muslim.uz
Бир оятнинг тўғри талқини
Ислом умматини залолат йўлига бошлаётган “Ҳизб ут-таҳрир” сиёсий гуруҳининг раҳнамолари ўзларининг ботил ғояларини далил билан қўллаб-қувватлаш учун Қуръони карим ва ҳадиси шарифларни нотўғри талқин қилишади.
Жумладан, “Ҳизб ут-таҳрир” нашрларидан бири бўлган “Сиёсий фикрлар” китобида, “Ҳизб ут-таҳрир”ни ташкил этиш, аслида, Ислом умматига Қуръони каримнинг Оли Имрон сураси 104-оятининг қатъий талаби билан фарз деб, даъво қилишади.
وَلْتَكُن مِّنكُمْ أُمَّةٌ يَدْعُونَ إِلَى الْخَيْرِ وَيَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ وَأُولَٰئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ
“Сизлардан яхшиликка даъват этадиган, амри маъруф ва наҳий мункар ишларини олиб борадиган (бир) уммат бўлсин!”
Мазкур оятда келган “Уммат” лафзи, жамоат маъносида келган бўлиб, “Ҳизб ут-таҳрир” раҳнамолари ўзларига нисбат беришади. Оятда мажҳул (номаълум) сийғада “бир уммат” дейилган, уша уммат бизмиз дейишади. Ваҳоланки, Ҳизб ут-таҳрир фирқаси ҳаммага маълум бўлган сиёсий радикал жамоа. Ушбу оят нозил бўлганига 1400 йил бўлган, бу адашган фирқанинг ташкил этилганига ҳали 100 йил ҳам бўлгани йўқ. Улар бу оят айнан бизга нозил бўлган, дея ноҳақ даъво қилишади.
Демак, уларнинг даъвоси рост бўлса 1400 йил давомида Ислом уммати бу оятга амал қилмай “Ҳизб ут-таҳрир” жамоасини ташкил топишини кутиб ётган эканда! Қолаверса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврида ҳам, саҳобалар даврида ҳам, кейинроқ, уммавийлару аббосийлар даврида ҳам, қўйингки, усмонийлар даврида ҳам, ҳеч бир замонда мусулмон олимлар тарафидан ушбу оятга амал қилиш мақсадида, алоҳида бир жамоа тузилиб, унга амир сайлаш масаласи кўтарилмаган.
Тафсир китобларига назар ташлар эканмиз, муфассирлар бу оятни қуйидагича тафсир қилишган:
Имом Табарий ўзининг “Тафсири Табарий” асарида мазкур оят хусусида Заҳҳокдан: “Улар (уша ояда зикри келган жамоа) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хос саҳобалари, хос ровийларидир” деб ривоят қилган.
Бу оят, ровийлар томонидан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадислар орқали тафсир қилинган. Оят тафсирларини жамлаб умумий таҳлил қилиб айтиш мумкинки, саҳоба ва ровийлардан иборат бўлган, Ислом умматининг илм аҳлидан бўлган хос даъватчилари, ҳамда уларнинг давомчиси бўлган уламолар жамоаси. Кўриниб турибдики, ўтмишда ўтган салафи солиҳларимиз оятдаги “Уммат” лафзини келажакда пайдо бўлиши мумкин бўлган ботил фирқаларнинг бирортасига нисбат бермаган.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, “Ҳизб ут-таҳрир” каби адашган фирқалар ўзларининг жирканч ғояларини кенг ёйиш мақсадида Қуръони карим ва ҳадиси шарифларни нотўғри талқин қилиш орқали ёлғон даъво билан чиқмоқдалар. Уларнинг ботил даъволарига қарши чиқиб, Ислом умматини бу хавфдан огоҳлантириш, ҳар бир илм аҳли зиммасидаги долзарб вазифадир.
Ўлжаев Умарали - Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази илмий ходими
Талаба-ёшлар билан самимий мулоқот
Бугун, 27-апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Уйғун домла Ғафуров Нукус шаҳридаги Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юртига ташриф буюрди.
Ташриф асносида билим юртида талаба-ёшлар билан маърифий учрашув бўлиб ўтди. Уни Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси, Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юрти мудири Шамсиддин домла Бауатдинов олиб борди.
Маърифий учрашув давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг Ёшлар ишлари бўйича ўринбосари Уйғун домла Ғофуров илм олишнинг фойдалари, юртимизда ёшларнинг таълим-тарбия олиши учун яратилган имконият ва шароитлар, диний-маърифий соҳадаги янгиликлар ҳақида суҳбат қилиб берди.
