muslim.uz

muslim.uz

vendredi, 03 août 2018 00:00

Комил мўминнинг сифати

Яхшилик ва ёмонлик Аллоҳдан деб иймон келтирганмиз, шу эътиқодга амал қилиб борсак улуғ ажрларга эга бўламиз. Ҳаётимиздаги хар бир ҳолатга шукр қилсак, сабр қилсак зафар топамиз. Мукофоти жаннат бўлади, иншоаллоҳ.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати ибн Аббос розияллоҳу анҳуга насиҳат қилди: “Ҳар бир ишингда Аллоҳ таолони ҳақиқий сақлагувчи деб билгин – Аллоҳ сени сақлагай. Қалбингда ҳамиша Аллоҳ таолони сақлагин – Аллоҳ сенга  доим ҳамроҳ бўлгай. Бирор нарса сўрамоқчи бўлсанг, Аллоҳ таолодан сўрагин. Билгинки, бутун дунё аҳли йиғилишиб сенга бирор фойда келтирамиз деса Аллоҳ таоло ёзганидан ортиқ фойда келтира олмаслар. Агар сенга бирор зарар етказмоқчи бўлсалар сен ҳақингда Аллоҳ таоло ёзган миқдоридан ортиқ зарар беролмагай. Азалдан бўладиган ва бўлмайдиган нарсалар тақдирда ёзиб қўйилгандир”.

Аммо эътиқод масалалари ва ҳадиси шарифларда айтилганки тақдир икки нарса билан ўзгаради яъни дуо қилиш ва солиҳ амалларни кўпайтириш билан. 

Ўзимизга   жамиятга хизмат қилиб дуосини олмоқлик, эл  назарини топмоқлик, ватанга, маҳалла кўйга яхшилик қилмоқлик, садақаи жорияларни қолдирмоқликни лозим тутайлик.

Инсон бошига ҳар қачон, ҳар қандай мусибат келса Аллоҳ таолодан умид узмаслик керак, хар бир қийинчилик ортидан сабр қилса хайрият бор, мусибатдан кейин роҳатга чиқишлик ҳам бор. Балога учраган бўлса ундан қутулмак ҳам бор. Зулмдан қутулиб роҳатга чиқмак, қоронғудан ёруғликка чиқмак бордур.

Инсоннинг дунё ва охират саодатига эришиши ўзининг эътиқоди, ҳиммати ва ғайратига боғлиқдир. Амалларимизни холис Аллоҳ учун қилиб раҳматидан ноумид бўлмай фазли карамидан умидвор бўлмоқлик, тўғри эътиқод қилмоқлик, дил билан тилни бир қилмоқлик комил мўминнинг сифатидир.

 

Абдураҳим САТТОРОВ,

  Избоскан тумани “Бобур” жоме масжиди имом-хатиби

vendredi, 03 août 2018 00:00

Каъбани ювиш

Каъбани ювиш маросимида Саудия қироли шахсан қатнашади. Каъба эшигини Солиҳ ибн Тоха Шайбий очиб беради. Чунки Каъбанинг калити фақат шу оилага тегишли. Солиҳ ибн Тоха Шайбий калит сақловчиларнинг 109 вакили.

Каъбани ювишга  1 ёки 2 соат вақт кетади. Бунинг учун Каъбанинг ички деворлари  45 литр зам-зам суви билан  ювилади. Бунда зам-зам сувига 1 литрга яқин Тоиф шаҳрида етиштириладиган  атиргул мойи ва қимматбаҳо  Камбоджа уди қўшилади. Каъба ички  девори  ювилганидан сўнг навбат оёқ ости (пол) ювилади. Оёқ остини ҳам зам-зам сувига хушбўй қизғиш аралашма қўшиб ювилади. Шундан кейин ташқарида Каъба атрофини  тавоф қилади ва икки ракат суннат намози ўқилади. Бу ишларни Саудия Арабистони қироли шахсан ўзи бажаради. Авваллари Каъба йилига икки марта ювилар эди. Эндиликда йилига бир марта ювиш одат бўлди.

