muslim.uz
Шемаха – Турк дунёсининг 2023 йилдаги туризм пойтахти
Озарбайжоннинг Шемаха шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти Туризм бўйича ишчи гуруҳи 17-мажлиси ва Туризм вазирлари 7-йиғилишида қабул қилинган тегишли қарорга асосан, Шемахага Турк дунёсиниг 2023 йилдаги сайёҳлик пойтахти мақоми берилди.
Тадбирда ТДТ бош котиби Бағдод Амреев, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов, шунингдек Туркия, Қозоғистон, Туркманистон, Венгрия давлатларининг сайёҳлик соҳаси масъуллари, Озарбайжондаги димпломатик миссия вакиллари иштирок этди.
Анжуман қатнашчилари мультимиллий “Замонавий Буюк Ипак йўли” кўринишидаги қўшма сайёҳлик маҳсулотлари яратиш йўлидаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш муҳимлигини бир овоздан маъқулладилар. Озарбайжон Туризм давлат агентлиги хабарига кўра, йиғилишда “Турк дунёси туризм пойтахти ташаббуслари” қоидалари тасдиқланди ва “Туркий давлатлар ташкилотининг туризм бўйича “Йўл харитаси” қабул қилинди.
Бош котиб Бағдод Амреев ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида барча йўналишларда жадал ривожланаётган ҳамкорлик, жумладан, туризм соҳасида ҳам яққол акс этаётганини таъкидлади. У Шемаха шаҳрини юксак мақомга сазовор бўлгани билан қутларкан, мазкур ташаббуснинг давомийлиги мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро жипслик янада мустаҳкамланишига олиб келишини билдирди.
Қайд этиш жоиз, Шемаха – Буюк Ипак йўлидаги энг муҳим, тарихий ва сайёҳлик нуқтаи назаридан алоҳида аҳамиятга эга шаҳарлардан бири. Шунинг учун ҳам Турк дунёсининг 2023 йилдаги туризм пойтахти этиб танланди.
Ғ.ХОННАЗАРОВ
Таҳовия ва Насафия матнлари ўртасида қандай фарқлар бор?
Абу Жаъфар Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳнинг Ақидатут Таҳовия ва Абу Ҳафс Насафий раҳматуллоҳи алайҳнинг Ақоидун Насафия асарлари ўртасида фарқли қарашлар борми? Агар бор бўлса улар қайси масалалар? Бу асарларнинг қайси бири фойдалироқ? деган саволлар учраётгани боис, бу саволларга ёзма равишда батафсил жавоб бериш маъқул кўрилди.
Ақидатут Таҳовия асари “Аҳли сунна ақидаси баёни”, “Суннат ва жамоат баёни” ва “Ақида” номлари билан машҳур бўлган бўлса, Ақоидун Насафия матни фақат “Ақоид” ва “Ақоидун Насафия” номлари билан танилган.
Аввало бу иккала матн ҳам Аҳли сунна вал жамоа эътиқодини баён қилувчи, асл маънолари бир бўлган, энг машҳур, энг мўътабар матнлар ҳисобланишини таъкидлаш лозим. Бу икки матн бошқа-бошқа даврларда ва бошқа-бошқа юртларда ёзилган. Ақидатут Таҳовия милодий 900 йиллар атрофида Мисрда ёзилган бўлса, Ақоидун Насафия эса икки юз йилдан ортиқ вақтдан сўнг, яъни милодий 1100 йиллардан кейин Мовароуннаҳрда ёзилган. Шунга кўра ақида масалаларини баён қилишда улар ўртасида айрим фарқлар бўлиши табиийдир. Улар ўртасидаги айрим жузъий фарқлар эса қуйидагилардан иборат:
- Ақидатут Таҳовияда мусулмонлар ўртасидаги ақидавий ихтилофларда миллат фақиҳларининг ақидавий қарашлари қандай бўлгани жамланган. Ақоидун Насафияда эса мавзу кенгроқ олинган, яъни мусулмонларнинг номусулмонлардан фарқли ақидавий қарашларини ҳам, фақат мотуридийларга хос бўлган эътиқодий қарашларни ҳам жамлашга эътибор қаратилган;