Суҳбат асносида юртимизда кўламли ислоҳотлар олиб борилаётгани, буни халқаро ҳамжамият эътироф этаётгани, хусусан, яқинда бўлиб ўтадиган катта ижтимоий-сиёсий тадбир – референдумни юқори даражада ўтказиш учун катта тайёргарлик кўрилаётгани, унда ҳар бир фуқаро қатнашган ҳолда, сиёсий фаоллигини билдириши муҳим эканини таъкидлади.
Учрашув давомида талаба-ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Якунда Ҳақ таолодан юртимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлигини сўраб хайрли дуолар қилинди.
Билим юрти матбуот хизмати
Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси қандай ташкил этилган эди?
Ўтган асрнинг бошларидаги Октябрь инқилобидан сўнг совет ҳокимиятининг Ўрта Осиёда ўрнатилиши кўплаб масжид ва барча мадрасаларнинг ёпилишига олиб келди ва 1929-йилга келиб диний таълим тизими батамом тўхтатилди. Орадан қарийб 15 йил ўтгач, Иккинчи жаҳон уруши даврида совет тузумининг диний сиёсатида кескин ўзгариш киритилди. Ислом динига бўлган муносабат ижобий томонга ўзгара бошлади. Буни сезган Шайх Эшон Бобохон 1943-йилнинг қишида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмон жамоаларига бирдамликка даъват билан мурожаат қилди. Уруш давом этаётган бир пайтда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси таъсис этиш ҳаракати фаоллашди. Ўзбекистон ССР Олий Совети Президиуми раиси Йўлдош Охунбобоев орқали Эшон Бобохон бир гуруҳ дин арбоблари билан Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасини ташкил этиш тўғрисида СССР ҳукумати билан музокаралар олиб борди.
1943 йил 12 июнида уламолар: Абдураззоқ Эшон Муҳаммад Алимов, Акрамхон Тозихонов ва Мулла Содиқ Исломов Эшон Бобохон бошчилигида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари Диний марказини тузиш тўғрисида СССР Олий Совети Президиуми раиси номига мактуб жўнатишади. СССР Олий Совети Президиуми 1943 йил 31 июлда 55-сонли қарори билан ҳукумат томонидан диндорларга виждон эркинлиги берилиши ва уларга диний ташкилотлар тузишга ижозат бўлганлиги ҳақида қарор қабул қилди.
1943 йилда Тошкентда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси ташкил қилиниб, унинг таъсис этилганлиги Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари вакилларининг қурултойида эълон қилинди.
Идорани ташкил этишнинг амалий чораларини кўриш мақсадида минтақа мусулмонларининг ташкилий комиссияси тузилади. Комиссия таркибига Ўзбекистондан Шайх Эшон Бобохон бошличигида, Қозоғистондан Шайх Абдуғаффор раҳбарлигида, Тожикистондан Шайх Солиҳ Бобокалон раҳбарлигида, Қирғизистондан Шайх Олимхон Тўра Шокир раҳбарлигида, Туркманистондан Шайх Анна Эшон раҳбарлигида, бир қанча кўзга кўринган диний арбоблар кирдилар. Бу ишда иштирок этиш учун собиқ иттифоқнинг Европа қисми ва Сибирия мусулмонлари диний бошқармаси раиси Шайх Абдураҳмон Росули ва бошқа обрўли уламолар таклиф этилди. Изчил саъй-ҳаракатлар натижасида 1943 йилнинг 20 октябрь ойида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларининг биринчи қурултойи бўлиб ўтди. Бу қурултойда минтақанинг беш республикасидан 160 дан ортиқ вакил қатнашди. Қурултойда Тошкент шаҳрида «Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати» номи билан янги диний марказ ташкил этилганлиги ҳақида қарор қабул қилинди.
Унда 11 кишидан иборат олий ҳайъяти, беш кишидан иборат тафтиш комиссияси таркиби тасдиқланди. Бу диний назоратга раис этиб ҳамма бир овоздан шайх Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхонни сайладилар. Диний назорат фаолиятида муқаддас Қуръони карим ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салам суннатлари бошқарув асоси қилиб олинди. Диний назорат низомида бошқарувнинг Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари олий органи сифатида ҳуқуқ ва мажбуриятлари тасдиқланди, марказ ва жойлардаги бўлинмаларнинг вазифалари белгилаб қўйилди.
Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси ўша кезлари ўз фаолиятини Шайх Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон ҳовлисида иш бошлаган. 1956 йилдан ХV-ХVI асрларда қурилган иморатлардан таркиб топган тарихий меъморий ёдгорлик – «Бароқхон» мадрасаси биноси таъмирланиб, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси қароргоҳига айлантирилди ва ўз фаолиятини юрита бошлади.
