muslim.uz

muslim.uz

Хитой шимолида кўпчилик аҳолиси мусулмонлар бўлган Нингхия вилоятида юзлаб кишилар маҳаллий ҳукуматнинг яқинда янгидан таъмирланган масжидни бузиш ҳақидаги қарорига қарши намойиш ўтказдилар. Бу ҳақда Азон нашри хабар берди.

«Жанубий Хитой тонги» газетаси берган маълумотга кўра, Фуэко шаҳарчасида юзлаб хой мусулмонлари Катта Фуэко масжиди олдида чиқарилган қарорни қораладилар. Мазкур масжид бундан 600 йил олдин Хитой услубида қурилган ва маданий инқилоб даврида вайрон қилинган.

Улар маҳаллий ҳукуматнинг келгуси ой бошида бузилишига қарор қилинган тарихий масжид бузилишига норозиликларини билдирдилар.

Маҳаллий ҳокимият тарихий масжидни йиқитиш учун, қурилишга рухсат берилмаган баҳонасини узрли сабаб сифатида кўрсатишмоқда.

Мазкур манбага кўра, ушбу намойиш Нингхия тарихидаги энг каттаси ҳисобланади.

Хитой ҳукуматининг 2012 йилдаги статистик маълумотига қараганда, Хитойда 10 миллион хой бўлиб, улар мамлакатдаги мусулмонларнинг ярмини ташкил қилади.

ЎМИ Матбуот хизмати

Зулҳижжа сўзи қандай маънони англатади? “Ҳаж эгаси” деган маънони билдиради.

 

Зулҳижжа ойи қандай ой? Бу ой Аллоҳ таоло уруш, қон тўкишни ҳаром қилган (Зулҳижжа, Зулқаъда, Муҳаррам, Ражаб) тўрт ойнинг бири, ҳижрий-қамарий тақвимнинг охирги ойидир.

 

Зулҳижжа ойи қандай фазилатларга эга? Ҳаж ибодати адо этиладиган, қурбонлик қилинадиган, Арафа ва Қурбон ҳайити нишонланадиган ой. Бу ойда, айниқса унинг дастлабки ўн кунида қилинган ибодатлар Аллоҳ таоло учун энг севимли амаллардан саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ даргоҳида Зулҳижжанинг ўн кунидан афзал кун йўқ”, деганлар (Имом Ибн Ҳиббон ривояти)

 

Бу ойда тутилган рўза улуғ ажрларга мушарраф этади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Арафа кунининг рўзаси ўзидан аввалги бир йил ва ўзидан кейинги бир йилнинг гуноҳларига каффорат бўлишини Аллоҳдан умид қиламан”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

 

Зулҳижжа ойини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қандай ўтказардилар?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зулҳижжа ойининг дастлабки тўққиз кунида, Ашуро кунида ва ҳар ойдан уч кунда – ойнинг аввалги душанбаси билан икки пайшанбасида – рўза тутардилар (Имом Аҳмад ривояти).

 

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таолони янада кўпроқ зикр қилардилар ва: ...Бу кунларда таҳлил (Ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадур Расулуллоҳ), такбир (Аллоҳу акбар) ва таҳмид (Алҳамдулиллаҳ) айтишни кўпайтиринглар!” дердилар (Имом Аҳмад, Имом Байҳақий ривояти).

 

 

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

Ҳаж зиёратига бориш ҳаж фарз бўлган банданинг ўзининг зиммасидаги ибодат. Аммо давлатимиз фуқароларимиз ўзга юртларда, жазирама ўлкаларда, турли тилларда сўзлашадиган миллионлаб одамлар орасида машаққат чекмасин, деган мақсадда неча йиллардирки, юртдошларимизнинг уюшган ҳолда ҳажга сафарбарликларини таъмин этиб келмоқда. Бу борада Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси қошида ҳукумат иштирокида бутунлай бир тизим пайдо бўлди ва самарали фаолият кўрсатиб келмоқда. Ушбу хизмат йил ўтгани сайин такомиллашиб бормоқда. Натижада ҳамюртларимизнинг ҳаж зиёратига бориб келишларида яратилаётган қулайликлар тобора яхшиланиб бораётирки, бундан барча мамнун бўлмоқда.