ЎМИ матбуот хизмати

vendredi, 03 août 2018 00:00

Зино – замон заволи!

Ислом инсон ҳаётининг ҳар бир соҳасида ўзининг беқиёс кўрсатмаларини берган. Зеро, Ислом инсон ҳаётининг бир бўлаги эмас, балки инсон ҳаёти Исломнинг бир бўлагидир. Ислом жамияти том маънодаги поклик жамиятдир. Ҳамма томон, ҳамма нарса пок бўлиши керак. Бу жамиятда зино ҳаром саналади. Шунингдек, зинога сабаб бўладиган нарсалар ҳам ҳаромдир. Зино инсоннинг руҳий тинчлигини йўқотадиган разолатдир. Иффатли бўлиш кишига тинчлик ва хотиржамлик бахш этади.
Зино бегона аёлга жинсий яқинлик қилиш, деб таърифланади. Бу улкан гуноҳлардан бўлиб, шундай қаттиқ жазога сабаб бўладиган оғир жиноят тўсатдан, ўз-ўзидан содир бўлмайди. Унинг ўзига хос муқаддималари бор. Аввал кўрилади-шаҳват назари тушади, шу маънода гапирилади, иккинчи томоннинг гапи эшитилади, зино жойига юриб борилади, қўл билан номаҳрам шахснинг аъзолари ушланади ва охири зино содир бўлади.

Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга шундай деган: “(Эй Муҳаммад,) мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёлларга тикишдан) тўссинлар, авратларини (ҳаромдан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўлдир). Албатта Аллоҳ улар қилаётган ишлардан хабардордир. Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркакларга тикишдан) тўссинлар, авратларини (ҳаромдан) сақласинлар!..” (Нур сураси, 30-31-оятлар).

Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. зинодан қайтариб айтадилар: “Эй инсонлар! Зинодан қўрқинглар, унда 6 та зарар бор. Шундан 3 таси бу дунёда, 3 таси охиратда бўлади. Бу дунёдагилари: зино руҳий гўзалликни кетказади, камбағаллик келтиради, умрни қисқартиради. Охиратдагиларга келсак, улар – Аллоҳнинг ғазаби, ҳисобдан ёмон ўтиш ва жаҳаннам азобидир”.

Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в.: “Зинокор зино қилаётган вақтида мўмин ҳолида бўлмайди, ўғри ўғрилик қилаётган вақтда мўмин ҳолида бўлмайди, хамр ичувчи ичаётган вақтда мўмин ҳолида бўлмайди ва киши бировнинг молини зўрлик билан олаётганида одамлар у зўрлик билан олаётганида ундан кўзларини юмадиган бўлишса, у мўмин ҳолида бўлмайди. Сизлардан бирорталарингиз жиноят қилаётганда у мўмин ҳолида бўлмайди. Бас, бу нарсаларни қилишдан сақланинглар, сақланинглар”, дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Агар киши зино қилса, иймон ундан чиқади ва унга соябон каби бўлади. Агар (зинодан) бош тортса, иймон унга қайтади” (Абу Довуд, Термизий, Ҳоким ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Кимки зино қилса ёки хамр ичса, худди инсон бошидан кўйлагини ечиб олгандек, Аллоҳ ундан иймонни ечиб олади” (Ҳоким ривояти, саҳиҳ ҳадис).

Аллоҳ таоло инсон танасининг айрим жойларига қарашни ман этган. Бунинг фойдалари бисёр. Номаҳрамларга қарашдан кўзини тийган одамнинг қалби ҳам, танаси ҳам саломат бўлади. Қолаверса, нигоҳни номаҳрамлардан тийиш билан жуда кўп ёмонликлар олди олинади, оилалар тинч бўлади. Бунинг биз билган-билмаган ҳикматлари кўп.

