muslim.uz
Фарғонада Ўзбекистон ва Қирғизистон бош вазирлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтмоқда
Қирғизистон Республикаси Бош вазири Сапар Исаков бошчилигидаги Қирғизистон делегацияси амалий ташриф билан мамлакатимизга келди.
ЎзА хабарига кўра, меҳмонларни Андижон вилоятидаги “Дўстлик” чегара мажмуасида Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, Қирғизистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари ва кенг жамоатчилик вакиллари тантанали равишда кутиб олди.
Ташрифдан кўзланган асосий мақсад, икки қўшни мамлакат ўртасида иқтисодий, маданий, чегара масалалари бўйича алоқаларни янада юқори босқичга кўтариш, шунингдек, савдо-сотиқ, туризм, энергетика, транспорт соҳаларидаги ҳамкорлик кўламини кенгайтириш кўзда тутилган.
Чегара мажмуасида меҳмонларни кутиб олишга бағишланган тадбирдан сўнг Қирғизистон Республикаси Бош вазири Сапар Исаков раҳбарлигидаги делегация Фарғона вилоятига етиб келди.
Фарғонада Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси Бош вазирлари раислигидаги икки давлат чегарадош вилоятлари раҳбарлари кенгашининг биринчи йиғилиши бошланди.
Ўзбекистон Республикаси бош вазири А. Арипов, Қирғизистон Республикаси бош вазири С. Исаков иштирок этаётган йиғилишда мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари, дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ишончга асосланган ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ҳудудларда ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, савдо иқтисодий, туризм, маданий маърифий соҳаларни ривожлантириш каби масалалар муҳокама қилинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати
Сенат “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги қонунни маъқуллади
Мазкур қонун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 14 мартдаги “Ўзбекистон Республикасининг давлат хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган.
ЎзА хабарига кўра, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузуми, суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва манфаатларини ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилувчи махсус ваколатли орган этиб белгиланган.
Хизмат Ўзбекистон Республикасининг давлат хавфсизлиги ва манфаатларини ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилади.
Мазкур соҳада қонунийлик ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга барҳам бериш бўйича фаолият олиб боради.
Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузуми, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига тажовузларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ҳамда уларга барҳам бериш бўйича разведка ва контрразведка фаолиятини амалга оширади.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараларини қўриқлайди ва ҳимоя қилади.
Терроризм, экстремизм, уюшган жиноятчиликка, қурол-яроғ, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш; давлат манфаатлари ва хавфсизлигига таҳдид солувчи миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб этишга қаратилган бузғунчилик фаолиятининг олдини олиш, уни аниқлаш ва унга барҳам бериш бўйича фаолият олиб боради.
Иқтисодий, илмий-техникавий, ижтимоий ва ахборот соҳаларида давлат хавфсизлигини таъминлайди. Ўзбекистон Республикаси халқининг тарихий-маданий ва бой маънавий меросини ҳимоя қилади.
Давлат органлари ва бошқа ташкилотларда давлат манфаатлари ва хавфсизлигига таҳдид солувчи коррупция ҳолатларига қарши курашиш;
телекоммуникация ва транспорт соҳасида давлат хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда ҳолатларни юзага келтирувчи омилларнинг олдини олиш, аниқлаш ва уларга барҳам бериш бўйича кураш олиб боради.
Давлат органлари ва бошқа ташкилотларда давлат сирлари сақланиши, махсус алоқа хавфсизлигининг таъминланиши ҳамда ахборотларни криптографик ҳимоя қилишни ташкил этиш устидан назоратни амалга оширади.
Давлат манфаатлари ва хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳуқуқбузарликлар содир этилишига имкон берадиган сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш каби вазифаларни бажаради.
Давлат хавфсизлик хизмати фаолиятига оид ана шундай меъёрлар акс этган қонун муҳокамаси юзасидан сўзга чиққанлар жаҳонда ва минтақамидаги мавжуд мураккаб вазият, террорчилик ва бошқа трансмиллий жиноятларнинг кучаяётгани хавфсизликни кучайтиришни тақозо этаётгани қайд этди. Давлат хавфсизлик хизматининг мустаҳкам қонунчилик асоси яратилгани бу жараёнда муҳим аҳамият касб этади.
