muslim.uz
Рамазон тавбага йўл
Танловга!
Аллоҳ таолога ҳамд, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг аҳли байтлари ва саҳобаларига саловоту саломлар бўлсин!
Рамазон… Бу сўзни эшитганда қалбларга қувонч, кўнгилларга хушнудлик киради. Мўмин кишиларнинг қалбларини сакинат ўраб олади. Беихтиёр унинг хотирига хурсандчилик, шодлик дамлари келади. Ўтган раамазон ойининг шукуҳини эслайди. Ҳам жисмий ҳам ботиний кирликлардан тозаланишини ўйлаб хурсанд бўлади. Қандай қилиб ҳам бундай бўлмасин? Ахир бу ойда шайтонлар кишанланиб, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг биз гуноҳкор бандаларга раҳмат эшиклари очилиб, Аллоҳ таоло “Қани тавба қилувчи борми? Унинг тавбасини қабул қиламан. Қани дуо қилувчи борми? Унинг дуосини ижобат қиламан” деб бизларга Ўзининг раҳматини ва мағфиратини айнан мана шу ойда ёғдирадиган бўлса. Биздан фақат гуноҳлардан ҳақиқий тавба қилиб, Аллоҳ таолога ҳамдлар айтиб, Аллоҳ таолонинг буйруқларига холис амал қилиб, қайтариқларидан қайтиб, ўзимизни ислоҳ қилиб, ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг манҳажларини маҳкам ушлаб, дунё ва охират саодатларини қўлга киритишимизгина қолмайдими? Рамазон ойи келди. Чин тавба қилиш вақти келмадимикан?
Аслида тавба эшиклари ҳар доим очиқ. Модомики, жонимиз ҳалқумимизга тиқилмас экан ва қуёш мағрибдан чиқмас экан бизларнинг чин дилдан қилган тавбаларимиз қабул қилинади ин ша Аллоҳ. Лекин ҳозир Рамазон ойида турибмиз, бу ой тавба учун айни фурсат эмасми? Шубҳасиз бу ойда бошқа ойларга қараганда чин тавба қилишимиз осон бўлади. Чунки, биз бу ойда бошқа ойларга қараганда Роббимизнинг раҳматини кўпроқ ҳис қиламиз. Лекин бу гапдан тавба учун Рамазон ойини кутиш керак экан деган гап келиб чиқмайди. Жон Аллоҳ таолонинг омонати. Уни қачон хоҳласа ўша пайт олади. Шундай экан, бизга ҳозир Рамазон ойида турибмиз, бу ойни ғанимат билиб, тавба-тазарруга шошилишимиз лозим бўлади. Бекорга ҳабибимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Рамазонга етиб, мағфират қилинмаган кишининг бурни ерга ишқалсин, хор бўлсин!” демаганлар. Чунки Рамазонни ғанимат билмаган киши тавба қилмаган, мағфират сўрамаган бўладида. Биродарларим! Бундай бадбахт кишилардан бўлиб қолмайлик. Бу ойда гуноҳлардан тавба қилиб, бу ойдан чиққанимиздан кейин ҳам бу гуноҳларга қайтмайлик. Зероки, Рамазонда тавба қилмасак, қачон тавба қиламиз? Рамазонда Аллоҳга қайтмасак қачон Аллоҳга қайтамиз?
Шу ўринда бир савол туғилади. Чин тавба қандай бўлади? Бу саволга Аллоҳ таолонинг Китоби Қуръони каримдан жавоб қидириб кўрайлик. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади “Ва улар фоҳиша иш ёки ўзларига зулм қилган чоғларида Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишини сўрайдилар, гуноҳларини Аллоҳдан ўзга ким ҳам мағфират қилади? Ва улар, билиб туриб, қилган гуноҳларида бардавом бўлмаслар”.
