muslim.uz

muslim.uz

Алҳамдулиллаҳ, юртимизда умра зиёратига бориш йил давомида ҳеч қандай чекловларсиз йўлга қўйилган. Маҳаллалардаги умра учун йиллаб кутиладиган навбатлар ҳам секин-аста барҳам топмоқда. Ҳатто диёримизнинг айрим жойларида “Бормаганнинг бир армони, борганнинг минг армони бор”, дея муқаддас диёрга бориб келган ҳожилар яна бориш ҳаракатида юришибди. Бу жуда яхши. Аммо...

Шу ўринда масаланинг бошқа томонига эътиборингизни қаратмоқчиман. Албатта, умра ибодатини адо этиш учун кишидан жисмоний куч-қувват талаб этади.
Юртимиздан мазкур зиёратга бораётганларнинг аксарияти эса ёши улуғ кишилардир. Шу боис улар сафар чоғида яна ҳам машаққатга дуч келишади, қийинчиликларни танасида ҳис қилишади. Бироқ улар ҳақида юртга қайтгач, фарзандларига айтаверишмайди, гапирса ҳам юмшатиб айтишади.

Сафарга чиққан киши бежиз мусофир, дейилмайди. Бундай кишига рамазон рўзасини кейин тутиб бериш, намозини қаср қилиб ўқиш каби енгилликлар берилган. Чунки мусофирчиликда ўзига хос қийинчиликлар бўлади, бошқа об-ҳаво ва шароит кишига бир қанча мушкулликлар туғдиради.

Таъкидлаш жоиз, умра сафарига борган киши, аввало, ҳужжат ва пулларини эҳтиёт қилиб юриши лозим. У-бу нарса сотиб олиш учун сўмни бошқа валютага алмаштириши керак. Муқаддас жойларга боргандан сўнг ибодат масканларига адашмасдан бориб келиши зарур. Шу каби кўзга кўринган қийинчиликлар бор. Бундан ташқари, ёшлар учун кичик, аммо катталар учун мушкул бўлган ишлар бисёр.

Тўғри, эллик нафар зиёратчига бир нафар гуруҳбоши тайинланади. Бироқ у нима бўлганда ҳам бир киши-да. У бутун гуруҳга масъул, уларга йўл-йўриқ кўрсатади, амалларни бажариш тартибини, дуоларни ўргатади, муборак жойлар тарихини сўзлаб беради. Керак бўлса, ўзи билан бирга бирор кишини аравада ё қўлтиғидан суяб олиб юриши мумкин. Бундан оғринмайди. Чунки бу унинг вазифаси. Лекин ҳаммага ёрдам беришга жисмонан имконияти етмайди. У бирор тадбир қўллаб, ёши улуғ одамларни гуруҳдаги ёшроқ зиёратчиларга бириктириб қўйиши мумкин. Аммо ёш зиёратчилар ҳам баъзи гуруҳда узоғи билан беш ё ўн нафардан ортмайди. Қолаверса, аксарият ёш зиёратчилар ота-онаси ё аҳли аёли билан боради. Уларнинг хизмати ҳам етарли бўлади. Биз зиёратчи ёшлар бу ишларни кўнгилли равишда қиляптими ё оғринибми, бу жиҳатига тўхталмадик.

Хуллас, муборак зиёрат давомида ҳар ким ўзини эплашга ҳаракат қилиши лозим. Бўлмаса, у ўзининг ё бошқаларнинг ибодатига путур етказиши мумкин.
Бундан ташқари, ёши улуғ кишиларимизнинг аксари қийинчилик даврларида яшашган ва ҳар бир нарсани тежаб ишлатиш ўрганишган. Бу муборак сафар давомида ҳам кўзга ташланади. Масалан, баъзи кексалар ўзининг юки оғир бўлса ҳам, уни ўзи кўтаришга ҳаракат қилади ёки ён-атрофидаги ёшлардан илтимос қилишади. Лекин у ёшларнинг ҳам юки оғир ўзиникини зўрға эплаётган бўлиши мумкин. Ваҳолангки, у ерда пулга хизмат кўрсатувчи ҳаммоллар ҳам бор. Уларга пул бериб ишлатишга оғринишади. Юк кўтарганда ўзига бирор нарса бўлиши, гуруҳдан қолиб кетиши ё доим ёшларга илтимос қилса улар ҳам оғриниши ё уларга ҳам қийинчилик туғдириши мумкинлигини ўйлашмайди. Шу боис ёши улуғларимизга бу борада керакли ўринларда пул сарфлайверинг, дея қаттиқ тайинлаб, қўшимча пул бериб қўйишимиз керак.

