muslim.uz
Москва муфтийси ёшлар форумида сўзга чиқди
Россия Федерацияси пойтахти Москва шаҳрида Евросиё ёш етакчилар иштирокида “Ёшлар экстремизм ва радикализмга қарши” мавзуидаги III форум бўлиб ўтди. Унда қатнашган Москва муфтийси Ильдар Аляутдинов сўзга чиқиб, Ислом ҳақидаги нотўғри тушунчаларни тарқалишининг асосий сабаблари ҳақида гапириб ўтди ва у сўзида: “Ислом дини “тинчлик” тушунчасига йўғрилган. Масалан, биз бир-биримизга “Сизга тинчлик бўлсин” сўзлари билан мурожаат қиламиз, барча нарсадан буюк Зотнинг исмларидан бири “Ас-Салам” – “тинч”, “тинчлик ўрнатувчи” маъносини англатади”, дея таъкидлади.
Ильдар Аляутдинов ёлғон ғояларнинг тарқалиш сабабларини санаб ўтиб, Ислом ҳақидаги жамият тушунчаларини ва идрок этишининг шаклланишида оммавий ахборот воситалари ролини алоҳида таъкидлади. “Афсуски, одамлар ёлғон маълумотларни жуда тез қабул қилиб олади. Соғлом жамиятни у кўп миллатли, кўп конфессияли ва турли динлар ва маданиятлар қанчалик даражада мустаҳкам боғлангани тушунчаси билан хабардор қилиш керак.
Терроризмнинг тарқалиши бутунжаҳон муаммоси ҳисобланади ва буни бартараф этиш учун ҳар биримиз иштирок этишимиз зарур”, дея ўз чиқишини якунлади.
“Ёшлар экстремизм ва радикализмга қарши” мавзуидаги III форум фаолияти икки кунга мўлжалланган. Унда МДҲ республикалари ва Грузиядан юздан ортиқ вакиллар – илмий ва экспертлар бирлашмалари, давлат ҳокимияти органлари, жамоат ва нодавлат ташкилотлари, шунингдек, оммавий ахборот воситаларининг ёш вакиллари иштирок этмоқда.
Абдувоҳид ЖАМОЛИДДИНОВ,
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабаси
ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими
ЎМИ Матбуот хизмати
МДҲдаги диний таълим даргоҳларини Тармоқ университети назорат қилади
Янги университет МДҲ давлатларидаги барча диний ўқув юртларини назорат қилади. Москвадаги Халқаро динлараро кенгаш йиғилишида Москва давлат тилшунослик инситути базасида МДҲ давлатлариаро Халқаро диний таълим тармоғи университети ташкил этилгани маълум қилинди. МДТУ ректори Ирина Краеванинг таъкидлашича, янги университет МДҲ давлатларидаги диний билим юртлари – мусулмон,православ, буддавийлик ва бошқа динларнинг ўқув юртларида қилинаётган ишларни мувофиқлаштириб боради. Бу, унинг сўзларига кўра, “Ҳамкорлик доирасидаги диний таълим равнақига хизмат қилади”. Университетнинг қачон иш бошлаши аниқ айтилмаган.
«Интерфакс», ахборот агентлигининг қайд этишича, айни кунларда МДТУ янги илмий маскан сифатида синовдан ўтмоқда – террорчилик, диний экстремизм ва сектачиликларга қарши туриш мақсадида ташкил қилинган ушбу университетнинг самарадорлиги қанчалик бўлиши мумкин.
ЎМИ Матбуот хизмати
Қайси нодон ўзининг зарарига дуо қилади!
Бир киши аёлини болаларининг кўз ўнгида урди ва уларнинг қалбига қўрқув ва хавф солди. Аёли хафа бўлиб турганда, эри унинг юзига тарсаки туширди.
Шунда аёли:
– Ҳозир бориб сизнинг устингиздан арз қиламан, – деди.
Эр:
– Сенга ким айтди, мени сени кўчага чиқишинга изн беради деб?! – деб дағдаға қилди.