- Ақидатут Таҳовия тавҳид мавзуси билан бошланган, Ақоидун Насафия эса илм воситалари мавзуси билан бошланган;
- Ақидатут Таҳовияда оқил бандаларнинг билиш воситалари, яъни қатъий ақидалар уларда қайси йўллар билан ҳосил бўлиши мавзуси баён қилинмаган, Ақоидун Насафияда эса бу мавзу батафсил баён қилинган;
- Ақидатут Таҳовияда олам ва унинг нимадан иборат экани мавзусига киришилмаган, Ақоидун Насафияда эса бу мавзу алоҳида баён қилинган;
- Кўплаб ўринларда иккала матнда бир хил маъно фарқли иборалар билан ифодаланган. Масалан, Ақидатут Таҳовияда Аллоҳ таолонинг сифатлари яралмишлардан олдин ҳам бор бўлган азалий сифатлар экани, яралмишлар вужудга келишлари сабабли У зотда олдин бўлмаган бирор сифати зиёда бўлмагани айтилган, Ақоидун Насафияда эса оламнинг ўзи унинг яратувчиси комил сифатлар соҳиби эканига, нуқсонли сифатлардан холи эканига далолат қилиши ифодаланган;
- Ақидатут Таҳовияда Аллоҳ таолонинг замон ва макондан холи экани очиқ лафз билан айтилмаган, балки олти тараф Уни иҳота қила олмаслиги ва мутлақ беҳожат экани айтилган, Ақоидун Насафияда эса “У зот бирор маконда ўрин олмайди, Унга бирор замон жорий бўлмайди”, дея очиқ лафз билан айтилган;
- Ақидатут Таҳовияда Аллоҳ таолонинг сифатлари Қуръони карим ва ҳадиси шарифларнинг лафзларига мувофиқ равишда батафсил баён қилинган, Ақоидун Насафияда эса мазкур лафзлардан тушуниладиган ва эътиқод қилинадиган маънолар умумий тарзда баён қилинган;
- Аллоҳ таолонинг сифатлари зотининг айни ҳам, Ундан бошқа ҳам эмаслиги масаласига Ақидатут Таҳовияда тўхталинмаган, Ақоидун Насафияда эса бу масала очиқ баён қилинган;
- Ақидатут Таҳовияда таквийн сифати умумий тарзда батафсил васф қилинган, Ақоидун Насафияда эса бу сифат тўғрисидаги ихтилофларда мотуридийларнинг қарашлари қандай экани баён қилинган;
- Ақидатут Таҳовияда барча яралмишларнинг ажалларини Аллоҳ таоло белгилаб қўйгани айтилган, Ақоидун Насафияда эса қатл этилган шахс ҳам ажали билан ўлган бўлиши, ўлимнинг ҳақиқати нима экани ва ажални битта деб эътиқод қилиш масалалари ҳам айтилган;
- Ақидатут Таҳовияда Аллоҳ таолонинг мутлақ ризқ берувчи экани айтилган, Ақоидун Насафияда эса ҳаром ҳам ризқ ҳисобланиши, барча ўзининг ризқини ҳалол бўлсин ё ҳаром бўлсин албатта тўла-тўкис олиши баён қилинган;
- Ақидатут Таҳовияда “аслаҳ” масаласи очиқ баён қилинмаган, Ақоидун Насафияда эса бу масала очиқ баён қилинган;
- Ақидатут Таҳовияда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарлик сифатлари батафсил баён қилинган, Ақоидун Насафияда эса у зот алайҳиссаломнинг пайғамбарларнинг сўнгиси ва энг афзали эканликларини айтиш билан кифояланилган;
- Ақидатут Таҳовияда пайғамбарларнинг адади ҳақида қандай эътиқодда бўлиш баён қилинмаган, Ақоидун Насафияда эса уларни маълум бир ададга чеклаш дуруст эмаслиги айтилган;
