muslim.uz

muslim.uz

vendredi, 26 janvier 2018 00:00

Улул азм пайғамбарлар

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Аҳқоф сурасида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб: «Бас, (эй Муҳаммад!) Сиз ҳам матонатли пайғамбарлар сабр қилганларидек сабр қилинг...» деган (35-оят).

«Улул азм», яъни азму матонат соҳиби бўлган пайғамбарлар:

  1. Одам алайҳиссалом;
  2. Нуҳ алайҳиссалом;
  3. Иброҳим алайҳиссалом;
  4. Мусо алайҳиссалом;
  5. Исо алайҳиссалом;
  6. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам.

Бу буюк пайғамбарлар ҳар бирларининг бошларига имон йўлида, дину диёнат йўлида қанчадан-қанча кулфатлар ёғилган. Лекин улар сабр-матонатда зарбулмасал бўлганлар. Бу ҳақиқатни кўпчилик, жумладан, Муҳаммад алайҳиссалом ва у зотнинг умматлари ҳам яхши билишади. Шунинг учун ўз даврида Макка мушрикларининг қаршиликларига учраб қийин ҳолга тушганларида «улул азм» номини олган буюк пайғамбарлардан ўрнак олишга чақириляптилар.

«Бас, (эй Муҳаммад!) Сиз ҳам матонатли пайғамбарлар сабр қилганларидек сабр қилинг...» У зоти бобаракот бу илоҳий амрга амал қилдилар ва ўзлари ҳам «улул азм» пайғамбарлар сафидан ўрин олишга муяссар бўлдилар.

 

«Сунний ақийдалар»дан олинди 

ЎМИ Матбуот хизмати

vendredi, 26 janvier 2018 00:00

Асабингизни асранг!

Инсон асабийлашса мия, жигар, буйрак ва юракка озуқа ташувчи йўллар бўғилади. Кўз қорачиғи кенгайиб, юрак уриши тезлашади. Бундай вақтда жигардан углеводлар (зарарли суюқлик) ажрала бошлайди. Аъзоларнинг бундай пала-партиш ишлаши кўп касалликларнинг (стенокардия, инфаркт, инсулт) келиб чиқишига сабаб бўлади.

Очиқ чеҳрали, босиқ, вазмин одамлар руҳан ва жисмонан тетик бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазабланган пайтда ўтириб олишни, яна босилмаса, ётиб олишни ёки таҳорат янгилаб, икки ракат намоз ўқишни тавсия қилганлар.

Асаб толаларининг узилиши аъзоларимиздаги озиқ моддалар камайишига, ҳолсизликка олиб келади. Масалан, жисмимизда калций моддаси етишмаса, мушакларимиз оғриб, суякларимиз мўрт бўлиб қолиши мумкин. Юзимизга табассум қайтиши биланоқ, миямиз тажангликни сўндирувчи моддалар ишлаб чиқара бошлайди.

Мунтазам бадантарбия қилиш, очиқ ҳавода айланиш, айниқса, уйқуга ётишдан олдин беш-ўн дақиқа юриш жуда фойдали. Табиат қўйнига чиқиб завқланиш, вақти-вақти билан тоза сув ҳавзаларида чўмилиб туриш ҳам керак. Шунингдек, озуқага бой овқатларни меъёрида ейиш яхши. Эзгу ният, чиройли сўз, яхши амал, ота-она, қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар билан яхши муносабат ҳам асабларимизга тинчлик беради, мустаҳкамлайди. Демак, имкон борича турли асаббузарликларнинг олдини олишга интилишимиз, яхшиликка ишонч, келажакка умид билан яшашга ўрганишимиз зарур.

Парда ЖЎРАев,

кардиолог

vendredi, 26 janvier 2018 00:00

Муҳофаза қўрғони

Руҳий тарбия

Юрак –  қалъа. Шайтон эса бу қалъага ҳукмронлик қилмоқчи бўлган душман. Қалъа дарвозалари қўриқланиб, бузилган жойлари таъмирлангандагина душмандан муҳофаза қилинади. Душман кирадиган эшикларни қандай қўриқлашни билмаганлар, унга асир бўлишга, васвасаларига учишга маҳкумдирлар.