Муслима Эргашева,
Тошкент Ислом институти талабаси тайёрлади.
Қирғизистонлик уламоларнинг самимий эътирофлари
«Уларга “Уфф” дема»
Инсон умри – алмашиб бўлмайдиган бебаҳо неъмат. Бироқ у – ўткинчи. Гоҳида турмуш ташвишлари билан унинг қандай ўтганини сезмай қоламиз. Вақт ўтиб юзга ажин, сочга оқ тушганда охират диёри яқинлашиб қолганини англаймиз.
Ривоятларда келишича, Нуҳ алайҳиссалом 950 йил умр кўрган. Унинг қазоси етиб, Азроил алайҳиссалом жонини олгани келганида, ундан: “Эй Аллоҳнинг Расули! Бу дунё ҳаёти ҳақида нима дейсиз?” дея сўрабди. Нуҳ алайҳиссалом: “Бу дунё худди икки эшиги бор уйга ўхшайди – биридан кирасан ва иккинчисидан чиқиб кетасан”, деб жавоб берган.
Қуръони каримда: “Уларни жамлайдиган кунда (қиёматда ўзларини бу дунёда) гўё кундуз куннинг бир соатича тургандек сезишиб, бир-бирларини таний бошлайдилар”, дейилган (Юнус сураси 45-оят).
Негадир киши умри ўтиб, ҳаётий тажрибаси ошгани сайин босилиб, насиҳатгўй, кишиларга яхшилик қилишга интилиб қолади. Бунинг сабаби эса ўзидан эзгу ном қолдириш, жаннат умиди бўлса, не ажаб.
Ёши улуғлар билан суҳбатлашсангиз, дилингиз яйрайди. Ўзингиз учун кўплаб ҳаётий сабоқлар оласиз. Албатта, улар хонадонларимиз файзи, бебаҳо хазинамиз, насиҳатлари эса ҳаётимиз маёғи кабидир.
Лекин айрим ёшлар ота-онасининг ёки бобо-бувиларининг насиҳатларини тўғри тушунмай: “Кўп гапиради-да, ёш бола эмасман-ку” дея иддао қилишади. Гўё ўзлари туғилиб катта бўлиб қолгандек.
Яқинда ота-онасидан алоҳида яшайдиган бир қўшни йигитнинг отасига қилган муомаласидан ёқа ушладим.
Ота уйига келиб, тайинли ҳол-аҳвол сўрашиш бор:
- Дада, қарзингизни қачон берасиз? Пенсияни ҳам олгандирсиз?! Ойнинг ўн беш куни ҳам ўтди-ку”, – дея отасига дуқ-пўписа қилди.
Ота ҳам минг хижолатда: “Ҳали беришмади, пенсия келса, бераман”, деди ўғлига ёлвориб.
Наҳотки, киши ўз отасига қарз берса. Ота-она кексайганда ғамхўрлик қилиш, уларга қараш қадим қадриятларимиздан саналади-ку. Бу Бош қомусимизда ҳам белгилаб қўйилган: “Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар” (66-модда).
Қуръони каримда эса: «Раббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишингни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, уларга “Уфф”, дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт! Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни пастлат ва: “Раббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин”, деб айт» дейилган (23–24-оятлар).
Буни қарангки, Аллоҳ таоло Ўзигагина ибодат қилишга амр этганидан сўнг, ота-онага яхшилик қилишни буюрмоқда. Бу Аллоҳнинг назидида ота-оналаримизнинг даражалари нақадар улуғ эканлигидан далолат. Шундай экан, уларнинг борида қадрига етиб, ғамхўрлик қилишга улгуриб қолайлик. Улар бу дунёни тарк этганидан сўнг афсусланган билан фойда йўқ. Улар ҳаёт бўлсалар, дуоларини олиб, жаннатдаги жойимизни ҳозирлайлик. “Ҳали ота-онам ёш, бу ишим битсин, уни-буни қилиб бераман” деб ўйламанг. Чунки вақт ҳеч кимни аяб ўтирмайди ва қолаверса, ким олдин, ким кейин кетишини Аллоҳ билади.
Ота-боболаримиз достонларда “Дам бу дамдир, ўзга дамни дам дема” дея ҳикматомуз сўзларни бекорга айтмаганлар. Чунки ҳозир ҳаёт эканмиз, шу онлар бизники, келажакни эса Аллоҳ билгувчи. Шундай экан кимга нимаики қилсангиз, шу кунларда қилинг. Вақтнинг ўткир қиличи сизни кесиб қўймасин.
Ҳасанбой КЕНЖАЕВ,
Урганч шаҳар бош имом-хатиби
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.