- Ақидатут Таҳовияда Аллоҳ таолони жаннатда кўриш ҳақлиги нақлий далиллар билан собит экани айтилган, Ақоидун Насафияда эса Аллоҳ таолони жаннатда кўриш ақл ҳукмида жоиз, нақл ҳукмида вожиб экани айтилган;
- Ақидатут Таҳовияда Қуръон нақлий далиллар асосида таърифланган, Ақоидун Насафияда эса ақлий далиллар асосида таърифланган;
- Ақидатут Таҳовияда (яъни кўплаб нусхаларида) “таквийн” сифати масаласи айнан шу ном билан келмаган. Ақоидун Насафияда эса айнан шу ном билан баён қилинган;
- Ақидатут Таҳовияда маъдумга (номавжудга) “шай” сўзи ишлатиш тўғри эмаслиги масаласи келмаган, Ақоидун Насафияда эса бу масала очиқ баён қилинган;
- Ижтиҳодий масалаларда ҳам Аллоҳ таолонинг муайян ҳукми борми ёки бундай масалаларда мужтаҳиднинг тўғри деб топгани Аллоҳнинг ҳукми ҳисобланадими? Ушбу масала Ақидатут Таҳовияда баён қилинмаган, Ақоидун Насафияда эса мотуридийларнинг бу масалага тегишли эътиқодлари очиқ баён қилинган;
- Ақидатут Таҳовияда башарият пайғамбарлари афзал саналиши ёки фаришталарнинг пайғамбарлари афзал саналиши масаласи айтилмаган, Ақоидун Насафияда эса бу масала тўғрисида мотуридийларнинг эътиқодлари очиқ баён қилинган;
- Ақидатут Таҳовияда саҳобалар, тобеинлар ва улардан кейинги уламолар фақат яхшилик билан тилга олиниши лозимлиги айтилган, Ақоидун Насафияда эса бу масала очиқ айтилмаган;
- Ақидатут Таҳовияда битта пайғамбар ҳамма валийлардан афзал ҳисобланиши очиқ айтилган, Ақоидун Насафияда эса валий пайғамбарининг пайғамбарлигига иқрор бўлиш билангина валий бўла олиши айтилган;
- Ақидатут Таҳовияда ерда ҳам осмонда ҳам Аллоҳнинг дини ягона Ислом экани баён қилинган, Ақоидун Насафияда эса бу масалага тўхталинмаган;
- Ақидатут Таҳовияда мушаббиҳа, мўътазила, жаҳмия, жабрия ва қадария фирқаларининг номлари ва адашганликлари айтилиб, уларнинг йўлларидан паноҳ сўралган Ақоидун Насафияда бу фирқаларнинг бирортасининг номлари келтирилмаган;
- Ақидатут Таҳовияда бир юз ўттиздан ортиқ эътиқодий масала баён қилинган, Ақоидун Насафияда саксондан ортиқ эътиқодий масала баён қилинган.
Иккала матн ўртасидаги фарқлар асосан шулардан иборатдир. Агар мазкур фарқлар мулоҳаза қилиб кўрилса, ҳар бир даврда бўлгани сингари, ушбу матнларда ҳам ўз даврларида муҳим бўлган масалаларга эътибор қаратилгани ойдинлашади. Шу сабабли уларнинг бирида бошқасига қараганда айрим масалаларга кўпроқ урғу берилгани, асло ва асло бир-бирига зид эмаслиги балки бир-бирини тўлдириши аниқ-равшан бўлади.
Шу ўринда Ақидатут Таҳовияни мўътабар санаб, Ақоидун Насафияни мўътабар ҳисобламайдиган айрим кимсаларнинг бу хато тушунчалари ҳақида ҳам икки оғиз гапириб ўтиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Ақидатут Таҳовияни мадҳ қилиб, Ақоидун Насафияни мўътабар санамайдиган кимсаларни умумий икки тоифага ажратиш мумкин:
- Ақоидун Насафийни тушуна олмаганлар ёки уни тушуниш даражасида бўлмаганлар;
- Эътиқодлари салафи солиҳларнинг эътиқодларига мувофиқ бўлмаса ҳам, эътиқодимиз салафи солиҳларнинг эътиқодларига мувофиқ деб даъво қилувчилар ва бу даъволарига бошқаларни ҳам ишонтириш йўлида Ақидатут Таҳовиядан қалқон сифатида фойдаланишга уринадиган кимсалар.