Қалбни шайтоннинг васвасаларидан муҳофаза қилиш ҳар бир мусулмон учун фарзи айн. Шайтоннинг қалбга кириш йўллари ва эшиклари кишининг салбий сифатлари ва ёмон феъл-атвори устига қурилади.

Душманимиз бўлган шайтон: “Мен унчалик нодон эмасман. Мўмин кишини бирдан куфрга васваса қилмайман. Мен уни аввал ҳалол шаҳватга – орзу истакларга ҳарис (очкўз) қилиб қўяман, бу нарсага ташна бўлгач, унда ҳавоий нафс ғолиб келади ва қувватланади. Шундан кейингина уни гуноҳ ишларга васваса қилиш менга осон бўлади. Сўнгра мен уни куфрга васваса қиламан” дейиши ҳақида улуғларимиз кўп таъкидлашган.

– Қалб учун қай бири зарарлироқ қулоқми ёки кўз? деб сўрашибди Афлотундан.

Файласуф:

– Кўз ила қулоқ қалб учун бир қушнинг икки қаноти кабидир. Қуш фақат қўш қанот билан уча олади. Қулоқ эшитган ҳаром нарсалар ва кўз кўрган ҳаром нарсалар қалбга бир хил даражада зарарлидир.

Ҳазрати Али: “Кўз шайтоннинг тузоқларидир. Вужудга энг шиддатли таъсир ўтказувчи аъзо кўздир. Ким Раббига итоат қилиб, аъзосини нафсининг эътиборидан қолдирса, ният қилгани амалига етишади. Ким дунё завқларига тўйиш учун, аъзосини нафсининг эътиборида қолдирса, ниятидаги яхшиликларини ўзи бекор қилган бўлади”, деганлар.

Дунёга сиғиниб, кайфиятга қараб яшайдиган инсонларнинг қалбига ҳақиқат севгиси кирмайди. Қалбларнинг ҳақиқатни англашдан йироқлигига яна бир сабаб банданинг ўзгалар билан машғуллигидир.

Ҳадиси шарифда: “Кимки “забзаб”ини (жинсий аъзо), “лақлақ” (тил)ини ва “қобқоб” (қорни)ни ёмонлигидан сақланса, демак, у барча ёмонликдан ҳимояланибди” (Шуабул Имом Байҳақий ривояти).

Қалбни фалокатга бошлайдиган йўллар кўп. Шулардан баъзилари:

  1. Мол-дунёга зиёда меҳр. Зарурат миқдоридан ортиқ фойдаланиш;
  2. Обрў-эътибор ва мансаб. Қалбни ундан йироқ тутиб, оғизга тушиб қолишдан қочадиган, одамларнинг ўзига бўлган ихлос-ҳавасни совутиш билан машғул бўлсагина обрў мартаба тўсиғидан қутилади.
  3. Маъсият. Астойдил тавба қилмасдан ва гуноҳлардан тийилмасдан дин асроридан воқиф бўлишга интилиш.
  4. Бировнинг ҳақи. Ўзгалар ҳақини ейишни одатий ҳолга айлантириш ва ҳақ борасида хотиржам бўлиш.
  5. Уйғонгандан қайғуси дунё бўлса, Аллоҳ унинг қалбига шуларни солиб қўяди: унинг қалбига шундай фикр ташлайдики, ундан абадиян қутила олмайди, бир машғуллик ташлайдики, хайрли ишлар қилай деса, вақт тополмайди, ичига бир камбағаллик туйғуси ташлайдики, қанча топмасин барибир қаноатланмайди, сўнгсиз орзу-ҳавас берадики, ҳеч охирига етолмайди.

