muslim.uz

muslim.uz

Аввал, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари АҚШга жўнаб кетганлари ҳақида хабар берган эдик.
21 май куни Вашингтон шаҳрида муфтий Усмонхон Aлимов ҳазратлари AҚШ Тинчлик институтида ташкил этилган давра суҳбатида нутқ сўзладилар. Муфтий ҳазратлари муҳтарам Президентимиз раҳбарликларида мамлакатимизда барча соҳалар қатори диний-маърифий ва эътиқод эркинлиги борасида ҳам улкан ислоҳотлар амалга оширилаётганини билдириб, масжидлар сони 2056 тани, диний таълим муассасалари сони 12 тани ташкил этгани, Рамазон ойида барча масжидда таровеҳ намозлари, 1250 та масжидда эса хатми Қуръонлар ўтказилаётгани ҳамда АҚШ, Россия ва Малайзия каби давлатлар таклифлар асосида қориларимиз мазкур давлатларда таровеҳ намозларида хатми Қуръон ўқишаётгани ҳақида маълумот бердилар.
Шунингдек, ўлкамизда 12 та диний таълим муассасаси фаолият олиб бораётгани, буларнинг 3 таси олий, 9 таси ўрта махсус, 2 таси аёл-қизлар билим юрти эканини билдирдилар. Ўтган йилларда Президентимиз ташаббуслари билан Мир Араб олий мадрасаси ва Ҳадис илми мактаби номли иккита олий диний таълим муассасаси ташкил этилганини сўзлаб бердилар.
2018 йили диёримизда 13 та янги масжид очилди, жорий йил эса давлатимиз Раҳбарининг бевосита ташаббуси билан иккита муҳташам жоме масжиднинг очилиш маросими бўлганини алоҳида қайд этдилар.
Бундан ташқари муфтий ҳазратлари юртимизда жаҳолатга қарши маърифат билан курашишнинг аҳамияти ва турли диний конфессиялар вакиллари билан азалдан аҳил-иноқ яшашнинг тинчлик-барқарорликка ижобий таъсири жуда катта эканини муфтий ҳазратлари изоҳладилар.
Давра суҳбати иштирокчилари – экспертлар, таҳлилчилар ва соҳа мутахассислари томонидан Ўзбекистондаги “Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш" тамойили жуда илиқ қарши олинди ва амалга оширилаётган илоҳотларга юқори баҳо берилди.
Ўзбекистон делегацияси таркибидаги Олий Мажлис аъзолари – Сенат Ташқи ишлар қўмитаси раиси Aлишер Курманов ва Қонунчилик палатаси аъзоси, Инсон ҳуқуқлари миллий маркази директори Aкмал Саидов ҳамда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров ҳам давра суҳбатида сўзга чиқишди ва эътиқод эркинлиги борасидаги саволларга батафсил жавоб беришди.
Ушбу тадбир Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси ва AҚШ Тинчлик институти томонидан ташкил этилди. 20 май куни Тинчлик институти томонидан тадбир иштирокчилари учун ифторлик ҳам уюштирилди.
АҚШ сафари давом этмоқда, жараёнларни сайтимиз орқали ёритиб борамиз.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 Иймонли кишиларнинг бутун борлиғини муборак Рамазон ойининг шукуҳи тўла қамраган онлар. Масжидларимизда Аллоҳнинг муқаддас Каломи хатм қилинмоқда. Қалблари Қуръонга ташна мўминлар жомеларда қоим бўлиб, илоҳий каломга сомеъ бўлмоқдалар.

Бугун 22-май, муборак Рамазон ойининг мағфират даҳаси, 17-кунларидир. Бу кеча Тошкент шаҳридаги қуйидаги икки масжидда Қуръони Карим хатмонаси яъни, Каломуллоҳнинг сўнгги суралари ўқилиб, чин ихлос ила дуолар қилинади:

  1. “Ҳофиз Кўҳакий”жоме масжиди. (Манзил: Олмазор тумани, Ҳофиз Кўҳакий” маҳалласи, Сағбон кўчаси, 61-уй. Тел.: +94 607-05-81, +90 999-38-98)

Имом-хатиб: Тошматов Шерали

Қори: Ҳожиасроров Сирожиддин, Саматов Нажмиддин, Сайнуриддинов Саиджафар

 

  1. “Масжидул хайр” жоме масжиди. (Юнусобод тумани, Бободеҳқон маҳалласи, Мирзаобод кўчаси, 74-уй. Тел.:+97 721-88-55, +93 573-30-06 )

Имом-хатиб: Воҳидов Тоҳир

Қорилар: Тўрақулов Муҳаммад, Содиқов Хафизуллоҳ, Ашуров Махмудхон, Абдумўминов Муҳаммад

 

Илоҳий раҳмат нурлари ёғилгувчи, дуолар мустажоб бўлгувчи кечага марҳабо!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

ЎМИ Матбуот хизмати

Расмлар муаллифи Шаҳзод Шомансур

Вашингтондаги бу мўъжазгина ресторан 2013 йилда ўз фаолиятини бошлаган бўлиб, АҚШдаги ёрдамга муҳтож, кам таъминланган, бошпанасиз инсонларга бепул мазали таомларни улашиб келмоқда. Ресторан покистонлик тадбиркорнинг онаси хотирасига Sakina Halal Grill деб номланган.

