muslim.uz

muslim.uz

Ўқилиши: Роббиғфир варҳам ваҳдини илат-ториқил-ақвам ва та-жаваз ъамма таълам, иннака антал-азизул акрам.

Аллоҳумма инни асъалукал-ъафва вал-ъофията фид-дунйа вал-ахиро.

Маъноси: Парвардигорим, мени раҳмат ва мағфират эт. Тўғри йўлга бошла. Ўзинг билган гуноҳларимни кечир. Ўзинг карамлисан. Илоҳо, Сендан икки дунёда афв ва офият тилайман.

* * *

Ўқилиши: Аллоҳумма инни асъалукал-ҳуда ват-туқо вал-ъафафа вал ғина.

Аллоҳуммағфирли варҳамни ваҳдини ваъафини варзуқни.

Аллоҳумма йа мусоррифал-қулуб, сорриф қулубана ъала тоъатик.

Аллоҳумма инни аъузу бика минал ъажзи вал-касали вал-жубни вал-ҳарами вал-бухли ва аъузу бика мин фитнатил-маҳйа вал-мамати ва долаъ ад-дайни ва ғолабатир-рижал.

Маъноси: Илоҳо, мен Сендан ҳидоят, тақво, офият ва бойлик тилайман. Илоҳо, мени мағфират эт ва раҳматингга сазовор қил. Илоҳо, қалбимизни ўз тоатингга мойил қил. Илоҳо, Сендан ожизлик, дангасалик, қўрқоқлик, бахиллик каби иллатдан паноҳ сўрайман. Яна Сендан ҳаёт ва мамот фитналаридан, ортиқча қарздор бўлишдан ва ғанимларга мағлуб бўлишдан паноҳ тилайман.

* * *

Ўқилиши: Аллоҳумма инни аъузу бика минал-ъажзи вал касали вал жубни вал бухли вал ҳамми ва ъазабил-қобри.

Аллоҳумма ати нафси тақваҳа ва заккиҳа анта хойру ман заккаҳа, анта валйюҳа ва мавлаҳа.

Маъноси: Илоҳо, Сендан ожизлик, дангасалик, қўрқоқлик, бахиллик, ғам-ташвиш, қабр азоби каби нарсалардан асрашингни сўрайман. Илоҳо, менга тақво насиб эт, нафсимни пок эт. Сен барча инсонларнинг Хожасисан.

* * *

Ўқилиши: Аллоҳумма инни аъузу бика мин шаррис самъи ва мин шаррил басари ва мин шаррил лисани ва мин шаррил қолби ва мин шаррин нийяти.

Маъноси: Илоҳо, мен Сендан қулоқ, кўз, тил, қалб ва ният ёмонликларидан асрашингни сўрайман.

* * *

Ўқилиши: Аллоҳумма инни аъузу бика минал бароси вал-жунуни вал-жузами ва саййиъил-асқом.

Аллоҳумма инни аъузу бика минат-тараддий ва аъузу бика минал-ғароқи вал ҳароқи вал-ҳарами ва аъузу бика ан ятахаббатониш-шайтону ъиндал-мавт ва аъузу бика ан амута фи сабилика мудбирон ва аъузу бика ан амута ладиғон.

Маъноси: Илоҳо, мен Сендан ёмон касаллик­лардан ва қаттиқ беморликлардан асрашингни сўрайман. Илоҳо, турли офатлардан ва балолардан, оғир дамда шайтоннинг васвасасидан ва фожиали ўлимлардан асрашингни сўрайман.

* * *

Ўқилиши: Аллоҳумма инни асъалука мин хойри ма саъалака минҳу набийюка Муҳаммадун соллаллоҳу ъалайҳи ва саллам ва наъузу бика мин шарри ма истаъазака минҳу набийюка Муҳаммадун соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва антал-мустаъану ва ъалайкал-балағу ва ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ.

Маъноси: Илоҳо, Пайғамбаринг Муҳаммад (алайҳиссалом) сўраган яхши нарсаларни мен ҳам сўрайман, Пайғамбаринг нима нарсалардан асрашингни сўраган бўлса, мен ҳам улардан асрашингни сўрайман. Ўзинг ёрдам берувчисан. Сендан ўзгада куч-қувват йўқ.

* * *

Ўқилиши: Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала али Муҳаммад.

