muslim.uz
“Жоруллоҳ” деган шарафли номга муяссар бўлган аллома
1075 йил (бундан 946 йил олдин) – ҳижрий 467 йил ражаб ойининг йигирма еттинчи куни (милодий 1075 йил 18 мартда) Хоразм илм-фан ва маданиятини дунёга танитган буюк сиймо, арабшунос олим, шоир, ёзувчи ва имом Абдулқосим Маҳмуд ибн Умар ибн Ахмад Жаруллоҳ Замахшарий таваллуд топди.
Замахшарий “Араб ва ғайри араблар устози”, “Хоразм фахри” каби шарафли номлар билан улуғланган. У кўп асарларини Маккада ёзганлиги учун “Жоруллоҳ” (“Аллоҳнинг қўшниси”) деган шарафли номга муяссар бўлади.
Замахшарий араб грамматикаси, луғатшунослик, адабиёт, аруз илми, география, тафсир, ҳадис ва фиқҳга оид 50 дан ортиқ асарлар яратган. Уларнинг аксарияти бизгача етиб келган. Замахшарийнинг “Ал-Муфассал” (“Грамматика бўйича муфассал китоб”) асари араб тили наҳву сарфини ўрганишда йирик қўлланма сифатида азалдан Шарқда ҳам, Ғарбда ҳам шуҳрат топган. Шом (Сурия) ҳокими Музаффариддин Мусо кимдаким Замахшарийнинг ушбу асарини ёд олса, унга 5 минг кумуш танга ва сарупо совға қилишни ваъда берган. Бир қанча кишилар асарни ёд олиб, мукофотга сазовор бўлишган.
Замахшарийнинг “Ал-Кашшоф” асари Қуръон тафсирига бағишланган. Дунёнинг турли қўлёзма хазиналарида “Ал-Кашшоф”нинг 100 га яқин қўлёзмалари ва асарнинг ўзига битилган 20 дан ортиқ шарҳ ва ҳошиялар мавжуд. Қоҳирадаги машҳур Ал-Азҳар дорилфунунининг талабалари ҳам бошқа тафсирлар билан бир қаторда
Замахшарийнинг ушбу асари асосида Қуръон ўрганадилар.
uza.uz
Ислом жамият ҳаётини кўркамлаштиради
Исломнинг савоб-гуноҳ аҳкоми текширилса, шу нарса аниқ маълум бўладики, Ислом жамият ҳаётини кўркамлаштириб, инсониятнинг роҳат-ҳаловатда турмуш кечиришини таъминлайдиган ҳар қандай ҳаракатни, хоҳ катта бўлсин, хоҳ кичик булсин ҳайратомуз даражада катта савоб билан мукофотлайди. Аксинча, халқни фисқу фасодга булғайдиган, жамият осойишталигини бузадиган ҳар қандай амални улкан гуноҳ ҳисоблаб, қатъий таъқиқлайди. Масалан, оддий бир салом бериш, аслида савоби жуда кўп бўлган бу амалга Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам катта аҳамият берганлар ва бундай деганлар: «Танишга ҳам, нотанишга ҳам салом беринг! Бир киши жамоат орасига кириб: «Ассалому алайкум» деб салом берганда ўн савоб қозонади, ундан кейин келган одам «Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ» деб салом берса унга йигирма савоб, ундан кейин келган бири «Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ» дея салом берса, унга ўттиз савоб ёзилади», деганлар.
Инсонларга рўпара бўлганда ҳам, инсонлар билан хайрлашаётганда ҳам салом берилади. Хайрлашаётганда салом берилса, атрофдагилар ҳайрон бўладилар. Ҳолбуки бу Исломнинг шартидир.
Салом эътиқод билан ҳам боғлиқ, яъни «ассалому алайкум» деганимизда биз инсонларга «жаннатлик бўлинг!» деган бўламиз. «Ҳам дунёда соғ-саломат бўл, дарду мусибатга йўлиқма, ҳамда Аллоҳ сени «Дорус салом» бўлган жаннат аҳлидан қилсин», – дея тилакда бўламиз.
