muslim.uz
Фоторепортаж: Масжидларда ҳайит намози кўтаринки руҳда ўтди
Рамазон ҳайити – бир ой давомида покланган, раҳмат чашмаларидан қониб қувват олган қалбнинг шодлик айёмидир бу кун! Кундузлари рўзадор, кечалари бедор бўлиб, Аллоҳ амрини адо этишга шижоат кўрсатган покиза нафснинг нурли тажаллиси зоҳир бўлгувчи байрамдир бу кун!
Сарвари Коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу байрамни аҳли оилалари, асҳобларга совға саломлар улашиб катта шодлик ила қарши олганлар. Ҳатто, эътибордан четда қолган бир етим мурғак қалби чўкмасин дея, уни муборак елкаларида миндириб, сайр қилдириб, бағоят хурсанд этганлар. Орзиқиб кутилгувчи байрам нафаси аввало масжидлардан таралади. Шу боис юртимизнинг барча масжидларида Ҳайит намозини кўтаринки руҳда адо этиш учун масжидлар жамоаси, ҳуқуқ тартибот идоралари, нодавлат ташкилотлар ходимлари бир оила бўлиб туну-кун меҳнат қилдилар, намозхонлар учун барча қулай шарт-шароитларни яратиб бердилар.
Бугун, 5 июн саҳаридан масжидларга отланган юртдошларимиз юз-кўзларида мамнуният билан байрам намозини адо этишга жойлашдилар. Имом-хатибларимиз барчани ушбу улуғ байрам билан қутлаб, Рамазон ойида амалга оширилган хайрли ишлар, эҳсон ва баракалар, бугунги тинч ва осуда юртда яшаётганимиз, хотиржам ибодатлар қилаётганимиз учун Яратганга такрор ва такрор шукроналар айтдилар. Шунингдек, ҳайит байрами фазилатлари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу айёмни қандай ўтказганликлари хусусида маъруза қилдилар.
Ҳайит намози адо этилгач, юртимизга тинчлик ва тараққиёт тилаб, элимизга файзу барака, хонадонларимизга ободлик, дастурхонларимизга тўкинлик, муборак Рамазон ойида қилинган барча ибодатлар эҳсон ва хайрияларнинг ҳусни мақбул бўлишини, келаси йил Рамазон ойларига ҳамда ҳайит кунларига бекаму-кўст етиб бормоғлигимизни сўраб дуолар қилинди.
Жомеларга ташриф буюрган намозхонлар эмин-эркин ҳайит намозини адо этиб, бир-бирларини байрам билан самимий муборакбод этишди. Масжидлардан бошланган хурсандчилик хонадонларга, ундаги ихлосли қалб соҳибларига кўчиб, иймоннинг, эзгулик ва биродарликнинг танатанаси бўлади иншааллоҳ. Рамазон ҳайити муборак бўлсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг Рамазон ҳайити табриги
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Рамазон ойининг рўзасини бандаларига фарз қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!
Рамазон ойининг тунларида бедор бўлишни умматига суннат қилиб қолдирган Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин!
Азиз ватандошлар, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва ўз номимдан Сизларни улуғ айём – муборак Рамазон ҳайити муносабати билан чин қалбдан, самимий муборакбод этамиз.
Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинки, Рамазони шариф рўзасини адо этишни насиб қилди. Мўмин-мусулмонлар субҳидамда саҳарлик дастурхони атрофида ибодатга киришдилар, файзли оқшомларда эса ифторлик қилиб, таровеҳ намозларига ошиқдилар, юртимиздаги масжидларда хатми Қуръонлар ўқилди.
Имом Бухорий ҳазратлари ривоят қилган ҳадиси шарифда Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Ким Рамазон рўзасини фарзлигига ишониб, савоб умид қилиб тутса, ўтган гуноҳлари кечирилади. Ким Рамазон кечаларида иймон билан, савоб умидида ибодат ила бедор бўлса, ўтган гуноҳлари кечирилади”, деб марҳамат қилганлар.
Минг шукрлар бўлсинки, бу йил 2000 мингдан зиёд масжидда таровеҳ намозлари, 1200 дан ортиқ масжидда хатми Қуръонлар бўлиб ўтди. Қориларимиз йилдан-йилга кўпайиб бориши билан бирга хориж мамлакатларида, хусусан, АҚШ, Россия ва Малайзия давлатларида хатми Қуръонга ҳам ўтдилар.