Мана шу иккинчи тоифага мансуб кимсалар Ақоидун Насафияни салафи солиҳларнинг ақидаларига зид таълимотлари бўлган, аслида оддий бўлган эътиқодни чигаллаштириб мусулмонларнинг бошларини оғритадиган бидъатлари бор асар деб қарайдилар.
Лекин бундай кимсаларнинг баъзи қарашлари аслида Ақидатут Таҳовияга ҳам тўғри келмайди. Яъни уларнинг айрим қарашларини Ақоидун Насафия сингари Ақидатут Таҳовиянинг ўзи ҳам рад қилади. Масалан, “Аллоҳ таолони осмонда деб эътиқод қилиш, ёки У зотга қадим сўзини ишлатиш жоиз эмас деб билиш мазкур тоифаларнинг энг машҳур даъволаридан бўлса, уларнинг бу қарашлари Ақидатут Таҳовияга ҳам зид ҳисобланади. Яъни Ақидатут Таҳовияда: “Бошқа яралмишлар сингари Уни олти тараф иҳота қилиб турмайди”, дейилган бўлса, Ақоидун Насафияда: “У зот бирор маконда ўрин олмайди”, дейилган.
Ақидатут Таҳовияда: “У зот ибтидосиз қадимдир” дейилган бўлса, Ақоидун Насафияда: “Оламнинг яратувчиси Аллоҳ таоло ягона, қадимдир” дейилган.
Ақидатут Таҳовия асари мотуридийларда ҳам, ашъарийларда ҳам бир хил эътироф этиладиган мўътабар матнлардан экани соҳа мутахассисларига сир эмас. Иккала мазҳаб уламоларининг ҳам бу матнга шарҳ ёзганлари бунинг яққол исботидир. Ақидатут Таҳовия асарига элликта атрофида шарҳ ёзилган бўлса, Ақоидун Насафиянинг ўндан ортиқ шарҳлари бор. Бу шарҳларнинг айримлари ашъария мазҳаби уламолари томонидан ёзилган. Шунинг ўзи ҳам ушбу матннинг нақадар мўътабарлигига яна бир далилдир дейиш мумкин.
Шу ўринда: “Хўп, Ақидатут Таҳовияни ҳам, Ақоидун Насафияни ҳам мўътабар деб биламиз, лекин қайси бирини афзалроқ деб билишимиз керак”? деган савол пайдо бўладиган бўлса, жавоб қуйидагича бўлади: истеъмол қилинадиган дорининг афзаллиги кишининг ёши ва вазнига кўра фарқли бўлганидек, кишиларнинг илмий салоҳиятларига кўра бу матнларнинг афзаллиги ҳам фарқли бўлади.
Хулоса сифатида айтиш мумкинки, Ақидатут Таҳовияда Аҳли сунна вал жамоанинг мусулмонлар ичидаги адашган оқимлардан ва исломга нисбат берилган фирқалардан фарқли бўлган эътиқодий қарашлари жамланган. Ақоидун Насафияда эса Аҳли сунна вал жамоанинг, хоссатан мотуридийларнинг эътиқодий қарашлари нима сабабли тўғри экани ҳамда номусулмонлар ва адашган оқимларнинг эътиқодлари нима учун нотўғри экани ҳақидаги нақлий ва ақлий далилларнинг хулосалари жамланган.
Шу маънода омма мусулмонларга тўғри эътиқодни осон тушунишлари учун Ақидатут Таҳовия матнини ўрганишлари тавсия этилса, соҳа мутахассисларига Ақидатут Таҳовия матни асосида Ақоидун Насафияни чуқур ўрганиш тавсия қилинади…
Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога ҳамда у зотнинг аҳли оилаларию саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин!
Абдулқодир Абдур Раҳим,
Тошкент ислом институти Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси катта ўқитувчиси
Кийиниш маданияти миллат кўрки
Кийиниш маданияти – инсоннинг ташқи кўриниши, маънавий дунёси , эстетикаси, ахлоқий сифатлари ва салоҳиятини очиб беради. Кийиниш маданиятига бўлган қараш инсоннинг гўзаллик, нафосат, одоб борасидаги кўз қарашларини ифода этадиган омил ҳамдир. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки бугунги жадал ривожланиб бораётган глобал даврда кийимлар ҳам, кийинишга бўлган эътибор ва талаб ҳам ўзгариб бормоқда.
