muslim.uz
Хитойда Қуръон мусобақаси ўтказилди
Хитойдаги Эрон Ислом Республикасининг маданият ишлари идораси Пекиндаги эронлик талабалар жамияти билан ҳамкорликда эронлик талабалар учун жонли (онлайн) дастур орқали Қуръони карим мусобақаси ташкил қилинди.
Эрон Ислом Республикасининг Пекиндаги маданият ишлари бўйича маслаҳатчиси Aббос Aли Вафоийнинг айтишича, мусобақада Хитойнинг турли шаҳарлари, жумладан, Пекин, Ханчжоу, Ухан, Шенчжен, Нанкин, Жинан, Далиан ва Шанхайда истиқомат қилувчи эронлик талабалар катта қизиқиш билан иштирок этди.
Ушбу мусобақада Хитой заминидаги эронлик қори ва қориялар мусобақанинг турли йўналишлари, жумладан, “Эркаклар учун Қуръон тиловати”, “Аёл-қизлар учун Қуръон тиловати”, “Қуръони каримдаги тушунчалар ва тафаккур” ва “Қуръони каримнинг хориждаги талабалар ҳаётига таъсирини баён қилиш” каби йўналишларда беллашди.
Қуръони каримни қоидали ўқиб бериш ва қироат йўналиши иштирокчилари тиловатларини видео шаклида мусобақа ташкилий ҳайъатига юборишди. Ҳакамлар видеоларни баҳолаб, иштирокчи қори ва қориялардан ғолиблар номини эълон қилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Халқаро алоқалар бўлими
Унутилаётган суннатлар (25-суннат): Фарз намозидан кейин Оятул Курсийни ўқиш
Абу Умома ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким ҳар бир фарз намозидан кейин Оятул Курсийни ўқиса, унинг жаннатга киришини фақат ўлими тўсиб туради", деганлар (Имом Насоий, Имом Табароний ривояти).
Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: «Ким ҳар бир фарз намозидан кейин Оятул Курсийни ўқиса, келаси намозгача у (банда) Аллоҳнинг ҳимоясида бўлади» (Имом Табароний ривояти).
Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик.
Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!
Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад
Даврон НУРМУҲАММАД
Ҳанафий Ислом ҳуқуқи сабоқлари: Фиқҳий мазҳаблар (аудио)
Буюк Британияда кўзи ожиз ёшлар учун Ислом маркази очилади
Престон шаҳри (Буюк Британия) ги 100 йиллик меҳмонхона-бар биносида кўзи ожиз ёшлар учун Ислом таълим маркази очилади. Маҳаллий мусулмонларнинг хайрия тшкилоти эски бинони эгаларидан сотиб олди.
"Исломда ҳар бир бола араб тилида Қуръон ўқишни ўрганиши мумкин, энди эса бу имконият Престоннинг кўзи ожиз болаларига насиб этади", - дейди маҳаллий мусулмонлар жамоаси вакили.
Islam.ru хабарига кўра, марказни яратиш ғоясини маҳаллий кичик мусулмонлардан бирининг отаси берган, у туғилишдан ёмон кўради, лекин шунга қарамай ҳаётини Муқаддас битикларни ўрганишга бағишламоқчи. Марказга Африкадаги кўзи ожиз мусулмонлар учун мактабга раҳбарлик қиладиган мусулмон олим маслаҳат бермоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Хаворижлар ва муътазилаларга раддия берган аллома
Имом Абу Мансур Мотуридий ўз таълимоти ва илмий асарлари билан Мовароуннаҳрда тавҳид илмининг ривожланишига катта ҳисса қўшди. Илоҳиёт илмларининг тўла шаклланиб, такомилга етишида, қайта ишланиб, маълум тизимга солинишида мислсиз хизмат қилди. Буюк аллома ўз қарашлари билан Ўрта Осиё халқларининг анъаналари ва урф-одатлари ҳанафийлик таълимоти билан чамбарчас боғлиқлигини кўрсата олди.
Улуғ ватандошимиз асос солган таълимот Ислом динининг буюк ақидавий мактабларидан бири сифатида кенг кўламда тан олинди. Аҳли сунна вал жамоанинг ҳанафий мазҳаби вакиллари ақидада Имом Мотуридий ва унинг шогирдлари ҳамда издошлари ёзиб қолдирган қимматли асарларга таяниб иш кўришади. Эътиборлиси, Ислом оламининг аксарият минтақаларида, хусусан, Сурия, Ироқ, Туркия, Покистон, Ҳиндистон, Шимолий Африкада мотуридия таълимоти ҳозир ҳам ўрта ва олий диний ўқув юртларида мустақил фан сифатида ўқитилади.
Имом Мотуридий ўн бешдан ортиқ асар ёзган. У зот фиқҳ, калом ва тафсир йўналишларида битилган китоблар муаллифидир. Алломанинг фиқҳ илми ва унинг усулига бағишланган “Маъхазуш шариъа” (“Шариат асослари манбаи”) ҳамда “Китобул жадал фи усулил фиқҳ” (“Фиқҳ асослари ҳақида жадал баҳс”) номли китоблари машҳур.