“Қалб очиқ кафтга ўхшайди, худди бармоқлар биттадан букилганда кафт ёпилгани каби, қалб ҳам гуноҳ содир этилганида ёпилиб боради. Ҳатто охирида буткул бекилиб қолади. Мана шу қалбнинг муҳрланишидир” (Табарий тафсири).

Давоси: 

  1. Аввало шайтоннинг васвасаларидан Аллоҳдан паноҳ сўраш: “Аъувзу биллаҳи минаш шайтонир рожийм”. Биринчи қадамни сиз ташланг: Шайтон сизга душманлик қилишидан олдин Аллоҳ таолога итоат этиш орқали шайтонга душманлик қилинг.
  2. Очлик – қалб қонини камайтириб, дилни оқартиради. Бу оқлик нурдир. Нур юракнинг ёғини эритади. Бу эриш кўнгилни юмшатади. Кўнгилнинг юмшоқлиги яхшиликларни очувчи калит, қаттиқлиги эса ҳақдан тўсувчи тўсиқдир. Қалбнинг қони қанчалик кам бўлса, душманнинг йўли шунчалик тораяди. Душманнинг йўли шаҳватларга тўла томирлар бўйлаб ўтади.

Аллоҳ наздида ҳалолдан бўлса ҳам тўйган қориндан ортиқ душманроқ душман йўқ, дейилган. Исо (алайҳиссалом): “...Қоринларингизни оч тутинг. Шояд қалбингиз Парвардигорингизни кўрса...”

  1. Сукут – уни фақат тафаккурга бағишлаш. Ҳикматнинг биринчи белгиси сукутдир ва эҳтиёжга яраша сўз айтмоқдир. Сукут донолик йўлининг бошланиши. Чунки кўп гапиришликнинг зарарлари хусусида ҳадис ва уламоларнинг номалари бисёрдир. Фаридиддин Аттор: “Кўп гапирадиганларнинг қалби касалдир. Маҳмадона, валдирайверадиган одам очиқ бир мактубга ўхшайди. Уни хоҳлаган одам ўқийверади”, деганлар.“Эй Одам фарзанди! Агар дилингда қоралик, баданингда дангасалик ва ризқингда танглик бўлса, буларнинг сабаби беҳуда ва бемаъно сўзларни кўп сўзлашингдадир” дейилади (Табарий тафсири). Эшитиш киши илмини бойитади, гапирмоқ саёзлатади. Бекорга айтилмаганки, тан касалининг асоси кўп емоқликдан, қалб касалининг асоси кўп демакликдир. “Одам боласининг ҳар бир сўзи ўзига зиён: Яхшиликка буюриш, ёмонликдан қайтариш, Аллоҳни зикр қилиш бундан мустасно” (Термизий ривояти).
  2. Зикр. Байҳақий ривоят қилган ҳадисда:Ҳар бир нарсанинг сайқали бор. Қалбнинг сайқали Аллоҳни зикр қилишдирдейилган. Қалб доимо зикр ва мушоҳада билан машғул бўлиши керак. Қалбни ҳаракатга келтириш, баданни ҳаракатга келтиришдан кўра қийинроқ, шунинг учун ҳам одамлар қалбни поклашдан кўра зоҳирий амалларга шошиб борадилар.

 

Нилуфар БОЗОРБОЙ қизи тайёрлади.

 

vendredi, 26 janvier 2018 00:00

Абдуллоҳ Субазмуний

IX-X асрларда Мовароуннаҳр ўлкасида ҳадисшуносликнинг шаклланиши, тараққий қилишига улкан хисса қўшган олимлар қаторида муҳаддис ва фақиҳ Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Яъқуб ибн Ҳорис ибн Халил Имом Ҳофиз Абдуллоҳ Субазмуний Ҳорисий Калободий (258–340 ҳ./872–952 м.) алоҳида ва ўзига хос ўринни эгаллайди.