Хулоса ўрнида агар ёши улуғ ота-онангиз ё бошқа яқинларингизни умра ё ҳаж ибодатига жўнатмоқчи бўлсангиз, ўзингиз ҳам бирга боришга ҳаракат қилинг. Шунда уларга янада кўп яхшилик қилган бўласиз.

Баҳриддин ХУШБОҚОВ

mercredi, 21 septembre 2022 00:00

Ҳижрат нима? (видео)

Жобир домла Элов
Бухоро вилояти бош имом-хатиби

Ўзбекистон элчиси Равшан Усмонов Малайзия архитекторлар уюшмаси (Pertubuhan Akitek Malaysia – PAM) вице – президенти Адриант Азиз ва Ислом илмий университети (USIM) профессори Элина Моҳд Ҳусини билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда "Дунё"ахборот агентлиги.


Профессор Элина Моҳд Ҳусинининг айтишича, Малайзия Ислом илмий университети ва Тошкент архитектура-қурилиш институти ўртасида ҳамкорликнинг муваффақиятли тажрибаси бор. Хусусан, 2018 йил декабрь ойида ректор бошчилигидаги ТАҚИ делегацияси Малайзияга ташриф буюрди ва 2019 йил январь ойида малайзиялик бир гуруҳ талабалар ушбу университетда амалиёт ўташди. Бундан ташқари, у 2018 ва 2019 йилларда икки марта Ўзбекистонга ташриф буюрди, шундан сўнг Самарқанд Давлат архитектура ва қурилиш институти (СамДАҚИ) профессори Ахтам Уралов билан биргаликда "Архитектура шакллари ва нурларни уйғунлаштириш ва безаш" (Harmonization, Decoration of Architectural Forms and Light) китоби нашр этилди. Ушбу китобнинг тақдимоти июль ойида Куала-Лумпурда бўлиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда "Ислом ва санъат" (Islam and Art) номли иккинчи китобни нашр этиш бўйича қўшма ишлар олиб борилмоқда. Профессор, шунингдек, USIM биноларни ахборот моделлаштириши технологияси (BIM) асосида «Autoсad» ва «Revit», сунъий интеллект ёрдамида эски биноларни моделлаштириш бўйича Малайзия дастурлари доирасида қўшма таълим лойиҳаларини амалга оширишда ўзбекистонлик шериклар билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини таъкидлади.


USIM 1998 йилда ташкил этилган ва Малайзияда давлат олий ўқув юрти ҳисобланади. Университетда таълим ислом илоҳиёти ва ҳуқуқ, аниқ, ижтимоий ва гуманитар фанларни ўз ичига олган 32 йўналишда олиб борилади. Университет архитектурани ўрганишга ҳам катта эътибор беради. Бугунги кунга келиб USIMда 13 мингдан ортиқ талаба, шу жумладан 750 дан ортиқ хорижлик талаба таҳсил олмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

"Ҳидоя" ўрта-махсус ислом билим юрти мударриси Обидхон қори Икрамов

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари розияллоҳу анҳум кўплаб ҳадисларни ёзиб қолдирдилар. Аммо ҳадисларни сақлашнинг ягона йўли фақат ёзув эмас, унинг қуйидаги бошқа йўллари ҳам мавжуд:

Ёд олиш. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари аввало ҳадисларни қалбларига ёд олишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

نضَّرَ اللَّهُ عبدًا سمِعَ مَقالَتي فَوَعَاهَا , ثُمَّ أَدَّاهَا كما سمع

“Менинг сўзимни эшитиб, эслаб қолган ва уни эшитгани каби бошқаларга етказган кишига Аллоҳ раҳм қилсин”, деганлар.

Саҳобалар аксарият вақтларини ҳадисларни ёдлаш учун сарфлар эдилар. Уларнинг бир қисми уйларни тарк қилиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида яшардилар. Шу сабабли ҳадисларни тўғридан-тўғри Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизларидан эшитардилар. Уларни “асҳоби суффа” деб аташарди.

