muslim.uz

muslim.uz

Дунёдан мўжиза излаётган бўлсангиз ўзингизга боқинг! Сиз яъни, инсоннинг ўзи бир мўжизадир. Бундай мукаммал механзмли онгли мавжудоднинг нусхасини яратиш асло одам бўласининг қўлидан келмайди.

Қуйида инсон тана аъзоларидан бири – мия ҳақидаги олимларнинг тадқиқот натижаларини келтириб ўтамиз.

–  Балоғатга етган эркак кишининг миясининг ўртача оғирлиги 1424 граммни ташкил этади. Аёлники эса 1100-1150 грамм. Ўлчаб кўрилган энг катта инсон миясининг оғирлиги 2049 граммни ташкил этган.

–  Инсон миясида ўртача 80-100 млрд. нейронлар (нерв ҳужайралари) жойлашган.

–  Инсон онги ҳажми тананинг атиги 2-3 фоизини ташкил этсада, бироқ танадаги умумий қон ва кислород миқдорининг 20 фоизини, глюкозанинг 15-20 фоизини сарфлайди.

–  Инсон миясининг фаолияти натижасида ишлаб чиқариладиган электроэнергия билан ўртача катталикдаги (25 ватт кучланишдаги) лампочкани ишлатса бўлади.

–  Инсон онгининг 80 фоизи сувдан иборат.

–  Миянинг ўзида оғриқ ретсепторлари мавжуд эмас, яъни у оғриқни ҳис қилмайди.

–  Уйқусизлик мия ҳароратининг котарилишига олиб келади, уйқу олдидан эснаш эса ҳароратни камайтиради.

–  Инсон миясининг 10 фоизидангина фойдаланиши ҳақидаги фараз илмий жиҳатдан исботланмаган.

–  Миямизга келаётган ва ундан чиқиб кетаётган нерв импулсларининг ўртача тезлиги 274 км/соатни ташкил этади.

–  Инсон мияси қанча ҳажмдаги маълумотни ўзида жамлаши мумкин, деган саволга аниқ жавоб йўқ. Илмий фаразларга кўра, битта инсон энг катта энсиклопедиялардан бўлган “Британника” дан 5 марта кўп маълумотни ёдлаб олиши мумкин. Миянинг ахборот сиғими эса 3 дан 1000 террабайтгача бўлиши мумкин, энди тасаввур қилинг: қарийб 900 йилдан буён маълумотлар тўпланиб келаётган Буюк Британия давлат архивидаги маълумотларнинг умумий ҳажми 70 террабайтдан иборат.

Мазкур маълумотлар тадқиқотчиларнинг миямиз устида олиб борган тадқиқотларнинг бир қисми холос. Аслида мия ҳайвонларда ҳам бор аммо фақат одам боласигагина онг ва тафаккур қилиш имконияти берилган. Зеро, отамиз Одам алайҳиссаломни Аллоҳ таоло азиз ва мукаррам қилиб яратган.

Аллоҳ таоло Ўз каломида шундай марҳамат қилади:

“Албатта, (Биз) сизларни (Одамни) яратдик, сўнгра сизларга (унга) суврат бердик, сўнгра фаришталарга: “Одамга сажда қилингиз!” – дедик.”(Аъроф сураси, 11)

“Биз сизларга (Аллоҳнинг қудратини) баён қилиш учун сизларни (отангиз Одамни) тупроқдан, сўнгра (Одам наслини) манийдан, сўнгра лахта қондан, сўнгра (шаклланиб) битган ва битмаган парча гўштдан яратдик. Биз (сизларни) хоҳлаганимизча – муайян муддатгача бачадонларда қолдириб, сўнгра чақалоқ ҳолингизда (дунёга) чиқарурмиз, сўнгра вояга етгунларингизгача (тарбия қилурмиз).” (Ҳаж сураси, 5)

ЎМИ Матбуот хизмати

Инсонларнинг энг ғами кўпи

Зуннун Мисрий раҳимаҳуллоҳга “Инсонларнинг энг ғами кўпи ким?” дейилди. У киши: “Уларнинг хулқи ёмонроғи” дедилар.

Хулқи ёмон одамни ҳеч ким ёқтирмайди, биров унинг хулқи ёмонлигини билгач, у билан гаплашгиси келмайди. Иқтисодий, ижтимоий муносабатларда ҳам одамлар у кимсага ишонмай қўйиб, у билан олди-берди қилмайдилар. Чунки у ёмон ахлоқи билан ўзига бўлган ишончни йўқотган бўлади. Ҳамма ундан узоқлашгани, уни дўст, улфат, ишончли шахс деб қабул қилмагани учун маҳзун ва тушкун ҳолда яшайди.  

Тавбанинг ҳақиқати

Зуннун Мисрий раҳимаҳуллоҳ дедилар:

“Тавбанинг ҳақиқати - сенга Ер шунча кенглиги билан торлик қилиши, ҳатто қароринг қолмаслиги, кейин Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида “...Диллари танг бўлган ва Аллоҳ (ғазаби)дан фақат Ўзига қочиш билан паноҳ топилишини билишгандан сўнгра улар тавба қилувчилардан бўлишлари учун Аллоҳ тавбаларини қабул этди” деб хабар берганидек дилинг танг бўлишидир”.

Инсон қилган хатосига қаттиқ пушаймон бўлиши, ич-ичидан сиқилиши, “Роббим, мен бу гуноҳни содир этиб қўйдим. Аммо ўзим бу ишимдан афсусдаман, асло хурсанд эмасман. Энди ҳаловатим йўқ. Дунёга сиғмаяпман. Сендан бошқа менинг гуноҳларимни кечирувчи, қалбимга хотиржамлик солувчи йўқ. Агар Сен мени кечирмасанг, Сен менга раҳм қилмасанг, ҳолим нима кечади?” деб Аллоҳ таолога нидо қилиши лозим.

