muslim.uz
Hима сўрасангиз ҳам хайрлисини сўранг!
Кундалик ризқини ҳаммоллик орқали топувчи бир йигит намозларида:
“Ё Раббим, менга нима берадиган бўлсанг хайрлисини бер. Бир бурда нон бўлса ҳам хайрлисидан насиб эт”, деб дуо қилар экан.
Ҳаммолнинг мудом бир хил дуони такрорлайвериши атрофидагиларнинг эътиборини тортибди. Улардан бири сўрабди:
– Эй дўстим, нима учун сен намоз ўқиб бўлгач, "Ё Раббим, менга нима берадиган бўлсанг, хайрлисини бер. Бир бурда нон бўлса ҳам хайрлисидан насиб эт", деб Аллоҳга илтижо қиласан. Ноннинг ҳам хайрсизи бўладими?
Ҳаммол жавоб берибди:
– Биродар, менинг бошимга тушган савдони билсайдинг, сен ҳам шундай дуо қилган бўлардинг.
Атрофидаги одамлар қизиқиб сўрабдилар:
– Бошингдан ўтган воқеани сўзлаб бер, биз ҳам эшитайлик.
Ҳаммол сўзлаб берибди:
– Бир куни оғир юк кўтариб қияликдан юқорилаётган эдим. Ҳолдан тойиб, устимдаги юкни бир муддатга ерга туширишга мажбур бўлдим. Пешонамдан оқаётган терни артар эканман, ич-ичимдан фарёд чекдим: "Эй Аллоҳ, насибам бўлган бир бурда нонни қандай қийинчиликлар билан берасан-а! Мени жиққа терга ботирмай, ейдиган нонимни ўтирган жойимдан қўзғатмай, эҳсон қилиб қўя қолсанг бўлмайдими?!"
Бу илтижо оғзимдан чиқар-чиқмас, бирдан қаршимда икки киши бир-бирини савалаётганини кўриб қолдим. Жим қараб тура олмай, уларни ажратишга уриндим. Шу пайт улардан бири шундай мушт туширдики, оғзи-бурним қонга бўялди. Етиб келган миршаблар мени ҳам жанжалкашларга қўшиб, ҳибсга олдилар.
Қамоқдалигимда миршаблар ҳар куни нон олиб келардилар. Шифтга термулганча ётар эканман, қайғуга ботганим учун томоғимдан бу текин нон ўтмасди. Ўз-ўзимга: "Энди юк ҳам ташимаяпсан, пешонангдан тер ҳам қуйилмаяпти. Мана сенга текинга келган нон. Тўйгунингча еб ол”, дердим. Чунки озодликда манглай терим эвазига топилган кулча тутқунлиқда берилган текин нондан лаззатли эди.
Нотўғри дуо қилганимни тушуниб етдим. Ўша кундан эътиборан дуоимни ўзгартирдим. Аллоҳдан доим хайрли ризқ беришини сўрайман.
Саидаброр Умаров тайёрлади
Биласизми?
Инсонда икки нарса бардавом бўлмайди:
- Ёшлиги.
- Куч-қуввати.
Инсондаги икки иш унга фойда келтиради:
- Гўзал хулқ.
- Кечиримлилик.
Икки иш инсоннинг шаънини юксалтиради:
- Камтарлик.
- Одамларнинг ҳожатини раво қилиш.
Икки иш балони даф қилади:
- Садақа.
- Силаи раҳм.
*****
Инсон вафот этиши олдидан умри давомида қалбини нималарга тўлдирган бўлса, ўша нарсалар тилига келади. Булар бирор шахснинг исми ёки қўшиқлар ёки диний иборалар бўлиши мумкин. Хуллас, ўлимдан олдин айтилган энг охирги сўз ва гап унинг умри давомида энг кўп эътибор қаратган нарсалари бўлади.
*****
Эркак киши аёллардан кўра таом пиширишга моҳир бўлади. Дунёдаги машҳур ошпазлар эркаклардир, аёллар эмас. Бу борада изланиш олиб борган мутахассисларнинг хулосасига кўра, эркаклар ўз қўллари билан пиширган таом аёллар пиширган таомдан бир неча баробар мазалироқ бўлар экан.
*****
Баъзи инсонлар ўзларидаги тушкунликни енгиш ва хурсандчиликни рўёбга чиқариш учун уйларини тозалашга киришадилар.
*****
Россиянинг Сибир ҳудудида дунёдаги кислороднинг 25 фоизи ҳосил бўлади. Чунки бу ерда АҚШ майдонидан ҳам каттароқ ҳудудда ўрмон жойлашган.
*****
Сени иккита одам тушуна олади:
- Аҳволингни бошидан кечирган одам.
- Сени қаттиқ яхши кўрадиган одам.