«Биз жаҳоннинг етакчи мамлакатимиз. Бироқ биз ўз фуқароларимизни ҳимоя қилишда ортда қоляпмиз. Бу жуда ҳам уятли ҳолат. Мен бу тамаддихонани қудратли давлатимизнинг дунёқарашини оз бўлса-да ўзгартириш мақсадида, катта умид билан очганман.

Ҳар куни кўплаб инсонларнинг бирор озуқа илинжида чиқинди қутиларини кавлаб юрганини кўриш менга жуда ҳам қаттиқ таъсир қилар эди. Чунки бу ҳол менинг эски хотираларимни ёдга соларди», - дейди ресторан асосчиси Кази Маннан.

Кази Покистондаги кичик қишлоқларнинг бирида туғилган бўлиб, болалигидан қашшоқлик ва очликни кўриб катта бўлади. Вояга етгач, унинг орзуси ушалиб, 1996 йилда Америкага йўл олади. Ҳозирда у ўзининг муваффақиятли бизнесини йўлга қўйган.

«Қашшоқлик - бу завқ эмас. Болалик чоғимда мен ҳар куни зиддиятли вазият, оғир кунларга дуч келар эдим», - дейди у.

Айни дамда Кази Маннан муҳтож инсонларга ҳар йили 16 мингдан зиёд бепул таомларни етказишни мақсад қилган. Унинг фикрича, у таомларга сарфлаётган пулига сира ачинмайди, аксинча, бу ишдан фақат кўнгли тўлади.

Маҳаллий аҳоли Казининг ташаббусидан жуда миннатдор.

«Бундай ҳол ҳар кимнинг бошига тушиши мумкин. Егулик топа олмай юрганимда мени қучоқ очиб кутиб олувчи ва мазали таомлар берувчи шундай ажойиб маскан борлигидан хурсандман», - дейди ресторан мижозларидан бири.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Нишонга урилган гаплар: “Жамиятни фасоддан тозалаш зинани тозалашга ўхшаб, юқоридан пастга қараб бўлади” 

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.

 

Ким биродарига махфий тарзда насиҳат қилса, чиндан ҳам насиҳат қилган бўлади. Аммо ким биродарига ошкора насиҳат қилса, уни шарманда қилган бўлади.

Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ

*****

Чинакам эркакларнинг вафоси, садоқати дастурхон, зиёфат устида эмас, қийин дамларда билинади.

Муҳаммад Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ

*****

Энг катта хатарлардан бири инсон ҳақ билан ботил ўртасидаги фарқни ҳис қилиш қобилиятини йўқотишидир.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Умр ўтгани сайин кўз хиралашиб, кўриш равшанлашиб боради.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Энг гўзал нафс турларидан бири ўртадаги келишмовчилик кучайган бўлишига қарамасдан ўзаро тақдим этилган яхшиликларни инкор қилмайдиган нафсдир.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Нонингни ўғирлашади. Кейин сенга ўшандан бир бурда беришади. Сўнгра сени шу “саховат”лари учун ташаккур айтишга мажбурлашади. Нақадар жирканчлик!

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Ўзларини доим “Биз тўғри иш қиляпмиз” деб ўйлайдиган кишилар билан бирга яшашинг жуда қийиндир.

Доктор Али Шариатий

*****

Жамиятни фасоддан тозалаш зинани тозалашга ўхшаб, юқоридан пастга қараб бўлади.

Ли Куан Ю

*****

Одамларга ишонмасликнинг икки сабаби бор:

  • Биз уларни танимаганимиз учун ишонмаймиз.
  • Биз уларни таниганимиз учун ишонмаймиз.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Ватанлар урушдаги вайроналардан сўнг ўлмайди. Балки улар ўша ерда яшовчилардан баъзиларининг хиёнати туфайли ўлади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Одамлар сен йўқ пайтингда сен ҳақингда қандай гапларни гапиришларини билмоқчи бўлсанг, сенинг олдингда бошқалар ҳақида қандай гапларни гапираётганларига қара.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top