muslim.uz
Рамазон ҳайити куни жамоат транспорти соат 4:00дан иш бошлайди
Жорий йилда юртимизда Рамазон ойи ва ҳайит байрамини кенг нишонлаш, халқимизга муносиб шароит яратиш мақсадида барча мутасадди ташкилотлар қатори “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ ҳам алоҳида тайёргарлик кўрди, деб хабар бермоқда жамият матбуот хизмати.
2019 йилнинг 13 май куни жамиятнинг махсус 25-ф-сонли фармойиши қабул қилинди. Унда ушбу муқаддас ой ва Ҳайит байрами кунлари йўловчи ташишда жамият томонидан амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгиланиб, аниқ чора-тадбир ишлаб чиқилди. Шунга кўра, ҳайдовчи ва чиптачилар ўртасида йўналишларнинг иш тартиби, белгиланган қатнов ва оралиқ вақтларига, ҳаракат йўналиши ҳамда бекатларда ҳаракат хавфсизлиги қоидаларига амал қилиш транспорт воситаларининг санитария ҳолатини рисоладагидек сақлаш бўйича алоҳида йўриқнома ўтказилди. Автобусларнинг қатнов олди техник кўрик ва ҳайдовчиларнинг тиббий кўрикдан ўтиши ҳамда йўналишлар назоратини кучайтириш бўйича масъуллар белгиланди.
Рамазон ойи давомида таровеҳ намозлари ўқиладиган вақтларда Тошкент шаҳридаги йирик масжидлар олдидаги йўлларнинг вақтинча ёпилиши ва автобус йўналишларининг ўзгаришини ҳисобга олиб автосаройлардан жалб этилган масъул ходимларнинг навбатчилиги ташкил этилди.
Рамазон ҳайитининг биринчи куни 2019 йил 5 июнь кунига тўғри келиши ва дам олиш куни сифатида нишонланиши инобатга олиб халқимизга қулайлик яратиш, белгиланган манзилларига ўз вақтида етиб олишларини таъминлаш мақсадида жамият тармоқ корхоналарига бириктирилган йўналишларга автобусларнинг ишга чиқиши иш кунлари ҳисобида амалга оширилади. Яъни, ҳар бир йўналиш бўйича 04:00да (дам олиш кунидан қарийб 2,5 соат олдинроқ) автобуслар йўналишларга чиқиши белгиланди.
Шу билан бирга, Тошкент шаҳридаги шоҳ кўчалар, магистрал йўлларда жойлашган масжидларда жамият ва тармоқ корхоналарининг масъул ходимлари томонидан соат 5:00 дан 7:00 га қадар навбатчилик ташкил этилиши кўзда тутилган.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати
Ҳайит намозига боришда жамоат транспортидан фойдаланиш тавсия этилди
4 - 5 июнь ўтар кечаси масжидларга ташриф буюрувчилар учун қулайликлар яратиш мақсадида ва байрам намози муносабати билан масжидлар ёнидаги кўчалар 1 километргача бўлган радиусда 5 июнь куни соат 02.00 дан 6.00 гача беркитилади.
Тошкент ИИББ имкон қадар шаҳар жамоат транспортлари хизматларидан фойдаланишни ва автомобилда бормасликни сўраган.
“Агар сиз ўз автомобилингизда борсангиз, қариндошларингизга, дўстларингизга, қўшниларингизга сиз билан бирга боришга таклиф қилинг”, - дейилади ИИББ хабарида.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати
Бир жамиятга бирлашган аҳил оила, она тилини авайлаб келаётган ўзбеклар - АҚШда хатми Қуръонни якунлаган вакилимиз билан суҳбат
Хабарингиз бор, жорий йил Рамазон ойида ўзбекистонлик 11 нафар қорилар хориж мамлакатларида таровеҳ намозларини ўтказиб, хатми Қуръон қилиб беришмоқда. Ана шу масъулиятли ва савоби улуғ вазифа билан ҳозирда АҚШда бўлиб турган вакилимиз Тошкент шаҳридаги “Аҳмаджон қори” жоме масжиди имом-хатиби, 2018 йилги Ўзбекстон Қуръон мусобақаси ҳакамлар ҳайъати аъзоси Муҳаммадий қори Эргашевдир.