Абу Ҳафс Насафий (ваф. 1142 й.), Абдулкарим Самъоний (ваф. 1167 й.), Абдулқодир Қураший (ваф. 1373 й.), Абдулҳай Лакнавий (ваф. 1887 й.), Ибн Қутлубуғо (ваф. 1475 й.), Ҳожи Халифа (ваф. 1609 й.), Абдулҳай ибн Имод Ҳанбалий (ваф. 1679 й.) каби олимларнинг асарларида Имом Абдуллоҳ Субазмуний, унинг илмий мероси ҳақида қисқача маълумотлар берилган, холос1.

Нажмиддин Умар Насафий (ваф. 1142 й.) «Ал-Қанд фи зикри уламои Самарқанд» асарида Субазмуний 258 ҳижрий/872 милодий йили рабиул охир ойи чоршанба куни таваллуд топган, деб ёзади2.

“Субазмуний” нисбаси туғилган жойи номидан олинган. Бу ном манбаларда турлича, масалан, “Субазйун”, “Сабазмун”, “Сабзамун” тарзида ҳам учрайди. Алломага деярли замондош олим Абдулкарим Самъонийнинг «Ал-Ансоб» асарида “Субазмун” деб аталган.

Бухоронинг Арабон даҳасида хонақоҳ услубидаги бир масжид бор. Ҳозиргача сақланган ушбу масжидни Имом Абдуллоҳ Субазмуний қурдирган ва у «Абдулло Сафедмўйи масжиди» номи билан атаб келинмоқда. Бухоро шаҳрининг 6-мавзеида «Ҳожа Абдулло Сафедмўйи» номли мозор ҳам бор.

Абдуллоҳ Субазмуний тиришқоқлиги боис фақиҳ, муҳаддис, тилшунос олим бўлиб етишади. У ўз даврида кўплаб ҳадислар биладиган катта шайх саналган. Сарой аҳли ундан доимий равишда маслаҳатлар олиб турарди. Унга «Устоз» лақабини берганлар3. Илм-фанга ташна фақиҳ Хуросон, Ироқ ва Ҳижоз шаҳарларига саёҳат қилганидан «Ал- Жаввол» (жаҳонгашта, саёҳатчи) номини ҳам олган4.

Машҳур муҳаддис Валиййуллоҳ Деҳлавий (1703-1762) «Шамсул аимма Ҳилвоний, Абу Али Насафий, Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазл ва Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Субазмуний «асҳоб ал- вужуҳ» («эътиборли кишилар») тоифасидан бўлиб, ҳанафий фақиҳлари доимо уларга таяниб иш кўрадилар», деган5.

Абдуллоҳ Субазмунийнинг муҳаддис устозлари орасида ҳофизлар6, айниқса, ҳанафий мазҳаби ҳадис илмининг ривожланиши ва кенг ёйилишида алоҳида хизмат кўрсатган уламолар кўпчиликни ташкил этади.

Аллома сафарлари давомида нафақат ҳанафий олимлар, балки бошқа мазҳаб вакилларидан ҳам ҳадислар эшитиб, яхши ўзлаштиришга ҳаракат қилган. Бу фикр­га унинг асарларида Имом Молик ибн Анас (ваф. 795 й.), Имом Шофиъий (ваф. 820 й.) ва Имом Аҳмад ибн Ҳанбал (ваф. 855 й.) каби мазҳаббошилар орқали ривоятлар келтиргани яққол далил бўла олади.

«Кашф ал-осор» асаридаги маълумотларга таяниб, Абдуллоҳ Субазмуний уч юз йигирма нафар ровий-устоз (шайх) орқали Имом Абу Ҳанифага бориб боғланишини алоҳида таъкидлаш зарур.

Абдуллоҳ Субазмуний яшаган даврда ҳадисларни отадан-болага, авлоддан-авлодга узатиб, ривоят қилиш анъанага айланган эди. Бунда ҳадис уламолари бошланғич билимни ўз оталари ёки боболаридан олар эдилар. Субазмунийнинг асаридаги ривоятлар иснодида отаси ва амакисининг исмлари кўп учраганидан биринчи устози отаси – Муҳаммад ибн Яъқуб ибн Ҳорис бўлган деган хулоса келиб чиқади7. Бу алломанинг ҳадис билимдонлари оиласида ўсиб камол топганига далил бўлади.

