muslimuz

muslimuz

Муоз ибн Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бомдодни жамоат билан ўқиб, сўнгра қуёш чиққунича Аллоҳни зикр қилиб ўтирса, кейин икки ракат намоз ўқиса, унинг учун ҳаж ва умранинг ажри тўлиқ, тўлиқ, тўлиқ берилади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Ушбу намозни қуёш чиққандан таҳминан 15 дақиқа ўтгач ўқиш мумкин. Икки ракатдан ўн икки ракатгача ўқилади, энг афзали тўрт ракатдан ўқишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилганлар. Набий алайҳиссалом “Шамс” ва “Зуҳо” сураларини қироат қилардилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким тўрт ракат зуҳо намозини мунтазам ўқиса, гуноҳи денгиз кўпикларича бўлса ҳам, кечирилади”, дедилар (Имом Термизий, Имом Ибн Можа, Имом Аҳмад ривояти).

 Даврон НУРМУҲАММАД

Cавол: Масжиди Набавийда бомдод намозида имом зам сурага сажда ояти бор сурани ўқиди. Сажда оятини ўқиб, тиловат саждасини қилиш учун такбир айтиб саждага кетди. Биз руку қиляпти деб рукуга кетдик. Имом яна такбир айтиб саждадан қайтди. Сурани тугатиб, руку қилди. Биз ҳам қўшилиб руку қилдик ва шу тарзда имом билан бирга намозни ўқиб тугатдик. Имом билан тиловат саждасини қилмаганимиз, ортиқча руку қилганимиз сабабли намоз бузилмайдими?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Икки ҳарами шарифда кўп ҳолларда имомлар жума куни бомдод намозида “Сажда” сурасини зам сура қилади. Бу сурада сажда ояти бор. Саволда айтилгандек имомлар сажда ояти келганда такбир айтиб саждага бориб, сажда қилиб, яна тик туради. Ҳаж ёки умрага бораётган зиёратчилар шуни билиб олмоғи лозим.

Саволда сўралган ҳолатга келсак, бу ҳолатда намоз бузилмайди. Билмасдан тиловат саждаси қилинмагани учун гуноҳ ҳам бўлмайди. Атайлаб сажда қилинмаса, бунда гуноҳ бўлади. Уламолар фарз амалларда имомга эргашмаслик намозни бузади дейишган. Лекин сизнинг ҳолатингизда барча фарз амаллар имом билан бирга бажарилган. Фақат ортиқча руку қилинган. Бу намозни бузмайди. Бу ҳақида фиқҳий китобларимизда бундай дейилган:

“Намоз фарз амалларда имомга хилоф қилиш билан бузилади. Хилоф қилиш деган гапдан мурод имомга бутунлай эргашмасликдир. Намоз имомга эргашмаслик туфайли эмас, балки фарз амални тарк қилиш сабабли бузилади. Намознинг бузилиши фарз амалга хосдир. Чунки вожиб ёки суннатда имомга иқтидо қилмаслик билан намоз бузилмайди” (“Раддул муҳтор” китоби).

Саждаи тиловат қилиш вожиб амал бўлиб, вожиб амални бажармагани сабабли намоз бузилмайди.

Китобдаги иборадан имомга иқтидо қилганда вожиб ёки суннат амални бажармаса бўлар экан, деган хаёлга бормаслик керак. Чунки қасдан вожиб ёки суннатни тарк қилиш намозни бузмаса-да, гуноҳкорликка олиб боради. Валлоҳу аълам.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Ўтган асрнинг олтмишинчи саналарида Ҳинд диёрида жуда қимматчилик бўлиб кетди. Одамлар ўша вақтнинг уламоларидан бирининг олдига бориб қимматчиликдан, бозорда нарҳларнинг ҳаддан ташқари кўтарилиб кетганлигидан шикоят қилишди ва бундан қутилиш чораси ҳақида сўрашди.