Биз қори домла билан боғланиб, у жойдаги фаолиятлари қандай ўтаётганлиги билан қизиқдик.
Асссалому алайкум қори домла! Мана, бир ой - Рамазон ойи давомида олис ўлкада бўлиб, у ердги ватандошларимизга ислом маърифатини, Қуръони каримни етказмоқдасиз. Таассуротларингиз қандай?
Ваалайкум ассалом. Аллоҳ таолога ҳамдлар, Расулуллоҳ солаллаллоҳу алайҳи васаллмага дуруду саловотлар бўлсин! Бу йилги Рамазони шарифни Аллоҳ таоло бизга узоқ бир ўлкада ватандошлар билан Қуръони каримни хизматида, хатми Қуръон қилиш билан ўтказишни насиб айлади. Таассуротлар бир олам.
Май ойининг бошида Ўзбекистондан Нью Йорк халқаро аэропортига етиб келишимиз билан бизни бу ерда Туркистон – Америка жамияти раиси Абдуллоҳ хўжа жаноблари кутиб олдилар. Ва биз Нью Жерси штатининг Довер шаҳрида жойлашган Туркистон – Америка жамиятининг биносига жойлашдик. Айтиш лозимки, бу шаҳар баҳово, манзарали, осуда бир шаҳарча экан. Мана шу жойда жамият биноси жойлашган. Бинонинг биринчи қаватида ошхона, бошқа хизмат хоналари, иккинчи қаватида масжид, таҳоратхоналар мавжуд. Учинчи қаватда эса меҳмонхона жойлашган бўлиб, биз шу жойда истиқомат қиляпмиз.
Бу ерда ватандошларимизнинг ниҳоятда самимий, илиқ муносабатларидан мамнун бўлдик. Улар бизни энг яқин қадрдонларини кутиб олгандек кутиб олдилар. Уйларига ифторликларга чақирдилар. АҚШдан туриб Ўзбекистондаги ислоҳотлар, кўплаб ўзгаришларни қувонч билан кузатиб бораётганликларини, айниқса очилаётган янги масжидлар, мактаблар, ислом цивилизация марказларидан жуда хурсандлар.
Туркистон – Америка жамияти ҳақида маълумот берсангиз? Бу жамият қачон тузилган. Аъзолари кимлар? Қайси йўналишларда фаолият олиб боришади?
Бу жамият XX аср бошларида ўз ватанидан муҳожир бўлиб чиқиб кетган юртдошларимиз томонидан 1958 йилда тузилган. Асосий вазифаси миллий-диний қадриятларимиз, аждодларимизнинг бой маънавий меросини сақлаб қолиш, ёш авлодни ана шу қадриятлар асосида тарбиялашдан иборат. Бу ерда жамият аъзолари фарзандларига мактаб дарсларидан кейин қадриятларимиз, миллий урф-одатларимиз ҳақида алоҳида дарслар (саломлашиш одоблари, муомала маданияти, маросимлар ҳақида), қизиқарли тадбирлар уюштирилади. Ҳозирда жамиятнинг мингдан ортиқ аъзолари бор. Нью Йорк атрофи ва АҚШнинг бошқа штатларида ҳам яшашади. Маросимларга юзлаб, ҳатто минглаб чақирим масофада бўлишса ҳам келиб қатнашадилар.
