Ўзбекистон янгиликлари

Тошкент шаҳрининг қадимий дарвозалари тикланади

Пойтахт ҳокимлигида Тошкентнинг қадимий дарвозаларни қайта тиклаш ишларини жадаллаштириш, тарих ва археология соҳаларида фаолият юритаётган тажрибали экспертлар ва соҳа мутахассисларини, шунингдек, бошқа тегишли давлат ташкилотларининг масъул ходимларини жалб қилган ҳолда, дарвозаларнинг аниқ тарихий дизайни ва лойиҳа-концепцияларини пухта ишлаб чиқишга бағишланган йиғилиш ўтказилди.

2021 йил 18 октябрда Тошкент шаҳар ҳокимининг «Тошкент шаҳрининг 12 та қадимий дарвозасини тиклаш ва уларнинг жойлашган координаталарини тасдиқлаш тўғрисида»ги 356-14-0-Q/21-сонли қарори қабул қилиниб, бу масалада Ишчи гуруҳ шакллантирилган.

Йиғилишда Ишчи гуруҳи томонидан бугунгача бажарилган ишлар кўриб чиқилди. Жорий йилда пойтахтимизнинг 12 та қадимий дарвозаларидан 2 тасини қайта тиклаш ишлари олиб борилаётгани маълум қилинди, деб хабар беради Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.

Маълумот ўрнида: 19 асрга қадар Тошкент шаҳри 12 та дарвозага эга кучли қалъа девори билан ўралган. Ҳар бир дарвоза ўша ҳудуднинг қадимий номи, марказий кўчанинг номланиши ёки қайси йўналишда жойлашганлигига қараб аталган: Лабзак, Тахтапул, Қорасарой, Сағбон, Чиғатой, Кўкча, Самарқанд, Камолон, Бешёғоч, Кўймас, Қўқон, Қашқар ва б. Ҳар бир дарвозани махсус хонада яшаган қўриқчи (дарвозабон) назорат қилган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1093 times

Янгиликлар

Top