Кимнинг эри ё хотини бўла туриб фаҳшга, зинога яқинлашса, у ўта ҳаддан ошган одамдир. Ундайлар соф инсоний табиатдан мутлақо четда бўлган одамлардир.
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Али, назарга назарни эргаштирма. Албатта, биринчиси сен учун безарар бўлса ҳам, бошқаси ундоқ эмас, дедилар” (Имом Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган). Биринчи назар, номаҳрамга тўсатдан тушгани учун зарарсиз ҳисобланади, гуноҳ бўлмайди. Аммо ундан кейин яна қайта назар солишни тўсатдан деб бўлмайди, буниси қасдан бўлган бўлади ва гуноҳ ҳисобланади.

Ушбу таълимотлар ҳам Ислом жамиятини пок сақлаш, йигит-қиз ва эркак-аёлларни турли ношаръий ишлардан, улардан келиб чиқадиган нохуш оқибатлардан ҳимоялаш учун келгандир. Ислом шариати ҳукми бўйича эркак кишининг аёлларнинг йўлини тўсиши, тегажоқлик қилиши, гап отиши у ёқда турсин, пинҳона назар солиши ҳам ҳаром, хиёнат ҳисобланади. Уйланмоқчи бўлса, шариат кўрсатмаси бўйича назар солсин, гуноҳ ҳам бўлмайди, биров маломат ҳам қилмайди. Ўз хотинига хоҳлаганича назар солсин, ундан лаззат олсин, савоб бўлади. Аммо бировнинг хотинига ёки бировнинг хотини бўладиган ожизага шаҳват назари билан қарамасин. Зино содир бўлмаган чоқда ҳам кўз зиноси бўлади, хиёнат содир бўлади. Шунинг учун Аллоҳдан ва қиёмат кунидан умиди бор эркаклар номаҳрам назарлардан ўзларини сақласинлар, аёл-қизлар эса ўзларини кўз-кўз қилмасинлар.

Тиб олимларининг, хусусан жинсий соҳа мутахассисларининг олиб борган илмий текширишлари ёш йигитларнинг, умуман, эркакларнинг аёлларга шаҳват назари билан қарашлари жинсий ожизликни келтириб чиқаришини исботлади. Чунки бошқа жинсга шаҳват назари билан қараган одамда жинсий майл уйғонади, у майлни қайтариш эса осонлик билан бўлмайди. Бу жараённинг кўп такрорланиши эса жинсий ожизликка олиб келади.

Биз Аллоҳнинг амрига итоат этсак, У Зот дилимизга ихлос неъматини солади. Унинг ҳаловатини ибодат чоғида сезамиз. Дунёда имон лаззатидан ҳам қадрлироқ, кўнгил хотиржамлигидан-да тотлироқ неъмат йўқ. Аллоҳ таоло барчамизни мустаҳкам имон, ихлос, офият неъмати билан сийласин!


Комилжон ШОДМОНОВ,

“Зарафшон” жоме масжиди имом-хатиби

Ҳар бир инсон турмуш тақозоси ила молиявий муомалалар иштирокчиси бўлади Айни шу муомалалар одамларнинг кўп вақтини ва фаолиятини ўз ичига олади. Молиявий муомалалар тартибга солинмаса, уларнинг қоидалари бўлмаса, кишилар орасида келишмовчиликлар кўпаяди. Аллоҳ таоло бу ишни Ўз зиммасига олган ва умумий таълимотларни Қуръони каримда баён қилиб берган. Сўнгра Пайғамбаримиз алайҳиссалом орқали бу ишларнинг тафсилотини йўлга қўйган. Шу тариқа, исломий ҳукмлар мусулмонлар ҳаётига татбиқ қилинган. Исломдан олдинги даврдаги нотўғри ҳукмлар бирин-кетин бекор бўла бошлаган. Кейинчалик фуқаҳоларимиз ушбу мавзуда келган оят ва ҳадислардан чиқадиган ҳукмларни тартибга солиб, ижтиҳод даражасига етмаган мусулмонлар учун уларга ёрдам тариқасида осонлаштириб тушунтириб беришган. Молиявий муомалаларда, асосан, ҳалол ва ҳаром масаласи жуда зарур ҳисобланиб, у ёки бу иш ҳалол ёки ҳаром экани суриштирилади. Шунинг учун ҳам бу мавзуга оид ояти карималарни ўрганганимиздан кейин бевосита «Ҳалол касб талаби ҳақида» ва «Ростгўйлик ва карамли бўлиш ҳақида» алоҳида ҳадиси шарифларнинг шарҳи билан танишамиз. Албатта, мусулмон одам нима кўринса сотавермайди ва сотиб ҳам олавермайди. Савдога қўйиладиган нарса шариатимиз шартларига мос бўлиши лозим.