Жамиятда она тилимизни сақлаб қолишга катта эътибор қаратишади. Уларнинг тилга бўлган эътиборини кўриб ҳайратда қолдик. Соф ўзбек луғатида, ҳеч бир бошқа тиллардаги сўзларни аралаштирмасдан сўзлашишади. Ҳатто биз ўзимиздан ҳижолат бўлдикки, сўзлашувимизда кўп бошқа тиллардаги ибораларни қўшиб гапирар эканмиз. Ўзлари ташқарида инглиз тилида сўзлашишса ҳам, ўзбек тилининг орасига инглизча ё русча иборалар қўшишмайди. Ана шу даражада тилимиз софлигини сақлаб келишмоқда.
Бизга маълумки, Чикаго штатида ҳам “Чикаго” ўзбек-америка ассоциацияси мавжуд. Бу ташкилот ҳам кўпгина миллатдошларимизни бирлаштирган, динимиз, тилимиз, миллий урф-одатларимизни сақлаш йўлида кўпгина тизимли ишларни олиб боради. Мана шу жамиятга қанчалик ўхшашлик жиҳатлари бор? Ёки ўзаро алоқалари мавжудми?
“Чикаго” ўзбек-америка ассоциацияси кейинроқ тузилган. Яқинда ўн йиллигини нишонлаган. Мазкур ассоциация Туркистон – Америка жамиятининг маслаҳати билан, уларнинг қўлга киритган ютуқларидан тажриба олган ҳолда тузилган. Фаолият мақсадлари мушатрак. Ўзаро алоқада, ҳамкорликда иш юритишади.
Энди эса бевосита Сизнинг фаолиятингизга келсак? Хатми Қуръон неча кун давом этди?
Хатми Қуръон жамият раиси ва бу ердаги ватандошларимизнинг таклифига биноан 27 кунлик бўлди, яъни Қадр кечасида тугатдик. Аксарият бир порадан ўқидик, эртаси дам олиш кунлари бўлган пайтларда эса бир ярим порадан ўқидик. Хатмона куни жамиятда катта ифторлик ўтказилди. Хатми Қуръон сўнггида жамиятга асос солиб ўтган аждодлар, ҳозирда бу уюшмага мутасадди бўлиб, ватандошларимизни бир оила оилага бирлаштирган фидоий кишилар, барча ватандошларимиз, оила аъзолари ҳақларига дуолар қилдик. Баъзи онахонларимиз ўзлари уйларида хатми Қуръон қилиб келишган экан, уларни ҳам бағишладик, маърузалар қилдик.
Аллоҳ таоло даргоҳида ҳусни қабул этсин! Қадр кечасини топган, ундан улуғ савоб ва манфаатлар олган бандаларидан қилсин бу жамоатни. Демак, кунига бир порада ўқилган экан, қандай тезликда ўқилди?
Бу ерда Рамазоннинг бошида ҳуфтон намози маҳаллий вақт билан 22-00да эди, кейинроқ 22-15ларда таровеҳни бошлашга тўғри келди. Шунинг учун одамларнинг вақтини кўп олмаслик, чўзиб юбормаслик мақсадида ўрта тезлик танланди. Яъни тадвир – ўрта тезлик суръатида ўқилди. Ўта секин бўлиб, аксарият қисми кундузи ишда бўладиган жамоатга малол келадиган ҳам эмас, ўта тез бўлиб, Қуръон калималарини, сўзларини тушунмай қоладиган даражада ҳам эмас. Тўғри, кўпчилик унинг маъноларини тушунишмас, лекин, дона-дона қилиб, тартиб билан тушунарли қилиб ўқилса қавм бундан роҳат олади.
Жамоат неча кишини ташкил этади? Ўзбеклардан ташқари маҳаллий аҳоли, бошқа миллат вакиллари ҳам иштирок этдими?
Кунлик ўртача 50-60 киши қатнашди. Хатмона куни 200 га яқин жамоат бўлди. Бошқа миллат вакилларидан турк ва араблар ҳам қатнашганлари бўлди.
Суратлардан кўрдикки, хатми Қуръон қилиш билан бирга жамоатга амру-маъруф, маърифий суҳбатлар ҳам қилиб борибсиз. Суҳбатлар қандай кечди? Кўпроқ нималарга эътибор, қизиқишлар бўлди?