Ислом инсонларни қандай қилиб тарбиялашни билади. Сўздан маънога, шаклдан руҳга, зоҳирдан ботинга кириб боришни билади. Шу боис Ислом шаклга ҳам катта аҳамият беради. Чунки, шакллар алалоқибат амалда гўзал маънавиятни юзага келтиради. Салом берилиб-берилиб ўзаро муҳаббат пайдо бўлади. Шу зайлда Ислом муҳаббатга, ўзаро биродарликка ташвиқ қилган бўлади. Муҳаббатнинг буюк савоби бордир... Биродарликнинг буюк савоби бордир...
Имоми Ғаззолий «Иҳёу улумиддин» асарида ёзишича, пайғамбаримиз бундай деган эканлар: «Баъзи амаллар ибодат шаклида бўлмаса ҳам савоби жуда кўпдир.» Масалан, намоз шаклий ибодат туридир. Таҳорат олиб, қиблага қараб «Аллоҳу акбар» деймиз. Рукуъ, сажда қиламиз. Аммо баъзи маънавий ибодатлар борки, зоҳиран билинмайди, чунончи, инсоннинг жамиятда бошқалар билан дўстлик, биродарлик қилиши, бунга «дин биродарлиги» деймиз. Бу эса динда муаззам бир савоб, муаззам бир ибодатдир. Инсон янги бир дўст топгач, танишиб, сўрашиб «Марҳабо!», «Хуш келдинг», «Кимсан», «Қаердансан», – деб мулозаматлар кўрсатади.
Билингки, «Янги бир одам билан дўст бўлган мусулмоннинг даражасини Аллоҳ жаннатда бир даража юқори кўтаради», – дея марҳамат этилади. Исломда дўстлашиш, дўст топиш, уни мустаҳкамловчи йўриқларга ташвиқ бордир. Масалан, зиёфат қилмоқ, ҳадя бермоқ, касаллигида бориб зиёрат этмоқ ва бошқалар. Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам буларнинг барчасини кенг миқёсда ташвиқ қилганлар ҳамда савобидан баҳс этганлар.
"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди
Аллоҳим, юборилган нарсанинг ёмонлигидан паноҳ сўраймиз!
Бугун дунёда юз бераётган воқеалар, мол-мулк, бойлик ризқларнинг энг оддий, кам даражадагиси экани, соғлик-саломатлик, айбу нуқсонларнинг сатр этилиши ҳамда тинчлик-хотиржамлик ризқларнинг энг олий даражадагиси эканини исбот қилмоқда.
Ижтимоий тармоқлардаги хабарларга кўра, юртимизда 18 март кунидан 20 март кунига қадар қаттиқ шамол бўлиши, Республикамизнинг айрим ҳудудларида шамол тезлиги 17-22 м/с дан 23-28 м/с гача кучайиши кутилмоқда.
Шу муносабат билан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фуқароларимиздан кучли шамол вақтида заруратсиз ташқарига чиқмасликни тавсия этади. Автомобиль эгаларидан автомобилларни дарахтлардан узоқроққа қўйишни сўраб қолади.
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا عَصَفَتِ الرِّيحُ قَالَ: اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ خَيْرَهَا وَخَيْرَ مَا فِيهَا وَخَيْرَ مَا أُرْسِلَتْ بِهِ، وَأَعُوذُ بِكَ مِنْ شَرِّهَا وَشَرِّ مَا فِيهَا وَشَرِّ مَا أُرْسِلَتْ بِهِ، قَالَتْ: وَإِذَا تَخَيَّلَتِ السَّمَاءُ تَغَيَّرَ لَوْنُهُ وَخَرَجَ وَدَخَلَ وَأَقْبَلَ وَأَدْبَرَ، فَإِذَا أَمْطَرَتْ سُرِّيَ عَنْهُ، فَعَرَفْتُ ذَلِكَ فِي وَجْهِهِ فَسَأَلْتُهُ، فَقَالَ: لَعَلَّهُ يَا عَائِشَةُ كَمَا قَالَ قَوْمُ عَادٍ، فَلَمَّا رَأَوْهُ عَارِضًا مُسْتَقْبِلَ أَوْدِيَتِهِمْ قَالُوا هَذَا عَارِضٌ مُمْطِرُنَا. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ шамол турса:
«Аллоҳим! Албатта, мен Сендан унинг яхшилигини, ундаги нарсанинг яхшилигини ва у билан юборилган нарсанинг яхшилигини сўрайман. Ва Сендан унинг ёмонлигидан, ундаги нарсанинг ёмонлигидан ва у билан юборилган нарсанинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман», дер эдилар.