Тафсирга оид – “Таъвилоту аҳлис сунна” (“Аҳли сунна ҳақида изоҳлар”) асари, асосан, калом илмига бағишлангани туфайли унда ақидага доир оятларни шарҳлашга кенг ўрин берилган. Муаллиф тафсирда ўз замонасидаги мўътазила, хавориж, карромия, жабария каби оқимларни зикр этиб, уларнинг Қуръон оятларига берган нотўғри талқинларини тўғри танқид қилган. Шунингдек, мушаббиҳа (Аллоҳ таолони, унинг сифатларини махлуқотларининг сифатларига ўхшатадиганлар), мунажжим (юлдузга қараб фол кўрадиганлар), фолбин ва бошқаларнинг фикрларини чуқур таҳлил қилган ва уларга асосли раддиялар берган. Демак, аллома ўзининг далилларга таянган, дунёқарашию соғлом тафаккури билан турли фирқаларга қарши кескин кураша оладиган даражада кучли билим соҳиби бўлган.
Абу Мансур Мотуридий ҳанафий илоҳиётшуносларига катта таъсир кўрсатди. Шунинг учун унинг қарашлари аввал Мовароуннаҳрда, кейин Хуросон ва бошқа минтақаларда кенг тарқалди. Шунингдек, Имом Мотуридий Абу Ҳанифанинг қарашларини тизимлаштиргани учун кейинги ҳанафий олимлар ақидада “мотуридийлар” дейилган. Зеро, Имом Мотуридий мазҳаббошимиз Имоми Аъзам Абу Ҳанифанинг эътиқодий қарашларини ривожлантирган ва тизимлаштирган буюк олим сифатида танилди.
Калом илмида Мотуридийнинг “Китоб ат-тавҳид” асарининг ўрни беқиёс. Абу Мансур Мотуридийдан кейин ўтган таниқли олимлардан Абу Муин Насафий ва Абу Юср Паздавий асарни мазкур ном билан, Ҳожи Халифа ва Бағдодий эса, “Китоб ат-тавҳид ва исбот ас-сифат” номи билан зикр этишган.
Бизгача мазкур асарнинг ягона нусхасигина етиб келган, у Кембриж университети кутубхонасида сақланади. 1970 йили мисрлик олим Фатҳуллоҳ Хулайф узоқ йиллар давом этган изланишлари натижасида Байрутнинг “Дор ал-машриқ” нашриётида “Китоб ат-тавҳид”ни нашр қилдирди. Нашрда бир талай камчиликларга йўл қўйилганига қарамай, у ўзидан кейинги тадқиқотлар учун манба сифатида аҳамиятлидир. “Китоб ат-тавҳид” бир неча марта қайта-қайта нашр этилди.
Имом Мотуридий ҳанафийлар томонидан аҳли сунна вал жамоанинг таниқли имоми, унинг фикрлари эса аҳли сунна вал жамоанинг қарашлари сифатида кўрилган.
Абу Юср Паздавий (493/ 1099), Абу Муин Насафий (508/1114), Умар Насафий (537/1142), Алоуддин Самарқандий (539/1144) ва Нуриддин Собуний (580/ 1184) каби атоқли олимлар фиқҳда Имоми Аъзам Абу Ҳанифанинг, эътиқодда эса Имом Мотуридийнинг қарашларига асосланишган.
Имом Мотуридий милодий 944 йили вафот этиб, Самарқанднинг машҳур Чокардиза қабристонида дафн этилган. XX аср бошларида академик В. Бартольд Самарқандга сафари пайтида Чокардиза қабристонида бўлгани ва у жойда Имом Мотуридий мақбарасини кўргани ҳақида ёзган.
2000 йили Имом Мотуридий илмий меросини ўрганишга бағишлаб ўтказилган анжуман арафасида Чокардиза қабристони ўрнида майдони 3,5 гектарлик мажмуа барпо этилди. Мажмуа марказида Абу Мансур Мотуридий мақбараси бунёд қилинди.
Мотуридий мақбарасини тиклаш жараёнида кўплаб фақиҳ ва уламоларга мансуб қабртошлар (қайроқ тошлар)нинг топилиши қорахонийлар даврига оид янги маълумотларни юзага чиқарди.
Имом Мотуридий ва унинг илмий меросини ўрганиш бугун ҳам долзарблигича қолмоқда. Алломанинг асарлари ҳамон ўзбек тилига таржима қилинмаган. Европа ва Туркия олимлари томонидан калом илми тарихига доир қатор тадқиқотлар амалга оширилган бўлса-да, Марказий Осиё ҳудудида ушбу йўналишда ҳали кўплаб илмий ишлар ўз тадқиқотчиларини кутиб турибди.
Абдувоҳид ЎРОЗОВ,
Имом Бухорий халқаро
илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими