَلُ الَّذِينَ يُنْفِقُونَ أَمْوَالَهُمْ فِي سَبِيلِ اللَّهِ كَمَثَلِ حَبَّةٍ أَنْبَتَتْ سَبْعَ سَنَابِلَ فِي كُلِّ سُنْبُلَةٍ مِئَةُ حَبَّةٍ وَاللَّهُ يُضَاعِفُ لِمَنْ يَشَاءُ وَاللَّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ
(سورة البقرة الاية-261)
яъни: “Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир” (Бақара сураси, 261-оят).
Аллоҳ таоло бу мисоли билан қилинган биттагина эҳсон эвазига битта эмас, балки, етти юз ва ундан ортиқ савоб бериши мумкинлигини билдирмоқда. Эҳсон қилувчи киши бу эҳсони эвазига фақатгина охиратда ажр олибгина қолмай, бу дунёда ҳам мукофотларга эга бўлади.
Инфоқ-эҳсон қилишнинг савоби борасида ҳадиси шарифларда ҳам жуда кўп маълумотлар бордир. Хайри-эҳсоннинг фойдаси нафақат бу дунёда балки, қабр ва қиёматда ҳам борлиги ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: إِنَّ الصَّدَقَةَ لَتُطْفِئُ عَنْ أَهْلِهَا حَرَّ الْقَبور، وَإِنَّمَا يَسْتَظِلُّ الْمُؤْمِنُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ فِي ظِلِّ صَدَقَتِهِ
(رَوَاهُ الإِمَامُ الْطَبَرَانِي)
яъни: “Албатта садақа ўз эгасини қабр иссиқлигидан сақлайди. Садақа қилувчи мўмин Қиёмат куни ўз садақаси соясида туради” (Имом Табароний ривояти).
Садақа ва эҳсоннинг барча кўринишлари, хоҳ у нафл бўлсин хоҳ фарз бўлсин, барчаси гуноҳларнинг ўчирилишига сабаб бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: اَلصَّدَقَةُ تُطْفِئُ الْخَطِيْئَةَ كَمَا يُطْفِئُ الْمُاءُ النَّارَ
(رَوَاهُ الإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ)
яъни: “...Сув оловни ўчирганидек, садақа гуноҳларни ўчиради” (Имом Термизий ривояти).
Уламолар садақани инсоннинг имони борлигини тасдиқловчи амал дейишган. Чунки хайр-эҳсон қилувчи киши ўзига бегона бўлган ва ҳеч ҳам ундан манфаъат умид қилмайдиган одамга имкониятидан келиб чиқиб бир нарсани беради. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: "اَلصَّدَقَةُ بُرْهَانٌ"
(رَوَاهُ الإِمَامُ مسلم)
яъни: “Садақа ҳужжат ва далилдир (яъни, имони борлигига)” (Имом Термизий ривояти). Демак, хайри эҳсон қилиш орқали киши яна бир бор имонини мустаҳкамлигини тасдиқловчи ҳужжатни қўлга киритган бўлади.
Хайр-эҳсон қилиш билан ҳаргиз мол озаймаслиги ҳақида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: ثَلَاثَةٌ أُقْسِمُ عَلَيْهِنَّ، وَأُحَدِّثُكُمْ حَدِيْثاً فَاحْفَظُوهُ: "مَا نَقَصَ مَالُ عَبْدٍ مِنْ صَدَقَةٍ، وَلَا ظُلِمَ عَبْدٌ مَظْلَمَةً فَصَبَرَ عَلَيْهَا، إِلَّا زَادَهُ اللهُ بِهَا عِزًّا، وَلا فَتَحَ عَبْدٌ بَابَ مَسْأَلَةٍ إِلَّا فَتَحَ اللهُ عَلَيْهِ بَابَ فَقْرٍ"
(رَوَاهُ الإِمَامُ أَحْمَدُ وَالإِمَامُ ابْنُ مَاجَهْ)
яъни: “Уч нарсага қасам ичаман: “Банданинг моли садақа ила нуқсонга учрамас. Банда бир зулмга учраса-ю, унга сабр қилса, албатта, Аллоҳ унинг иззатини зиёда қилур. Банда тиланчилик эшигини очса, албатта, Аллоҳ унга фақирлик эшигини очар”, – дедилар (Имом Аҳмад ва Имом Ибн Можа ривояти).