Ҳажга борувчи юртдошларимизга яратилаётган шароитлар Ўзбекистоннинг ўзидаёқ бошланади. Улар тиббий кўрикдан ўтказилади, озгина беморликлари бори муолажа олади, керакли дори-дармонларини олиш бўйича тавсиялар олади. Юқумли касалликлардан ҳимояланиш учун эмлаб қўйилади, ўзларини бошлаб юрадиган элликбошилар билан танишади. Уларга ҳаж бўйича йўл-йўриқлар ўргатилади, буклетлар, видеофайллар тарқатилади. Ундан кейин эса махсус самолётларда бирлашиб Саудия Арабистонига учиб боради. У ёқда уларни ҳаж мавсуми бошланиши арафасида борган ишчи гуруҳи кутиб олади. Меҳмонхона қидириб юрмайди, аъло даражадаги меҳмонхоналардан жой банд  қилиб қўйилган. Қаердан нима еб олсак бўлар экан, дея бош қотирмайди, юртимиздан борган моҳир ошпазлар шириндан ширин таомлар пишириб уларни кутиб турган бўлади. Ўзларини роҳатсиз сезгудек бўлса, Ўзбекистондан борган малакали врачлар хизматга шай турибди. Адашиб кетиш хавфи бўлмайди. Чунки “Ўзбекистон” деган ёзуви кўзга ташланиб турадиган нимчалар кийиб олган ва уларга араб тилини яхши биладиган ҳамда ўша жойларнинг шароитидан хабардор элликбошилар кўз-қулоқ бўлиб турибди. Ҳаж ибодатларини бажаришида ҳам элликбошилар қайси амални қайси вақтда қандай қилиб бажаришини ўргатиб боради...

Ҳаж тадбирининг давлат томонидан бундай чиройли тарзда ташкиллаштирилиши Саудия ҳукуматини мамнун этмоқда. Негаки, ҳожиларимиз адашиб қолиб ёки тақиқланган жойларга билмасдан ўтиб кетиб ёхуд бошқа бир ишкал қилиб Ҳарам хизматчиларига ортиқча муаммо туғдирмайди. Шунинг учун ҳожиларимизга хизмат қилган ишчи гуруҳига Саудия Арабистони ҳукумати миннатдорчилик ҳам билдирмоқда.

Ўзбекистон тажрибаси ҳаж амали борасида кўп йиллик тажрибага эга бўлган Туркия, Индонезия, Малайзия каби бой давлатларнинг ҳам эътиборини тортмоқда.

Ўзбекистон ҳожиларининг доимий эътиборда экани, уларнинг ибодатдан бошқа ишларга чалғимаётгани ва шу туфайли ибодат лаззатини туяётганини кўрган бошқа давлат вакиллари уларга ҳавас билан қарамоқдаки, бундан қанчалик фахрлансак, шундай ажойиб шароитлар яратиб берган давлатимиздан қанчалик миннатдор бўлсак кам.

Ҳа, азизлар, юртимиз ҳожилари чинакам эъзозда, Раббимиз ҳам уларнинг сидқу ихлос билан бажараётган ибодатларини қабул айлаб,  Ўзи эъзоз айласин!

ЎМИ Матбуот хизмати

Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий раҳиматуллоҳ айтади: Касир ибн Қайс ривоят қилади: Абу Дардо розияллоҳу анҳу билан Дамашқдаги масжидда бирга ўтирган эдим. Бир киши келиб: «Эй Абу Дардо, мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шаҳарларидан сиз Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: ривоят қилган бир ҳадисни сўраш учун келдим», деди. Абу Дардо: «Тижорат учун эмас, эҳтиёж учун эмас, фақат шу учун келдингми?» деди. Ҳалиги киши: «Фақат мана шу иш учун келдим», деди. «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитдимки, "Ким илм талаб қилинадиган йўлни тутса, Аллоҳ таоло унга жаннат йўлларидан бири йўлни енгил қилиб қўяди ва Аллоҳнинг малоикалари толиби илм учун унинг қилаётган ишидан рози бўлиб қанотларини қўядилар, олим учун осмон ва ердаги ҳамма нарсалар, сувдаги балиқларгача истиғфор сўрайди. Олимнинг обиддан афзаллиги бадр (тўлин ой) кечасидаги ойнинг бошқа юлдузлардан афзаллиги кабидир. Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор-дирҳам мерос қолдирмадилар. Илмни мерос қолдирдилар. Ким уни олса, катта насиба олибди", дедилар»