Демак, оятдан келиб чиқадики, гуноҳда бардавом бўлинмаса, гуноҳни эътироф қилинса ва истиғфор айтиладиган бўлса, Аллоҳ таоло гуноҳларни кечирар экан. Чин тавба қандай бўлиши борасида уламоларимиз ҳам кўп гапларни айтганлар. Шулардан баъзиларини келтирамиз.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай дейдилар “Ҳақиқий тавба, худди соғилган сут елинга қайтмаганидек, тавбадан кейин гуноҳларга қайтмасликдир”.
Саид ибн Жубайр роҳимаҳуллоҳ айтадилар “Учта шарт бўлмаса тавба қабул бўлмайди:
- Тавбани қабул бўлмай қолишидан қўрқиш
- Тавбани қабул бўлишига умид қилиш
- Тоат-ибодатда давомли бўлиш”.
Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар “Ҳақиқий тавба ўзи аввал яхши кўрган гуноҳидан нафратланиш. Гуноҳини эслаганда истиғфор айтишдир”.
Али ибн Ҳусайн роҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар “Тавба амал билан ва гуноҳлардан қайтиш билан бўлади. Тавба шунчаки сўз билан бўлмайди”.
Шайх Шаъровий роҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Тавба” китобларида қуйидаги лафзларни келтирадилар “Тавба қилган киши уч нарсани доим ёдда тутиши лозим бўлади:
- Қилган гуноҳининг ниҳоятда қабиҳлигини
- Аллоҳ таолонинг бу гуноҳга азоби қаттиқлигини ва Аллоҳ таолонинг бу гуноҳга бўлган азобига, У Зотнинг ғазабига банда тоқат қила олмаслигини
- Ўзининг заифлигини ва тадбири озлигини”.
Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ айтадилар “Ҳар битта гуноҳга тавба қилиш вожибдир. Агар гуноҳ банда ва Аллоҳ таоло ўртасида бўлиб, бу гуноҳга бошқа бир банданинг ҳаққи аралашмаган бўлса, тавбанинг учта шарти бор:
- Қилган гуноҳидан батамом ажралиш
- Қилган гуноҳига надомат қилиш
- Гуноҳига абадул абад қайтмасликка азму-қарор қилиш”.
Имом Нававий роҳимаҳуллоҳнинг гапларидан келиб чиқадики, агар гуноҳга бошқа бир банданинг ҳаққи аралашган бўлса, тавба токи у бандани рози қилмагунча қабул бўлмайди. Шунинг учун бировнинг ҳаққига эъҳтиёт бўлиш керак. Яна шуни айтиб ўтиш керакки, тавбада яна бир дақиқ сир бор. Тавба фақат гуноҳ сабабидан қилинмайди. Қанчадан-қанча солиҳ инсонлар, Аллоҳ таолонинг авлиёлари бор, улар ҳар дамларида тавба билан, истиғфор билан машғуллар. Ҳаттоки, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳар куни юз марта истиғфор айтганлари ҳадисларда ривоят қилинади. Бунинг сабаби эса, бу Аллоҳ таолога тавозуъ намунаси, ҳар доим Аллоҳ таолога муҳтож эканини эътироф этишдир. Бошқа жиҳатдан олиб қарайдиган бўлсак, инсонларнинг ҳеч қайси бири, Аллоҳ таолонинг берган мўл-кўл неъматларига шукр қилиб, адоғига етказа олмайди. Шунинг учун ҳам у тавба билан машғул бўлади.
Мана бу – гуноҳлар билан машғул бўлиб юрганидан сўнг, биз юқорида баён қилгандек чин тавба қилиб, солиҳ амалларда бардавом бўладиган кишиларнинг тавбасидир. Бу эса Аллоҳ таолонинг олдидаги улуғ даража ҳисобланади.