Араблар юзларча байтли шеърларни осонлик билан ёдлаб оладиган ҳофиза (хотира)га эга эди. Уларнинг қарийб ҳаммаси фақат ўзларини эмас, от ва туяларининг ҳам келиб чиқишлари-ю аждодларини ёддан билишарди. Ҳатто уларнинг болалари ҳам фарқли қабилаларнинг аждодлари шажараси мавзусида етарли илмга эга эдилар.

Ҳаммод (ваф. 155/772) араб шеъриятининг машҳур шоиридир. У алифбонинг ҳар бир ҳарфи учун юзлаб узун шеърларни ёддан билган (3038 та узун шеър).

Араблар қувватли ҳофизалари билан шу қадар мақтанишардики, ёзувдан ҳам кўпроқ ҳофизаларига ишонишарди. Баъзи шоирлар шеърларини ёзувда ифодалашни айб, камчилик, нуқсон деб ҳисоблашарди. Улар хотирадаги нарса ҳеч ким томонидан ўзгартирилмайди, қоғозга ёзилганларни ўзгартириш мумкин деб билишарди. Агар бир шоир шеърларилан баъзилари ёзган бўлса, бу ҳолни ошкор қилишни хоҳламас эди. Чунки бу ҳолат унинг хотирасида бир айб борлигини кўрсатиши бўларди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари розияллоҳу анҳум ҳадисларни Қуръони каримдан кейин ягона дастур деб билганларидан унинг муҳофазаси учун ёддан сақлашга ҳаракат қилишган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан 5374 та ҳадис ривоят қилган саҳоба Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: “Кечамни уч қисмга бўлдим. Кечанинг илк учдан бирида намоз ўқирдим. Иккинчи учдан бирида ухлардим. Охирги учдан бирида эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ёдлардим”.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Исломни қабул қилганидан кейин ҳаётини ҳадисларни ўрганишга бағишлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа саҳобаларидан кўра кўпроқ ҳадис ривоят қилди.

Мадина волийси Марвон Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг хотирасини синамоқчи бўлди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан баъзи ҳадисларни айтиб бериш мақсадида уйига таклиф қилди. Котибига парданинг орқасига ўтиб, Абу Ҳурайра айтган ҳадисларни ёзиб олишни айтди. Котиб айтилгандек қилди, барча ҳадисларни ёзиб олди. Орадан бир йил ўтгандан сўнг Марвон Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуни яна чақирди ва ўтган йили айтиб берган ҳадисларини қайта айтиб беришини илтимос қилди.

Котиб ҳам парданинг орқасида туриб, Абу Ҳурайранинг ўтган йили айтган ҳадислари билан солиштириб чиқди. Абу Ҳурайра аввал айтган ҳадисларидан бирор-бир ҳарф ташлаб ҳам, қўшиб ҳам айтмади.

Ҳадис илми тарихида бундай ҳодисаларга кўп гувоҳ бўлиш мумкин. Аллоҳ таоло уларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини сақлаб қолишга тавфиқ ато этган.

Ҳадис илми олимлари ҳар бир ҳадис ровийсини текшириш учун ишончли усул “асмаур рижал” илмига асос солганлар. Улар ровийларнинг кучли хотирага эгалигини аниқ исботламай туриб бирорта ҳадисни ишончли деб қабул қилмаганлар.

Ҳадис илмида хотира оддий бир атама эмасдир. У ровийларнинг ишончлигини синаш учун қабул қилинган илмий атамадир. “Асмаур рижал” ва “жарҳ-таъдил” илми олимларининг катта бир қисми ҳаётларини бу қоидага кўра ҳадис ровийларини тадқиқ қилиш учун сарфлашган. Уларнинг вазифаси ҳар бир ровийнинг хотира кучи тўғрисида бир ҳукмга бориш ва улар билан боғлиқ ҳақиқий ҳукмни айтиш эди.

Ҳадис ровийларининг хотираларини бугунни кунги одамларнинг хотираси билан таққослаб, қиёслаб бўлмайди. Ҳозирги кунимиздаги аксарият одамлар бир воқеанинг гувоҳи бўлса, уни бошқаларга бепарволик билан етказади, камдан-кам ҳолларда ўз гапининг тўғрилигига эътибор беради.