Кейинги йилларда Ислом динини равнақ топтириш борасида мамлакатимизда жуда кўп ишлар қилинмоқда. Жумладан, Имом Бухорий ва Имом Термизий номларидаги халқаро илмий марказлар, Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилгани, Мусҳафи шариф нашр қилингани шу йўлдаги улкан қадамлар бўлди.
Жорий йилда Самарқанд вилоятида Ҳадис илми мактаби ташкил этилгани илм-маърифатга чанқоқ ёшларимизга жуда катта имконият бўлди.
Якунига етаётган Рамазони шариф бу йил ҳар қачонгидан ҳам фазилатли ва барокотли бўлди. Бу йилги Рамазони шариф ойининг аввал бошида марҳум ва мағфур Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳамда азиз авлиё зот Сузук ота масжид-мажмуаларининг қуриб битказилиб, мўмин-мусулмонлар ихтиёрига топширилиши халқимиз қалбига катта сурур бағишлади.
Хайр-саховат, меҳр-мурувват ойи бўлмиш Рамазони шарифда мўмин-мусулмонларнинг ҳиммати баланд, шижоати юксак бўлди, қариндош-уруғлар, қўни-қўшнилар, кексалар, беморлар, муҳтожлар кўнгли олинди, Аллоҳ таоло фарз қилган закотлар адо этилди, фитр садақаси ҳамда фидялар берилди.
“Вақф” фонди томонидан ҳам икки миллиардга яқин закот маблағлари тарқатилиб, ёрдамга муҳтож кишиларнинг қалбларига қувонч улашилди.
Энди йил давомида мана шундай олийҳимматлик ва қўли очиқлик қилишда бардавом бўлайлик.
Табаррук айём арафасида озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида муҳтарам Президентимизнинг фармонлари қабул қилингани халқимизга хос кечиримлилик ва меҳр-шафқат фазилатларининг яна бир яққол намоёни бўлди.
Давлатимиз Раҳбари томонидан муборак Рамазон ойида яна бир хайрли, улкан аҳамиятга эга инсонпарварлик иши амалга оширилди.
156 нафар ватандошимиз, асосан аёллар ва болалар Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудидан юртимизга қайтарилди.
Алдов оқибатида ўзга юртга бориб қолиб, оғир ҳаётий даврни бошидан ўтказган бу инсонларга ҳукуматимиз томонидан тиббий, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди. Уларнинг тинч ҳаётга қайтиб, жамиятга мослашишлари учун зарур шароит яратилди, бошпана ва иш билан таъминлаш чоралари кўрилди.
Ҳеч шубҳасиз, бу иш билиб-билмай нотўғри йўлга кирган инсонларни кечириш, уларни оиласи бағрига, тўлақонли ҳаётга қайтаришга қаратилган тарихий воқеадир.
Донишмандлардан бир «Бир ғариб кўнглини қила олсанг шод, Яхшидир ер юзин қилгандан обод», дейдилар.
Бизлар шундай берилган неъматларнинг қадрига етиб, динимиз ривожига кўрсатилаётган шароитларни Аллоҳ таборака ва таолонинг улуғ марҳамати деб қабул қилишимиз, бунинг шукронасини ҳамиша адо этишимиз лозим.
Бундай улуғ савобли ишларга бош бўлган муҳтарам Президентимиз ва бу ишларга самимий ёндошган мутасаддиларга мўмин-мусулмон халқимиз номидан чексиз миннатдорлик изҳор қиламиз.
Азизлар, бугун катта байрам – Рамазон ҳайити Ислом динимизнинг учинчи рукни бўлмиш рўза ибодатининг адо этилиши муносабати билан нишонланадиган улуғ байрам, қувончли воқеадир. Зеро, ҳар бир мўмин-мусулмон учун Роббининг ибодатини адо этиш чинакам бахту саодатдир. Шунинг учун бу байрам иймон ҳаловати байрами, ибодат байрамидир.
Рамазон ойидан барча гуноҳларидан пок бўлиб чиққан мўмин-мусулмонларга жаннатнинг Райён дарвозасидан кириш бахти насиб этиши башорат қилинган.