Ҳозирги кунимизда молиявий муомалалардан турли келишмовчиликлар, уруш-жанжаллар ва маҳкамабозликлар чиқаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бу каби нохуш ҳолатларни камайтириш учун нима қилиш лозим?

Бизнингча, шариатимизда кўрсатилган таълимотларни яхшилаб ўрганиб, уларга амал қилиш зарур. Келажак саҳифаларда Аллоҳ таолонинг мадади ила мазкур таълимотларни ўрганишни бошлаймиз. Айтайлик, сотиб олинган нарсанинг айби бор. Бу ҳолатда харидор нима қилади? Албатта, ҳолатга қараб сотиб олинган нарсани айб туфайли қайтаришнинг ҳукмларини билмаган одам қийин аҳволга тушади. Бу ҳолатдан чиқишнинг бирдан-бир йўли – диний ҳукмларни ўрганишдир. Нархни чегаралаб қўйиш мумкинми? Қайси нарсаларни сотиш ман қилинган? Албатта, буларни билиб олиш ҳам ҳар бир мусулмон учун муҳим. Кимошди савдоси ҳақидаги динимиз ҳукмларини ҳам баён қилиб ўтамиз. Нархни кейин белгилаш, гаров ва ижара каби молиявий муомалалар ҳақидаги тушунча ва маълумотлар бор. Иқтисодий фаолиятда шерикчиликнинг ўрни қандай бўлади? Ширкат тузишнинг турлари ва шартлари нималардан иборат? Шериклар бир-бирлари билан бўладиган алоқаларни қай тарзда олиб боришлари керак?

Қарз масаласи ҳам доимий равишда кишиларнинг бошини қотириб келиши сир эмас. «Савдо, зироат ва вақф китоби»да ҳозирги кунимизда кўпчиликни қизиқтириб турган қатор масалаларни иложи борича тушунарли равишда баён қилинган. Аллоҳ таолодан бу камтарона хизматни фойдали қилишини, камчиликларини кечиришини сўраймиз. Аллоҳ таоло: «Аллоҳ савдони ҳалол ва рибони ҳаром қилди», деган (Бақара, 275).

الَّذِينَ يَأْكُلُونَ الرِّبَا لَا يَقُومُونَ إِلَّا كَمَا يَقُومُ الَّذِي يَتَخَبَّطُهُ الشَّيْطَانُ مِنَ الْمَسِّ ذَلِكَ بِأَنَّهُمْ قَالُوا إِنَّمَا الْبَيْعُ مِثْلُ الرِّبَا وَأَحَلَّ اللَّهُ الْبَيْعَ وَحَرَّمَ الرِّبَا فَمَنْ جَاءَهُ مَوْعِظَةٌ مِنْ رَبِّهِ فَانْتَهَى فَلَهُ مَا سَلَفَ وَأَمْرُهُ إِلَى اللَّهِ وَمَنْ عَادَ فَأُولَئِكَ أَصْحَابُ النَّارِ هُمْ فِيهَا خَالِدُونَ

Судхўрлар (қиёмат куни қабрларидан) жин чалиб кетган одам каби (ҳолатда) қўпадилар. Бунинг сабаби – уларнинг: «Байъ (савдо-сотиқ) ҳам судхўрликнинг худди ўзи» деган гаплари (ақидалари)дир. Ҳолбуки, Аллоҳ байъни ҳалол, судхўрликни (эса) ҳаром қилган**.

