muslim.uz
Қозоғистон мусулмонлари идорасининг янги биноси очилди
Бугун, 12 апрель куни Қозоғистон мусулмонлари идорасининг янги биносининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Максатбек Токтомушев, шунингдек, Россия, Хитой, Молдова ва Финляндия мусулмонлари етакчилари қатнашди.
Маросимда мусулмонлар идорасининг янги биносининг таркибий тузилмаси, яратилган шарт-шароитлар, меҳмонлар билан мулоқот қилиш хоналари, кўргазма заллари ва келгусида амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар ҳақида маълумотлар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари очилиш маросимида сўзга чиқиб, ушбу муҳташам ва файзли бино билан Қозоғистон мусулмонлари идораси раҳбариятини қутлаб, кўп йиллар мўмин-мусулмонлар хизматида бўлишини ва Ислом дини равнақи йўлида самарали ишлар олиб борилишини Аллоҳ таборака ва таолодан дуо қилиб сўрадилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ажиб саволларга нозик жавоблар
“Оғриқнинг давоси нима?” деб сўрашди. “Давоси – сабр” дедим.
“Муваффақиятсизликнинг давоси нима?” деб сўрашди. “Давоси – ўша ишни такроран бажариб кўриш” дедим.
“Ҳасаднинг давоси нима?” деб сўрашди. “Давоси – ўзини билмаганга олиш” дедим.
“Фақирликнинг давоси нима?” деб сўрашди. “Давоси – қаноат” дедим.
“Заифликнинг давоси нима?” деб сўрашди. “Давоси – иймон” дедим.
“Ҳунукликнинг давоси нима?” деб сўрашди. “Давоси – гўзал ахлоқ” дедим.
“Жоҳилликнинг давоси нима?” деб сўрашди. “Давоси – илм ўрганиш” дедим.
“Аҳмоқликнинг давоси нима?” деб сўрашди. “Давоси – сукут сақлаш” дедим.
“Душманликнинг давоси нима?” деб сўрашди. “Давоси – эҳсон, яхшилик қилиш” дедим.
“Ёқтирмасликнинг давоси нима?” деб сўрашди. “Давоси – муҳаббат” дедим.
“Оғриқ ва изтиробларнинг давоси нима?” деб сўрашди. “Давоси – табассум” дедим.
“Мусибатнинг давоси нима?” деб сўрашди. “Давоси – истиғфор айтиш” дедим.
“Нафснинг гуноҳ бўлган истакларининг давоси нима?” деб сўрашди. “Давоси – уни ўша истаклардан маҳрум этиш” дедим.
“Чарчоқнинг давоси нима?” деб сўрашди. “Давоси – уйқу” дедим.
“Юқоридаги саволлардаги ҳолатларнинг давоси нима?” деб сўрашди. “Давоси – “Эй Роббим!” деб дуога қўл очмоқдир” дедим.
Интернет маълумотларидан Нозимжон Иминжонов таржимаси
Нишонга урилган гаплар: “Эй Роббим, хонадонларимиздан ғам, безовталик ва маҳзунликни нари қилгин!”
Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.
Эй Роббим, хонадонларимиздан ғам, безовталик ва маҳзунликни нари қилгин! Уйимизни ва унда яшаётганларни сокинлик, сатр, муҳофаза, омонлик ва ота-оналар билан ризқлантиргин!
“Фикр дурдоналари”
*****
“Юқорига мен биринчи чиқаман” деб нарвонни талашдик. Ўзимизнинг розилигимиз билан ўртамизда душман ҳакамлик қилди. Биз талашаётган нарвонни ҳар биримизга тенг қилиб икки бўлиб берди. Натижада ҳаммамиз юқорига чиқа олмай, чуқурликда қолиб кетдик.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
- Ожиз бўлса ҳам ўз имкониятларини ишга соладиган кишилар бор.
- Имкониятлари бўла туриб ожизлигини рўкач қиладиган кишилар ҳам бор.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Ёзувчилардан бири эрта тонгда ишга кетаётганларни васф этиб шундай деган экан: “Гўё улар эртага қатл этиладиган кишилардек юзлари тушкун, маҳзун ҳолатда эди”.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Ҳаётларида ниманидир амалга ошира олмай, муваффақиятсизликка учраганлар доим бошқаларни йиқитишга уринадилар.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Менга, мени танимайдиган киши эмас, балки мени яхши танийдиган яқиним озор берди.
“Фикр дурдоналари”
*****
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
Халқаро анжуманда муфтий ҳазрат маъруза қилди
Бугун, 11 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Қозоғистоннинг Нур-Султон шаҳрида бўлиб ўтаётган “Маънавий ипак йўли: Ислом ва ёшлар: замонавий таҳдидлар” номли анжуманда маъруза қилдилар.
Муфтий ҳазратлари ўз маърузаларида мусулмон умматининг келажаги ёшлар тарбиясига боғлиқ экани, таълим-тарбияга катта аҳамият қаратган миллатнинг эртаси фаравон бўлиши, лекин ҳозир ёшлар орасида жиноятчилик кенг тарқалаётгани, ахлоқий тубанлашиш ортиб бораётгани ва ёшларнинг одоб-ахлоқ меъёрларидан узоқлашиши оқибатида жуда хатарли иллатлар келиб чиқаётганига алоҳида урғу қаратдилар.
Ушбу муаммоларнинг туб негизида эса ёшларнинг диний-ахлоқий тарбиядан узоқлиги ётиши, шунинг учун ҳам, дин пешволари ёшларни ахлоқий қадриятлар ва мустаҳкам эътиқод билан озиқлантириш орқали уларни мана шундай таҳдидлар домидан сақлаб қолиш зарурлигини муфтий ҳазратлари таъкидладилар.
Шунингдек, муфтий ҳазратлари Ислом ҳамжамияти олдида турган энг катта ва долзарб вазифалардан бири ёш авлодга ҳар томонлама диний ва дунёвий билимлар бериш, шу билан бир қаторда соф Ислом ахлоқи билан тарбиялаш муҳимлигини баён қилдилар.
Нур-Султон шаҳридаги анжуман давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.