muslim.uz

muslim.uz

Бугун, 27 сентябрь куни юртимиздаги бир гуруҳ таниқли уламоларнинг Сирдарё вилоятига уч кунлик сафари бошланади.

Ташриф давомида маънавий-маърифий учрашувлар, олис ва чекка ҳудудлардаги аҳоли вакиллари билан юзма-юз мулоқотлар, таниқли уламолар ишитирокида жоме масжидларда суҳбатлар ўтказилиши ва эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш каби хайрли ишларни амалга ошириш мақсад қилинган.

Шунингдек, ҳудуд аҳлини юртимизда бўлаётган ўзгаришлар мазмун-моҳияти ҳақида хабардор қилиш билан бир қаторда, уларнинг дарду ташвишларига кўмаклашиш, фикр-мулоҳазаларини тинглаш ва диний соҳага тегишли муаммоларини жойида ўрганиб, бартараф этиш ҳам кўзда тутилган.

Ушбу сафарга Тошкент шаҳридан Сирдарё вилоятига ташриф буюрган уламолар сафарнинг илк кунида қуйидаги масжидларга бориши кўзда тутилган:

Гулистон шаҳар “Тавҳид” масжидига (асрга) Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков;

Боёвут туманидаги “Ҳазрати Ҳизр” масжидига (пешинга) ва “Қул Ҳожа Аҳмад Яссавий” масжидига (асрга) Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов;

Сайхунобод туманидаги “Иттифоқ” масжидига (пешинга) Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг маслаҳатчиси Салоҳиддин домла Шарипов;

Оқолтин туманидаги “Ҳазрати Али” масжидига (пешинга), “Ҳожи Шайхуддинхўжа” масжидига (асрга) Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими Аброр домла Мухтор Алий;

Оқолтин туманидаги “Аҳмад Яссавий” масжидига (пешинга) ва “Абу Мансур Мотуридий” масжидига (асрга) Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Абдуқаҳҳор домла Юнусов;

Ховос туманидаги “Ховос” масжидига (пешинга) ва “Саъду Саид” масжидига (асрга) Тошкент шаҳар Юнусобод тумани бош имом-хатиби Раҳматуллоҳ домла Сайфуддинов;

Сайхунобод туманидаги “Пахтакор” масжидига (пешинга) ва “Исломобод” масжидига (асрга) Тошкент шаҳар Олмазор тумани бош имом-хатиби Абдуллоҳ домла Юлдашев;

Гулистон шаҳар “Ат-Термизий” масжидига (пешинга) ва Боёвут туманидаги “Абу Бакр Сиддиқ” масжидига (асрга) Тошкент шаҳар “Убай ибн Каъб” масжиди имом-хатиби Абдуҳаким қори Матқулов;

Гулистон шаҳридаги “Гулистон” масжидига (пешинга) ва Сайхунобод туманидаги “Узунбулоқ” масжидига (асрга) Тошкент шаҳар “Хожа Аламбардор” масжиди имом-хатиби Раҳимберди домла Раҳмонов;

Боёвут туманидаги “Али ибн Абу Толиб” масжидига (пешинга) ва тумандаги “Насруллохон” масжидига (асрга) Тошкент шаҳар “Ҳазрати имом” масжиди имом-хатиби Ҳабибуллоҳ домла Абдураззақов;

Боёвут туманидаги “Имом ал-Бухорий” масжидига (пешинга) ва тумандаги “Абдуаҳадхон” масжидига (асрга) Тошкент шаҳар “Ал-Худайбия” масжиди имом-хатиби Муродулла домла Хуназаров;

Сайхунобод туманидаги “Мулла Негмурод” масжидига (пешинга) ва “Нуширавон” масжидига (асрга) Тошкент шаҳар “Омина” масжиди имом-хатиби Юсуфхон домла Муҳиддинов;

Боёвут туманидаги “Тавба” масжидига (пешинга) ва “Ҳазрати Билол” масжидига (асрга) Тошкент шаҳар “Тўра бува” масжиди имом-хатиби Шавкат домла Ҳамдамов;

Боёвут туманидаги “Исмоил Бухорий” масжидига (пешинга) ва “Зайд бинни Ҳориса” масжидига (асрга) Тошкент шаҳар “Оқилон” масжиди имом-хатиби Собиржон домла Рустамов;

Боёвут туманидаги “Усмон Зиннурайн” масжидига (пешинга) ва “1-Боёвут” масжидига (асрга) Тошкент шаҳар “Яккасарой” масжиди имом-хатиби Салоҳиддин домла Ташанов;

Қолаверса, ушбу мулоқот ва тадбирларда диний соҳа раҳбарлари ва мутасадди вакиллар ҳам иштирок этиши режа қилинган.

Аллоҳ таоло уламоларимиз сафарини хайрли ва манфаатли қилсин!


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Фикрни бузадиган нарсаларнинг иккинчиси “жамолдир”. Инсоннинг кўзи чиройли нарсаларни кўришга ўч бўлади. Масалан, уй, либос, улов, аёллар ва ҳоказо.