Хайр-эҳсон қилган кимсани ҳаққига фаришталар дуо қилишлари ҳақида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидагича марҳамат қилганлар:
قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: مَا مِنْ يَوْمٍ يُصْبِحُ العِبَادُ فِيهِ إلَّا مَلَكانِ يَنْزِلاَنِ، فَيقُولُ أحَدُهُمَا: اَللَّهُمَّ أعْطِ مُنْفِقًا خَلَفًا، وَيَقُولُ الْآخَرُ: اللَّهُمَّ أعْطِ مُمْسِكًا تَلَفًا
(مُتَّفَقٌ عَلَيهِ)
яъни: “Ҳар тонг бандалар уйғонганда икки фаришта тушади. Улардан бири: “Аллоҳим, инфоқ (нафақа-эҳсон) қилувчиларга ўрнини қоплайдиган нарса ато эт”, дейди. Иккинчиси: “Аллоҳим, хасис, зиқналарга талофот бер”, – дейди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган).
Бир куни Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳдан бир гадой пул сўраган эди, у зот бир дирҳам эҳсон қилдилар. Шунда у зотнинг баъзи дўстлари: “Бу гадойлар қовурилган гўшт ва фалузаж (ширинлик) каби таомларни истеъмол қилади. Унга бу пулнинг бир қисмини берсангиз ҳам кифоя қилар эди”, –деди. Шунда Абдуллоҳ ибн Муборак: “Худо ҳаққи, мен уларни кўкат ва нондан бўлак бирор таом истеъмол қилмайдилар, деб ўйлардим, сиз айтгандек улар фалузаж ва гўшт ейдиган бўлсалар унда уларга бир дирҳам озлик қилади”, –дедиларда ва ўз хизматкорларидан бирига: “Гадойни қайтариб келгин-да, унга ўн дирҳам бериб юбор”, – дея амр қилдилар.
Ривоят қилинишича, иши юришмаётган бир камбағал йигит донишманд шайхнинг олдига бориб, ҳаётидан арз қилиб насиҳат сўрабди. Шайх ҳазрат йигитга: “Борингдан эҳсон қилиб тургин”, – дебди. Йигит уйига келиб шайх билан бўлган суҳбатини онасига айтибди. Шунда йигитнинг онаси: “Ўғлим биз бир камбағал одамлар, ўзимиз эҳсонга муҳтож бўлсак, нимани эҳсон қилишимиз мумкин”, – дебди. Ўғил: донишманд шайх бекорга бир нарсани гапирмайди, – деб фақирона бўлсада эҳсон қила бошлабди. Орадан бир муддат вақт ўтиб шайхни бир чиройли бино соҳиби зиёфатга чақирибди. Зиёфатга борган шайхни бир вақтлар ундан насиҳат сўраган камбағал, йигит кутиб олиб: “Сизнинг насиҳатингиз туфайли Аллоҳ ризқимизни мўл-кўл қилиб берди, яна менга насиҳат қилинг”, –дебди. Шунда донишманд шайх: “Молингга ҳаром аралашмасин, молингни ҳаромга сарфламагин, молингни доимо тозалаб тургин ва жамият олдидаги масъулиятингни ёддан чиқармагин”, –деб насиҳат қилибди ва сахий йигитни ҳаққига дуо қилибди.