Олимнинг отаси Муҳаммад ибн Яъқуб­нинг туғилган ва вафот этган йиллари ҳақида маълумот йўқ. Лекин у «Кашф ал-осор»да Абу Ҳафс Аҳмад ибн Ҳафс Сағир Бухорий (ваф. 876 й.) ва Абу Тоҳир Асбот ибн Ясаъ Бухорийлардан (IХ аср) кўп ривоят қилгани ҳақида далиллар учрайди.

Олимнинг яна бир устози – амакиси Жаб­роил ибн Яъқуб ибн Ҳорис ҳисобланади8. Имом Субазмуний “Кашф ал-осор” асарида ундан кўплаб ривоятлар келтиради.

Имом Субазмунийнинг устозларидан яна бири Абу Абдурраҳмон Абдуллоҳ ибн Убайдуллоҳ ибн Сурайж ибн Ҳужр ибн Фазл ибн Тоҳмон Шайбоний Бухорийдир (ваф. 919 й.). У Абу Абдурраҳмон ибн Абу Лайс Бухорий номи билан шуҳрат топган, ишончли ровий, тақводор инсон фиқҳ олимларидан бири эди.

Абу Ҳафс Аҳмад ибн Ҳотам ибн Ҳаммод ибн Абдурраҳмон Сикижкасий Бухорий9 (ваф. 927 й.) ҳам олимнинг устозларидан бўлгани айтилади.

Табақот йўналишидаги асарларда Абдул­лоҳ Субазмуний ҳадис ривоят қилган ёки ҳадис эшитган кўплаб алломаларнинг номлари зикр этилган. Уларнинг аксариятини бухороликлар ташкил қилса-да, «Кашф ал-осор» асарида термизлик ровийларнинг номлари ҳам зикр этилган.

Абу Солиҳ Халаф ибн Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий (ваф. 972 й.), Абу Иброҳим Исҳоқ ибн Муҳаммад ибн Ҳамдон ибн Муҳаммад ибн Нуҳ Муҳаллаби Хатиб Бухорий (ваф. 1005 й.), Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Ҳамдон Хатиб Муҳаллаби, муфтий Абу Муҳаммад Абдулкарим ибн Муҳаммад ибн Мусо Миғий (Манғий)ни Абдуллоҳ Субазмунийнинг шогирдлари бўлган.

Манбаларда Абдуллоҳ Субазмунийнинг бир неча асарлар муаллифи экани қайд этилган10. Бироқ ҳозирда унинг икки асаригина маълум. Бири «Муснад Аби Ҳанифа» ёки қисқача – «Муснад», иккинчиси «Кашф ал-осор фи маноқиб Аби Ҳанифа», қисқача – «Кашф ал- осор» деб юритилади. Бироқ «Муснад Аби Ҳанифа»нинг Ўзбекистондаги нусхалари ҳақида маълумот йўқ.

«Муснад» асарини кейинчалик бошқа ҳанафий муҳаддислар қайта ишлашган. Мусо ибн Закариё ибн Иброҳим ибн Муҳаммад Хасфакий (Ҳаскафий) Қозий Садруддин (ваф. 1252 й.) буюк аждодимизнинг асарини мухтасар ҳолатга келтирган. Бу асар қўлёзмаси Азҳар университети кутубхонасида «инв. № 311832» рақами остида (176 варақдан иборат) сақланади ва «Ҳофиз Абу Муҳаммад ал-Ҳорисий муснади» деб аталади.

Ушбу «Муснад»нинг мухтасарида беш юздан ортиқ ҳадис бор. Уни «Синдий муснади» деб ҳам аташади. Бу асарга Али Қорий ёзган шарҳни биринчи марта Ҳиндистонда 1894 йили Ҳаравий нашр эттирган11. Синдийнинг ўзи ҳам асарга «Ал-Маваҳиб ал-латифа фил ҳарам ал-Маккий би шарҳ Муснад ал-имом ал-Хасфакий» («Имом Ҳасфакий муснади шарҳи билан­ Макка ҳарамига латиф совға») номи билан шарҳ ёзган.