Қачон осмоннинг авзои ўзгариб қолса, у зотнинг ранглари ўзгариб, кириб-чиқиб, олдинга-орқага бориб-келиб қолар эдилар. Бас, ёмғир ёғишни бошлаганда юзлари ёришиб кетар эди. Мен буни у зотнинг юзларидан билиб, сўрадим.
«Эй Оиша, худди «Водийларига рўбарў келаётган оризни (азоб ёмғири келтирувчи булутни) кўрганларида «Мана бу ориз бизга ёмғир ёғдирувчидир» дейишди» каби бўлиши ҳам мумкин», дедилар».
Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.
Маълумки, қаттиқ шамол ҳам Аллоҳнинг кўп сонли лашкарларидан биридир. Қадимда ўтган умматлардан баъзиларини Аллоҳ таоло айнан ушбу лашкар – қаттиқ шамол ила ҳалок қилгандир. Бу ҳол ҳозиргача давом этиб келмоқда. Қачон қаттиқ шамол турса, бирор фалокат содир бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ шамол эсишни бошлаши билан ташвишга тушар ва ушбу ҳадисда ривоят қилинган дуони қилишни бошлар эдилар. Сиз билан биз, мўмин-мусулмонлар ҳам ҳаётимизда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олиб, қаттиқ шамол турганида Аллоҳ таолога илтижо қилиб, мазкур дуони ўқимоғимиз лозим.
اللهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ خَيْرَهَا وَخَيْرَ مَا فِيهَا وَخَيْرَ مَا أرْسِلَتْ بِهِ وَأَعُوذُ بِكَ مِنْ شَرِّهَا وَشَرِّ مَا فِيهَا وَشَرِّ مَا أرْسِلَتْ بِهِ
«Аллоҳумма инний ас`алука хойроҳа ва хойро ма фийҳа ва хойро ма урсилат биҳи ва аъузу бика мин шарриҳа ва шарри ма фийҳа ва шарри ма урсилат биҳи», деб айтар эдилар.
Маъноси: Эй Раббим, Сендан унинг яхшисини, ундаги яхшиликни ва у билан юборилган нарсанинг яхшисини сўрайман. Эй Раббим, Сендан унинг ёмонидан, ундаги ёмонликдан ва у билан юборилган нарсанинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман.
Манбалар асосида Хуршид Маъруф тайёрлади
Абу Муин Насафий меъросига бағишланган Марказий Осиё уламоларининг анжуман ўтказилади
Бу йил Қарши шаҳрида Ўрта Осиё уламоларининг буюк аллома ва мотуридизм таълимотининг етук вакили Абу Муин Насафийнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган анжуманини ўтказиш режалаштирилган бўлиб, у мусулмон оламида ислом ақидасининг софлиги ҳақидаги таълимот - каломга оид кўплаб асарлар муаллифи сифатида танилган.
Абу Муин Насафий – ислом маданияти ва, хусусан, "Ақида" илми, яъни мусулмон ақидаси, "иймон рамзи"деб аталишига улкан ҳисса қўшган XI асрнинг буюк алломаси. Абу Мансур Мотуридийнинг содиқ издошларидан бири сифатида ўзи асос солган Мотуридий таълимоти ғояларини кенг тарқатиш ва ривожлантиришда муҳим рол ўйнади. У ислом ҳақидаги нотўғри тушунчаларга аниқлик киритиш ва диний ақидапарастликка қарши курашишга қаратилган кўплаб асарлар ёзган.