Азизлар! Мана чин тавба қандай бўлишни ҳам оз бўлсада билиб олдик. Рамазон ойларида турибмиз, бу ойни мана шундай тавбалар қилиш учун ғанимат билайлик. Салафи солиҳларимиз Рамазон ойи тугаса, бу ойдан ажралганлари учун йиғлар эканлар. Кўп нарсаларга улгурмай қолганларидан надомат чекар эканлар. Мана бу нарса ҳам уларнинг тавбаларига далолат қилади. Албатта бу уларнинг ўта солиҳ бўлганларидан ва қалблари тоза бўлганликларидандир. Биз ҳам ҳабибимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашиб, мана шундай солиҳ кишиларнинг йўлларини тутишимиз керак бўлади.
Аллоҳим бизларни солиҳ бандаларингни муваффақ қилган нарсаларга муваффақ қилгин. Бизларни тўғри йўлингга ҳидоят қилгин! Амийн.
Манбалар асосида “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртининг
4-курс талабаси Хушвақтов Абдулҳай тайёрлади.
Рамазон ойидаги энг афзал амаллар
Танловга!
Рамазон хайр-барака ойидир. Чунки, бу ойда қилинган ҳар бир нафл ибодат учун фарз амалининг савоби, битта фарз амали учун эса, бошқа ойда қилинган етмишта фарз амалининг савоби берилади. Шунинг учун Мусулмонлар бу ойда Аллоҳ таолога ёқадиган ва уни рози қиладиган амалларга шошиладилар.
Қуйида бу ойда қилинадиган энг афзал амалларни санаб ўтамиз:
- Рўза тутишлик. Рўза тутишлик фақатгина еб-ичишдан тийилиш эмас, балки ҳар қандай маъсиятлар ва ёлғон, туҳмат ва ғийбат каби Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган амаллардан ҳам узоқ бўлиш лозим.
- Қуръон тиловат қилиш. Бу ойда Қуръон тиловат қилиш Аллоҳ таолога энг маҳбуб ишлардандир.
- Намозларни кўпайтириш. Фарз бўлган 5 маҳал намоздан ташқари, суннат ва нафл ибодатларини ҳам кўпайтириш лозим. Хусусан, жамоат билан ўқиладиган Таровеҳ намозларни ғанимат билиш керак.
- Силаи-раҳм қилиш. Яқинлар ва қариндошларни зиёрат қилиш. Чунки бундай амаллар кишилар ўртасида ўзаро муҳаббат ришталарини мустаҳкамлайди.
- Хайр-эҳсон қилиш. Бу ойда садақа қилиш – энг афзал ишлардан бўлиб, Аллоҳ таоло бу амални қилувчини Ўзи мукофотлайди. Шунингдек, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда бошқа ойлардан кўра сахийроқ бўлар эдилар.
- Зикрларни кўпайтириш. Бу ойда қилинадиган зикр, тасбеҳ ва истиғфор учун кўп савоб берилади. Бундан ташқари, бундай амаллар ёмонлик эшикларини ёпиб, мағфират эшикларини очади ва қалбни хотиржам қилади. Ҳамда нафсни ҳаром ишлардан узоқ қилади.
- Закот бериш. Мусулмонлар бу ойда закотларини фақир ва мискинларга берадилар.
- Эътикоф ўтириш. Бу ойда мусулмонлар кўпроқ вақтларини масжидларда намоз ўқиш, Қуръон тиловат қилиш ва Аллоҳ таолони зикр қилиш билан ўтказишга ҳарис бўлишлари лозим. Асосан, Рамазоннинг охирги кунларида. Чунки, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтирар эдилар.
- Лайлатул қадр кечасини бедор ўтказиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларини Лайлатул қадрни топишга ва уни бедор ўтказишга ундар эдилар. Чунки, Аллоҳ таоло бу куннинг қадрини бошқа кунларнинг мингтасидан афзал қилган.
- Қуёш чиққунича масжидда ўтириш. Бомдод намозидан сўнг то қуёш чиққунча масжидда ўтириш мустаҳаб амал ҳисобланади. Чунки, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларни шундай қилишга чақирар эдилар.
- Рамазон кунларида Умра зиёратини қилиш. Чунки, бу ойда қилинган Умра Ҳаж ибодатига тенглаштирилади.