Маъноси: Илоҳо, Пайғамбаринг Муҳаммад (алайҳиссалом)га ва у зотнинг оилаларига салавот ва саломлар нозил эт.

* * *

Ўқилиши: Аллоҳумма иннака қулта удъуни астажиб лакум ва иннака ла тухлифул-миъад, ва инни асъалука кама ҳадайтани лилислами ан ла танзаъаҳу минни, ҳатта татаваффани ва ана муслимун.

Маъноси: Эй бор Худоё, Мендан сўранглар, ижобат қиламан, деб айтдинг, албатта, Сен ваъдангга хилоф қилмагайсан. Эй бор Худоё, ҳидоят неъматини бериб, мени Исломга мушарраф қилдинг, энди уни мендан мусулмон ҳолда ўлгунимча айирма. Илоҳо, Ўзинг бизларни бу динда собитқадам эт.

* * *

Ўқилиши: Аллоҳумма инни асъалука ийманан даиман ва яқийнан содиқон ва ъилман нафиъан ва қолбан хошиъан ва лисанан закирон ва асъ-алукал ъафва вал-ъафията вал-маъафата даъиматан фид-дунйа вал­ахиро.

Маъноси: Илоҳо, Сендан доимий имон, мустаҳкам эътиқод, фойдали илм, қўрқувчи қалб, зикр этувчи тил, афв ва офият ва дунёю охиратда доимо хотиржамликни сўрайман.

* * *

Ўқилиши: Аллоҳумма йа муқоллибал-қулуби саббит қолби ъала диник.

Аллоҳумма аъинни ъала зикрика ва шук­рика ва ҳусни ъибадатик.

Маъноси: Илоҳо, дилларни ўзгартириб турувчи Раббим, менинг дилимни Ўз динингда собит эт.

Илоҳо, Сени зикр этишимда, Сенга шукр этишимда ва чиройли ибодат қилишимда ёрдам бер.

* * *

Ўқилиши: Роббана лаа туахизна ин насийна ав ахтоъна.

Роббана ва лаа таҳмил ъалайна исрон кама ҳамал-таҳу ъалал-лазийна мин қоблина.

Роббана ва ла туҳаммилна ма ла тоқоталана биҳ, ваъфу ъанна вағфир лана варҳамна, анта Мавлана, фансурна ъалал-қовмил-кафирийн.

Маъноси: Парвардигоро, агар эсимиздан чиқарсак, хатога йўл қўйсак, бизларни жазолама, бизларнинг зиммамизга олдинги умматларга юклаганингдек оғир юкларни юклама, тоқатимиз етмайдиган нарсаларни бизларга буюрма, бизларни кечир, афв эт, раҳматингга ол, Сен бизларнинг ҳожамизсан, кофирлар устидан бизларга ёрдам бер.

* * *

Ўқилиши: Аллоҳумма инни аъузу бика минал-қосвати вал ғофлати вал-ъайлати ваз-зиллати вал масканати. Ва аъузу бика минал куфри вал фақри вал-фусуқи ваш-шиқоқи ван-нифақи, ва суъил-ахлақи, ва зийқил-арзоқи, вас-сумъати, вар-рийаи, ва аъузу бика минас-сомами вал-баками вал-ъама вал-жунуни вал-жузами вал-бароси ва саййиъил-асқом.

Маъноси: Илоҳо, Сендан тошбағирлик, ғафлат, қашшоқлик, хорлик, мискинлик каби иллатлардан асрашингни сўрайман. Яна Сендан куфрдан, фақирлиқдан, фисқу фужурдан, низо ва адоватдан, ёмон хулқлардан, ризқи тангликдан, риёкорликдан, кўру кар бўлишдан, жиннилик ва ёмон касалликлардан асрашингни сўрайман.

 

ЎМИ матбуот хизмати

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Сиздан (эй Муҳаммад!) бандаларим Менинг ҳақимда сўрасалар, (айтинг) Мен уларга яқинман. Менга илтижо қилувчининг дуосини ижобат этурман. Бас, улар ҳам Мени (даъватларимни) ижобат (қабул) этиб, Менга имон келтирсинлар, шояд (шунда) тўғри йўлга тушиб кетсалар» (Бақара сураси, 186-оят).

«Эй Раббимиз! Биз ўзимизга (ўзимиз) зулм қилдик. Агар бизни кечирмасанг ва бизга раҳм қилмасанг, биз, албатта, зиён кўрувчилардан бўлиб қолурмиз» (Аъроф сураси, 23-оят).