Таровеҳда ҳар куни ўн икки ракатдан сўнг диний-маърифий суҳбат, амри маъруф қилиб беришни илтимос қилишди. Асосан суҳбатлар ўша кунги ўқилган Қуръон карим сураларининг умумий маънолари ҳақида бўлди. Ва фиқҳий масалалар. Жамиятда ихтилофларнинг олдини олиш учун битта мазҳабни, яъни Ҳанафий мазҳабини мустаҳкам тутишга алоҳида эътибор қаратилар экан. Шунинг учун фиқҳий масалалар бўйича кўпроқ маълумот беришни илтимос қилишди, қизиқтирган саволларини беришди.
Бундан ташқари, Филаделфия шаҳрида ватандошларимиз ташкил этган “Сарбон” номли радиоканалига ҳам Рамазон ойи бошланишида ва Қадр кечаси кунлари икки бор интервью бердик.
Атроф яқин орада масжидлар борми? Бу ерда бошқа масжидларда таровеҳ намозлари, хатми Қуръонлар қилинадими?
Жамият биносига яқин атрофда деярли масжид йўқ. Борида ҳам таровеҳ 8 ракат ўқилади, хатми Қуръон бу ерда бошқа масжидларда бўлганини эшитмадим. Шунинг учун ҳам биздаги хатми Қуръонга узоқлардан, 100 километр ва ундан зиёд масофалардан, Бруклин каби шаҳарлардан ҳам миллатдошларимиз келиб қатнашишдики, уларнинг Қуръонга бўлган муҳаббатига таҳсин айтасиз.
Ифторлик маросимлари қандай ўтади?
Жамият биносида ифторликлар файзли ўтади. Бу ерда ифторлик маросимларига оилавий бўлиб, фарзандалари билан келишар экан. Эркаклар алоҳида, аёллар алоҳида, болаларга ҳам алоҳида жойлар қилиниб, ифторликларга катта қизиқиш билан тайёргарлик кўрилади. Дастурхонларда барчаси ўзимизнинг миллий таомлар, ҳатто кўк сомса, сумалакаларгача тайёралашади.
Маълумки, муфтий ҳазратлари Рамазон ойида хизмат сафари билан АҚШда бўлдилар. Ҳазрат билан кўришиш имкони бўлдими?
Муфтий ҳазратлари пойтахт Вашингтонда бўлдилар. У киши давлат делегацияси таркибида келганликлари учун вақтлари анча зиқ эди. Вашингтондаги ватандошлар, мусулмонлар билан кўришиб, суҳбатлашиб турганликларини эшитиб, кўриб турдик. Биз бу ерда хатми Қуръонда бўлганимиз учун, орадаги масофа 5-6 соатлик масофа эканлиги сабаб афсуски кўришишни имкони бўлмади. Бу пайтда жамият раиси ҳам элчихона вакиллари билан боғланиб турдилар, имкони бўлса муфтий ҳазратларини бу ерга таклиф қилишга ҳаракат қилиб кўрдилар. Бироқ, юқорида айтганимиздек, ҳар бир вақтлари тартиб асосида режелаштирилгани сабаб кўришишга имкон бўлмади. Лекин уларнинг тадбирлардаги иштироклари, чиқишларини мамнуният билан кузатиб бордик. Аллоҳ таоло динимиз, халқимиз равнақи учун қилган сафарларини ва бу ерларда сўзлаган маърузаларини барча мўмин мусулмонларга манфаатли қилсин.
Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинган ҳадисда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч тоифа бор, уларга катта даҳшат қўрқув солмайди, уларнинг бошига ҳисоб-китоб ҳам тушмайди, халойиқ ҳисобидан бўшагунча улар мушк дўмликда бўлишади: Аллоҳ таолонинг розилигини истаб Қуръон ўқиган, у билан бирор қавмга имом бўлган ва улар ундан рози бўлган киши; Аллоҳ азза ва жалланинг розилигини истаб (инсонларни) намозга чақирган чорловчи; ўзи билан Робби орасини ҳамда ўзи билан хожалари орасини гўзал тутган қул», дея марҳамат қилганлар. (Имом Тобароний ривояти)
Аллоҳ таоло мусофир юртдаги динга, Қуръони каримга қилаётган хизматларингизга улуғ мукофотлар берсин. Икки дунёда Қуръон билан иззат топиб юришингизни Ўзи насиб этсин!
Раҳмат. Иншааллоҳ яқин кунларда сафаримизни тугатиб ватанимизга қайтамиз.
Зоиржон Содиқов суҳбатлашди
Бир ғарибни шод этиш ер юзин обод этишдан яхшидур
30 май куни муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан муборак Рамазон ойида “Меҳр” номли савоби жуда ҳам улуғ тадбир амалга оширилди. Унга кўра, 156 нафар Ўзбекистон фуқаросини (аёллар ва болалар) Яқин Шарқдаги уруш можаролари бўлаётган ҳудудлардан Ватанимизга қайтаришга эришилди.
Ҳеч кимга сир эмас, неча йилдан бери Сурияда бўлаётган уруш жараёнларига бир қатор ўзбекистонликлар ҳам аралашиб қолган. Лекин улар орасида ўзи тушуниб-тушунмасдан, адашиб бориб қолган, террорчи гуруҳлар фаолиятининг жабрини кўрганлар ҳам мавжуд. Энди уларнинг ҳаётларини йўлга қўйиб олишлари учун қўлдан келганча ёрдам беришимиз керак.
Оғир ҳаётий даврни бошдан ўтказиб, Ватанга қайтган ҳамюртларимизга жамиятга қайта мослашишлари учун ҳар томонлама ёрдам кўрсатилмоқда. Хусусан, давлатимиз Раҳбари топшириғига мувофиқ Махсус комиссия тузилди.
Республикага қайтарилган ватандошларимизни ижтимоий кўмак бериш ҳамда соғломлаштириш мақсадида, Тошкент вилояти ҳудудидаги барча керакли шароитлар яратилган санаторийга жойлаштирилди. Ватандошларимизга ҳар турли ёрдам бериш мақсадида, санаторийда уларга барча масъул вазирлик ва идораларнинг вакиллари бириктирилди.
Ватандошларимиз ўзлари учун ажратилган хоналарга оила аъзолари билан бирга жойлаштирилди ва зарур барча шароитлар яратилди, шу жумладан, дам олиш хоналари, кўчма мактаб ва мактабгача таълим хоналари, болалар учун ўйингоҳлар, уч маҳал иссиқ овқат билан таъминловчи ошхона ишлаб турибди.
Адашиб ўзга юртга бориб қолган, оғир ҳаётий даврни бошидан ўтказган инсонларга ҳукумат томонидан моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилиши, уларнинг тинч ҳаётга қайтиб, жамиятга мослашишлари, таълим ва ижтимоий дастурларда иштирок этишлари учун зарур шароит яратилгани ҳақиқий олибжаноблик бўлди.
Халқимиз табиатан самимий ва тийнати пок элдир. Қадимдан Ислом динига эътиқод қилиб келган кишиларимизнинг динимиз асосларини ўрганишга бўлган иштиёқи жуда ҳам баланд. Мана шу жиҳатдан устамонлик билан фойдаланган муғомбир кимсалар одамларимиз, айниқса, ёшларимизнинг ишончига кириш йўлида динни ниқоб қилиб, манфур режаларини баъзида амалга оширишга ҳам эришмоқдалар.
Бироқ Ўзбекистон давлати, меҳр-оқибатли халқимиз оёғи тойиб кетган ватандошларининг қўлидан тутиб қолишга қодир. Яъни, давлат қуролли тўқнашувлар давом этаётган юртларга адашиб бориб қолган ва бунинг оқибатида ўзининг ҳаётини хавфга қўйганлардан ўзига душман “ясаб” олмайди, уларни бундай қийин вазиятда ёрдамсиз ташлаб ҳам қўймайди.