Аёл:
– Эшик ва деразаларни беркитиб қуйсам, қаёққа ҳам борарди, деб ўйлаяпсизми? Сиз барибир мени арз қилишимдан тўхтатиб қола олмайсиз, – деди.
Эр унинг қатъиятидан ҳайратланиб:
– Нима қилмоқчисан ўзи? – деб сўради.
Аёл:
– У билан боғланаман, – деди.
Эр:
– Қўл телефонинг менда, хоҳлаганингни қил! – деб жавоб қилди.
Аёл ҳаммомга қараб юра бошлади. Буни кўрган эр, аёлим ҳаммомнинг деразасидан ошиб қочмоқчи бўлса керак деб уйлади-ю, ташқари томондан дераза рўпарасига қараб юрди. Деразадан қочиб кетади деган гумон билан бир оз муддат у ерда турди. У ердан чиқмаганини кўргандан кейин, ҳаммом эшиги олдига келди. У ерда юзларидан сув томиб турган ва табассум ила чиқиб келаётган хотинига дуч келди.
Аёли унга:
– Мен фақат Унинг номи билан қасам ичиладиган Зотгагина шикоят қиламан. Сиз бекитиб қўйган эшик ва деразангиз ҳамда қўлимдан олиб қўйган телефонингиз ҳам мени унга арз қилишимдан тўса олмайди. Зеро, Аллоҳ таолонинг эшиклари ҳеч қачон ёпилмайди, – деди.
Бу сўзни эшитган курсига чўкиб фикр юрита бошлади. Аёли эса хотиржам намоз ўқий бошлади ва саждада узоқ муддат қолиб кетди. Эр бу ҳолатни зимдан кузатиб турарди. Аёл намозни тугатиб, қўлларини осмонга кўтариб узоқ дуо қила бошлади. Буни кўриб турган эр аёлига:
– Саждада менинг зараримга қилган дуоингнинг ўзи кифоя қилмайдими? – деди.
Аёл унга майин овозда:
– Менга қилган салбий муомалангизга кифоя қиладими? – деди.
Эр:
– Аллоҳга қасамки, мен бу сўзим билан ғазабланган вақтимни назарда тутмадим, – деди.
Аёл:
– Шунинг учун мен ҳам дуодан тўхтамадим. Аслида дуони сизга эмас, балки шайтоннинг зарарига қилдим. Мен аҳмоқ эмасманки, кўзимнинг оқу қораси бўлган жуфти ҳалолимнинг зарарига дуо қилсам, – деди.
Бу сўзни эшитиб, эр ўзини тутиб тура олмасдан йиғлаб юборди ва аёлининг дуо қилиб турган қўлидан ўпиб,
– Аллоҳга қасамки, бундан кейин сенга ҳеч қачон озор бермайман, – деди.
Хулоса: ушбу аёл Аллоҳ таоло ва унинг Расули бизга амр қилган солиҳа аёлнинг айнан ўзидир.
Абдушукур Муродов
ЎМИ Матбуот хизмати
Муслим Травелер: Бир кунни ўзида ҳам қор, ҳам сакура гуллари, ҳам дунёдаги энг қадимги Қуръон мусхафини яна қаерда учратиш мумкин?!
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Индонезиянинг «Нет ТВ» телеканали билан ҳамкорликдаги лойиҳаси «Муслим травелер» кўрсатуви ижодкорлари юртимизнинг энг гўзал манзилларини кашф этишда давом этмоқда.
Ижодкорлар дастлабки кунни зиёратгоҳларга сайрдан бошлаган бўлса, кейинги кун эрта тонгдан табиат қўйнига саёҳат завқи билан Чимён тоғларига йўл олишди. Индонез сайёҳларига жону дили бўлган қор ва чанғи учиш мажмуаси меҳмонларни бир неча соат эътибори ва фотокамераларини банд этди. Тасвирга олиш ишларида Тошкент вилояти ҳокимининг туризм масалалари бўйича ўринбосари яқиндан кўмак берди.