«Раббим! Мен Сендан ўзим (яхши) билмаган нарсани сўрашимдан паноҳ тилайман. Агар мени кечирмасанг ва менга раҳм қилмасанг, албатта, зиён кўрувчилардан бўлиб қолурман» (Ҳуд сураси, 47-оят).

«Эй Раббим, бу бузғунчилар қавми устидан Ўзинг мени ғолиб қил!» (Анкабут сураси, 30-оят).

«Эй Раббим! Мени ва зурриётимдан (кўп фарзандларимни) намозни баркамол адо этувчи қилгин! Эй Раббимиз! Дуоимни қабул эт! Эй Раббимиз! Ҳисоб-китоб қилинадиган (қиёмат) куни мени, ота-онамни ва (барча) мўминларни мағфират қилгин!» (Иброҳим сураси, 40–41-оятлар).

«Эй осмонлар ва Ерни ижод этган Зот! Дунёю охиратда Ўзинг эгамдирсан. (Ажалим етганида) мусулмон ҳолимда вафот эттир ва мени солиҳлар (қатори)га қўшгин!» (Юсуф сураси, 101-оят).

«Таваккулни Аллоҳга қилдик. Эй Раб­бимиз! Биз билан қавмимиз ўртасида ҳаққоний ҳукм қил! Сен ҳукм қилувчиларнинг яхшисидирсан» (Аъроф сураси, 89-оят).

«Эй Раббим! (Бу қийин вазифага) бағримни кенг қилгин ва ишимни осон қилгин ҳамда тилимдан тугунни (дудуқликни) ечиб юборгин, (токи) улар (қавмим) гапимни (яхши) англасинлар» (Тоҳо сураси, 25–28-оятлар).

«Эй Раббим! Ўзинг менга (бу) золимлар қавмидан нажот бергин!» (Қасас сураси, 21-оят).

«Сендан ўзга илоҳ йўқдир. Сен (барча) нуқсонлардан покдирсан. Дарҳақиқат, мен (ўзимга) зулм қилувчилардан бўлдим» (Анбиё сураси, 87-оят).

«Эй Раббим! Мени ёлғиз ташлаб қўйма (меросхўр фарзанд ато эт!) Сен (Ўзинг) ворисларнинг яхшироғидирсан» (Анбиё сураси, 89-оят).

«Раббим, менга (ҳам) ўз ҳузурингдан пок зурриёт ато эт! Дарҳақиқат, Сен дуони эшитувчидирсан» (Оли Имрон сураси, 38-оят).

«Эй Раббимиз, бизни ҳидоят йўлига солганингдан кейин дилларимизни (тўғри йўлдан) оғдирма ва бизга ҳузурингдан раҳмат ато эт! Албатта, Сен Ваҳҳоб (барча неъматларни текин ато этувчи)дирсан» (Оли Имрон сураси, 8-оят).

«Эй Раббим! Мени (қабрга) содиқлик билан (гуноҳларим кечирилган ҳолимда) киритгин ва (тирилтирганингда ҳам) содиқлик (розилигинг билан) чиқаргин ҳамда мен учун ўз даргоҳингдан бир мадад берувчи ҳужжат ато қилгин» (Исро сураси, 80-оят).

«Эй Раббим! Менга (кофирларга) ваъда қилинаётган нарса (азоб)ни кўрсатсанг-чи?! Эй Раббим! (ўшанда) мени у золимлар қавми ичида (турувчи) қилмагин!». «Эй Раббим! Мен Сендан шайтонларнинг васвасаларидан паноҳ беришингни сўрайман. Яна мен Сендан, эй Раббим, улар менинг ҳузуримга келишларидан паноҳ сўрайман». «Эй Раббим! (Гуноҳларимизни) мағфират эт ва (ҳолимизга) раҳм айла! Сен (ўзинг) раҳм қилувчиларнинг яхшисидирсан». (Муъминун сураси, 93,-94-,97-,98-,118-оятлар).

«Эй Раббим! Менга илмни зиёда эт!» (Тоҳо сураси, 114-оят).

«Эй Раббимиз, бизлар Сенга имон келтирганмиз. Бас, бизнинг гуноҳларимизни кечир ва бизни дўзах азобидан асра!» (Оли Имрон сураси,16-оят).

