muslim.uz

muslim.uz

 Ҳар йили дунёнинг турли мамлакатларида анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган халқаро Қуръони карим мусобақаларида  диёримиздан  етишиб чиқаётган иқтидорли қориларимиз юртимиз вакили сифатида қатнашиб келмоқда.   Яқинда шу йилнинг 7-11 октябрь кунлари Қуръони каримни ёддан ўқиш ва тафсир қилиш бўйича Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Маккаи мукаррама шаҳрида ўтказилган 39-Халқаро Қуръони карим мусобақаси бўлиб ўтди.  Унда икки нафар вакилимиз – Тошкент ислом институти битирувчиси  Сайдулло қори Тоҳиров ва  “Кўкалдош” ислом билим юрти талабаси Абдулбасир қори Камолов иштирок этиб қайтишди.

Мазкур мусобақада дунёдаги 70 дан ортиқ давлатдан етук Қуръон ҳофизлари иштирок этиб, улар орасида вакилларимиз Қуръони  каримнинг тўлиқ 30 порасини ва 15 порасини тажвид қоидаси билан ёддан ўқиб бериш йўналишида қатнашди.

Мусобақа қуйидаги 4 йўналишда ўтказилди:

  1. Қуръон каримни тажвид қоидаси билан тўлиқ ёддан ўқиб бериши билан бирга Қуръони каримдаги ояти карималарнинг тафсирини билиш.
  2. Қуръон каримнинг 30 порасини тажвид қоидаси билан ёддан ўқиб бериш.
  3. Қуръон каримнинг 15 порасини тажвид қоидаси билан ёддан ўқиб бериш.
  4. Қуръон каримнинг 5 порасини тажвид қоидаси билан ёддан ўқиб бериш.

Ушбу йўналишлардаги юқори уч ўринни қўлга киритган қориларга совринли мукофотлар топширилди. Қориларимиз ўз йўналишида ғолиб ўринлардан кейинги кучли ўнталикдан ўрин эгаллашди.

Вакилларимизга мусобақадаги иштироки тўғрисида ташаккурнома ёрлиғи тақдим этилди.  Улар Саудия Арабистони сафари давомида Маккаи мукаррамада умра ибодатини адо этишди. Мусобақа ташкилий ҳайъати  томонидан Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунаввара шаҳарларидаги муқаддас қадамжоларга иштирокчилар учун зиёрат уюштирилди.

Халқаро алоқалар бўлими

18.10.2017 йил

Саудия Арабистонининг Қирол Абдуллоҳ университети илмий тадқиқотчилари уч турдаги ўт ўсимликлари саратон касаллигига қарши даво бўлишини аниқладилар. Улар жами 52 турдаги турли ўсимликларнинг биологик хусусиятлари борасида илмий изланишлар олиб бориб, шундан учтаси саратон касаллигини даволашда таъсири кучли эканини исботладилар. Мазкур ўсимликлардаги цитотоксик моддаси турли касалликларни даволашда фойдали ҳисобланади. Шунингдек, бу моддалар ҳужайраларнинг бўлиниш жараёнида муҳим рол ўйнайди.

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

2017 йил 17 октябрь куни мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Чеченистон Республикаси раҳбари Рамзан Қодиров Самарқанд шаҳридан  Бухоро вилоятига етиб келди. Меҳмонлар Бухоро халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди.  Мартабали меҳмон Бухорога ташрифини   Когон туманидаги Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси билан танишишдан бошлади.

Рамзан Қодиров мажмуа ҳудудида Президентимиз Шавкат Мирзиёев  ташаббуси  билан  ташкил этилган  “Мир Араб”  Олий мадрасасини кўздан кечирди. У мазкур диний таълим муассасида таҳсил олаётган талабалар учун яратилган шарт-шароитлар, ўқув хоналари билан яқиндан танишди. Талабалар бир партада ўтириб, дилдан суҳбатлашди. Рамзан  Қодиров  Мир Араб   Олий  мадрасасининг  фахрий  талабаси  сифатида  ўқишга  қабул  қилингани Олий  мадраса  ректори  Ҳайдархон  Йўлдошхўжаев  томонидан эълон қилинди.

Рамзан Қодиров отаси таҳсил олган хонага кириб ҳайратга тушди

Бухоро вилоятига ташриф буюрган Рамзан Қодиров марҳум Чеченистон Республикасининг биринчи Президенти Аҳмад хожи Қодировнинг ушбу мадрасада яшаб таҳсил олган «Мир араб» мадрасидаги хонасини кириб кўрди. Хонада Аҳмад хожи Қодировнинг бирга таълим олган тенгдошлари ҳақидаги лавҳалар меҳмонларнинг хайратига сабаб бўлди. Рамзан Қодиров ташрифи асносида ушбу билим даргоҳи кўплаб мамлакатларда соф ислом эътиқодини шаклланишида хизмат қилганини мамнуният билан эътироф этди. Сўнгра, меҳмонлар билим юртининг тарихи ва унда таҳсил олган талабалар ҳақидаги маълумотлар билан танишди. Мир Араб мадрасаси зиёрати Чеченистон раҳбарида катта таассурот қолдирди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Бухоро вилояти вакиллиги

Бугун Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аерапортида “Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон – Озарбайжон мисолида” мавзуида бўлиб ўтадиган халқаро илмий-амалий конференция иштирокчиларини  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов, Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари кутиб олишди. Анжуман эртага ўз ишини давом эттиради. Бизни кузатиб боринг!

Мақолалар

Top