Ёшларимизнинг мода кетидан кўр-кўрона қувишлари ва янги чиққан тор, очиқ, калта либосларни мода дея эътироф этишлари ва бу турдаги кийимлар албатта кийилиши керак деб фикрлашлари айни хақиқат. Бу кийимларнинг ўзбекона маданиятимизга менталитетимизга хос эмаслиги ҳақида эса ўйлаб кўришмаяпти. Афсуски мен бугунги йигит – қизларимизнинг кийиниш маданияти ҳақида ижобий фикр билдири олмайман. Чунки бугун кўча куйда, европага тақлид қилиб кийинаётган ёшларимизда миллийлигимиз акс этган кийимлар тоборо камайиб бормоқда. Аслида кийиниш маданияти хам ўзбекона маданиятимизнинг ажралмас қисмидир. Бу масаланинг жиддий томони шундаки юзага келаётган ушбу муаммо бугунги куннинг мухим долзарб мавзусига айланди. Кўпчилик ёшларимиз эвропа услубида кийинмасликни замондан ортда қолиш деб хисоблашмоқда. Бу фикрнинг мутлақо нотўғри эканлиги ҳақида фикр юритишмаяпти .
Европа модаси деб урф бўлган бемани кийимларни кийиб ўзини бугуннинг замонавий ёшлари деб хисоблайдиган хар бир йигит қиз қаттиқ адашади ва аксинча улар ўзларининг маънавияти тафаккури ва дунё қараши қанчалик саёз эканлигини “замонавий” либослари орқали намоён этишмоқда. Аслида инсоннинг маданиятга хос кийиниш услуби унинг маънавий олами қанчалик бой эканлигини намоён этувчи мухим омил хисобланади. Шу ўринда бир хақиқатни айтиш ўринли деб биламан. Йигит қизларимизнинг кийиниш маданиятида ота-оналарнинг алоҳида ўрни бор. Танасига ёпишиб турувчи ёки калта ва очиқ кийимларни ўз қизларига олиб бераётган айрим ота-оналар бунинг салбий оқибатларга олиб келишини билишармикан. Афсуски ота-оналар орасида қизларининг кийинишига бефарқ қарайдиганлар талайгина.
Кийиниш борасида нафақат қизларимиз балки йигитларимиз ҳам тобора “замонавийлашиб” боришяпти. Ҳар хил бемани ёзув ва расмлар туширилган футболка, калта шим ва шиппакларда кўчани тўлдириб юришгани айни ҳақиқат. Сигарет чекаётган одамнинг сурати туширилган ёки скелет расми солинган футболкаларни кийишга иштиёқманд ўзбек йигитларимизнинг бу ишлари ўзбекона маданиятимизга тўғри келмаслигини англай олишмаяпти. Тасаввур қилиб кўринг калта шим ёки футболка кийиб олган ота ёки тор ва очиқ либосга бурканган она ўз фарзандига ибрат бўлиш ўрнига шу муҳитда улғайиши учун замин яратаётгандек гўё. Ҳақиқатки бундай ота-оналар баъзи-баъзида учраб турибди.
Энг аввало ота она ўз фарзандини кийинишига эътибор бериши, доимий назорат қилиши зарур. Шундагина юқорида келтирилган муаммолар ва салбий фикрлар юзага келмайди. Истардимки қизларимиз ибо ҳаёда барчага намуна бўлиб, йигитларимиз ҳақиқий ўзбек ўғлони сифатида қолишса ва кийиниш маданияти хам миллийлигимизни ўзида мужассам этган энг муҳим омил эканлигини ёдда сақлашса нур устига аъло нур бўлади.
Ғолибжон Хидиров
Хожа Бухорий ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
Тошкент шаҳрининг қадимий дарвозалари тикланади
Пойтахт ҳокимлигида Тошкентнинг қадимий дарвозаларни қайта тиклаш ишларини жадаллаштириш, тарих ва археология соҳаларида фаолият юритаётган тажрибали экспертлар ва соҳа мутахассисларини, шунингдек, бошқа тегишли давлат ташкилотларининг масъул ходимларини жалб қилган ҳолда, дарвозаларнинг аниқ тарихий дизайни ва лойиҳа-концепцияларини пухта ишлаб чиқишга бағишланган йиғилиш ўтказилди.
