muslim.uz

muslim.uz

14 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида “Ўзбекистон – диний маърифат ва қадриятлар юрти” мавзусида дин соҳасида юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Дин ишлари бўйича қўмита томонидан ташкил этилган ушбу тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон ислом академияси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, илмий мактаблар раҳбар ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Анжуманда мамлакатимизда диний соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда диний таълим йўналишида амалга оширилаётган ижобий ишлар юзасидан маълумотлар берилди. Сўзга чиққан нотиқлар бугунги кунда халқимизнинг имон-эътиқодини мустаҳкамлаш, диний саводхонлигини ошириш, Ислом таълимотини кенг тарғиб этиш, ёшларни дину диёнатли қилиб тарбиялаш ва жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш йўлида олиб борилаётган ишлар ҳақида фикр билдирдилар.

Матбуот анжумани ҳақида кейинроқ батафсил маълумот берамиз.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Германиядаги Оснабрюк университети жорий йилнинг 20 сентябрь куни “Таълим ва исломшунослик соҳасидаги янги кўрсатмалар” мавзусидаги илмий анжуманни ташкиллаштиришини маълум қилди.

Ушбу анжуманни ўтказишга Оснабрюк университети қошидаги Ислом шариати муассасаси бош бўлади ва  у уч кун давом этади.

Анжуманни ўтказишдан Ислом тарихи ва меросининг янги талқинларига (изоҳли таржималари) доир янги йўриқномаларни ишлаб чиқиш ҳамда бу борада турли соҳалардаги етук мутахассислар иштирокидаги мулоқотни уюштириш учун муносиб вақт белгилаш мақсад қилинган.

 Анжуман давомида бир қатор мавзулар, жумладан, Қуръон карим маъноларининг изоҳли таржималари, ҳадисшунослик, диний таълимнинг психологияга боғлиқлиги, Исломда ҳуқуқий мафкура ва Ислом шариатига оид мавзулар муҳокама қилиниши кўзда тутилган.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Ўзбекистон Суперлигасининг 8-тур беллашувларининг вақти аниқ бўлди ва улар «Спорт» телеканалининг ҳафталик дастурига киритилди. Бу ҳақда "tribuna.uz" хабар тарқатди.

Манба берган хабарга кўра, ўйинларнинг барчаси иш вақтидан сўнг бошланади.

25 апрелдан бошлаб эса вақтлар ярим соатга сурилади. ПФЛ, шунингдек, яқинлашиб келаётган Рамазон ойида ҳам вақтлар масаласига ўзгартириш киритишни режалаштирган. Бунда рўзадорларнинг оғиз очиш вақти ва бошқа масалаларга эътибор қаратиш кўзда тутилгани маълум қилинди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Чилининг Сантяго шаҳридаги Ас-Салом масжиди ушбу ҳудудда барпо этилган масжидлардан биридир. 2016 йилда Туркия президентининг Чилига ташрифи чоғида ушбу масжидни капитал таъмирлашга келишилган эди.

Масжиднинг биноси 1989 йилда қурилган. Қайта таъмирланган масжиднинг очилиш маросими шу кунларда бўлиб ўтди.

Масжид қайта таъмирланиб Чилидаги 3 мингдан ортиқ мусулмонга тақдим этилди. Мусулмонлар Чили аҳолисининг 0,02 фоизини ташкил этсада мамлакатда бир қатор исломий ташкилотлар ишлайди. Сантягодаги Ас-Салом масжиди, Икикедаги Билол масжиди ва Кокимбодаги Муҳаммад VI маданий маркази шулар жумласидандир.

Чилига мусулмонлар испан мустамлакачилик пайтида кириб келган. Диего де Алмагро экспедиция таркибида Педро де Гаско исмли испаниялик мусулмон бўлгани айтилган.

Катта жамоалар 1856 йилда усмонлилар империяси ҳудудидаги араблар билан кела бошлаган.

Чилидаги дастлабки мусулмон жамоаси 1926 йилнинг 25 сентябрида иашкил этилган Sociedad Union Musulmana деб номланган.

Ас-Салам масжиди эса 1989 йилда Малайзия шахзодаси иштирокида очилган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Мусо алайҳиссалом даврида Мисрда раҳбарлик қилган кимсани Фиръавн деб атаган. Яъни ўша пайтда Мисрда раҳбарлик қилганларни умумий равишда фиръавнлар деб атаган.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

وَنَادَى فِرْعَوْنُ فِي قَوْمِهِ قَالَ يَا قَوْمِ أَلَيْسَ لِي مُلْكُ مِصْرَ وَهَذِهِ الْأَنْهَارُ تَجْرِي مِن تَحْتِي أَفَلَا تُبْصِرُونَ

“Фиръавн ўз қавмига: “Эй қавмим! Миср мулки ва мана бу остимдан оқиб турган анҳорлар меники эмасми?! Кўрмаяпсизларми?!” (Зухруф сураси, 51-оят).

