Янгиликлар

Жумадан жумагача

Ассалому алайкум! Ҳушхабар! Энди сиз ҳафталик янгиликлар тўпламини аудоформат орқали ҳам эшитишингиз мумкин! Жумадан жумагача бўлган хафта давомидаги янгиликлар билан танишинг! 

Ўзбекистонлик имомлар ал-Азҳар университетида касб-маҳоратини оширади

11-октябр куни ташриф буюрган Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари, шайх Аҳмад Муҳаммад Тоййиб бошчилигадаги делегация юртимизда жойлашган бир нечта тарихий обидаларнир зиёр қилди ва ташриф давомида Ўзбекистон ва Миср давлатлари ўртасида диний-маърифий соҳада бир нечта меморандум ва шартномалар имзоланди. Жумладан энди мамалакатимиз имомлари ал-Азҳар университетида касб-маҳоратини ривожлантиришга қаратилган курсларда малака оширади.

Йўлдошбек қори беллашувда иккинчи ўринни олди

Саудия Арабистонининг Мадина шаҳридаги Масжидун Набавийда 40 йилдан бери илк бор Қуръон ҳифзи, тиловати ва тафсири йўналишларида халқаро мусобақа бўлиб ўтди. Ушбу халқаро Қуръон мусобақасида Ўзбекистон вакиллари ҳам иштирок этди. 
Масжидул Ҳаром имомларининг тиловатларига тақлид қилиш бўйича ўтказилган норасмий беллашувда вакилларимиздан, “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси - 2018” танловининг “Олий ўрин” соҳиби, қирол Абдул Азиз халқаро мусобақасининг 30 порани ёддан ўқиш йўналиши иштирокчиси Йўлдошбек қори Нуриддинов иккинчи ўринни эгаллади.  

“Илм йўлида кўмак берамиз” хайрия акциясининг тақдирлаш тадбири ўтказилди

13 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан эълон қилинган «Илм йўлида кўмак берамиз» номли диний таълим муассасалари талабаларининг тўлов-контрактларини тўлаб бериш ишлари бўйича хайрия акцияси тадбири ўтказилди. Маросимда диний таълим муассасаларининг энг иқтидорли 39 нафар талабаларининг контракт пуллари тўлаб берилди. Шунингдек, Қуръони каримни тўлиқ ёд олган иқтидорли 15 нафар талаба энг кам иш ҳақининг 10 бараварида пул мукофоти ҳамда мутасадди ташкилотларнинг қимматбаҳо ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Покистонлик дин уламолари Сурхондарёга келди

Ўтган хафта 14 октябрь куни Покистон Ислом Республикасидан 50  га яқин ислом дини уламолари Сурхондарё вилоятига ташриф буюрди. Меҳмонлар Термиз туманидаги Х асрда қурилган Султон Саодат мажмуаси ҳамда аллома Ҳаким ат-Термизий зиёратгоҳида бўлишиб, бу ердаги тарихий ёдгорликлар ва музейлар билан яқиндан танишишди. Меҳмонлар ташриф давомида Қашқадарё, Самарқанд ва Бухородаги зиёратгоҳлар ва диний таълим муассасаларигаҳам ташриф буюришди.

Ўзбекистон делегацияси Сибирда

Ўзбекистонлик диний уламолар Россия Федерациясининг Сибир ўлкасига Новосибир мусулмонлари идораси таклифига биноан хизмат сафарига юборилдилар. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов бошчилигидаги делегация аъзолари Новосибир мусулмонларига диний-маърифий мавзуларда маърузалар қилиш, маҳаллий аҳоли ва меҳнат мигрантлари билан учрашувлар ўтказиш мақсадида ташриф буюрдилар. 

Муфтий ҳазратлари Ислом олами уюшмаси Олий кенгашида иштирок этади

18 октябрь куни Маккаи мукаррама шаҳрида Ислом олами уюшмаси Олий кенгашининг 43-сессияси ўз ишини бошлади. Тадбирнинг  дастлабки нотиқлари қаторида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари нутқ сўзладилар. Анжуман ишида Сурия, Ироқ, Филиппин давлатларида тинчлик ва осойишталикни таъминлашга оид масалалар кўриб чиқилади. Шунингдек, Уюшма Олий кенгашининг бир йиллик ҳисоботи ҳам тақдим этилади.  

Британия музейида Ислом маданияти кўргазмаси иш бошлади

Лондондаги Британия музейида “The Islamic world” – “Ислом дунёси” деб номланувчи иккита янги кўргазма зали ташкил этилди. “Ал-Бухорий галереяси” деб номланган кўргазмадан эрамиздан олдинги VII аср ва ҳозирги даврга қадар бўлган Шарқ тасвирий санъатига доир тарихий асарлар ва турли қадимги экспонатлар жой олган. Улар орасида ғарбий Африка ва жануби-шарқий Осиё ҳудудларига тегишли санъат асарлари, Усмонийлар империяси тарихий ашёлари ҳам бор. Кўргазма 18 октябрдан иш бошлади.

Индонезияда Қуръони каримни ўқитиш бўйича форум ўтказилди

Бутун дунё Ислом уюшмаси (Робитат ал-олам ал-исломий), дунё “Китоб ва суннат” кенгашлари ҳамда Индонезиядаги Қуръони каримни ўргатиш институти “Дор ал-Қуръон” билан ҳамкорликда “Индонезияда Қуръонни ўқитиш” мавзусидаги бешинчи форумни ўтказди.

“Энг маърифатли имом” танловининг вилоят босқичлари ўтказилди

“Энг маърифатли имом” Республика танловининг Наманган, Қашқадорё, Навоий ва Бухоро вилоятларида 2-босқичи ўтказилиб кейинги босқичга йўлланмани қўлга киритган имом-хатиблар ташкилотчилар томонидан тақдирланди.

Энди эса хафта давомида тақдим этилган танланган мақолаларнинг қисқача анонси билан танишинг:

Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга икки оёғи орасидаги нарсанинг ва икки жағи орасидаги нарсанинг (яхшилашни) кафолатини берса, мен унга жаннатнинг кафолатини бераман”, дедилар. Ушбу ҳадис шарҳи билан батафсил “Ёмон суҳбатдошдан ёлғизлик яхши” мақоласи орқали билиб оласиз.

Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина мадад сўраймиз. Мазкур оят шархи ва Аллоҳнинг биз мўминларга беражак мадади хусусида “Мадад Аллоҳдандир” мақоласи орқали батафсил танишасиз

“Агар бола ота-онасини ҳақорат қилса, ранжитса, жазаваси тутиб қолса буни кечириш керак эмас”. Бола тарбиялашнинг 10 та принципи мақоласи орқали фарзанд тарбиясидаги энг муҳим 10 муаммо ва қоида ҳақида маълумотга эга бўласиз.

 

Унутманг муслим.уз жамоаси сизни комиллик сари етаклайди.

 Биз сиз учун ижод қиламиз.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3171 times

Янгиликлар

Top