Бас, ким Раббидан насиҳат етгач, (судхўрликдан) тўхтаса, у ҳолда аввалги ўтгани – ўзига ва унинг иши Аллоҳга (ҳавола). Ким яна (судхўрликка) қайтса, ўшалар дўзах аҳлидирлар ва улар унда абадий қолувчилардир.

Рибо (устама, фоиз) шуки, унда савдолашаётган томонларнинг бири ўзи берган нарсаси баробарига худди шу нарсанинг ўзидан ортиқроғи билан қайтариб олишни шарт қилишидир. Масалан, бир тонна буғдой баробарига биру чорак тонна буғдой беришни шарт қилса, бу рибо ҳисобланиб, у шаръан ҳаромдир. Бу иш билан шуғулланувчи кишини форс-тожик ва ўзбек тилларида судхўр дейилади.

Рибо бир неча хил бўлиб, унинг тақиқланишига қатор сабаблар бор. Масалан, ўзганинг молини эвазсиз ўзлаштиргани, меҳнатсиз осон йўл билан бойлик орттиргани, савоб саналган эвазсиз қарз бериш одатини тарк этгани ва ҳоказо.

Қарз беришда ортиғи билан қайтариш шарт қилинса бу ҳам рибодир.

Ҳанафий мазҳаби бўйича рибога буғдой, арпа, хурмо, туз, олтин, кумуш каби ўлчов ва вазн билан қилинадиган савдо муомалалари киради. Жинси бир хил нарсаларнинг савдосида миқдорнинг бир хил бўлиши шартдир.

«Савдо» деб таржима қилган сўз арабчада «байъ» дейилиб, луғатда «ўзаро бир нарсани алмаштириш»ни англатади. Шариатда эса бир молни иккинчи бир мол муқобилига рози бўлиб қабул қилиб олишга «байъ» деб айтилади. Қисқа қилиб айтганда, «савдо» сўзи «тижорат» сўзидан умумийроқ бўлиб, бугунги куннинг истилоҳида «бозор иқтисоди» маъносига яқинроқ келади. «Аллоҳ савдо (тижорат)ни ҳалол ва рибони ҳаром қилди».

Чунки тижоратда фойда кўришнинг ҳам, куйиб қолишнинг ҳам эҳтимоли бор. Тижоратда инсоннинг меҳнати, маҳорати, атрофдаги табиий ҳолатларнинг фойда кўриш ёки зарар топишга таъсири бор. Савдогар фойда кўришга умид қилгани ҳолда куйиб қолишни ҳам бўйнига олиб иш бошлайди. Харажат қилиб, одамларга керакли молларни олиб келади, сақлайди ва бошқа хизматларни қилади. Судхўр-чи? У ҳеч нарса қилмай жойида ўтиради. Нима бўлишидан қатъи назар, фойда олиши муқаррар. Куйиб қолиш хавфи йўқ. Мазкур сабабларга ва яна зикр қилинмаган бошқа сабабларга кўра, тижорат билан шуғулланиш инсон учун ҳалол, судхўрлик эса ҳаром қилинган.

Аллоҳ таолонинг савдони шариатга киритиши, Қуръонда унинг ҳукмини баён қилиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ҳаётга татбиқ қилишлари ва кўплаб ҳадислар айтиб йўл-йўриқлар кўрсатишлари бежиз эмас. Чунки савдо инсонларнинг бир-бирлари билан муомалаларининг бу дунёдаги асосий жабҳаларидан бири ҳисобланади. У тўғри низомга солинмаса, жамият ҳаётини тартибга солиб бўлмайди. Чиндан ҳам инсон ёлғиз ўзи яшай олмайди. У ўзига ўхшаш бошқа инсонлар билан яшайди. Бошқалар билан яшагач, улар билан муомалада бўлиши, нарсаларини айирбошлаши, олди-берди қилиши керак. Агар бу муомалалар тартибга солинмай одамларнинг ўзларига ташлаб қўйилса, кучли кучсизни, айёр соддани алдаши, ҳақини поймол қилиши турган гап.