Аксар кишиларнинг кўз ўнгига Сурия деса, Ироқ деса, умуман, Яқин Шарқ мамлакатлари деса, террорчилар макони тушуниладиган бўлиб қолди. Ўша ёқларда улоқиб юрган юртдошларимизга ҳам шу кунга қадар худди террорчига қарагандек қарайдилар. Лекин шуни ҳам эътиборга олиш керакки, у ерларда юрганларнинг кўплари алдов йўли орқали кетиб қолгани аён бўляпти. Олдинига бир мамлакатга тирикчилик учун ишлагани бориб, у ердан янада яхшироқ даромад қилиш мумкин деган алдовларга ишониб қонли ҳудудларга бориб қолганлар ҳам кам эмас.
Муҳтарам Президентимиз адашиб, ёт ғоялар таъсирига тушиб қолган, маккорона тарғиботу ташвиқотларга учиб, бузғунчи гуруҳларга аъзо бўлиб, оқибатда ҳаёти буткул издан чиқиб кетган турли ёшдаги кишиларга ёрдам бериш ҳақида куйиниб, улар ҳам шу миллатнинг фарзандлари, биримизнинг укамиз, биримизнинг синглимиз эканини айтган эдилар.
Юртга қайтган ватандошларимиз Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги “Бўстон” сиҳатгоҳига жойлаштирилди, 80 дан ортиқ шифокор, руҳиятшунослар ва маҳалла фаоллари улар билан ишлашга жалб этилган. Хусусан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан 20 дан зиёд отинойи, 10 нафар имом-хатиб ушбу ишга жалб қилинган. Улар болалар ва аёлларнинг кўнглини кўтаришга, осуда ҳаётга қайтаришда фаол иштирок этмоқдалар. Сиҳатгоҳда ҳар бир бола ва аёлга энг юқори даражада шароитлар муҳайё этилган. Кийим-кечак, дори-дармон, озиқ-овқат ва инсоний эҳтиёжларнинг бошқа барча тури бекаму кўст тайёрланган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳамда UNICEFнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари раҳбарлари ушбу ташаббусни юксак қўллаб-қувваталади. Хориж ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида бундай эзгу ташаббусларга энг юқори баҳо берилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 22-моддасида: “Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди”, деб таъкидланган.
Ана шу модда мамлакатнинг қудратини ва ўз фуқароларига муносабатини ёрқин ифодалайди. Негаки, мамлакат иқтисоди ночор, ҳарбий жиҳатдан заиф, дунё ҳамжамиятида тутган ўрни ҳам ҳамин қадар бўлса, ундай мамлакат ўз фуқароларини ҳимоя қилишга на куч, на жасорат ва на имконият топа олади.
Ислом динида меҳр-шафқат ва кечиримлиликка кўп даъват қилинган. Негаки, раҳм-шафқат қилиш Аллоҳ таолонинг меҳрибонликларидан бири. Агар Яратган Раббимиз отамиз Одам алайҳиссалом билан онамиз Ҳаввони авф этгани сабабидан бугун инсоният мавжуд.
Аллоҳ таоло: “Агар сизлар (уларни) афв этсангизлар, койимасангизлар ва кечирсангизлар, у ҳолда, албатта, Аллоҳ (ҳам) мағфиратли ва раҳмлидир” (Тағобун, 14), деб таълим беради.
Ушбу ояти каримадан англашиладики, агар бизга моддий-маънавий зарар етказган кимсани кечирсак, Аллоҳ таоло уни ўша гуноҳи учун кечирар экан. Ва яна унинг гуноҳидан ўтганимиз учун бизнинг гуноҳимиздан ҳам ўтар экан.