“Новости Кашкадарьи” нашри хабарига кўра, Имом Бухорий (Самарқанд), Имом Мотуридий (Тошкент), Ибн Сино (Бухоро), Термизий уламолари (Термиз) илмий меросини ўрганиш ва оммалаштиришга қаратилган Абу Муин Насафий асарларини ўрганиш бўйича анжуман ташкил этиш мамлакатимизда ички ва зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар мажмуида назарда тутилган.
Давлат раҳбарининг тегишли қарори билан тасдиқланган дастурдан келиб чиққан ҳолда, бундай анжуманларнинг ўтказилиши зиёрат туризми объектлари, олимлар ва уларнинг илмий мероси ҳақида илмий асосланган маълумотларни шакллантириш, шунингдек, зиёрат туризми салоҳиятини тўлиқ ўрганиш ва мавжуд маълумотларни тизимлаштириш имконини беради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Наврўз қандай байрам?
Ҳижрий-шамсий тақвим бўйича Қуёшнинг биринчи буржга ва ойнинг ўн икки бурждан бири – ҳамалга кириши билан Наврўз, шу билан бирга, янги (шамсий) йил кириб келади. Беш минг йиллик тарихга эга бу байрам инсон ва табиат уйғунлиги рамзидир.
Буруж сураси 1-оятида Аллоҳ таоло айтади: «Қасамёд этаман (ўн иккита) буржларга эга осмон билан». Бу ўринда буржлардан мурод осмондаги Қуёш ва Ой буржларидир.
Фурқон сурасининг 61-оятида эса: «Осмонда буржларни бунёд этган ва унда чироқ (Қуёш) ва нурафшон Ойни пайдо қилган Зот баракотли (буюк)дир».
Мазкур оятлардан маълум бўладики, буржлар бесабаб яратилмаган. Шунингдек, Аллоҳ таоло ҳам бежиз буржлар билан қасамёд этмайди. У Зотнинг Қуёш ва Ой билан, юлдузлар билан қасам ичишида ақл эгалари учун оят-ибратлар бордир. Зотан, Қуёш ва Ойнинг яратилишидан мақсад ҳам бандаларнинг ҳаётий, диний, деҳқончилик ишларини Аллоҳ тақдир қилган илоҳий тақсимот – 12 бурж асосида белгилаб олиш заруратидир.
Юртимизда азалдан уч хил тақвим – ҳижрий, милодий ва деҳқончилик календари билан иш юритиш одат бўлган. Йиллар ҳисобини билишимиз учун Аллоҳ Қуръони каримнинг Исро сураси 12-оятида бундай зикр қилади: «Кундуз аломатини эса Раббингиздан фазл (ризқ) исташларингиз учун ҳам да йиллар саноғини ва ҳисобини билишингиз учун ёруғлик қилиб қўйдик. Барча нарсани батафсил баён қилиб қўйганмиз».
Муфассирлар мазкур оятнинг “йиллар саноғини” қисмини қамарий (Ой) тақвим билан иш юритиш (бинобарин, диний юмушларда), йиллар “ҳисобини” қисмини эса шамсий (Қуёш) тақвим билан иш юритиш (айниқса, деҳқончиликда) мазмунида тафсир қилишган.
Эътибор берган бўлсангиз, фиқҳий китобларимизда Наврўз куни рўза тутиш макруҳлиги баён этилади. Демак, Наврўзнинг ҳам динлар, халқлар ўртасида алоҳида ўрни бор.
Хўш, Наврўз қандай байрам, уни нишонлаш жоизми?
Аввало, Наврўз урф-одатлар бўй кўрсатадиган байрам бўлгани боис унинг тантаналари жараёнида эътиқод ва шариат талабларига хилоф ишлар бўлмаса, нишонлаш ҳамда кишилар ўзаро бир-бирларини табриклашлари жоиз.
Бунга далил сифатида қуйидагиларни келтириш мумкин.