Мўминларнинг барчаси учун мазкур иқтисодий муомалалар одоби уларнинг барчаларини яратган, уларга ризқ бераётган ва охиратда ҳар бирларини ҳисоб-китоб қилиб, қилмишига яраша жазо ёки мукофот берадиган Зот – Аллоҳ таоло томонидан жорий қилингандагина айни адолат бўлади, бировга заррача зулм қилинмайди. Ана ўша илоҳий кўрсатмаларга амал қилиш орқали тинчлик ва осонлик билан муродга етилади. Энг муҳими, бу муомалалар ибодатга айланади, бу дунёда топилган ризқнинг ҳалол ва баракали бўлиши таъминланади. У дунёда эса шунга яраша ажру савоб, мақому мартабага эришилади, иншоаллоҳ.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус
ислом билим юрти ахборот хизмати

xadicha.uz

1. Дуолар қабул бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жума куни дуоларнинг ижобат бўлиши ҳақида: “Бу кунда шундай фурсат борки, мусулмон банда намоз ўқиш учун шу вақтга дуч келади ва Аллоҳдан нимани сўраса, истаганини шубҳасиз беради”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

2. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавотлар етказилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлар учун энг хайрли кун – жума кунидир. Шундай экан бу куни менга кўп салавотлар айтинглар, чунки бу кунги салавотлар менга кўрсатилади”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

3. Қадамлар остидан нурлар чиқади.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Каҳф сурасини жума куни ўқиса, қиёмат куни унинг қадами остидан нур чиқиб, осмону фалакни ёритади ва унинг икки жума орасидаги хатолари кечирилади”, деганлар.

4. Масжид сари ташланган ҳар бир қадам нафл рўза ва ибодат қилганга тенглаштирилади.
Авс ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки жума куни ғусл қилиб, масжидга яёв борса, жума хутбасини чалғимасдан эшитса ва намоз ўқиса, масжидга сари босиб ўтган ҳар бир қадами учун бир йиллик (нафл) рўза ва (нафл) тунги намознинг ажри берилади”, дедилар.

5. Гуноҳлар мағфират этилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ғусл қилиб, покиза кийим кийса ва мушк билан хушбўйланса, масжидга шошмасдан борса ва имом маърузасини бўлмасдан эшитса ва намоз ўқиса у киши уйга ўтган жумадан бери қилган гуноҳларидан фориғ бўлган ҳолда қайтади”, дедилар.
Бошқа бир ҳадисда эса, “Кимки жума намозидан сўнг, оёғини алмаштирмасдан туриб қуйидаги сураларни 7 мартадан ўқиса: Фотиҳа, Ихлос, Фалақ ва Нос сураларини, Аллоҳ субҳанаҳу ва Таоло унинг аввалги ва охирги гуноҳларини кечиради ва уни мукофотлайди”, дейилган.

6. Масжидга барвақт борган туя қурбонлик қилган ажрига ноил бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким жума куни ғусл қилиб, масжидга эрта борса, битта туя сўйгандек бўлади. Ким иккинчи вақтда борса, худди битта сигир сўйгандек, ким учинчи вақтда борса, худди битта шохдор қўчқор сўйгандек, ким тўртинчи вақтда борса, худди битта товуқ сўйгандек, ким бешинчи вақтда борса, худди бир тухум атагандек бўлади. Имом (минбарга) чиққанда эса фаришталар хутбани эшитишга ҳозир бўладилар”, дедилар (Имом Абу Довуд, Имом Ибн Можа ривояти).

ЎМИ матбуот хизмати

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top