Шунда олим уларга шундай жавоб берди: одамлар билан нарсалар Аллоҳнинг наздида гўёки тарозининг икки палласи мисолидирлар. Қачон инсоннинг қадр қиммати Аллоҳнинг наздида иймон ва ихлос ила кўтарилса, нарсаларнинг қиймати тушади. Агар одамларнинг қиймати гуноҳ ва маъсиятлари туфайли Аллоҳнинг наздида қадрсизланса, бошқа нарсаларнинг қиймати кўтарилади, нарҳлари ошиб бораверади. Бас шундай экан, сизлар солиҳ амалларингизни кўпайтиринг, ихлосингизни оширинг, токи Аллоҳнинг наздида қийматингиз ошсин. Шунда бошқа нарсаларнинг нарҳи тушади, бозор арзонлайди.

Ҳеч қачон одамларни камбағалликдан қўрқитманг, бу шайтоннинг ишидир. Ўзингиз сезмаган ҳолингизда шайтоннинг шеригига айланиб қолманг. Аллоҳга қасамки, агар қайсидир денгизнинг қаъридаги бирор силлиқ тошнинг ичида бирор банданинг ризқи яширинган бўлса, албатта у ризқ у ердан чиқарилиб эгасига етказилади. Шуни билингки, қимматчилик Аллоҳнинг сизга ёзган ризқини тўса олмайди. Жонингизни берган Зот нонингизни ҳам етказади. Аллоҳ таоло Қуръонда бундай деган:

“Агарда (мазкур) юртларнинг аҳолиси имон келтирган ва тақво қилганларида эди, улар устига осмонлар ва Ердан баракотлар (эшиклари)ни очиб юборган бўлур эдик” (Аъроф сураси, 96-оят).

Иймон ва тақво ила жамиятда саодат ҳукм суради, фаровонлик бўлади, тўкин сочинлик юзага келади. Қимматчиликни, нарҳ навони ошганлигини ўйлаб ўзингизни қийнаманг, Аллоҳ ризқингизни кафолатлаб қўйган. Балки, ризқ эшикларини очадиган амаллар билан машғул бўлинг, у ҳам бўлса тавба ва истиғфордир.

 Зокир Найк

 

mercredi, 05 juin 2024 00:00

Қалбда тақво бўлса...

Дунёнинг ҳар куни, ҳар соати, ҳар дақиқаси синов. Талабанинг илмий савияси имтиҳон қилинганидек, Раббимиз ҳам бизларни синайди. Бандалик имтиҳони ҳам, таълими ҳам сўнгги нафасгача давом этади. Мўмин киши ҳар нафасини яхши ишлар билан безаши керак.

Аллоҳ азза ва жалла бундай марҳамат қилади: “...(Шунингдек) Сизга аниқ нарса (ўлим) келгунига қадар Раббингизга ибодат қилаверинг!” (Ҳижр сураси, 99-оят).

Дипломни олсак, бу ҳужжат умримиз сўн­гигача фойда беради. Бандалик эса бундай эмас! Ҳеч кимга “Оқибат албатта хайрли бў­лади” деган васиқа берилмаган.

Аллоҳ азза ва жалла марҳамат қилади: “У кунда на мол ва на фарзандлар фойда бермас, фақат Аллоҳ ҳузурига соғлом дил билан келган кишиларгагина (фойда берур) (Шуаро сураси, 88–89-оятлар).

Аллоҳ ҳузурига соғлом қалб билан бора олиш учун эса барча жиҳатларга эътиборли бўлиш лозим. Жалолиддин Румий тоза қалбни гўзал таърифлайди: “Эй йўлчи! Тананг бир мактуб кабидир. Унга диққат билан боқ. У Аллоҳ таолонинг буйруқ ва қайтариқларини бажаряптими, яъни яратилиш мақсадларига мувофиқми?

Бир бурчакка ўтириб олиб тафаккурга шўн­ғи, мактубни, яъни ўзингни ўқи!