Абдуллоҳ ибн Маъсуд розияллоҳу анҳу: «Икки оч кўз ҳеч тўймайди: Толиби илм ва дунёни талаб қилувчи. Улар баробар эмаслар. Илм толиби Аллоҳ розилигини зиёда қилаверади, аммо дунё толиби ҳаддидан ошиши зиёда бўлаверади», деди. Сўнг ушбу оятни ўқиди: «Аллоҳдан бандалари орасидаги олим билимдонларгина қўрқур» (Фотир сураси, 28-оят).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким дўзахдан озод қилинганларга қарашни яхши кўрса, илм олувчиларга қарасин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, қайси бир таълим олувчи олимнинг эшигига келса, Аллоҳ таоло унинг ҳар бир қадамига бир йиллик ибодат савобини ёзади ва ҳар бир қадамига жаннатда бир бино барпо қилади. Ерда юрса, унга истиғфор сўрашади. Кечаси ва кундузида гуноҳлари кечирилган ҳолда бўлади. Унга малоикалар гувоҳлик беради ва: "Ана улар Аллоҳнинг дўзахдан озод қилган бандалардир" -деб айтади».

Дарҳақиқат, бугун жонажон юртимизда айни паллада жаннатнинг йўлларидан бирини излаш йўлида ғайрат қилаётган ёшларнинг умид ва ҳадикни кўриб турибмиз. Сабаби бугун юртимиз бўйлаб, барча олий таълим муассасаларига ўқишга илм олишга кириш иштиёқида унга имтиҳон топшириш палласида туришибди. Бу йил ҳар йилги анъанага ўзгача тус кириб, ўн кун муддат ичида босқичма-босқич имтиҳон топширилмоқда. 

Бугун ёшлар ичида талаба бўлиш орзусида юрган, Аллоҳдан катта умид ва ихлос билан дуо бўлиб, турган абитурентлар ичида бизнинг шогирдларимиз ва ўқувчиларимиз ҳам борлиги қалбимизга қувонч солади. Биз ҳам келажак авлоднинг ҳаётий йўлига бир унум ва барака киришига сабабчи эканмиз. Ўз- ўзидан қалбимизда шукроналик ҳисси уйғонади.

Ҳа, биз серғайрат ёшларни кўриб бир вақтлари ўзимизнинг худди шундай қилиб юрган, олий таълим муассасаларига кириш умидида ғайрат қилиб юрган даврларимиз ёдимга тушади. Ўша даврда бугун мен каби қувониб ҳаққимизга дуо қилган йўлимизни топишимизда ўзини беминнат ҳиссасини қўшган устозларимизнинг севинчини ҳис қилмоқдаман. 

Аллоҳ таолодан чин қалбдан дуо қиламанки, бугун кўзимизни қувонтириб турган ёш шогирдларимизни, биз каби устозлари дуо қилган инсонлар қаторида қилсин. Бизни дуо қилган устозларимизнинг ҳаётларига Аллоҳнинг Ўзи умрига, ризқига баракотлар ато қилсин. Бу дунёдан ўтиб кетганларини Аллоҳ мағфиратига олсин. Бугун биз ҳам эндигина ҳаёт остонасига қадам қўйиб келаётган шогирд ва ўқувчиларимизга дуо қилиб турсак қачондир бир кун бу ёшлардан бизнинг ҳам ҳаққимизга холис дуолар қилишини умид қилиб қоламиз. Бугун олий таълим муассасаларига имтиҳон топшириш олдидан катта орзу-умидлар билан турган ёшларга Аллоҳ таоло Ўзининг раҳмати билан илму ладун ато қилишини, юзларини ёруғ қилиб, интилиб турган ўқишларга кириб олишини тилаб қоламиз.

