muslim.uz
Сўраган эдингиз (27.03.2018)
Телевизордаги Байтул Ҳарамга қараб иқтидо қилса бўладими?
Савол: Телевизорга қараб Байтул Ҳарамда ўқилаётган намозларга, жумладан, таровеҳ намозига иқтидо қилса бўладими?
Жавоб: Йўқ. Чунки у ҳолда жамоат шартлари мавжуд эмас.
ЎМИ Матбуот хизмати
Энди тоза ҳаво ҳам сотиладиган бўлди
Шанхайдаги “Кордис” меҳмонхонаси вокзал ва аэропортга яқинлиги, ажойиб сув ҳавзасига эгалиги билан мақтана олади. Бироқ унинг қолган меҳмонхоналардан устун жиҳати бор: меҳмонхонада икки марта фильтрланган ҳаво таклиф қилинади. Бундан ташқари, ҳаво сифати меҳмонхона таклиф қилувчи асосий хизматлардан бири ҳисобланади. Меҳмонхонадаги 396 та хонадан ҳар бирида ҳаво ифлосланиши датчиклари мавжуд. Бу ҳақда kun.uz нашри хорижий ОАВга таяниб хабар берди.
Тоза ҳаво билан нафас олиш Шанхай, Пекин ва Деҳли каби ҳавоси ифлосланган шаҳарларда мавқе ва бойларнинг ночор кишилардан ажралиб туришининг янги аломатига айланиб бормоқда.
2014 йилда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти заҳарли ҳаво кўрсатадиган таъсирни ҳисоблаб чиққан. Ҳисоб-китобларга кўра, бундай ҳаво йилига 7 млн та барвақт ўлим ва турли касалликларга сабаб бўлган.
Албатта, яқин вақтларгача ҳеч ким тоза ҳаво сотилади деб ўйламаган, бироқ тижорат сектори бу вазиятдан ҳам фойда кўриш имконини “маҳкам ушлади”. Ҳозирда Деҳлида бойлар учун тоза ҳавога эга хусусий мактаблар ва меҳмонхоналар очилмоқда.
“Мен меҳмонхоналар интернет учун ҳақ олган кунларни эсламоқдаман. Энди интернет кўпроқ иссиқ сувга ўхшайди. Агар сизда юқори тезликдаги бепул интернет бўлмаса, унда сиз рақобатни бой берган бўласиз. Меҳмонхонада тоза ҳаво ҳам шундай хизмат бўлади – агар сиз ўз биноингизда рақобатчиларингиз каби тоза ҳавони таъминлай олмасангиз, унда муваффақиятсизликка учрайсиз. Ҳаво шундай муҳим аҳамият касб этмоқда”, деб айтган “Кордис” меҳмонхонаси бошқарувчи директори Жон О'Ши.
ЎМИ Матбуот хизмати
Бозорингиз юришмаяптими? Сабаби...
Ҳар бир инсон турмуш тақозоси ила ҳаётида доимий равишда молиявий муомалаларга дуч келади ва бу муомалаларда иштирок этади. Молиявий муомалаларда асосан ҳалол ва ҳаром масаласи жуда зарур ҳисобланади. Айниқса, бозор муомалаларида бу ишга катта аҳамият бериш лозим.
Савдогар фойда кўришга умид қилгани ҳолда, куйиб қолишни ҳам бўйнига олиб иш бошлайди. Ҳаражат қилиб одамларга керакли нарсаларни олиб келади. Мазкур, сабабларга кўра, тижорат билан шуғулланиш инсон учун ҳалол қилинган.
Энг муҳими, бу муомалалар ризқнинг ҳалол ва баракали бўлиши таъминланади. У дунёда шунга яраша ажру савоб, мақому мартабага эришилади.
Ҳадиси шарифдан: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Ростгўй, омонатли тожир набийлар, сиддиқ ва шаҳидлар билан биргадир”, дедилар.
Аллоҳга шукрки, халқимиз орасида бозорларимизни тўлдириб, халқимизни оғирини енгил қилиб, ўз касбига ҳалол ёндашадиган, меҳнатсевар, ҳаромдан ҳазар қиладиган, бошқалар ҳаққига ҳиёнат қилишга худодан қўрқадиган, тақводор, яхшилик қилувчи, ростгўй савдо ходимларимиз бор. Аслида, ҳар бир тожир ушбу сифатларга эга бўлиши билан қуйидаги 3 сифатга эга бўлишга уринмоғи керак:
- Аллоҳ таолодан қўрқиш ва унга тақво қилиш,
- Яхшилик қилиш,
- Ростгўй бўлиш.
Ушбу сифатлари бўлган одамгина тижоратда фожирлик, алдамчилик, ҳаромхўрлик қилмайди. Охиратда улуғ даражага эришади.