Ҳозирги замонда инсон нигоҳини назорат қилиши қийин. Агар инсон нигоҳини номаҳрамга қарашдан тийса, бу ишидан унинг қалбида нур пайдо бўлади. Бу борада Расуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳадис бор. Агар қайси банда ўз нигоҳини номаҳрамдан олиб қочса, Аллоҳ таоло унинг ибодатига лаззат киритиб қўяди. Ибодатнинг лаззатини туймоқ эса комил имондан дарак. Аксарият инсонлар кўп нарсаларда парҳезкорлик қиладилар. Лекин номаҳрамдан кўзларини тўсмаганлари учун Аллоҳ таолодан узоқдадирлар. Бу гуноҳдан сақланиш лозим. Чунки Аллоҳ таоло баъзи нарсаларни кўришга буюриб, бошқаларига назар солишдан қайтаради.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
«Ўзингни эртаю кеч Раббиларига дуо қилиб, Унинг юзини ирода қилувчилар ила сабр этиб тут. Ҳаёти дунё зийнатини хоҳлаб, улардан икки кўзингни бурма» (Каҳф сураси, 28-оят).

Баъзи нарсаларга нигоҳ қаратишдан қайтаради. Улардан бири номаҳрамга қарашдир.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Сен мўминларга айт кўзларини тийсинлар» (Нур сураси, 30-оят). Раббимиз шу каби фитналаридан сақланишга буюради.

"Шарм ва ҳаё” китобидан

— Дуо қилганимиздан сўнг “омин”, деймиз. Бунинг маъноси нима?

— “Омин”нинг маъноси: – “Дуойимизни ижобат айла!”, – “Эй, Аллоҳим! Ижобат қил!” ёки – “Худди шундай бўлсин!” ёхуд “Умидимизни муваффақиятсизликка учратма!” кабилардир.

Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Матолиб ал-олия” асарида зикр қилишича, бир яҳудий мусулмонлардан “Омин” сўзини эшитиб, имон келтирган экан: “Бир яҳудий “Омин” дейишаётган масжид аҳли ёнидан ўтиб кетаётган эди. Шунда яҳудий: "Сизларга “Омин”ни ўргатган зотга қасамки, сизлар ҳаққнинг устидасизлар!” деди”.

Яҳудий ўз динида ҳам “Омин” сўзи борлиги ва у ҳақ пайғамбарлардан мерос қолганини билгани боис мусулмонлардан бу сўзни эшитиб, ушбу диннинг ҳақлигига амин бўлган.

“Омин” айтилганида, фаришталар ҳам уни айтишлари ҳақида саҳиҳ ҳадислар бор.

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Динимиз Исломда сабрга тарғиб қилинган экан, сабрли бўлиш, ушбу мақталган сифат соҳибига айланиш йўл-йўриқлари ҳам кўрсатилган. Зеро Аллоҳ бир дардни туширса, унинг давосини ҳам нозил қилади. У Зот бандаларни бир ишга буюрса, унга етишиш учун воситаларни ҳам жорий қилади. Сабрли бўлишга хизмат қиладиган омиллардан бири бу илмдир. Жумладан, сабрли бўлиш учун сабр фазилатини тўлиқ англаб етиб, сабрлиларга Аллоҳ тарафидан бериладиган мукофот ва даражаларни, сабрсизлик оқибатида келиб чиқадиган ёмон оқибатларни, гуноҳ-маъсият, афсус-надомат ва қабиҳликларни хаёлга келтириш керак. Агар банда шу ишни қилса, унинг қалбида сабрга нисбатан хоҳиш, ирода, қатъият ва асл инсонийлик руҳи пайдо бўлади. Шунда унинг машаққатлари роҳатга, ҳаётнинг аччиқ синовлари лаззатга айланади.

Бошга тушган мусибат ва қўлдан кетган нарсаларга сабр қила олиш учун дунё ҳаёти ўткинчи, Аллоҳ даргоҳида унинг бирон қадри йўқ эканини эслаш кифоя.

Ибодатларга сабр қилиш учун ўша ибодат фазилати, уни тарк қилиш оқибатларини яхши билиб олиш керак бўлади.

Сабр инсоннинг фитрий фазилати бўлиб, бу унга болаликдан хос бўлади. Ҳаётда кўриб турганимиздек, баъзилар сабрли, яна баъзилар бесабр бўладилар. Лекин шу билан бирга сабрни ўзига одат қилиш, уни нафсга сингдириб бориш мумкин. Акс ҳолда шариатда сабрга тарғиб қилинмаган бўларди.

Киши бесабр бўлса, у ўзини секин-аста сабрга ўргатиб борса бўлади. Бунда банданинг хоҳиш ва ҳаракати муҳим саналади. Сабр фазилатини эгаллаш мумкин экани набавий ҳадисда баён қилинган. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким сабрли бўлишга ҳаракат қилса, Аллоҳ уни сабрли қилиб қўяди”, деганлар. Ушбу ҳадисдан маълум бўладики, банда нафсини сабрга ўргатиши мумкин. Зеро ким бирон нарсани кўп такрорласа ва унга одатланса, ўша иш бора-бора банда учун қийин бўлмай қолади. Сабр ҳам худди шундай. Киши ибодат, мусибат ва ҳаром ишларга сабрли бўлишга ҳаракат қилган сари унинг учун сабр одатий ҳолга айланиб қолади. Кейинчалик у ибодатларни қийналмай хушуъ билан бажариши, мусибатларга сабр қила олиши, ҳаром ишлардан тийилиши мумкин.

 

Одилхон қори Юнусхон ўғлининг

Жаннат калитикитобидан олинди

 

 

Мақолалар

Top