Маҳмуд ибн Аҳмад ибн Масъуд Жамолуддин Қунёвий Дамашқий (ваф. 1369 й.) ҳам Абдуллоҳ Субазмунийнинг асарини мухтасар қилиб, «Ал-Муътамид мухтасар ал-Муснад» («Муснаднинг мухтасарига таянч») деб номлаган12. У асарни фиқҳий масалалар тартибига кўра ўттиз уч бобга бўлиб, сўнгра уни «Ал-Мустанид шарҳ ал-Муътамид» («Муътамиднинг шарҳига таянч») номи билан шарҳлаган.

Абдуллоҳ Субазмунийнинг «Муснад» асари кўплаб олимлар томонидан тадқиқ этилган. Шундай бўлса-да, Имом Субазмуний «Муснад»ини замондош олимларимиз ҳам тадқиқ қилиши жуда муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, Синдий асарида зикр этилган, ровийларни чуқур ўрганиш юртимиздан етишиб чиққан ҳанафий муҳаддислар ҳақида тўлиқ тасаввур ҳосил қилиш имконини беради.

Дониёр МУРОДОВ,

тарих фанлари номзоди

 

1 Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад Самъоний. “Ал-Ансоб”. Байрут. “Дор ал-кутуб ал-илмиййа”. 1998. 1-ж., 6-б; Абдулқодир Қураший. “Ал-Жавоҳир ал музиййа фи табақот ал ҳанафиййа”. Қоҳира. “Ҳижр”. 1993. 1-ж., 5-б; Ҳожи Халифа. “Кашф аз зуннун ан асомил кутуб вал фунун”. Истанбул. “Мактаба Ибн Таймия”. 1941–43. 2-ж., 435-б; Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Заҳабий. “Сийар аълом ан-нубало”. Байрут. “Дор ал-фикр”. 1996. 1-ж., 12-б; Ўша муаллиф. “Мизон ал-иътидол фи нақд ар рижол”. Нашр жойи кўрсатилмаган. “Дор иҳё ал-кутуб ал-арабиййа”, 1963. 2-ж. 496-б; Муҳаммад Абдулҳай Лакнавий. “Ал-Фавоид ал баҳиййа фи тарожим ал- ҳанафиййа”. Байрут. 1998; Ибн Қутлубуғо. “Тож ат-тарожим фи табақот ал ҳанафиййа”. Бағдод. “Мактабат ал мусанно”. 1962. 30-б; Муҳаммад Зоҳид ибн Ҳасан. “Таъниб ал-Хатиб ала ма сақаҳу фи таржамат Аби Ҳанифа мин ал аказиб”. Шаҳри кўрсатилмаган. “Мактаба азҳариййа”. 1998. 112-б; Ибн Ҳажар Асқалоний. “Таъжил ал-манфаъа”. Хайдаробод. “Доира маъориф низомийя”. 1324 ҳ. 5-б; Абдулҳай ибн Имод Ҳанбалий. “Шазарот аз заҳаб фи ахбар ман заҳаб”. Байрут. “Мактаба тижарий литибаъа ва нашр ва тавзий”. 2-ж, 357-б; Муҳаммад Наршахий. “Бухоро тарихи”. /А.Расулов таржимаси. Т. “Камалак” 1991 Нажмиддин Насафий. Самарқандия / Тарж. Усмонхон Темурхон ўғли, Бахтиёр Набихон ўғли. Т. “Ўзбекистон миллий ­энциклопедияси”. 2001. 72-б.

2 Нажмиддин Умар Насафий. “Ал-Қанд фи зикр уламо ас Самарқанд”. Нашр жойи кўрсатилмаган. 195-б.

3 Абдулкарим Самъоний. “Ал-Ансоб”. Байрут: “Дор ал- кутуб ал-илмиййа”. 1998. 1-ж., 133-б.