Аллоҳ таоло барчамизни бу ойда шундай фазилатли амалларни бажаришга муваффақ айласин.
Тошкент Ислом институти талабаси
Муҳаммад Али Муҳйиддин
Танзаниядаги қорилар мусобақасига 60 минг киши йиғилди
Танзания пойтахти Доруассаломдаги футбол стадионда бўлиб ўтган қорилар мусобақасини томоша қилиш учун қарийб 60 минг киши йиғилди. Бу ҳақда MSUMBA NEWSга таяниб Азон интернет нашри хабар берди.
Мусобақани кузатиш учун Танзания президенти Жон Помбе Магуфули ва турли мамлакатлардан нуфузли меҳмонлар келди. Мусобақада биринчи ўрин сенегаллик Муҳаммад Мужабага, иккинчилик Нигериядан келган Фаруқ Яқубга, учинчи ўрин эса танзаниялик Шамсиддин Ҳусайн Алига насиб этди. Барча совриндорларга пул мукофоти топширилди.
Қатнашчилар орасида ягона қория танзаниялик 12 ёшли Сумайя Абдуллоҳ бўлди. Махсус пул мукофотини унга Танзания президенти тақдим этган.
Маълумот учун, Танзанияда аҳолининг 60 фоизи насронийлардан, 36 фоизи мусулмонлардан иборат, қолган 4 фоиз аҳоли турли динларга эътиқод қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Надомат
Танловга!
Дунёнинг бир чеккасида номи оламга маълум ва машҳур бўлган бир шаҳар бор эди. Шаҳар ниҳоятда обод; кўркам бинолари, озиқ-овқатга тўлиб тошган расталари ҳар қандай кишининг ҳавасини уйғотар, одамлари ўзига тўқ, деярли муҳтожликда яшайдиган одамнинг ўзи йўқ эди.
Бу ерда ҳар куни зиёфатлар, кўнгилочар томошалар, ва бир-биридан қизиқарли тўй-у тантаналар бўларди. Дастурхонларда бўш ернинг ўзи қолмас, ортиб қолган нарсаларни эса биров бир тийинга олмас эди...
Жазирама кунларнинг бирида ўша бадавлат шаҳарнинг ичида бир нотаниш кимса пайдо бўлди. У оппоқ ёпинчиқ ўраб юзини беркитиб олган, кўчада кимни кўрса унга салом бериб кўнглини олган, одамларга илиқ сўзлар айтиб эзгуликка даъват қилар эди.
Бу ҳол шаҳар маъмурининг қулоғига етиб боргач, ўша ҳар йили бир пайдо бўладиган нотанишнинг мақсадини билмоқчи бўлиб, уни ҳузурига чақиришларини буюрди. Бироз ўтиб, нотанишнинг ўзи шаҳар маъмурининг ёнида пайдо бўлди. Ва унга қараб:
− Салом сенга эй Аллоҳнинг бандаси, – гап бошлади у, − қутлуғ кунларинг муборак бўлсин!
− Нималар деяпсан ўзинг?! Ўзи шундоқ ҳам ҳар кунимиз қутлуғ бўлса, яна қанақа кун ҳақида айтяпсан? – ҳайрон бўлиб сўради маъмур.
− Қандай бўларди, Яратганга кечалари дуо қиладиган, ундан гуноҳларни кечиришликни сўраб илтижо қилинадиган, кечалари ибодатга қоим бўлиб, унга истиғфорлар айтиладиган, одамларга ҳайр-у саҳоват қилиб, уларнинг кўнгилларини оладиган, кўзни, қўлни, тил ва дилни гуноҳлардан муҳофаза қилиб, фақат яхшиликлар қилинадиган кунларни айтяпман-да! – жавоб берди нотаниш.
Маъмур унинг сўзларини тинглаб, истеҳзоли кулиб қўйди. Ва деди:
− Менга қара ҳой нотаниш йўловчи! Бизнинг ҳеч нарсадан кам жойимиз йўқ! Ҳар нарсамиз етарли, одамларнинг қорни тўқ, устлари бут! Ҳар кунимиз байрам, зиёфат! Энди менга айтчи, сен айтган ишларни қилишликдан бизга нима наф?! Сен яхшиси, йўлингдан қолма...