Давлат хавфсизлик хизматининг ташкилий-ҳуқуқий механизми яратилгани демокртиштиришга оид давлатимиз сиёсатига ҳам тўлиқ мос келади. Қонун тизимнинг халқ учун очиқлиги таъминланишига замин яратади.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати
“Абу Мансур ал-Мотуридий” номли китоб тақдимоти ўтказилди
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Саидмухтор Оқиловнинг “Абу Мансур ал-Мотуридий” номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
ЎзА хабарига кўра, тадбирда Тошкент ислом университети проректори, тарих фанлари номзоди, доцент Иброҳим Усмонов, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, профессор Убайдулла Уватов, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов ва бошқалар ушбу монография материалларидан исломшунослик тарихи ва назарияси, ислом ахлоқи, маданияти, тарихи, айниқса, калом илми ва ақоид фанлари бўйича дастур тузишда фойдаланиш мумкинлигини таъкидлади.
Қадимий шаҳарларимизда улуғ алломаларимизнинг муқаддас мақбаралари ва улар номи билан боғлиқ табаррук қадамжолар кўп. Юртимизда буюк аждодларимизнинг таълимоти, меросига алоҳида эътибор қаратилиб, уларни ўрганиш, сақлаш ва келажак авлодларга етказиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Муаллиф китобни ёзишдан мақсади, унинг аҳамияти ҳақида сўзлаб берди.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати
Саъд ибн Абу Ваққос (розияллоҳу анҳу)
Исмлари Саъд ибн Молик ибн Уҳайб ибн Абдуманоф ибн Зуҳра ибн Килоб ибн Мурра, насаби Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насаблари билан Килоб ибн Муррада бирлашади. Милодий 590 йилда туғилган. Отасининг исми Молик, Моликнинг куняси Абу Ваққос бўлган. Бироқ Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг номига отасининг исми эмас, куняси қўшиб айтилган. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ёшлигидан ўзида жанговарлик сифатларини мужассам қилган ҳолда ўсган эди. У киши камон отишни жуда кўп машқ қилар эди. Шу боисдан моҳир ва машҳур камончи бўлиб етишди. Эллик тўртинчи ҳижрий санада 83 ёшли Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу вафот этди. У киши Жаннатул Бақийъга дафн этилди. Жаннат башорати берилган ўнликдан охири вафот этганлари Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу эди.
Аҳмедов Ориф
Сирдарё вилояти вакиллиги ходими
ЎМИ Матбуот хизмати
БМТ: 124 миллион одам очликдан азобланмоқда
Дўнё бўйлаб оч қолган одамлар сони 2015 йил 80 миллион эди. 2017 йилга келиб уларнинг сони 124 миллионга етди, деди БМТ бош котиби.
Ўтган ҳафта Швецарияда бўлиб ўтган видеосуҳбатда БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури ижрочи директори Девид Бейслей: “Сўнгги икки йил ичида бутун дунё бўйлаб оч қолган одамлар сони бир ярим баробарга ошди. Очликда яшаётган одамларнинг 60 фоизи низоли ҳудудларда истиқомат қилади. Хусусан, Яманда 8 миллиондан ортиқ одам оч. Агар можаролар давом этмаса, 2030 йилга келиб бутун дунё бўйлаб очликни тўхтатиш мумкин”, деди.
Анжуманда БМТ Бош котибининг Гуманитар масалалар бўйича маслаҳатчиси Марк Лавкок сўзлаган нутқида: “Энг даҳшатли тахминларга қарамасдан, очарчилик сўнгги ўн йилликлар ичида камроқ тарқалди ва камроқ ўлимга сабаб бўлди. Очарчилик хавфи ҳозирда йирик миқёсли мамлакатларга нисбатан кичик бўлган давлатларда мавжуд бўлиб, жиддий ва узоқ давом этадиган муаммо бўлиб қолмоқда. Дунёдаги 155 миллион вояга етмаган болаларнинг 80 фоизи низолар қуршовида қолган мамлакатларда яшайди”, деди.
Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади.
ЎМИ Матбуот хизмати
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.