Имом Бухорий ҳазратлари ривоят қилган ҳадиси шарифда Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Жаннатнинг бир эшиги бор, у Раййон деб аталади. Қиёмат куни ундан фақат рўзадорлар киради, улардан бошқа ҳеч ким кирмайди. “Рўзадорлар қаерда?” дейилади. Рўзадорлар турадилар...”, деб марҳамат қилинган.
Муҳтарам Президентимизнинг “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарорлари эълон қилинди. Ушбу қарорда белгиланган вазифалар Рамазон ҳайитини юртимизда жуда ҳам кўтаринки руҳда ўтишига асосий омил бўлади.
Азизлар юртдошлар, яна бир бор Рамазон ҳайитингиз муборак бўлсин!
Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти ёғилиб турган ушбу дамда, қалбимиз юмшаб, ихлосимиз ортиб турган лаҳзаларда дуо қилайлик: Илоҳо, бизга истиқлол ва тинчликдек улуғ неъматларингни бердинг, бу неъматларни то Қиёматгача бардавом қилгин. Элини, юртини янги марралар сари дадил етаклайдиган ва динингни азиз қиладиган раҳбарни бердинг, у кишини Ўз ҳифзу ҳимоятингда асрагин, олиб бораётган ишларида Ўзинг ёру мададкор бўлгин! Халқимизни, жонажон Ватанимизни офату кулфатлардан, балою қазолардан Ўзинг сақлагин. Ҳаётимизни бундан-да фаровон қилгин.
Азизлар юртдошлар, Рамазон ҳайитингиз муборак бўлсин!
Усмонхон АЛИМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий
Фоторепортаж: "Ҳазрати Имом" масжидида ҳайит намози
Ўзбекистон халқига Рамазон ҳайити табриги
Муҳтарам ватандошлар!
Дунёдаги жамики мусулмон уммати учун мўътабар ва қадрли бўлган шу саодатли, улуғ айёмда сиз, азизларни, юртимиздаги барча мўмин-мусулмонлар, бутун халқимизни Рамазон ҳайити билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Муқаддас динимизнинг эзгулик ва инсонпарварлик, меҳр-шафқат каби буюк фазилатлари янада ёрқин намоён бўладиган ушбу шукуҳли дамларда барчамиз, аввало, Аллоҳ таолога оиламиз, элу юртимиз билан биргаликда бугунги қутлуғ ва барокатли кунларга етказгани учун беҳисоб шукроналар айтамиз.
Рамазон ойининг файзу тароватидан баҳраманд бўлиб, жамиятимизда ўзаро ҳурмат ва аҳиллик муҳитини мустаҳкамлаш, муҳтарам нуронийлар, аёллар ва болаларга меҳр ва эътибор кўрсатиш, эҳтиёжманд инсонларга беғараз ёрдам бериш сингари савобли ишларни амалга оширишга интиламиз.
Бундай олижаноб мақсад ва ҳаракатлар мамлакатимизни тараққий топган давлатлар қаторига олиб чиқиш, халқимизни ҳаётдан рози қилишга қаратилган ислоҳотларимизнинг маъно-мазмунига ҳар томонлама уйғун ва ҳамоҳанг экани айниқса эътиборлидир.
Шу маънода, неча юз йиллик тарих ва маданиятимиз, миллий ўзлигимизнинг ажралмас қисмига айланиб кетган муқаддас динимизни асраш, аждодларимизнинг бебаҳо маънавий-маърифий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш биз учун ўта долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Кейинги вақтда мамлакатимизда шу йўналишда катта ишлар амалга оширилаётгани, табаррук қадамжолар обод қилиниб, янги-янги илмий, маданий ва диний марказлар, таълим масканлари ташкил этилаётгани барчангизга яхши маълум.
Бу йил муборак Рамазон кунларида Термиз шаҳрида Ҳаким Термизий, Тошкент шаҳрида Сузук ота ва Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф каби улуғ уламоларимизнинг номлари билан аталган диний мажмуалар, жоме масжидлари фойдаланишга топширилгани, жойларда беш ташаббус ва бошқа ижтимоий-маънавий дастурларимиз доирасида эл-юртимиз, хусусан, ёшлар ва хотин-қизлар учун қулай меҳнат ва турмуш шароитлари яратилаётгани бу йўлдаги янги қадамлар бўлди.