 

“Ар-Рисала ал-Қушайрия” китобидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

jeudi, 21 février 2019 00:00

Сафар одоблари

Инсон  ҳаёти давомида  яқинларининг зиёрати, тижорат ва турли мақсадларда сафар қилади.

 Сафарга отланаётган киши унинг одобларини билмоғи лозим. Дастлаб, сафарда ишлатиладиган зарур буюмлар тайёрланади. Сафар олдидан ота-она, илмли, солиҳ кишиларнинг насиҳат ва дуоларини олиш лозим. Киши сафар давомида кўпроқ ўзи ва бошқалар ҳаққига дуо қилиши керак. Зеро, унинг дуоси мустажобдир.

Сафарга борилаётган юртда инсонга зарур бўлган қуйидаги беш нарсани муҳофазаси учун кафолат бўлмаса сафар қилиб бўлмайди:

  1. Ҳаётига таҳдид бўлса. Уруш жанжал ва фитна бўлаётган жойларга сафар қилиш мумкин эмас.
  2. Дини ва эътиқоди бузилишига ҳаракат қилинадиган жой бўлса. Баъзи бир жойларда дин ва эътиқоди ўзгаришлиги ва оқибатда дунёси ва охирати барбод бўлишлиги мумкин бўлганлиги учун сафар қилиш мумкин эмас.
  3. Молига тажовуз қилинса. Қийналиб топган мулки ёки қимматбаҳо буюмини муҳофазаси учун шу ер масъуллари кафолат бермаса у ерга ҳам сафар қилиш жоиз эмас.
  4. Обрусини туширадиган иш бўлса. Аллоҳ инсонни мукаррам қилган уни миллати, ирқи, жинси ёки обрўсини камситиладиган жойлар бўлса, у ерга ҳам сафар қилиш жоиз эмас.
  5. Саломатлигига путур етса. Инсонга берилган бебаҳо неъматлардан бири саломатликдир. Сафар қиладиган жойида вабо, ОИТС ва бошқа шу каби инсон ҳаёти учун хавфли ва юқумли касалликлар тарқалган жойларга ҳам сафар қилиш мумкин эмас.

Сафарда мақсад ҳосил бўлгач, тезда уйга қайтиш лозим. Ҳадисда: “Сафар азоб-уқубатнинг бир кўринишидир. Сизлардан бирингиз сафарга чиқса, таоми, ичимлиги ва уйқусидан тўла баҳра ололмайди, (сафарда) истаги ҳосил бўлса, оила-аҳлига шошилсин”, дейилган (Имом Бухорий ривояти).

 Киши юқорида санаб ўтилган сафар одобларига амал қиладиган бўлса, сафар машаққатларини осон енгиб ўтади ва кўзлаган мақсадига эришади, ИншаАллоҳ.


Обидхон Икрамов

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси

Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан жорий йилнинг 21-23 февраль кунлари юртимизда I Халқаро зиёрат туризми форуми бўлиб ўтади.

Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини намойиш этиш, айниқса, уни ислом дунёсидаги зиёрат туризми марказларидан бирига айлантириш мақсадида ташкил этилаётган мазкур тадбир жаҳон ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотмоқда.
Унда ислом дунёсидаги етакчи халқаро ташкилотлар, машҳур дин уламолари, илмий-академик доиралар, зиёрат туризми соҳасидаги сайёҳлик компаниялари иштирок этиши бунинг яққол тасдиғидир.
Ушбу йирик тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, таниқли уламолар, жойлардаги бош имом-хатиблар, диний таълим муассасалари раҳбарлари ҳам иштирок этади.
Ислом дунёсидаги энг нодир ва ноёб Қуръони карим намуналаридан бири — Ҳазрати Усмон Мусҳафи Ўзбекистонда экани, муҳаддислар имоми, ҳадис илми олимларининг устози Имом Бухорий, йирик муҳаддислар Имом Термизий, Имом Доримий, Нақшбандия тариқатининг кўплаб етук издошлари бизнинг заминимизда камол топгани ва сўнгги манзиллари шу ерда экани, қолаверса, бир қанча диний марказларнинг мавжудлиги шундан далолат беради.
Ушбу тарихий ва табаррук қадамжоларга зиёрат ҳамда саёҳат қилиш учун ҳар йили дунёнинг турли бурчакларидан минглаб сайёҳлар ташриф буюрмоқда.
Ушбу нуфузли тадбирни ёритиш учун Европа ва Осиёнинг кўплаб ОАВ вакиллари юртимизга етиб келди. Улар орасида “EuroNews” (Франция) ва “Al Jazeera” (Қатар) телеканаллари, “Аl-Аhram al-Iqtisadi” (Миср) журнали, “Diplomatic News” (Покистон), “Коммерсант” Россия), “Al-Vajxat” (Ўмон) va “Al Hayat” (Саудия Арабистони) газеталари вакиллари борлиги эътиборга моликдир.
I Халқаро зиёрат туризми форуми иштирокчилари уч кун давомида юртимиздаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш баробарида, бу ерда сайёҳлар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишадилар. Шунингдек, Ўзбекистоннинг зиёрат туризми марказига айлантириш борасида олиб борилаётган ишлар, ҳаётга татбиқ қилинаётган лойиҳалар ҳақида қимматли маълумотларга эга бўладилар.
Форум жараёнларини бизнинг сайтимизда кузатиб боринг.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top