Минг афсуслар бўлсинки, тожирлик номига доғ тушириб фирибгарлик, алдамчилик, тарозидан уришлик, ҳаромхўрлик билан кун кўрадиганлар ҳам йўқ эмас. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг” дейди. (Барака сураси. 188-оят) Имом Қуртубий: “Оятдаги” “ботил йўл билан емаслик” ка ҳаромнинг барча турлари: қимор, алдамчилик, ҳаром нарсаларни сотиб мол топиш, ҳаром касбларни қилиб мол топиш ва бошқалар киради” деганлар.
Тарозидан ва ўлчовдан уриб қолиш мутлақо ҳаромдир. Аллоҳ таоло мутаффифун сурасида марҳамат қилади: “...Вайл бўлсин ўлчовдан уриб қолувчиларга, улар одамлардан нарса ўлчаб олсалар, тўлиқ оларлар. Ва агар уларга ўлчаб ёки тортиб берсалар, камайтирарлар” (1-3 оятлар).
“Вайл” сўзининг икки хил маъноси бор, бири “Вой бўлсин”, иккинчиси эса дўзахнинг номларидан бири “Вайл” яъни “Ўлчовдан уриб қолувчиларга Вайл дўзахи бўлсин” деганидир.
Аслида бу икки маъно бир-бирини тўлдириб келади: “Вайл”га тушган одамнинг ҳолига вой бўлади, ҳолига вой бўлган одам “Вайл” га тушади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда ушбу масалани кўп сураларда зикр қилган. Хусусан, Шуайб Алайҳиссалом қиссасида у зотнинг қавмларининг энг катта айби ўчовда бировнинг ҳаққидан уриб қолиш экани такрор-такрор таъкидланган. Ҳар сафар шу ҳақда сўз кетганда Аллоҳ таоло ўша қавмни мазкур айби учун ҳалок қилгани ҳам такрорланган. Ўлчовда бировнинг ҳаққини уриб қолган қавмни юртидан барака кўтарилиб, очарчиликка дучор бўладилар, молларига талофот етади.
Улар савдо ишларини ҳалоллик, поклик билан қилсалар, энг баракали касбни қилган бўлар эдилар, кўп фойда топар эдилар, аммо, “улар” очкўз, ебтўймас шахсларга айланиб қолганлар. Шунинг учун савдодан тушган фойдани еб тўймасдай ўлчовдан олиб қолиб – ялаб тўймоқчи бўладилар. Улар балки бу беш кунлик дунёда қўлга тушмай, қилган жиноятларининг жазосини тортмай, қутулиб кетарлар. Аммо, охиратда бировни ҳаққини еганга, дўзахга тушиб, азобга гирифтор бўлиб, ҳолига вой бўлишини, ўйлаб кўрмайдиларми?!
Инсонларнинг барчаси учун мазкур иқтисодий муаммолар одоби уларнинг барчаларини яратган, уларга ризқ бераётган ва охиратда ҳар бирларини ҳисоб-китоб қилиб, қилмишига яраша жазо ёки мукофот берадиган зот-Аллоҳ таоло томонидан жорий қилингандагина айни адолатли бўлади, бировга заррача зулум қилинмайди. Ана ўша илоҳий кўрсатмаларга амал қилиш орқали тинчлик ва омонлик билан муродга етади.
Луқмон ИСОЕВ
Шофиркон тумани “Саййид Ато”
жомеъ масжиди имом-хатиби
ЎМИ Матбуот хизмати
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги: имтиёзли чипталарни сотиш 1 апрелдан бошланади
Маълумки, 2018 йил 5 мартда Ўзбекистон Президенти «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республика ташқарисига транспортда чиқиш вақтида хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» Қарорини имзолади. Унга кўра меҳнат мигрантлари учун қатор имтиёзлар белгиланган.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ахборот хизмати хабарига кўра, Россия ва Қозоғистонда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун чиқаётган фуқаролар валюта ҳисоби очиш ва махсус «VISA-migrant» карталари олиш («Алоқабанк» орқали), плацкарт ва умумий вагонларга темир йўл чипталари (“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ орқали) ёки иқтисодий (эконом) класс авиачипталарни (“Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК орқали) 20 фоизгача чегирма билан махсус кассалардан олиш, шунингдек темир йўл ва авиачипта харид қилиш харажатларини қисман қоплаш учун 300 минг сўм миқдорда беғараз тўловни бир йилда бир марта («Алоқабанк» орқали) олиш учун ўзлари яшаб турган тумандаги Бандликка кўмаклашиш марказларига мурожаат қилишлари ва бўлғуси иш жойи, йўл маршрути ва кетиш истагидаги санаси кўрсатилган ҳолда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг электрон маълумотлар базасига рўйхатга олинишлари лозим.
Қайд этилишича, имтиёзли чипталарни сотиш Ўзбекистон Республикаси президентининг 3584-сонли қарорига асосан 2018 йил 1 апрелдан бошланади.
ЎМИ Матбуот хизмати
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.