Муҳтарам жамоат! Баъзи бир қўли узун, бой кишиларни шундай деганларини эшитамиз: “Одамларга ҳайронман, жуда кўпчилик олдимга ҳар хил муаммолар билан келиб ёрдам сўрайди. Бировдан ёрдам сўрамасдан ўзини-ўзи эпласа бўлмайдими?!” Бундай шикоятни ўрнига бой кишилар шундай дейишлари мақсадга мувофиқ бўлар эди: “Шунча молу давлатни одамлар ичидан танлаб менга берган Аллоҳга ҳамд ва шукрлар бўлсин. Мени кўпчилик қийналган мусулмонларга ёрдам берувчи кимсалар қаторида қилди. Мени бировлардан ёрдам сўрайдиганлардан қилмади. Қўлимдан келганича, имкон қадар бировларга ёрдам бераман”. Чунки, Аллоҳ хоҳлаган кимсани бой қилади, хоҳлаганини эса камбағар қилади. Бойни муҳтож ва муҳтожни бой қилиш Аллоҳга ниҳоятда осондир. Шундай экан, бировга ёрдамимиз тегишидан хурсанд бўлишимиз ва мана шундай мартабани берган Аллоҳга доимо ҳамд айтиб, бу эзгу ишда пешқадам ва бардавом бўлишимиз керак. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:
قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: "مَنْ نَفَّسَ عَنْ مُؤْمِنٍ كُرْبَةً مِنْ كُرَبِ الدُّنْيَا، نَفَّسَ اللَّهُ عَنْهُ كُرْبَةً مِنْ كُرَبِ يَوْمِ الْقِيَامَةِ، وَمَنْ يَسَّرَ عَلَى مُعْسِرٍ، يَسَّرَ اللَّهُ عَلَيْهِ فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ، وَمَنْ سَتَرَ مُسْلِمًا، سَتَرَهُ اللَّهُ فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ، وَاللَّهُ فِي عَوْنِ الْعَبْدِ، مَا كَانَ الْعَبْدُ فِي عَوْنِ أَخِيهِ (رَوَاهُ الإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ).
яъни: “Ким бир мўминдан дунё машақатларидан бирини аритса, Аллоҳ таоло қиёмат куни унинг машаққатларидан бирини аритади. Ким бир камбағалнинг ишини енгиллатса, Аллоҳ унинг бу дунёю охират ишларини енгиллатади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ унинг айбини дунёю охиратда беркитади, модомики киши биродарини ёрдамида экан, Аллоҳ уни ёрдамидадир” (Имом Термизий ривояти).
Маълумки, инсон вафот этганидан сўнг унинг савоб ва гуноҳ амаллари ёзилиб турадиган ҳисоб-китоб дафтари ёпилади. Қуйидаги ҳадиси шарифда вафот этгандан кейин ҳам савоби узлуксиз бориб турадиган амаллар ҳақида сўз кетмоқда:
قَالَ رَسُوَلُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "إِذَا مَاتَ الْإِنْسَانُ انْقَطَعَ عَنْهُ عَمَلُهُ إِلَّا مِنْ ثَلَاثَةٍ، إِلَّا مِنْ صَدَقَةٍ جَارِيَةٍ، أَوْ عِلْمٍ يُنْتَفَعُ بِهِ، أَوْ وَلَدٍ صَالِحٍ يَدْعُو لَهُ" (رَوَاهُ الإِمَامُ مسلم).
яъни: Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Инсон вафот этса ҳамма амали тўхтайди. Фақат ҳаётлик вақтида қилган учта амалининг савоби етиб туради. Улар: садақаи жория, фойдали илм, (ота-она ҳаққига) дуо қиладиган солиҳ фарзанд” (Имом Муслим ривояти).
Садақаи жория – кўпчиликка фойдаси тегиб турадиган хайрия ишлар бўлиб, бундай ишларнинг савоби эгасига тўхтовсиз ёзилиб туради. Масалан, киши Аллоҳ таоло томонидан берилган ҳаёти давомида халқ манфаат топадиган турли илм даргоҳлари, масжид, мадраса, шифохона, кўприк, йўллар барпо этиши ҳамда шунга ўхшаш эзгу ишларни амалга ошириши садақаи жория ҳисобланади.
