muslim.uz
Макка ва Мадина зиёратчиларимизни кутмоқда
Мана, жонажон диёримиздан муборак ҳаж сафарига отланаётган юртдошларимиз орзиқиб кутган кунлар ҳам етиб келди. Эртага тонгдан улар ҳаж сафарини адо этиш учун Саудия Арабистонига жўнаб кетишади.
Ҳаж зиёратига боришни ният қилган фуқароларимиз сони йилдан йилга ошиб бораётганини инобатга олиб, ўтган йилдан ўзбекистонлик фуқаролар учун Ҳаж квотаси 7200 нафар қилиб белгиланди. Бу ҳам юртимиз мўмин-мусулмонларига бўлган эътиборнинг яққол намунасидир.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июндаги “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, муборак Ҳаж зиёратига бораётган юртдошларимиз учун Макка ва Мадина шаҳарларида барча шароитлар муҳайё қилинди.
Бир неча кундан буён Ўзбекистон ҳаж ишчи гуруҳининг 10 нафари Саудия Арабистонинг Макка ва Мадина шаҳарларида зиёратчиларни муносиб кутиб олишга пухта тайёргарлик кўриш ишларини амалга оширишмоқда. Жумладан, Мадина шаҳридаги ҳожиларимиз жойлашадиган “Жавҳарат ар-Рашид” номли меҳмонхонада барча шарт-шароитлар муҳайё қилиб қўйилди. Ҳожиларимизни тартибли равишда кутиб олиш мақсадида, Мадина халқаро аэропорти билан боғлиқ ҳужжатларни ҳам расмийлаштириш ишлари якунига етиб қолди. Макка шаҳрида ҳам зиёратчиларимиз учун ажратилган “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонасида тайёргарлик ишлари авжида.
“Ал-Ҳидоя” ҳамкор ширкати раҳбарияти билан Ўзбекистон ишчи гуруҳи вакиллари ўртасида мулоқотлар ўтказилиб, барча қилинадиган ишлар келишиб олинди. Ҳамкор ширкат раҳбарлари томонидан мавсумни муваффақиятли ўтказиш учун барча шарт-шароитлар яратилгани, тайёргарлик ишлари қизғин давом этаётгани ва бошқа зарурий чоралар кўрилаётгани таъкидлаб ўтилди.
Шу ўринда, бу йил ҳожиларимиз Макка шаҳрида қўним топадиган меҳмонхона ҳақида икки оғиз сўз: қуриб битирилиб, юртимиз зиёратчиларига хизмат кўрсатишга топширилган замонавий ва осмонўпар меҳмонхона, мана уч йилдир-ки, Ҳаж мавсумида фақат ўзбекистонлик зиёратчилар хизматида. Ушбу меҳмонхона Макка шаҳрининг «Азизия» даҳасидаги кўркам, 23 қаватли, ҳашаматли «Аброж ал-Ҳидоя» меҳмонхонасидир. Айни кунда, зиёратчилар ибодатларини чиройли ва мукаммал адо этишлари учун меҳмонхона тоза ва озода ҳолга келтирилиб, барча шарт-шароитлар муҳайё қилинмоқда. Ушбу қўнимгоҳ жуда ҳашаматли бўлиб, Макка шаҳрининг узоқ-узоқ чеккаларидан ҳам кўриниб туради.
Меҳмонхонанинг кенг зали киши диққатини ўзига тортади. У ерда янги, қулай ўриндиқлар жойлаштирилган бўлиб, кўчадан чарчаб келган одам учун салқинланиб олишга мўлжалланган.
Зиёратчи ўз хонасига кўтарилмоқчи бўлса, ҳар бирига 21 нафардан одам сиғдира оладиган бир нечта лифтлар мавжуд. Бу лифтлар шундай дастурланган-ки, битта тугма босилса, сиз турган жойга энг яқин лифт дарров етиб келиб, истаган қаватингизга олиб чиқади.