Бу борада қуйидагиларга эътибор қаратиш лозим:

  1. Ҳадис ровийлари айтмоқчи бўлган нарсаларининг улкан аҳамиятини ва нозиклигини яхши билишарди. Улар эътиборсизлик қилишса, хатога йўл қўйишса бу дунёда ҳам, охиратда ҳам жазога мубтало бўлишларини яхши билишарди. Мустаҳкам эътиқод уларда кучли масъулиятни уйғотган эди. Шу боис, бундай буюк масъулият ҳисси ҳар бир ровийни янада эътиборли бўлишга ундарди.

Кундалик ҳаётда инсонлар билан бўлган ҳодисани баён этмоқчи бўлган журналист ҳодисанинг тафсилотларини эътиборсиз, текширмай ёзиши мумкин. Бироқ бирор ҳодиса ёки воқеа раҳбар билан боғлиқ бўлса, албатта алоҳида диққат ва эҳтиром кўрсатган ҳолда, энг нозик ҳамда латиф сўзлар билан баён этиш учун бор куч-ғайратини сарфлайди. Иккинчи ҳолатла биринчисига қараганда кўпроқ диққатли бўлади. Чунки ҳодисанинг ким билан бўлгани ундан янада масъулиятли ва эътиборли бўлишни талаб этади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари, уларнинг шогирдлари ва бошқа ишончли ҳадис ровийлари Набий алайҳиссаломнинг ҳадислари ҳар қандай хабардан аҳамиятли ва эътиборли эканига бутун қалблари ишонганлари инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқатдир.

Улар ҳадислар умматнинг ҳаётини белгилайдиган Ислом шариатининг асосий манбаси эканини билишган. Қолаверса, биргина хато уларни азоби шиддатли бўлган жаҳаннамга олиб боришини яхши билишган. Шунинг учун уларнинг ҳадис ривоят қилишдаги масъулиятлари, журналистнинг раҳбар одам билан боғлиқ муҳим бир ҳодисани баён этишда кўрсатган масъулиятидан кўра кўпроқ эди.

  1. Ровийнинг ўзи айтаётган воқеа-ҳодисаларга боғлиқлиги, уларни тўғри тушуниш қобилияти ҳам унинг ривоятларининг тўғрилигини кўрсатувчи яна бир муҳим омилдир.

Агар ровий ривоят қилган нарсаси ҳақида бепарво бўлса, унинг хотирасига суянган бошқа бир хабарга ишончсизлик ҳисси пайдо бўлиши мумкин. Аммо ровий нафақат ишончли, жиддий ва ақлли, айни вақтда ҳодиса билан боғлиқ бўлса, унинг хабарига ишонса бўлади.

Бир маҳкама (суд)да бирор масала кўрилаётган бўлса, унда иштирок этувчилар турли вазиятларда бўлиши мумкин. Масалан, иштирок этувчилардан бири суд ҳақида тасодифан эшитиб қолганлардан бири бўлиши мумкин. Аввало унинг ҳодисага умуман алоқаси йўқ, қолаверса муҳокама қилинаётган масалаларга оид билим ва фикрга ҳам эга эмас. Шунчаки ҳодисанинг бир ҳолатини бошқа шахсга етказганлардан биридир. Бундай хабар қабул қилишга арзимайди ва воқеанинг ҳақиқийлигини исботлай олмайди. Бу хабар нақл қилганнинг масалани тўғри англаш қобилияти ва уни тўғри бир шаклда нақл қилиш масъулиятидан маҳрум эканлиги сабабидан тамоман хато бўлиши ҳам мумкин. Бундай бир нақл қилувчи қилган нақл ила фақат хато қилмайди, айни пайтда ҳодисани чигаллаштириб юбориши ҳам мумкин.

Айтайлик, бир нечта журналистлар газеталарида хабар бериш учун судда иштирок этишди. Улар оддий одамга қараганда кўпроқ билим ва тушунчага эга. Уларнинг хабарлари аниқроқ бўлади. Аммо ҳуқуқий қонунларни билишдаги камчиликлари туфайли уларнинг хабари ҳам тўлиқ ва аниқ бўлмайди.