Нотаниш кимса бошқа сўз айтмади. Ва бир зум ўтмай кўздан ғойиб бўлди.
Орадан бир неча кунлар ўтди. Шаҳар аҳли ҳар доимгидек «ширин» ҳаётида яшашда давом этди. Ҳар кунлари бир хилликда – базм-у жамшидларда ўтар, бу кунларнинг ўз поёнига етиши эса ҳеч кимсанинг ҳаёлига ҳам келмас эди.
Бир куни шундай бўлди: шаҳарда қурғоқчилик бошланиб, экинлар нобуд бўлди. Расталар тез орада бўшаб одамлар оч қола бошлади. Энди ўша тотли дамлар йўқ, ҳаммаёқни қаҳатчилик эгаллаб бўлган эди. Ушбу ҳолатни кўриб одамлар негадир ўша нотаниш кимсани йўқлаб қолишди. «Балки унинг айтганларини қилсак, Яратган бизларни кечириб, яна аввалги ҳолимизга қайтариб қўяр?!» деб ўйлашарди улар. Шаҳар маъмури зудлик билан ўша нотанишни олиб келишга буюрди. Бироқ...Энди кеч эди! Ўша нотанишни ҳеч қаердан топа олишмади...
Ўша нотанишнинг исми – Рамазони Шариф эди! Шаҳар аҳлининг ҳолига тушишликдан Аллоҳнинг ўзи сақласин...
Шерзод ҲАЙДАРБЕКОВ
Вулқонда жойлашган энг гўзал кўллар
Қадрли ўқувчилар, қуйида сизларга вулқонларда жойлашган дунёнинг энг гўзал кўллари расмларини тақдим этамиз. Уларни кўриб, Холиқ таолонинг қудратини эслайлик. Зеро, Аллоҳ таолонинг махлуқлари борасида тафаккур қилиш мўминнинг иймон нурини зиёда қиладиган амаллардандир. Расмга алоқадор фикрлар сурат остида берилган.
Бу Филиппиндаги Тааль номли вулқон бағрида пайдо бўлган кўл бўлиб, ўртача чуқурлиги 100 метр, энг чуқур жойи 172 метрни ташкил этади.
Бу Филиппиндаги Пинатубо кўли бўлиб, чуқурлиги 600 метрга яқин. У мамлакатдаги энг чуқур кўл ҳисобланади.
Бу Япониянинг Зао тоғида жойлашган Окама номли кўл бўлиб, чуқурлиги 60 метрга боради.
Аляска ярим ороли жанубидаги Катмай номли вулқон бағрида ҳосил бўлган кўл.
Шимолий Кореядадаги Пэктусан номли вулқон қўйнида ҳосил бўлган Тяньчи номли кўл бўлиб, денгиз сатҳидан 2189,1 метр баландликда жойлашган.
Индонезиядаги Келимуту номли вулқонда жойлашган кўл.
Уганда давлатида жойлашган кўл бўлиб, денгиз сатҳидан 1500 метр баландликда жойлашган.
Аллоҳ таолонинг яратган нарсалари ҳақида тафаккур қилар эканмиз, ушбу оятни эсга оламиз:
هَذَا خَلْقُ اللَّهِ فَأَرُونِي مَاذَا خَلَقَ الَّذِينَ مِن دُونِهِ بَلِ الظَّالِمُونَ فِي ضَلَالٍ مُّبِينٍ
“Бу Аллоҳнинг яратганидир. Қани менга кўрсатинг-чи, Ундан бошқалар нимани яратдилар. Йўқ! Золимлар очиқ-ойдин адашувдадирлар” (Луқмон сураси, 11-оят).
Абдуддоим Каҳелнинг мақоласи асосида
Нозимжон Иминжонов таржима қилди
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.