Ҳар бир хона 4 кишига мўлжалланган бўлиб, ётоқхонада ҳали охори тўкилмаган кўрпа-ю чойшаблар тўшаб қўйилган. Хонадаги телевизор орқали Каъбаи муаззама ёки Масжидун Набавийни тўғридан-тўғри томоша қилиб ўтириш мумкин.
Шунингдек, ҳар бир хонада кийим жавони, ёзув столи, совутгич ва музлатгич ҳам мавжуд. Хоналар ўзгача дид билан безатилган. Маккадаги Ҳаж ишлари бўйича ҳамкорларимиз айтганидек: «Мақсад – ҳожилар роҳатлансин!». Меҳмонхона маъмурияти меҳмонхонанинг 2-қаватида жойлашган. Сабаби, 2-қават барча биноларда масжид ва ишчи хоналардан иборат қават ҳисобланади. Ишчи гуруҳи томонидан меҳмонхонанинг 1 ва 3-биносининг масжид қаватида тиббиёт бўлими ва 3-бинонинг шу қаватида Ўзбекистон Ишчи гуруҳи штаби ташкил этилди. Тиббиёт бўлими ҳам керакли ўриндиқ ва ётоқ мебеллари билан таъминланди.
Бир сўз билан айтган-да, бу йил ҳам олдинги йиллар сингари зиёратчиларимизга барча шарт-шароитлар, қулайликлар муҳайё қилинган, фақат зиёратчиларимиз у ерга бориб жойлашгач, шарт-шароитлар шукронасини қилиб, чиройли, кенг ва озода хоналарга жойлашиб, ибодат ҳаловатини тотиб, юртимиз, Президентимиз, халқимиз ҳақига дуои хайрлар қилишлари қолди, бу эса, нақадар улкан бахт эканини юракдан ҳис қилиб турипмиз!
Шу ўринда, Ҳаж сафарига отланаётган юртдошларимизни Аллоҳ таоло ибодат ва дуоларини қабул қилиб, сафарларини бехатар айласин, деймиз!
Ўзбекистон ишчи гуруҳи,
Макка ва Мадина шаҳри
Бузилган меъёр оқибатида дарз кетаётган мезонлар
Исломий оила исроф ва дабдабага эмас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намунали турмушлари каби камтарлик ва самимият устига қурилади. Ҳозирги кунда рўзғордаги исрофлар оила қурилаётган пайтдаёқ бошланмоқда. Ҳолбуки, Пайғамбаримиз айтганларидай: “Никоҳнинг энг хайрлиси енгил ва оддий бўлганидир”.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳобларининг оила ҳаётлари бағоят камтар ва оддий эди. Уларнинг бу оддий ҳаётлари ҳузурсизликка сабаб бўлмади, аксинча, имон ва қаноат ҳузури ичида бахтли яшадилар. Зотан, ҳақиқий бойлик кўнгил тўқлигидир. Ҳадсиз орзу ҳаваслар ортидан елиб югуриш эса инсонларни асосий мақсадларидан чалғитиб, борган сари ўзининг домига тортиб боради.
Таассуфки, барча инсонларда дунёга майл борлиги шубҳасиз. Муаммо бу орзу ва майлнинг йўқ қилиниши эмас, балки меъёр мезонида жиловлаб туришдир.
Ачинарлиси, бугунги кунда ҳар меҳмондорчиликка янгича қиёфа билан боришни фазилат санаб, бошқаларни ҳам бу маъносиз бир мусобақага тортаётган айрим аёллар айни ҳаракатлари билан Ҳақ ризосига қарши бормоқдалар.
Мусулмон ҳамма нарсадан олдин солиҳ амаллар билан Аллоҳнинг розилигини исташи зарур. Аллоҳ таоло кийим ёки мол-дунёга эмас, қалб ва амалларга қарайди. Инсонларга чиройли кўриниш учун ўзларини ҳар балога ураётганлар Аллоҳ ҳузурига қандай боришни ўйлаб кўрмайдиларми?