Барчамизга маълумки, сўнги йилларда муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан халқимизни узоғини яқин қиладиган, кўрганда кўз қувнайдиган, кенг йўллар ва замонавий кўприклар қурилди ва қурилмоқда. Шунингдек, муқаддас қадамжолар ва буюк алломаларимизнинг мақбаралари обод қилинди. Бир қанча мактаб, боғча, шифохоналар ва ҳоказо муассасаларни қуриш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Буларни барчаси ҳадисда мақталган садақаи жория амалларидан ҳисобланади. Демак, мана шундай умумманфаат ишларда иштирок этганлар, охиратлари учун садақаи жорияни захира қилган бўладилар!
Муҳтарам жамоат! Қуйида эҳсон қилувчида топилиши керак бўлган одоблардан баъзиларини зикр қилиб ўтамиз.
- Аввало хайр-эҳсонни Аллоҳ таолонинг розилиги учун қилиш, унга риё (биров кўрсин) ва сумъани (биров эшитсин) аралаштирмаслик;
- Хайр-эҳсонни ҳалол-пок ва ўзи яхши кўрган молдан қилиш;
- Хайр-эҳсонни қариндош ва яқинлардан бошлаш;
- Хайр-эҳсони билан ғурурланмаслик, ўзига бино қўймаслик;
- Миннат ва шу каби хайр-эҳсоннинг савобини кетгазадиган амаллардан сақланиш;
- Хайр-эҳсонни ошкор қилмай, махфий ҳолда қилиш, аммо ўзгаларга ибрат маъносида ошкор қилса бўлади;
- Хайр-эҳсонни очиқ юз билан, чин кўнгилдан, хурсанд бўлиб бериш;
- Хайр-эҳсон қилиш нияти пайдо бўлиши билан, уни кечиктирмай, тезроқ ҳақли кишига етказиш;
- Оз бўлса ҳам хайр-эҳсон қилишда бардавом бўлиш;
- Хайр-эҳсонни имкон қадар тириклик пайтида қилиш.
- Эҳсонни мустаҳиқ кишиларга бериш.
Таъкидлаб ўтиш лозимки, эҳсоннинг маъноси яхшилик қилиш демакдир. Зеро, эзгу ишларга сарф қилинмаган, балки гуноҳ ва маъсият, одамлар орасини бузиш, ўртага зиддият ва адоват солишга сабаб бўладиган ишларга мол-мулк сарфлаш эҳсон дейилмайди ва у Аллоҳнинг ҳузурида қабул бўлмайди. Албатта, эҳсонни ўз жойига тушишида бизга маҳалла фуқаролар йиғини яқиндан ёрдам беради. Чунки улар маҳалла фуқароларининг оилавий шароити, беморлари, ногиронлари, муҳтож ва талабаларини яхши биладилар.
Аллоҳ таоло барчамизни эҳсон қилгувчи, сахий ва кўпчиликка ёрдами тегадиган кимсалар қаторидан қилиб, уларга ваъда қилинган савоб ва фазилатларидан барчамизни баҳраманд айласин! Омин!
Жумадан жумагача
Ассалому алайкум! Ҳушхабар! Энди сиз ҳафталик янгиликлар тўпламини аудоформат орқали ҳам эшитишингиз мумкин! Жумадан жумагача бўлган хафта давомидаги янгиликлар билан танишинг!
Ўзбекистонлик имомлар ал-Азҳар университетида касб-маҳоратини оширади
11-октябр куни ташриф буюрган Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари, шайх Аҳмад Муҳаммад Тоййиб бошчилигадаги делегация юртимизда жойлашган бир нечта тарихий обидаларнир зиёр қилди ва ташриф давомида Ўзбекистон ва Миср давлатлари ўртасида диний-маърифий соҳада бир нечта меморандум ва шартномалар имзоланди. Жумладан энди мамалакатимиз имомлари ал-Азҳар университетида касб-маҳоратини ривожлантиришга қаратилган курсларда малака оширади.