Биринчидан, бу кун Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга нусрат бериб, фиръавн ва унинг сеҳргарларини шарманда қилган. Қуръони каримда: «(Мусо) айтди: “Ваъда байрам куни (тўпланадиган жой)дир. Одамлар чошгоҳда тўпланурлар”» (Тоҳо сураси, 59-оят).
Ушбу оятдаги “байрам” куни йилнинг боши шанба кунига тўғри келган “Наврўз” кунидир (Ибн Асокир, “Тарихи Дамашқ”, 61–65-б).
“Тафсири ибн Касир”да “байрам”дан мурод уларнинг ийд ва наврўзлари деб келтиради. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо “Байрам” куни Ашуро куни деган.
Иккинчидан, Муҳаммад ибн Зиёд Абу Ҳарайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Аллоҳ таоло Сулаймон ибн Довуд алайҳимассаломга узукларини қайтарган кун ҳам айнан шу наврўз куни эди…” (Ибн Асокир, “Тарих мадинат Дамашқ”, 22-ж 261-б).
Учинчидан, “Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга Наврўз куни ҳадя олиб келинди. Али розияллоҳу анҳу: “Бу нима?” дедилар. У зотга: “Эй амирал мўминин бу Наврўз (ҳадяси)”, дедилар. Шунда у киши: “Ҳар кунингизни “файруз” қилинглар”, дедилар (Байҳақий “Сунанул Кубро”, 9-ж. 392-с).
Уламоларимиз фиқҳий китобларда халқимизнинг анъанавий ҳамда миллий байрамларини, жумладан, Наврўзни байрам тариқасида нишонлаш ҳақида фатво берганлар. Бинобарин, “Фатовои заҳирия”да бундай дейилади: “Наврўз уч хилдир: Наврўзи Жамшидий, Наврўзи Мажусий ва Наврўзи Султоний. Наврўзи Султонийни ўтказмоқлик мақбулдир ва зиёни йўқдур”.
Наврўзда кун билан тун баробар бўлади. Бу байрам Ислом оламида маҳбуб билингани каби Беруний, Ибн Сино, Умар Хайём, Чағминий, Улуғбек каби дунёвий илмларнинг соҳиблари ҳам тун билан кун баробар бўладиган ва Қуёш ҳамал буржига кирадиган кунни Наврўз айёми сифатида нишонлаш мақбул эканлигини таъкидлашган.
Ҳаким Термизий “Солнома” асарида, бухоролик буюк фақиҳ Абдулазиз ибн Моза “ал-Муҳит ал-бурҳоний фи-л-фиҳҳи-н- нуъмоний” қомусида Наврўз ҳақида қимматли маълумотлар қолдиришган.
Абу Райҳон Беруний ўз асарларида Наврўз ҳақида қимматли фикрларни келтиради. Бундай маълумотларнинг диққатга сазовор томони шундаки, аллома Наврўзни коинот ва олам билан бир бутунликда, деб таърифлайди.
Юсуф Хос ҳожиб “Қутадғу билиг” асарида бу ҳолга шундай таъриф берган: “Шарқдан баҳор насими эсиб келди, оламни безамоқ учун фирдавс йўлини очди. Оқ ранг кетиб, бўз ерни алвон ранг қоплади, олам ўзига оро бериб безанмоқ тараддудига тушди. Зерикарли қишни баҳор нафаси ҳайдади, мусаффо баҳор яна ўз ҳукмига кирди. Қуёш яна қайтиб ўз ўрнига келди, Балиқ (Ҳут) думидан Қўзи (Ҳамал) буржига кўчди. Ўйқуга кирган дарахтлар яна яшил тўн кийди, оқ, сариқ,кўк, қизил рангли ҳарир ёпинчиқлар билан безанди”.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Наврўз замирида олам аҳлини ўзаро тотувлик, дўстлик ва ҳамжиҳатликка даъват этувчи умуминсоний қадриятлар мужассам. Зотан, динимиз ҳам ҳар доим инсонларни эзгуликка даъват этган. Шундай экан, Наврўз байрами муборак бўлсин!
Ж. САБУРОВ
Vakillik.uz