Бир тақсимча ёки пиёласига дарз кетса, янгисини олишга шошаётганлар, “бунинг ранги бунга мос келиши шарт”, дея кийимига идиш-товоқ ва уй жиҳозларига урғу бераётганлар, ибодатларга, фарзанд тарбиясига, жамият фаровонлигига айни шу фидокорликни кўрсата олмоқдаларми?
Қизига сеп тайёрларкан, янги-янги “ҳунар”лар топиб, бозордан бери келмаётганлар қизларининг мустаҳкам имонлари, ибодатлари, тарбиялари, абадий саодатлари учун айни талабчанликни кўрсата оладиларми? Ҳолбуки, авлоддан-авлодга ўтиб, оламларга савлат бағишловчи энг қимматли мерос мол-дунё эмас, тарбия ва ахлоқдир.
Дунёвий даҳмазалар билан андармон бўлиб, охиратни унутсак, ҳолимиз нима кечади?! Тупроқ бўладиган баданларни безаб, абадий яшайдиган руҳларимизга бепарво бўлсак, боқий дунёга қай юз билан борамиз?
Бир қанча мусулмон оилалар гўё жамиятда ҳеч бир фақир йўқдай, имон учун қилинадиган ҳеч бир иш қолмаганидай, исроф ва дабдаба билан ўз сармояларини кўкка совуришаётгани ғоят ачинарлидир. Ҳолбуки, Қуръони каримга қулоқ тутсак, айни муддао бўларди.
“Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки, исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса Парвардигорига нисбатан ўта ношукур эди” (Исро сураси, 26–27-оятлар).
Зотан, исроф ва ҳаром йўлларга пул сарфлашни ташвиқ қиладиган шайтондир. Шайтон васвасасига учадиганлар эса унинг дўстларидир.
Имом Бухорий номли ТИИ услубчи-мураббийси
Зилола СУЯРОВА тайёрлади
Расулуллоҳ ойни иккига бўлдилар: буни кўрган император нима қилди?
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида қурилган Чераман масжиди ҳозирда Ҳиндистоннинг Керала штати Кодунгалур шаҳрида жойлашган. Масжид кичик бўлса-да, бироқ Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида қурилгани қизиқдир. Масжид биноси 629 йилда қурилган бўлиб, баъзи сабабларга кўра бир неча марта таъмирланган. Аммо баъзи жойлари ўзгаришсиз қолган. Тарихчиларнинг айтишларича, Кераланинг биринчи ҳукмдори Чераман Перумал Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизалари бўлмиш ой бўлиниши ҳодисасига бевосита гувоҳ бўлган.
اقْتَرَبَتِ السَّاعَةُ وَانشَقَّ الْقَمَرُ
Соат (қиёмат) яқинлашди ва ой бўлинди.
وَإِن يَرَوْا آيَةً يُعْرِضُوا وَيَقُولُوا سِحْرٌ مُّسْتَمِرٌّ
Агар бир оят-мўъжизани кўрсалар, юз ўгирарлар, бу ўткинчи сеҳр, дерлар (Қамар сураси 1-2 оят).
Чераман Перумал бу мўъжизани кўргандан кейин ўша вақтнинг астрономлари билан маслаҳат қилган. Астрономлар ой бўлиниш воқеасини ростлигини айтишган, аммо уни асли моҳиятини айтиб бера олишмаган. Бир неча ойдан сўнг Чераман Перумал сайёҳлар орқали Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг яқинда кўрсатган мўъжизаларини хабарини эшитади. Шундан кейин ҳукмдор Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам билан шахсан учрашиш учун Макка шаҳрига жўнайди.
Олимлар айтишларича, Чераман Перумал Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ислом динини қабул қилади ва Ҳиндистонда масжид қуришни режалаштиради. Чераман Перумал тақдири ҳақида турли фикрлар мавжуд. Баъзилар уни Ҳиндистонга келиб масжид қуриб, кейин яна Арабистонга қайтиб кетган деса, баъзилар у қайтиб Ҳиндистонга бормаган. Доктор Хассан қайдномасида эса, қариндошларига мактуб ёзиб, масжид қуришларини васият қилган дейилади.