 

ЎМИ матбуот хизмати

 

ЎМИ матбуот хизмати

Киши ўз ихтиёри билан фарзга қўшимча тарзда ўқийдиган намоз – нафл намоз ҳисоб­ланади. Бу намозни Аллоҳ таоло мўминлар зиммасига фарз каби мажбурий қилмаган, балки ихтиёрий тарзда адо этилади.

Нафл намозлари икки хил бўлади:

  1. Беш вақт фарз намозларига тобе бўлган нафллар. Булар фарзлардан олдин ёки кейин ўқиладиган намозлар бўлиб, улар «сунани равотиб» дейилади.
  2. Беш вақт намозлардан ташқари мустақил ўқиладиган намозлар. Булар жумласига зуҳо, таҳажжуд, ҳожат сўраш кабилар киради.

Нафл намозларни ўқиш тартиби

Кундузги нафл намозларини тўрт ракатдан, кечқурунги нафлларни эса икки ракатдан ўқиш суннат амаллардан. Қиёмда туришга қодир бўла туриб ўтирган ҳолда нафл намозлари ўқиш жоиз, лекин савобнинг ярмига эришади. Агар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай ҳам намоз ўқиганлар деб ўқиса, ҳам намознинг, ҳам суннатга амал қилганнинг савобига эришади. Аммо тик туриб ўқишга қодир бўлмаган кишининг ажри тик туриб ўқиган кишининг ажри билан баробар бўлади. Ўтириб ўқийдиган киши, агар узри бўлмаса, бошқа намозлардаги ташаҳҳуд ўқиётган кишидек чап оёғи устига ўтириб, ўнг оёғини тик қилади. Нафл ўқишга киришган кишининг намози, агар икки ракатни тўлиқ тугатмай бузилса, қазосини ўқиши вожиб.

 

Таҳиятул масжид намози

Намозхон масжидга кирганида агар фарз намозлари адо этилмаётган бўлса, масжид билан саломлашиш ниятида ўқийдиган намози «таҳийятул масжид» дейилади. Бу намозни икки ёки тўрт ракат ўқиса бўлади. Афзали тўрт ракат ўқишдир. Агар масжидга кирган киши жамоатнинг равотиб суннатларни ёки фарзни ўқиётганини кўрса, таҳийятул масжид намозини шу суннат ёки фарзларга қўшиб ният қилади. Шу билан у суннат ва ёки фарзга қўшиб таҳийятул масжидни ўқиганлик савобини олади. Аммо ниятни қилмай, суннат ёки фарзнинг ўзини ўқиса, ундан таҳийятул масжид намозини ўқиганлик савобига эришмайди. Таҳийятул масжидни масжидга кирган киши ўтирмасдан олдин ўқиши суннат.

Абу Қатода (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бирортангиз масжидга кирса, ўтиришдан олдин икки ракат намоз ўқисин”, деганлар» (Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Абу Довуд ва Насоий ривоят қилган).

Ҳанафий мазҳабида имом хутба қилаётган бўлса, таҳийятул масжид ўқилмайди. Шунингдек, ҳанафий мазҳабида намоз ўқиш макруҳ пайтларда ҳам таҳийятул масжид ўқилмайди. Намозхон масжидга кириши билан фарз намозни ёки бошқа бир намозни ўқисаю, таҳийятул масжидни ўқишни ният қилса, таҳийяти масжид ўрнига кифоя қилади. Борди-ю, масжидга бир кунда бир неча бор кирадиган бўлса, бир марта ўқиса кифоя.

 

Ишроқ намози

Муоз ибн Анас ал-Жуҳаний (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким бомдод намозини жамоат билан ўқиса, сўнг қуёш чиққунча Аллоҳни зикр қилиб ўтирса, сўнг икки ракат намоз ўқиса, унга бир ҳаж ва бир умранинг савоби тўлиқ, тўлиқ, тўлиқ берилади”, деганлар» (Имом Термизий ривоят қилган).

Ушбу ривоятда васф қилинаётган намоз «Салотуш-шуруқ» (Ишроқ намози) дейилади. «Шуруқ» қуёш чиқишини англатади. Шуруқ чошгоҳ намозининг энг аввалги вақтидаги намоздир.

 

Зуҳо (чошгоҳ) намози

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким чошгоҳ намозини бардавом ўқиса, унинг гуноҳлари денгиз кўпигича бўлса ҳам мағфират қилинади”, дедилар» (Имом Термизий ривоят қилган).