Йўлдошбек қори беллашувда иккинчи ўринни олди
Саудия Арабистонининг Мадина шаҳридаги Масжидун Набавийда 40 йилдан бери илк бор Қуръон ҳифзи, тиловати ва тафсири йўналишларида халқаро мусобақа бўлиб ўтди. Ушбу халқаро Қуръон мусобақасида Ўзбекистон вакиллари ҳам иштирок этди.
Масжидул Ҳаром имомларининг тиловатларига тақлид қилиш бўйича ўтказилган норасмий беллашувда вакилларимиздан, “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси - 2018” танловининг “Олий ўрин” соҳиби, қирол Абдул Азиз халқаро мусобақасининг 30 порани ёддан ўқиш йўналиши иштирокчиси Йўлдошбек қори Нуриддинов иккинчи ўринни эгаллади.
“Илм йўлида кўмак берамиз” хайрия акциясининг тақдирлаш тадбири ўтказилди
13 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан эълон қилинган «Илм йўлида кўмак берамиз» номли диний таълим муассасалари талабаларининг тўлов-контрактларини тўлаб бериш ишлари бўйича хайрия акцияси тадбири ўтказилди. Маросимда диний таълим муассасаларининг энг иқтидорли 39 нафар талабаларининг контракт пуллари тўлаб берилди. Шунингдек, Қуръони каримни тўлиқ ёд олган иқтидорли 15 нафар талаба энг кам иш ҳақининг 10 бараварида пул мукофоти ҳамда мутасадди ташкилотларнинг қимматбаҳо ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Покистонлик дин уламолари Сурхондарёга келди
Ўтган хафта 14 октябрь куни Покистон Ислом Республикасидан 50 га яқин ислом дини уламолари Сурхондарё вилоятига ташриф буюрди. Меҳмонлар Термиз туманидаги Х асрда қурилган Султон Саодат мажмуаси ҳамда аллома Ҳаким ат-Термизий зиёратгоҳида бўлишиб, бу ердаги тарихий ёдгорликлар ва музейлар билан яқиндан танишишди. Меҳмонлар ташриф давомида Қашқадарё, Самарқанд ва Бухородаги зиёратгоҳлар ва диний таълим муассасаларигаҳам ташриф буюришди.
Ўзбекистон делегацияси Сибирда
Ўзбекистонлик диний уламолар Россия Федерациясининг Сибир ўлкасига Новосибир мусулмонлари идораси таклифига биноан хизмат сафарига юборилдилар. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов бошчилигидаги делегация аъзолари Новосибир мусулмонларига диний-маърифий мавзуларда маърузалар қилиш, маҳаллий аҳоли ва меҳнат мигрантлари билан учрашувлар ўтказиш мақсадида ташриф буюрдилар.
Муфтий ҳазратлари Ислом олами уюшмаси Олий кенгашида иштирок этади
18 октябрь куни Маккаи мукаррама шаҳрида Ислом олами уюшмаси Олий кенгашининг 43-сессияси ўз ишини бошлади. Тадбирнинг дастлабки нотиқлари қаторида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари нутқ сўзладилар. Анжуман ишида Сурия, Ироқ, Филиппин давлатларида тинчлик ва осойишталикни таъминлашга оид масалалар кўриб чиқилади. Шунингдек, Уюшма Олий кенгашининг бир йиллик ҳисоботи ҳам тақдим этилади.
Британия музейида Ислом маданияти кўргазмаси иш бошлади
Лондондаги Британия музейида “The Islamic world” – “Ислом дунёси” деб номланувчи иккита янги кўргазма зали ташкил этилди. “Ал-Бухорий галереяси” деб номланган кўргазмадан эрамиздан олдинги VII аср ва ҳозирги даврга қадар бўлган Шарқ тасвирий санъатига доир тарихий асарлар ва турли қадимги экспонатлар жой олган. Улар орасида ғарбий Африка ва жануби-шарқий Осиё ҳудудларига тегишли санъат асарлари, Усмонийлар империяси тарихий ашёлари ҳам бор. Кўргазма 18 октябрдан иш бошлади.