*****
Қаттиқ чарчоқ, мудроқ ва кўп эснаш танамизда бактериялар тўпланиб қолганидан далолат.
*****
Калтакесакларнинг баъзи турлари шу даражада тез чопадики, ҳатто дарё ва кўллар юзасидан сувга ғарқ бўлмай югуриб ўтиши мумкин.
*****
Коала айиғи сутканинг 22 соатини ухлаб, 2 соатини овқатланиб ўтказади.
Фейсбукдаги “Биласизми?”
саҳифаси маълумотлари асосида
Нозимжон Иминжонов тайёрлади
Фоторепортаж: Ҳар парчаси мўъжиза
Иккита бир хилини топа олмайсиз!
Ватанимиз қуёшли юрт бўлишига қарамасдан ҳар бир фасл бошқа минтақаларга нисбатан бетакрор ва ўз вақтида келиши билан ҳам ажралиб туради. Бироқ сўнгги йилларда биз ҳам худди жанубий мамлакатлар сингари қиш тароватидан мириқиб баҳраманд бўла олмаяпмиз. Негадир ўтган йилги каби бу йилда ҳам қор бизни анча соғинтириб қўйган эди.
Эрта тонгдан ишхонам сари отланиб кўчага чиқсам, атроф гўй оқ либосга буркангандек кўзни қамаштирар эди. Одатда феврал ойининг иккинчи ярмида қор ёғиши биз учун бироз ноодатий ҳисобланади. Чунки бу пайтда биз баҳорни қаршилашга тайёргарлик кўрар эдик. Лекин беғубор ва самимий ҳисларни уйғотувчи қор оёғим тагида ғичир-ғичир этарди. Бу манзарани кўриб, бехосдан СУБҲАНАЛЛОҲ деб юборади киши.
Дунёдаги барча яратилган мўъжизалар орасида қор ўзига хос хусусиятлари билан ажралиб туради. Келинг, қуйида олимларнинг қор ҳақидаги илмий-тадқиқот натижалари билан танишиб чиқсак:
- Бизга оппоқ бўлиб кўринадиган қор аслида оқ рангда эмас. У рангсиз ва тиниқ бўлиб, майда кристаллар (қор парчалари) юзасида ёруғлик нури аксланиши туфайли атрофдагиларга оқ бўлиб кўринади.
- Олимларнинг таъкидлашича, иккита бир хил кристалли қор парчаси мавжуд эмас. Яъни ҳар бир қор парчаси бетакрордир. Худди инсоннинг бармоқ ва тил излари каби.
- Ерга тушаётган ҳар бир қор парчаси ўзида – 10 квинтиллион (10 000 000 000 000 000 000) дона сув молекуласини олиб тушади.
- Қор парчаларининг бир-бирини такрорламаслигини фотограф Уилсон Элвин Бентли 1885 йилдан бошлаб олган минглаб расмларни солиштириш натижасида аниқлаган.
- Қор парчаси 2002 йил Солт Лейк Ситида ўтказилган қишки Олимпия ўйинлари рамзи бўлган.
- Гиннеснинг Рекордлар Китобига киритилган энг йирик қор парчаси диаметри 15 дюм, қалинлиги 8 дюм бўлган. У 1887 йил 28 январда АҚШнинг Монтана штатидан топилган.
- Рекорд даражада қор ёғиши АҚШдаги Бейкер тоғи ёнбағрида кузатилган бўлиб, 1998-1999 йилги қиш мавсумида деярли 29 метр қалинликда қор ёғган.
- Ер юзидаги барча чучук сувларнинг 80 фоизи қор ва муз кўринишида бўлиб, улар сайёрамизнинг 12 фоиз майдонини банд этган.
Юқоридаги маълумотларни ўқигач, Аллоҳ таолонинг қудратига, азаматига, мусаввирлигига қойил қолиб, “Бас, яратгувчиларнинг энг яхшиси Аллоҳ баракотли ва буюкдир” деб юборасан киши.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:
قُلِ انظُرُواْ مَاذَا فِي السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضِ وَمَا تُغْنِي الآيَاتُ وَالنُّذُرُ عَن قَوْمٍ لاَّ يُؤْمِنُونَ
“Сен: “Осмонлару ердаги нарсаларга назар солинглар. Иймон келтирмайдиган қавмларга оят-мўъжизалар ва қўрқитувлар фойда бермас”, деб айт” (Юнус сураси 101-оят).
Эслатма!
Қор ва ёмғир ёққанда қуйидаги дуо ўқилади:
«Аллоҳим! Мен сендан унинг шарридан паноҳ сўрайман», «Аллоҳим! Фойдали ва нафли қилгин».
Нозимжон Иминжонов ва
Саидаброр Умаров тайёрлади
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.