Бу намознинг вақти қуёш бир найза бўйи кўтарилганда кириб (яъни қуёш чиққандан тахминан ярим соат кейин), заволга бир соат қолгунча давом этади. Бу «даҳватул кубро», яъни катта тонг, дейилади. Зуҳо намози икки ракатдан саккиз ракатгача ўқилади, энг афзали тўрт ракатдан ўқишдир. Чунки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўпроқ тўрт ракатдан ўқиганлар. Унинг энг афзал вақти кундузнинг тўртдан бири ўтгандан кейиндир.

 

Истихора намози

«Истихора» сўзи луғатда «хайр, яъни яхшиликни талаб қилиш» деган маънони анг­латади. Мусулмон киши икки ишдан қайси бирини қилишини билмай қолганида, хайрлисини танлаш учун икки ракат истихора намози ўқийди. Бу намозни ҳар бир мубоҳ ишдан олдин ўқиш мустаҳабдир.

 

Ҳожат намози

Абдуллоҳ ибн Абу Авфо (розияллоҳу анҳу)-дан ривоят қилинади: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимнинг Аллоҳга ва Бани одамдан бирортасига ҳожати бўлса, яхшилаб таҳорат қилсин, сўнгра икки ракат намоз ўқисин. Кейин Аллоҳга сано ва Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот айтсин. Сўнгра: “Ҳалийму Карим Аллоҳдан ўзга ҳеч илоҳи маъбуд йўқ. Улуғ Аршнинг Раб­биси Аллоҳ покдир. Оламларнинг Раббиси Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Мен Сендан: раҳматингни вожиб қилувчи, мағфиратингни тақозо этувчи нарсаларни ва ҳар бир яхшиликдан ғаниматни, ҳар бир ёмонликдан саломатлик сўрайман. Менинг ҳеч бир гуноҳимни қўймай мағфират қилгин, ҳеч бир ғамимни қўймай кушо­йиш эт, Ўзинг рози бўлган ҳеч бир ҳожатимни қўймай, албатта, чиқаргин. Йа Арҳамар Роҳимийн”, десин”, деганлар» (Имом Термизий ва Ибн Можа ривоят қилган).

 

Аввобийн намози

Бу намоз шом намозидан кейин ўқилади ва олти ракатдир. Аввал тўрт, кейин икки ракат ёки икки ракатдан қилиб ўқилади.

 

Таҳажжуд намози

Бу намознинг ози икки, кўпи саккиз ракатдир.

Кечаси бир ухлаб туриб ўқиладиган намоз «таҳажжуд намози» деб аталади. Шунингдек, бу намоз «қиём намози» деб ҳам аталади. Дастлаб бу намоз вожиб бўлган эди, бир йилчадан кейин вожиблиги насх қилинган.

Таҳажжуд нафл намозларининг энг афзалидир. Чунки бу намоз ҳамма ухлаб ётган вақтда ўқилгани учун риёдан узоқ, ихлосга яқин бўлади.

Таҳажжуд намозини хуфтондан сўнг ухлаб, кечанинг иккинчи ярмида ўқиш афзал. Уйғонишига ишончи бўлмаса, хуфтон намозидан кейин ўқиб олса ҳам жоиз. “Раддул муҳтор” соҳиблари таҳажжуд намозига: «Ҳар бир хуфтондан кейин ўқилган намоз» деб таъриф берган.

 

Тасбеҳ намози

Тасбеҳ намози тўрт ракатли нафл намози бўлиб, ҳар ракатда 75 марта “Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар”, дея тасбеҳ айтилади.

Тасбеҳ намозининг ўқилиш тартиби қуйидагича: Ният қилиниб, “Аллоҳу акбар”, деб намозни бошлагач, сано ўқилгандан кейин 15 марта “Субҳоналлоҳи...” ўқилади. Аъузу ва басмала айтилиб, Фотиҳадан кейин яна бир сура ўқилгач, 10 марта “Субҳоналлоҳи...” айтилади. Рукуда “Субҳоналлоҳи” 10 марта, “Самиаллоҳу ли ман ҳамидаҳ” дея турилиб, қиёмда 10 марта “Субҳоналлоҳи...” ўқилади. Саждада 10 марта, саждадан такбир билан турилиб, ўтирган ҳолатда 10 марта, иккинчи саждада ҳам 10 марта “Субҳоналлоҳи...” айтилгач, бу тасбеҳ бир ракатда жами 75 марта ўқилган бўлади.