Куннинг иккинчи ярмида шаҳарга қайтиб, индонезиялик меҳмонлар таърифи билан айтганда, «жуда кенг ва озода кўчалар» бўйлаб сайр учун Тошкентнинг кўзга кўринган сайлгоҳ ва маданий ҳордиқ марказларига йўл олишди. Сайёҳларнинг энг севимли сайлгоҳларидан бири саналган Амир Темур ҳиёбони ва Соҳибқирон ҳайкали орқали юртимизнинг тарихига назар ташланди, шаҳарсозликнинг юксак наъмуналарини яратган бобомиз давомчилари янги авлодлар бунёд этаётган кўркам бинолар намойиш этилди.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Матбуот хизмати билдиришича, сайлгоҳда бошловчи Шаза Белладона маҳаллий бадиий санъат усталари ишларини кузатиб, ўзининг портретини чиздиришга жазм қилди. Натижадан кўнгли тўлиб, Индонезия сайёҳларига албатта ушбу манзилда бир тўхтаб, маҳаллий мусаввирлар хизматидан фойдаланишга тавсия беришини айтиб ўтди.
Юртимизда сайёҳларга гид хизматлари кўрсатиш соҳасида ҳам катта ишлар қилинаётгани, ёшларнинг турли хорижий тилларни мукаммал эгаллаётгани ҳақида гапириб, бошловчи Тошкент давлат Шарқшунослик институти ўқитувчиси Санжар Турдиевни суҳбатга тортди. Айнан Санжар билан суҳбат орқали юртимизда 2004 йилдан бери индонез тилига бўлган қизиқиш, сайёҳлар учун юртимизда яратилаётган қатор шароитлар ҳақида индонез тилида маълумотга эга бўлишди. Кейинги манзил эса, пойтахтимиз меҳмонларини бефарқ қолдирмайдиган Алишер Навоий номидаги Опера ва балет театри бўлди. У ерда юртимизда опера ва балет санъатига бўлган қизиқиш ҳам юқори даражада эканлигини ва санъатсевар ўзбек халқини яна бир карра кашф этишди.
«Нет ТВ» телеканалининг юртимизга ташрифи ва тасвирга олиш ишларининг қизғин жараёни ҳақида «Дунё бўйлаб» телеканалида махсус кўрсатув тайёрланмоқда. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва «Дунё бўйлаб» телеканали ижодий жамоаси билан биргаликда амалга ошириладиган бу сингари лойиҳалар юртимизда ташқи ва ички туризмни ривожлантиришга ҳам ҳисса қўшади.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати
Попда ака-ука авлиёларга оид қадим тилсимларни очувчи ноёб қўлёзма топилди
Ушбу ноёб битиклар арабистонлик, 7-аср охири ва 8-аср бошларида ислом динини минтақамизга тарғиб қилиш билан шуғулланишган ака-ука авлиёлар – Хўжа Абдуллоҳ Ансорий ва Хўжа Ибодуллоҳ Аламдорий ҳаёти ҳақида маълумот бериши мумкин.
ЎзА хабарига кўра, Поп туманидаги “Пиллакаш” маҳалласида жойлашган, маҳаллий аҳоли тилида Лангар ота қабристони, дея юритиладиган ака-ука авлиёлар қабри 714 йилга оид. Бугунгача ушбу зиёрадгоҳнинг илмий, маънавий ва археологик қиймати тўлиқ аниқланмаган.
Ушбу ноёб қадим қўлёзмалар мақбара яқинида яшовчи Ботиржон Нурматовнинг шахсий коллекцияларида сақланиб келинган. Ботир аканинг айтишича, Лангар ота зиёратгоҳидан топилган қадим қўлёзмалар унга ота-боболаридан ўтиб келаётган экан.
“Бир неча бор бу қўлёзмаларни олиб кетишмоқчи бўлишди. Лекин уларга ишонқирамаганим боис бермадим. Бу қўлёзмалар қадим тилсимни очувчи ноёб манба бўлиши мумкин”, дейди Ботир ака.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.