2021 йил 18 октябрда Тошкент шаҳар ҳокимининг «Тошкент шаҳрининг 12 та қадимий дарвозасини тиклаш ва уларнинг жойлашган координаталарини тасдиқлаш тўғрисида»ги 356-14-0-Q/21-сонли қарори қабул қилиниб, бу масалада Ишчи гуруҳ шакллантирилган.
Йиғилишда Ишчи гуруҳи томонидан бугунгача бажарилган ишлар кўриб чиқилди. Жорий йилда пойтахтимизнинг 12 та қадимий дарвозаларидан 2 тасини қайта тиклаш ишлари олиб борилаётгани маълум қилинди, деб хабар беради Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.
Маълумот ўрнида: 19 асрга қадар Тошкент шаҳри 12 та дарвозага эга кучли қалъа девори билан ўралган. Ҳар бир дарвоза ўша ҳудуднинг қадимий номи, марказий кўчанинг номланиши ёки қайси йўналишда жойлашганлигига қараб аталган: Лабзак, Тахтапул, Қорасарой, Сағбон, Чиғатой, Кўкча, Самарқанд, Камолон, Бешёғоч, Кўймас, Қўқон, Қашқар ва б. Ҳар бир дарвозани махсус хонада яшаган қўриқчи (дарвозабон) назорат қилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Муаммонинг нозик нуқтаси
Шундай иллат борки, у қотиллик, зино, ўғирлик каби разилликларнинг калитидир. У на дин билади, на миллат. Ҳар қандай жамиятни емириб, эркагу аёл, ёшу қарини бирдек домига тортиб, икки дунёсини куйдиради. Унинг касрига болалар етиму мажруҳ, оилалар пароканда, фарзандлар оқпадар, ёшлар бевақт ҳаётдан кўз юмади. Унга аср вабоси дея таъриф берилиши ҳам бежиз эмас.
Бирлашган миллатлар ташкилотининг маълумотларига кўра, сўнгги йилларда гиёҳванд моддалар истеъмол қилувчилар сони тобора ортмоқда. Хусусан, ўтган йили дунё бўйлаб 15-64 ёшгача бўлган аҳолининг қарийб 5,5 фоизи илк бор гиёҳванд модда истеъмол қилган бўлса, 36 ярим миллион киши гиёҳвандликка мубтало бўлган. 2030 йилга бориб, дунё бўйича заққум истеъмолчилари 11 фоизга ошиши тахмин қилинмоқда. Афсуски, бу борада республикамизда ҳам ҳолат қониқарли эмас.
Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг Тошкент шаҳар филиали маълумотларига кўра, гиёҳванд модда истеъмол қилувчилар 2019 йилда салкам уч 2020 йилда эса тўрт фоизга яқинлашган. Рақамларнинг бундай ўсиши таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларининг ҳам сезиларли улуши бор. Афсуски, кейинги пайтда бу дори воситаларига ружу қўйиш ҳолатлари ҳам борган сари кўпаймоқда.
Ачинарлиси, уларнинг аксариятини ёшлар ташкил этмоқда. Боиси, уларнинг қизиқувчан, янгиликка ўч ва иродасизлигидир. Бу эса заҳри қотил таъсирига тушиш учун етарли омил бўлмоқда.
Агар бирор кашандадан чекишни қачон бошлаганини сўрасангиз аксарияти ёшлигида қизиқиб тамаки чекканини, кейин бунга ўрганиб қолганини таъкидлайди. Гиёҳвандлик ҳам ана шу оддий қизиқишдан бошланиб кейинчалик ёмон оқибатлар билан якунланади. Буни била туриб амал қилмайдиганлар орамизда топилади. Бунинг ҳаётий мисолларини ён-атрофимизда, айрим маҳаллаю қишлоқларда учратиш мумкин.
Яқинда маҳалламиз мактаби ёнидан ўтарканман, бир бурчакда яширинча тамаки тутаётган ўсмирларга кўзим тушиб, мактаб чоғларим ёдимга келди...