Кейин иккинчи ракатга турилади ва ракат аввалида 15 марта, Фотиҳа ва яна бир сура ўқилгач, 10 марта “Субҳоналлоҳи...” айтилади. Иккинчи ракат аввалги ракатдагидек тартибда адо этилади. Ўтирилгач, ташаҳҳуд ва салавот ўқилиб, учинчи ракатга турилади. Шу тарзда тўрт ракатда ўқилган тасбеҳлар сони 300 тага етади.

Тасбеҳ намозининг фазилати улуғлигига бу ҳадиси шариф далолат қилади. Жаноби Фахри Коинот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) амакилари ҳазрати Аббос (розияллоҳу анҳу)га: “Амаки! Сизга бир яхшилик қилайинми?” дедилар ва тасбеҳ намозининг ўқилишини ўргатдилар. Бу намозни ўқиган кишининг аввалги ва кейинги, эски ва янги, каттаю кичик, ошкораю махфий, билиб - билмай қилган гуноҳларининг барчасини, ҳатто Олиж воҳасининг қумлари қадар кўп бўлса ҳам, Аллоҳ таоло кечиришини айтдилар. Сўнг: “Қодир бўлсангиз, бу намозни ҳар куни бир марта ўқинг. Ҳар куни ўқиёлмасангиз, ҳар жума куни бир марта ўқинг. Бунга кучингиз етмаса, ҳар ойда бир марта ўқинг. Бунга ҳам қодир бўлмасангиз, ҳеч бўлмаганда бир йилда бир марта ўқинг. Буни ҳам бажаролмасангиз, умрингизда бир марта бўлса-да бу намозни ўқинг”, дедилар (Имом Термизий ва Абу Довуд ривояти).

 

ЎМИ матбуот хизмати

 

Дуо қилувчи йил кунлари ичидан Арафа кунини, ойлар ичидан Рамазон ойини, қадр кечасини, ҳафта ичидан Жума кунини, тун соатларидан саҳар вақтини ғанимат билиши лозим. Аллоҳ таоло: “Саҳарларда улар (Аллоҳдан) мағфират сўрар эдилар”, деб марҳамат қилган (Зориёт, 18). Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Аллоҳ таоло ҳар кеча, кечанинг охирги учдан бири қолганида “Ким менга дуо қилади, Мен унга ижобат қилай, ким Мендан сўрайди, Мен унга (сўраган нарсасини) берай, ким Мендан кечирим сўрайди, Мен уни кечирай”, дейди(Муттафақун алайҳ).

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) бундай дегани ривоят қилинади: “Сафлар Аллоҳ йўлида жипслашганида, ёмғир ёққанда, фарз намозлари адо этиладиган вақтларда осмон эшиклари очилади. Бу пайтларда дуо қилишни ғанимат билинг”. Мужоҳид (раҳматуллоҳи алайҳи) айтади: “Намоз энг яхши вақтга белгиланган. Шунинг учун намозлардан сўнг дуо қилишни қўйманг”.

Пайғамбар (алайҳиссалом): “Азон ва иқомат орасидаги дуо рад қилинмайди” (Абу Довуд, Термизий ривояти); “Рўзадорнинг дуоси қайтарилмайди” (Термизий, Ибн Можа ривояти), деганлар.

Ҳақиқатда, вақтлар ҳолатлар сабабли шарофатга эга бўлади. Зотан, саҳар вақтида қалб соф, ихлосли ва чалғитадиган нарсалардан холи бўлади. Арафа, жума кунлари эса ҳимматлар бирлашадиган, қалблар Аллоҳ азза ва жалла раҳматига бир бўлиб юзланган вақтлардир. Сажда ҳам дуо ижобатига яқин ҳолатлардан. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бундай деганларини ривоят қилади: “Банда Раббисига энг яқин бўладиган ҳолати сажда қилган вақтидир. Бас, шу вақтда дуони кўпайтиринг” (Имом Муслим ривояти). Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Мен руку ёки сажда қилган вақтимда Қуръон ўқишдан қайтарилдим. Рукуда Раббни улуғлангиз, саждада эса дуони кўпайтиринг, у вақт дуоларингиз ижобат бўлишга яқин вақтдир” (Имом Муслим ривояти).

 

ЎМИ матбуот хизмати

Мақолалар

Top