4 Қураший. "Ал-Жавоҳир ал-Музийя”. Қоҳира. 1993. 3-жуз. 300-б.; Бағдодий. “Тарихи Бағдод”. Байрут: “Дор ал- кутуб ал-илмиййа”. Нашр йили кўрсатилмаган. 10-ж., 92-б.

5  Муаҳммад Абдулҳай Лакнавий. “Ал Фавоид ал-баҳиййа”. Байрут. 1998. 178-б.

6 Юз мингдан кўп ҳадис биладиган муҳаддислар.

7Абдуллоҳ Субазмуний. “Кашф ал-осор фи маноқиб Аби Ҳанифа”. ЎзР ФАШИ. Қўлёзмалар фонди. 3105-рақамли қўлёзма. 6а-варақ.

8 Ўша китоб. 7а-варақ.

9 Абдулкарим Самъоний. “Ал-Ансоб”. Байрут. “Дор ал-кутуб ал-илмиййа”. 1998. 3-ж. 288-б.

10 Йўлдошев Н., Қурбонов Ҳ. “Бухоро шаҳри ва унинг атрофидаги зиёратгоҳлар тарихи”. Бухоро. Бухоро нашриёти. 2001. 10-б.; Муҳаммад Амин Урказаий. “Масонид имам Аби Ҳанифа”. Қарочи: “Батрак Сентр”. 1978. 105-б.; Шамсуддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон Заҳабий. “Мизон ал-иътидол фи нақд ар рижол”. Шаҳри кўрсатилмаган. “Дор иҳё ал-кутуб ал-арабиййа”. 1963. 2-ж., 496-б.; Абдулқодир Қураший. “Ал-Жавоҳир ал-музиййа фи табақот ал-ҳанафиййа”. Қоҳира. “Ҳижр”. 1993. 3-ж., 344-б.

11 Ўша асар. 138-б.

12 Ўша асар. 143-б.

 

2018 йил 25 январь куни диний идорада Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамкорлигида ўқувчи ёшлар иштирокида давра суҳбати ташкил этилди. Ушбу тадбирда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг 262- умумий ўрта таълим мактаби етакчиси Отабекхўжа Сафаров ҳамроҳлигида мактабнинг 45 нафар ўқувчиси иштирок этди.

Тадбирни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари дуо билан очиб бердилар. Дастлаб, ўқувчиларга диний идоранинг мақсад ва вазифалари ҳақида батафсил маълумот берилди. Сўнгра, масжидлар бўлими ходими Исҳоқжон Бегматов сўзга чиқиб, таълим ва тарбия, одоб-ахлоқ, ёшлар ўртасида жиноятчиликни олдини олиш мавзусида маъруза қилди.

У ўз нутқида жиноят содир этиш жуда ҳам оғир гуноҳ экани, Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда бундай хатти-ҳаракатлардан қаттиқ қайтарилганини жонли мисоллар орқали таъсирчан қилиб, тушунтирди. Жумладан, “Бир ишнинг гуноҳ эканини билган одам албатта ундан қайтади. Жиноятнинг қайси бир турини олиб қараманг, динимиз, инсонийликка хилофдир. Одам ўлдириш, ўғрилик, фирибгарлик, товламачилик – буларнинг барчаси инсон ҳаётига зарар” деб таъкидлади Исҳоқжон домла.

Учрашув жуда ҳам кўтаринки руҳда, савол-жавобларга бой бўлди. Ўқувчилар бугунги давра суҳбатидан нақадар катта маънавий озуқа олишганини уларнинг ёниб турган кўзларидан англаш мумкин эди.

Тадбир якунида Ўзбекистон мусулмонлари идорасига Ўзбекистон ёшлар иттифонинг ташаккурномаси тақдим этилди.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилнинг 1 декабрь куни ёшлар билан ишлаш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш учун Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ўртасида ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги меморандум имзолаш таклифи қўллаб-қувватланган эди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Мақолалар

Top