Синфимизда ҳам уч-тўрт нафар сигарета чекувчи болалар бўларди. Уларнинг ёшликдаги қизиқиши йиллар ўтиб одатга, кейинчалик иллатга айланди. Яъни яширинча сигарета чеккан, ароққа меҳр қўйган йигитлар йиллар ўтиб ўткир таъсир қилувчи моддаларни татиб кўришди. Натижада тақдир йўлларида кўп бор адашди, йиқилди, на оила, на ватан қилди. Дунёдан ҳеч вақо кўрмай ўтиб кетганлари ҳам бор.
Албатта, ҳеч ким фарзандини гиёҳванд бўлишини истамайди. Бироқ бунга ружу қўяётганлар қаердан пайдо бўляпти?
Бунинг сабаблари ўрганилганда, аввало, инсонларнинг руҳиятидаги салбий кечинмалар ва генетик мойилликлар омил бўлаётгани аниқланган. Хусусан, муаммолар ва қийинчиликдан қочиш, фарзандга беэътиборлик, болани ҳаддан ортиқ эркалаш, ички кечинмалар, қизиқувчанлик, ўз ҳаётидан қониқмаслик, турли низолар, ёлғизлик каби омиллар гиёҳвандликка туртки бераркан. Шу билан бирга, бу иллат болага ота-онадан қон орқали ўтиши ҳам тадқиқотчилар томонидан исботланган. Эътиборлиси, мазкур сабабларнинг аксари ота-она ва оилавий муҳитга бориб тақалади.
Демак, муаммонинг нозик нуқтаси оиладир. Гиёҳвандлик иллатининг олдини олиш учун оилаларни, ота-оналарни ислоҳ қилиш шарт. Уларни ислоҳ қилишнинг бирдан-бир йўли исломдир. Муқаддас динимиз кишини одоб-ахлоққа, ҳалолликка чақиради, харомдан тийилтиради. Энг асосийси, фарзандни баркамол бўлиб вояга етишига, турли иллатлардан холи бўлишига асос бўлади. Айниқса, инсон соғлиғига салбий таъсир этувчи егулигу ичимликлар истеъмол қилишни ман этади.
Бу борада Қуръон каримда бундай дейилади: “Эй одамлар, ердаги ҳалол-пок нарсалардан тановул қилингиз ва шайтоннинг изларидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир” (Бақара сураси 168-оят) дейилган.
Шунингдек, Моида сурасида: «Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни хоҳлайди» (91-оят) дея марҳамат қилинади. Ояти каримада хамр, яъни маст қилувчи нарсалар билан ёмонликлар, шайтоний қилмишлар ортиши таъкидланмоқда. Шу боис турли жирканч жиноят ишларига назар ташласангиз, кўпинча уни гиёҳванд модда таъсирида амалга оширилганининг гувоҳи бўласиз. Демак, заққум истеъмол қилиш буткул шайтон измига бўйсуниш ва икки дунёни куйдириш билан баробардир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умму Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир маст қилувчи ва бўшаштирувчидан қайтардилар» (Имом Абу Довуд ривояти) дейилган.
Демак, инсон саломатлигига салбий таъсир этувчи ҳар қандай егулигу ичимликдан тийилмоқ керак. Афсуски, сархуш қилувчи нарсаларни бир татиб кўрган киши нафсини бошқара олмай, яна истеъмол қилгиси келади. Ўзида унга қарши куч, ирода топа олмайди. Унга қарам бўлмасликнинг энг яхши йўли эса умуман оғизга олмасликдир. Бунинг учун эса фарзандаримизни имон-эътиқодли қилиб тарбиялаш, харом-ҳалолни чуқурроқ англатиш керак. Шундагина улар номақул ишларга ҳам қўл урмайдилар.
Бир сўз билан айтганда, динимиз кўрсатмаларига амал қилиб яшасак, нафақат ўзимизни балки фарзандларимизни ҳам турли балолару заҳри қотиллардан асраган бўламиз. Энг асосийси, зурриётларимиз жиноятчи, гиёҳвандлар эмас, балки орқамиздан дуо қилгувчи солиҳ инсонлар бўлиши тайин.
Бобур МУҲАММАДИЕВ