Агар мактубдаги ёзув – феъл-атворинг ва амалларинг, ибодатларинг, хайру ҳасанот­ларингга муносиб бўлмаса, уни йиртиб ташла ва қайта ёзишга жасорат қидир! (Яъни тавба ва истиғфор қил, ҳаётингни тақво асосида янгидан бунёд эт!)”

Ҳеч ким ҳурмат қилган, эъзозлаган азиз инсонига ёмонликни раво кўрмайди. Амал­ларимизни Аллоҳ таолога ёруғ юз билан тақдим эта олишимиз учун уларни тақво билан ҳимоя қилишимиз лозим. Зеро, “...(Қурбонликни) Аллоҳ аслида тақволи кишилардан қабул қилур” (Моида сураси, 27-оят)“...Оқибат (яхшилиги) тақво (аҳли)гадир” (Тоҳо сураси, 132-оят). Яна Ҳақ таоло марҳамат қилади: “...Аллоҳга тақво қилингиз ва билингизки, албатта, Аллоҳ тақводорлар билан биргадир” (Бақара сураси, 194-оят).

Мўмин киши тақвони қандай касб қилади?

Албатта, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алай­ҳи ва салламга эргашиш орқали. Жаноби Ҳақ бизларга намознинг ҳар ракатида Фотиҳа сурасини ўқишимизни буюради. Ҳар ракатда: Бизни шундай тўғри йўлга йўллагин... (Фотиҳа сураси, 6-оят) дея Раббимизга илтижо қиламиз.

Раббимиз Пайғамбаримиз алайҳиссаломга хитобан: (Сиз) тўғри йўлдадирсиз (Ёсин сураси, 4-оят) дея амр этди. Бундан англашиладики, энг тўғри йўл Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг йўлларидир. Шу сабабли инсон ўз ҳаётини Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳаётлари билан таққосласа, қай даражада тўғри йўлда эканини англаб етади.

Алҳамдулиллаҳ, мусулмонмиз. Аллоҳ таоло бизларга сўнгги нафасда иймон калимасини айтишни буюради. Афсуски, охирги нафасимизни қандай беришимиз ёлғиз Аллоҳга аён... Шунинг учун илоҳий амрларни қалбдан чуқур ҳис этиб, юксак ахлоқ билан яшаш лозим. Чунки сўнгги нафасда тўғри йўлдан “тойиб кетмаслик” шунга боғлиқ. Зеро, қалбда тақво бўлса, намоз Раббимиз хоҳлаганидек хушу билан ўқилади, садақа кибр қилмай берилади, хизмат чин қалбдан адо этилади.

Хушусиз ўқилган намоз, олувчига миннат қилиб берилган садақа, қўл учида қилинган хизмат амал дафтаримизга қора доғдан бошқа из қолдириши мумкинми?!

Шундай экан, умримизнинг ҳар онини тақво қилган ҳолда яшайлик. Токи, имтиҳон “баҳо”си аъло бўлсин! 

Нигора МИРЗАЕВА

тайёрлади.

Термиз халқаро аэропортида воҳалик бўлажак ҳожиларни “Ҳаж” сафарига кузатиш тадбири бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этиб, муборак сафарга отланган сурхондарёликларга оқ йўл тилади.

Вилоят бош имом хатиби Алиакбар Сайфидинов юрт тинчлиги ва фаровонлиги, зиёратчиларимизнинг сафарлари бехатар бўлишини сўраб дуо қилдилар.

Юртимизда йилдан йилга “Ҳаж” зиёратига борувчи фуқароларимиз учун қулайликлар ва шароитлар янада яхшиланиб, Ўзбекистонликлар учун ажратилган квоталар сони ҳам ортиб бормоқда. Хусусан, бу йил 768 нафар воҳадошларимиз муборак сафарга йўл олишди.

Нуронийларимиз давлатимиз томонидан диний соҳада, хусусан, Муборак “Ҳаж” сафарини адо этиш учун яратилаётган шароитлар учун миннатдорчилик билдиришди.


Surxonmuslim.uz
Page 22 sur 265

Мақолалар

Top