Аёнки, бирор номақбул ишга қўл уриб қўйган одам ўша қилмишининг хато эканини қалбан ҳис қилиб, ўша ишидан пушаймон бўлса-ю, унга яна бир имконият берилса, у давлат ва жамиятга кўп фойда етказади. Унинг самимий афсуси-пушаймони унга куч беради.
Бинобарин, Аллоҳ таоло: “Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас, сиз (ҳар қандай ёмонликни) энг гўзал сўзлар билан дафъ қилинг! (Шунда) баногоҳ сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ - содиқ дўст каби бўлиб қолур” (Фуссилат, 34), деб марҳамат қилган.
Яна Аллоҳ таоло айтади: “...(ҳар қандай) ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаган ёмонликдир (яъни ҳар бир ёмонликнинг ўзига яраша жазоси бордир). Энди ким (интиқом олишга қодир бўлгани ҳолда) афв қилиб (ўртани) тузатса, бас унинг ажри Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта, У зулм қилгувчиларни севмас” (Шўро, 40).
Қадим давлатчилигимиз тарихида ҳам меҳр-шафқат, кечиримлилика оид ҳужжатлар кўп учрайди. Жумладан, “Тузуклар”да: “Менга ёмонликлар қилиб, бошим узра шамшир кўтарганлар, ишимга кўп зиён етказганларни ҳам, агар улар илтижо билан тавба-тазарру қилиб келсалар, ҳурматлаб, ёмон қилмишларини хотирамдан ўчирдим...”.
Соҳибқирон бобомизнинг бу иши Қуръони карим кўрсатмасига ҳамда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига мувофиқ бўлган. Ояти каримада: “Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!” (Аъроф сураси, 199-оят) деб марҳамат қилинган.
Ривоят қилишларича, бир аъробий Расулуллоҳга етиб олиб, хирқаларидан қаттиқ тортган, ҳатто хирқа ҳошияси бўйинларида из қолдирган. Кейин: “Эй Муҳаммад, Аллоҳнинг молларидан менга ҳам бер”, деб қўпол муомала қилганида ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг муомаласидан кулиб қўйдилар. Ва унга бирор нарса бериб юборишни буюрдилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таолонинг кечиримлилик ҳақидаги оятига мувофиқ иш тутгани туфайли ўша аъробийга ўхшаганлар у зотнинг содиқ умматларидан бўлиб, дин ривожига хизмат қилдилар.
Зотан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одам боласининг ҳар бири ҳам гуноҳ қилади, аммо уларнинг ичида энг яхшилари, қилган гуноҳларига тавба қиладиганларидир”, деб марҳамат қилганлар.
Маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний: “Ҳар бир миллатнинг тараққий ва таолийси, давлат ва ҳукуматларнинг узун яшамоғи адолатга боғлиқдир”, деб ёзганида қанчалар ҳақ гапни айтган эди.
Сурия давлатидан Ўзбекистон заминига етиб келган самолётдан тушгани заҳоти юрт тупроғини ўпган аёллару ёшларнинг кўрган кечирганлари – мусофирчилик азоблари, қўрқув, даҳшат, хўрлигу ҳақоратлар ортда қолгани рост, инша Аллоҳ! Чунки уларнинг тақдири Ўзбекистон деган муаззам мамлакатнинг халқпарвар Раҳбари эътиборидадир. Ушбу Раҳбарнинг шиори эса одамлар қалбига эзгулик уруғини, меҳр-шафқат тухумини қадашдан иборатдир. Зеро, буюк мутафаккир боболаримиз айтганидек:
Бир ғариб кўнгилни қила олсанг шод,
Яхшидир ер юзин қилгандан обод.
Демак, Рамазон ҳайити кунларида Суриядан қайтиб келган ватандошларимиз хонадонларида қўшалоқ байрам бўлади, иншо Аллоҳ. Бундан элимиз ҳам ғоят мамнун бўлмоқда. Зеро, меҳр-мурувват, кечиримлилик, бағрикенглик бўлган юртнинг ҳаёти файзли, келажаги нурафшон бўлади.
Усмонхон АЛИМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.