 

Одилжон РАСУЛОВ,

Марҳамат туманидаги «Бозор боши» жоме масжиди имом-хатиби,

22-умумтаълим мактабининг тарих ва ҳуқуқ фани ўқитувчиси

samedi, 11 août 2018 00:00

Таъсир қилар экан

- Етимнинг олдида ота-онангиз борлигини эслаб, мақтаниб гапирманг ёки болангизни унинг кўз ўнгида эркалаб, ўпманг.

- Беморнинг олдида соғлигингиз яхшилигини, ҳамма аъзоларингиз бус-бутун ишлаётганини айтманг.

- Уйланолмай турган кишининг олдида "Аёлим дазмол қилди", "Овқат пишириб қўйибди" каби гапларни гапирманг.

- Турмушга чиқиши кечиккан қизнинг ёнида "Эрим ундай деб эркалайди. Кеча дўкондан фалон номли атир олиб бердилар" каби гапларни гапирманг.

- Уйланганига кўп бўлган, аммо ҳали фарзандли бўлмаган кишининг олдида "Катта ўғлимнинг мактабига мажлисга бордим", "Қизимга кўйлак олиб келдим" каби гапларни айтманг.

- Турмушга чиққанига анча бўлиб, ҳали фарзанд кўрмаган аёлнинг ёнида "Дадаси ўғлимнинг мактабига мажлисга кетдилар", "Кеча болаларни ўйнатгани истироҳат боғига олиб бордик" каби гапларни гапирманг.

- Ишсиз одамнинг олдида "Кеча ойлик чиққан эди. Ярми нақд, ярми пластикка тушибди" каби гапни гапирманг.

- Моддий имконияти чекланган кишининг олдида "Якшанба куни бозор қилгани бордик. Ўзиям бозорни кўчириб келибмиз" каби гапларни гапирманг.

- Анча йиллардан бери бир-иккита кийимини алмаштириб кияётган кишининг олдида "Ўзимга бир қатор кийим қилдим. Ўзи кийимларим етарли эди, тўйларга кийгани алоҳида олиб қўйдим-да. Аёлимга кўйлак, қизимга кофта олдим" каби гапларни умуман гапирманг.

- Овқат олиб ейишга пули йўқ ёки пули кам одамнинг ёнида "Улфатлар билан "Ялпиз"га бордик. Алоҳида жой буюртма бериб қўйгандик. Ўзиям ажойиб ўтириш бўлди. Официант коланинг биттаси бўшаши билан янгисини олиб келди. Қўйни ярмини ебмиз" каби гапларни умуман гапирманг.

- Иссиқ қаттиқ бўлаётган бўлса ҳам пули камлиги, рўзғоридан орттиролмагани учун дарё бўйларига дам олишга боролмайдиган кишиларнинг олдида "Вой, бу иссиқда шаҳарда туриб бўлармиди. Чорвоққа кетдик. Оилавий ўша ерда бир ой туриб келдик. Сувиям жуда зўр-да. Ўзимиз ижарага алоҳида жой олдик" каби гапларни гапирманг.

- Уйида газ ёнмайдиган, овқатни ўчоқда пиширадиган кишининг ёнида "Кеча газни бироз пасайтириб қўйдим. Ўзиям бир метр ёняпти" деган гапни гапирманг.

Бошқаларнинг яшаш ҳолатини ҳис қилмай, ўзимиз яшаётган тўкин-сочин шароитдан келиб чиқиб фикр билдиравермайлик. Унутманг, сизнинг ҳозирги ҳолатингиз кимлар учундир катта орзу бўлиши мумкин. Юқоридаги гаплар етишмовчилиги бор инсонларга таъсир қилишини, улар қалбларида ўксик, кемтикликни ҳис қилишларини унутмайлик!

Нозимжон Иминжонов тайёрлади. 

Top