Тарихдан ҳам маълумки, қадимги асрларда Мисрда ҳокимлик қилганларни фиръавнлар деб аталган. Тарих қадимий Миср етакчиларини фиръавнлар деяпти. Қуръони Карим ҳам уларни фиръавнлар деб атади.

Аммо Юсуф сурасини ўқисак, унда Юсуф алайҳиссаломнинг Мисрда бошларидан ўтган қиссалари зикр қилинган. Қуръони Карим ўша пайтдаги Миср раҳбарига фиръавн атамасини ишлатмаган. Балки уни малик (шоҳ, подшоҳ) деб атаган.

Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай деган:

وَقَالَ الْمَلِكُ ائْتُونِي بِهِ أَسْتَخْلِصْهُ لِنَفْسِي فَلَمَّا كَلَّمَهُ قَالَ إِنَّكَ الْيَوْمَ لَدَيْنَا مِكِينٌ أَمِينٌ

“Подшоҳ: “Уни менга келтиринглар, уни ўзимга хос кишилардан қилиб оламан", деди. У билан гаплашганда эса: “Албатта, сен бугунги кунда ҳузуримизда маконатли ва ишончли кишилардансан”, деди”. (Подшоҳга Юсуфнинг (а.с.) пок эканликлари маълум бўлганидан сўнг, уни қамоқдан чиқариб олиб келишни ва у зотни ўзига хос кишилардан қилиб олишини айтди.) (Юсуф сураси, 54-оят).

Яна бир оятда бундай деган:

وَقَالَ الْمَلِكُ إِنِّي أَرَى سَبْعَ بَقَرَاتٍ سِمَانٍ يَأْكُلُهُنَّ سَبْعٌ عِجَافٌ وَسَبْعَ سُنبُلاَتٍ خُضْرٍ وَأُخَرَ يَابِسَاتٍ يَا أَيُّهَا الْمَلأُ أَفْتُونِي فِي رُؤْيَايَ إِن كُنتُمْ لِلرُّؤْيَا تَعْبُرُونَ

“Подшоҳ: “Мен тушимда еттита семиз сигирни еттита ориқ сигир еяётганини ва еттита яшил бошоқни ва шунча қуруғини кўрмоқдаман. Эй аъёнлар, агар туш таъбирини қиладиган бўлсангиз, менга тушимнинг фатвосини беринг”, деди”. (Миср подшоҳининг “кўрмоқдаман” деб айтишидан мазкур тушни бир эмас, бир неча марта кўрганлиги маълум бўлади. У фақат шу тушни кўраверганидан кейин аъёнларини тўплаб, уларга тушини айтган ва таъбир қилишларини сўраган.) (Юсуф сураси, 43-оят).

Демак, Қуръондан шу нарсани билдикки, Юсуф алайҳиссалом Мисрда яшаганлар. У киши Мисрда яшаган пайтларида Миср раҳбарининг номи бошқача бўляпти. Қуръон уларни фиръавнлар демади, балки, малик деди.

Даврлар ўтиб,  “Рашид тоши” (1799 йилда Мисрда, Искандариядан узоқ бўлмаган  Розетта (ҳозирда Рашид) шаҳридан топилган гранит плита. Унда маъно жиҳатидан бир хил бўлган учта матн битилган. Шулардан иккитаси қадимги Миср тилида, биттаси қадимги грек тилида. 1802 йилдан “Рашид тоши” Британия музейида сақланади. Тошнинг баландлиги 114,4 см, кенглиги 72,3 см ва қалинлиги 27,9 см. Оғирлиги тахминан 760 кг) кашф қилиниб, ундаги қадимги Миср ёзуви ўрганилгач, Юсуф алайҳиссалом Мисрда Гиксослар Мисрни ишғол қилган пайтда яшаганлари маълум бўлди.

Гиксослар турли қабилалардан ташкил топган саҳройи кўчманчилар номи бўлиб, улар Мисрни босиб олиб, ҳукмронлик қилишган. Улар фиръавнлардан бўлишмаган. Уларнинг ҳокимларини, раҳбарларини Малик (шоҳ, подшоҳ) деб юритилган. Фиръавн деб юритилмаган. Мисрликлар гиксосларни қувиб чиқаргандан кейин яна фиръавнлар ҳокимият тепасига келишган.

Хўш, ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ўша патда ҳеч ким билмаган бу тарихий ҳақиқатларнинг хабарини берган?! Ваҳоланки, олам бу маълумотларни “Рашид тоши” кашф этилганидан кейингина билди.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Юсуф алайҳиссаломнинг гиксослар даврида, Мусо алайҳиссаломнинг фиръавнлар даврида яшаганларини қаердан билдилар?! Албатта, бу хабарни у кишига Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Ўзи билдиргандир!

 

 

Шайх Муҳаммад Мутаваллий

Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг

“Ал-Адилла ал-мааддийя ала вужудиллаҳ”

номли асаридан Нозимжон Иминжонов таржимаси

ЎМИ Матбуот хизмати

Мақолалар

Top