Ўзбекистоннинг “Жаҳолатга қарши – маърифат” деган тамойил асосида жаҳон миқёсида тинчлик ва осойишталикни сақлаш, виждон эркинлиги ва динлараро бағрикенгликни таъминлаш, ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини халқимиз ва дунё аҳлига етказиш борасидаги ташаббуслари халқаро ҳамжамият томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда.
Шу улуғ айём кунларида узоқ ва яқин давлатларда яшаётган мўмин-мусулмон биродарларимизни, барча дўст ва ҳамкорларимизни самимий қутлаб, уларнинг халқлари ва мамлакатларига тинчлик ва барқарорлик, тараққиёт ва фаровонлик тилаймиз.
Қадрли юртдошлар!
Гўзал диёримизда муборак Рамазон шукуҳи кезиб юрган шу кунларда байрам кайфияти барча шаҳар ва қишлоқларимизга кириб бориши, бу айёмни янада мазмунли ўтказиш учун шароит яратиш мақсадида 5-6 июнь мамлакатимизда дам олиш кунлари деб эълон қилинди.
Буюк бобомиз Имом Бухорий ҳазратларидан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтилганидек, “Чинакам мусулмон ўзига раво кўрган барча яхшиликларни бошқа инсонларга ҳам раво кўради”.
Дарҳақиқат, ҳаётда эзгу ва савоб амалларни бажариб, оиласи, фарзандлари, эл-юртининг бахту саодатини ўйлаб, ҳалол меҳнат қилиб яшаш мусулмон аҳли учун иймон-эътиқоднинг муҳим шарти ҳисобланади.
Ишончим комил, дину диёнатимиз ва замон руҳини қалбимизга чуқур сингдириб, бугунги ҳаётнинг ўткир талаби бўлган илм-фан, инновация ва тараққиёт ютуқлари билан қуролланиб, Ватанимиз равнақи йўлида астойдил хизмат қилсак, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга албатта етамиз.
Сиз, азиз ватандошларимни муқаддас Рамазон ҳайити билан яна бир бор чин юракдан қутлаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, хонадонларингизга файзу барака тилайман.
Нияти пок, мақсадлари улуғ халқимизнинг шу табаррук кунларда қилаётган барча ибодатлари, эзгу дуолари ижобат бўлсин!
Муқаддас айём – Рамазон ҳайити барчамизга муборак бўлсин!
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Манба: https://president.uz
"Макка декларацияси"нинг асосий диққати Фаластин масаласига қаратилди
Макка шаҳрида жорий йилнинг 31 май куни Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ)нинг 14-саммити бўлиб ўтди. Синьхуа хабарига кўра, қабул қилинган саммит якуний ҳужжати бўлмиш "Макка декларацияси"да ИҲТ фаластинликларнинг ўз давлатларини яратиш ҳуқуқларини яна бир бор қўллаб-қувватлашини маълум қилди.
Бир кунлик ИҲТ саммитида қабул қилинган "Макка декларацияси"нинг асосий диққати Фаластин масаласига қаратилган. Ҳужжатда айтилишича, Шарқий Қуддус (Иерусалим) пойтахти билан 1967 йил чегараларида тўла мустақилликка эга Фаластин давлатини тузиш ҳақидаги фаластинликларнинг ўз давлатларини яратиш ҳуқуқларини яна бир бор қўллаб-қувватланиши бидлдирилган.
Декларацияда шунингдек бирон бир мамлакатнинг Қуддусни Исроилнинг пойтахти деб тан олиш ҳақидаги қарори кучга эмас, деб ҳисобланади, негаки бундай қарор тарих, қонунчилик, Фаластин халқи ва бутун ислом оламининг миллий ҳуқуқларига зарба беради. Бундай қарорлар кескин қораланиши билдирилган.
Саммитда шунингдек Исроилга босиб олинган Суриянинг Голан тепаликларини тўлиқ озод қилиш ва БМТ Хавфсизлик кенгашининг 242 ва 338-Резолюцияларига мувофиқ Яқин Шарқда ҳарбий можарогача амал қилган, 1967 йил чегараларига қайтиш талаби қўйилган.
Ташкилотда Туркиянинг уч йиллик раислик қилишига якун ясалиб, ушбу вазифа Саудия Арабистонига топширилди. ИҲТнинг навбатдаги саммитларини 2022 йилда Гамбияда ва 2025 йилда Индонезияда ўтказиш қарори маъқулланди.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.