Индонезияда Қуръони каримни ўқитиш бўйича форум ўтказилди
Бутун дунё Ислом уюшмаси (Робитат ал-олам ал-исломий), дунё “Китоб ва суннат” кенгашлари ҳамда Индонезиядаги Қуръони каримни ўргатиш институти “Дор ал-Қуръон” билан ҳамкорликда “Индонезияда Қуръонни ўқитиш” мавзусидаги бешинчи форумни ўтказди.
“Энг маърифатли имом” танловининг вилоят босқичлари ўтказилди
“Энг маърифатли имом” Республика танловининг Наманган, Қашқадорё, Навоий ва Бухоро вилоятларида 2-босқичи ўтказилиб кейинги босқичга йўлланмани қўлга киритган имом-хатиблар ташкилотчилар томонидан тақдирланди.
Энди эса хафта давомида тақдим этилган танланган мақолаларнинг қисқача анонси билан танишинг:
Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга икки оёғи орасидаги нарсанинг ва икки жағи орасидаги нарсанинг (яхшилашни) кафолатини берса, мен унга жаннатнинг кафолатини бераман”, дедилар. Ушбу ҳадис шарҳи билан батафсил “Ёмон суҳбатдошдан ёлғизлик яхши” мақоласи орқали билиб оласиз.
“Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина мадад сўраймиз”. Мазкур оят шархи ва Аллоҳнинг биз мўминларга беражак мадади хусусида “Мадад Аллоҳдандир” мақоласи орқали батафсил танишасиз
“Агар бола ота-онасини ҳақорат қилса, ранжитса, жазаваси тутиб қолса буни кечириш керак эмас”. Бола тарбиялашнинг 10 та принципи мақоласи орқали фарзанд тарбиясидаги энг муҳим 10 муаммо ва қоида ҳақида маълумотга эга бўласиз.
Унутманг муслим.уз жамоаси сизни комиллик сари етаклайди.
Биз сиз учун ижод қиламиз.
ЎМИ Матбуот хизмати
Африкада Қуръон анжумани
Уганда пойтахти Кампала шаҳрида шу йилнинг 23-26 октябрь кунлари Шарқий Африка давлатларида Қуръон муассасаларининг фаолиятини ошириш ва тарбиянинг мўътадиллик (васатия) ни амалга оширишдаги ролини мустаҳкамлашга қаратилган анжуманни ўтказишга мезбонлик қилади.
Ислом ҳамкорлик ташкилоти таркибидаги муассасалардан бири – Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Халқаро ислом ташкилоти – АЙСЕСКО (ISESCO) ташкилоти, Қуръон ва суннатга оид халқаро илмий Ҳайъат билан Уганда Республикасидаги Убай бин Каъб номли Ислом маъҳади ўртасида ҳамкорликда ташкил этиладиган мазкур анжумандан Африкадаги Қуръон муассасалари ҳолатини ўрганиб чиқиш, муассасаларнинг илмий, тарбиявий ва молиявий муаммолар ечимини топиш, Қуръон таълимотини етук тажрибалар асосида такомиллаштиришга оид таклифлар билан танишиш, Қуръон каримни таълим беришда замонавий янги технологик воситалардан фойдаланишни йўлга қўйиш ва бу борада муваффақиятли тажрибалардан фойдаланиш ва бошқа шу каби мавзулар тўғрисида фикр алмашиш мақсад қилинган.
Анжуман ишида Африка давлатларидаги Қуръон муассасаларидан 50 га яқин масъуллар иштирок этади.
Халқаро алоқалар бўлими ходими
Илёсхон Аҳмедов тайёрлади