Ҳозирги кунда маҳаллий аҳоли орасида мусулмонлар йўқ. Шундай бўлса-да, масжид эшиклари барча учун очиқдир. Масжид ёнида кичик музей ташкил этилган, унда жоменинг 350 йил олдинги сурати ва бир қанча қадимий ашёлар сақланади.
ЎМИ Матбуот хизмати
Манба: komolon.uz
Буюк тарихий шахслар ҳақидаги асарлар учун танлов эълон қилинди
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Наср ижодий кенгашида ёзувчи Абдужалол Раҳимнинг “Абу Али ибн Сино” романи биринчи китобининг муҳокамаси бўлиб ўтди.
Тадбирда адабиётшунослар Маҳкам Маҳмуд, Қозоқбой Йўлдош, Раъно Исомиддинова, ёзувчилар Тўлқин Ҳайит, Исажон Султон, Рисолат Ҳайдарова иштирок этдилар.
Абдужалол Раҳим бир неча йиллардан буён ўзининг ҳикоя, қиссалари билан республика газета ва журналларида фаол иштирок этиб келади. Унинг “Ломакон”, “Мугат фолбин”, “Йўлда кетаётган одам”, “Тоғ гўзали” китоблари ўқувчилар қўлига етиб борган.
– Абдужалол Раҳим Ибн Сино ҳаёти, фаолияти, ижоди билан яқиндан танишганлиги сезилиб турибди, – деди Наср кенгаши раиси, таниқли ёзувчи Абдуқаюм Йўлдош. – Бу ҳақда муаллифнинг ўзи ҳам “улуғ табибнинг ҳаётини ўрганиб, тийнати, кўнгил кечинмаларини ҳис қила бошладим”, деб ёзади асарнинг сўнгсўзида. Мана шу туйғу таъсирида бўлса керак, умуман олганда асар, қаҳрамонига нисбатан самимий эҳтиром, муҳаббат билан ёзилган.
Абу Али ибн Сино романининг биринчи китоби улуғ табиб, файласуфнинг Бухородаги ҳаёти ва фаолиятига бағишланган. Асар Наср кенгаши томонидан чоп қилишга тавсия этилди.
Шунингдек, мамлакатимиз ижодкорлари ўз асарларида замонамиз қаҳрамонларининг қиёфасини яратиш билан бирга, юртимизда туғилиб вояга етган буюк тарихий шахслар ҳаёти ва ижодига ҳам мурожаат этмоқда. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизматининг маълумотларига кўра, 2018-2019 йиллар давомида яратиладиган ана шундай асарлар учун танлов ҳам эълон қилинди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот ва салом айтишнинг фойдалари
1. Аллоҳнинг амрига бўйинсунган бўлади.
2. Саловот ва салом айтувчига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари жавоб қайтарадилар.
3. Аллоҳ таоло саловот ва салом айтувчига ўн марта саловот айтади.
4. Саловот ва салом айтувчи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларига эришади.
5. Саловот ва салом айтувчига ўнта яхшилик ёзилади.
6. Саловот ва салом айтувчидан ўнта ёмонлик ўчирилади.
7. Саловот ва салом айтувчининг қалбида нур порлаб, юзининг нурафшон бўлишига сабаб бўлади.
8. Саловот ва салом айтувчи саодат ва хотиржамликка етади.
9. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саловот ва салом айтувчини яхши кўрадилар.
10. Саловот ва саломни кўп айтувчи қиёмат куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга энг яқин манзилда бўлади.
Жумъа кунида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот ва салом айтишнинг савоби кўп бўлади.
Аллоҳумма солли ва саллим ва баарик ала Муҳаммад ва ала олиҳи ва асҳабиҳи ажмаъийн!
Нозимжон Иминжонов таржимаси
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.