Яна ўша суд мажлисида бевосита иштирок этган адвокатлар бор. Улар барча суҳбатларни яхши билишади, баҳслашади, далиллар келтиришади, суд жараёнининг барча иштирокчиларини тинглашади, ҳодисани далиллари билан муҳокама этадилар. Вужудга келган ҳуқуқий ҳодисаларнинг нозик жойларигача пухта биладилар. Бошқа ҳуқуқшунослар томонидан тилга олинган ҳар бир жумлани англайдилар. Шу нарса аниқки, ҳуқуқшунослар томонидан муҳокамага оид хабар энг ишончли хабар бўлади.

Фараз қилайлик, уч тоифадаги одамларнинг ҳаммаси бир хил хотирага эга. Аммо улар томонидан ривоят қилинган ҳодисалар тўғрилиги жиҳатидан турли даражаларга бўлинади. Бу ҳам шуни кўрсатадики, ровийларнинг ривоят қилган ҳодиса билан боғлиқлиги ёки ҳодисанинг ичида бўлиши, унинг хотирасини янада таъсирли ва диққатли бўлишида муҳим аҳамият касб этган.

Саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўз ва амалларига, ҳатти-ҳаракатларигача бўлган диққатлари ҳар қандай шубҳадан узоқдир. Уларнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни гапларини тушунишлари, у зотнинг амалларининг асл мақсади ҳақидаги илмлари борлигига шубҳа қилинмайди. Бир сўз билан айтганда, инсоннинг хотирасини ҳаракатга соладиган барча факторлар уларда бор эди.

  1. Бир хабарнинг ишончлилиги учун талаб қилинган хотира қуввати, аввал ҳам айтиб ўтилгани каби ҳеч қандай ўзига хос ўлчови бўлмаган бир нарса эмасдир. Ҳадис илми олимлари ҳар бир ровийнинг хотираси даражасини билиш учун қатъий талабларни қўйишган. Агар ровий кучли хотирага эга бўлмаса, унинг ривоятлари қабул қилинмаган.
  2. Тасодифий, айниқса, қизиқ бўлмаган ҳақиқатни ёдлаш билан аниқ нарсани, хусусан, ўзи учун жуда зарур бўлган нарсани эсда сақлаш ўртасида катта фарқ бор ва одам ўзига зарур нарсани эслаб қолиш учун бор куч-ғайратини сарфлайди.

Араб тилини ўрганганимда устозим менга бугун эслай олмайдиган кўп нарсаларни айтганди. Фақат устозим менга берган луғатлар зеҳнимда сақланиб қолган. Сабаби эса аниқ. Арабча сўзларни жуда тиришқоқлик билан ўрганардим, бошқа нарсаларни ёдимда сақлашга ҳаракат қилмасдим.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари у зотдан эшитган, кўрган нарсаларига эътиборсизлик қилишмасди. Аксинча, улар ҳар куни ҳадис ёдлаш учун вақтларини ажратишарди. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг мисолида юқорида айтиб ўтдик. У кечанинг учдан бирини ҳадисларни ўрганиш, такрорлаш учун ажратарди.

Шундай қилиб, баъзилар ўйлагандек ҳадисларни ёдлаш уларни сақлашнинг ишончсиз усули эмас эди. Ишончли ровийларнинг хотирасини ҳадис ёзиш билан тенглаштириш мумкин.

Музокара. Ҳадисларни сақлашнинг иккинчи йўли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари томонидан ўтказилган музокаралар эди. Улар бир суннатни ўргансалар, уни дарҳол бошқаларга етказишарди. Саҳобалар шу тартибда бир-бирларига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрганганларини етказардилар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган ҳадисларига амал қилишарди. Бунга ишора қилган баъзи ҳадислар қуйидагилар:

“Бу ерда бўлганлар (менинг суннатимни) бу ерда бўлмаганларга етказсин”[1].

“Мендан бир оят бўлса ҳам етказинг”[2].

“Менинг сўзимни эшитиб, уни бошқаларга етказгунча хотирасида сақлаганга Аллоҳ раҳм қилсин”[3].

“Сиз менинг сўзларимни эшитаяпсиз. Сиздан бошқалар ҳам эшитади, улардан ҳам бошқалар эшитади”[4].

“Бир Мусулмон диндошига ўзига етган гўзал бир ҳадисдан бошқа яхшироқ фойда бера олмайди”[5].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу таълимотлари саҳобаларнинг ҳадисларни ўрганишларига ва уни бошқаларга етказишларига сабаб бўларди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мажлисларида саҳобаларни бир-бирларига ҳадис айтишга ҳам даъват қилардилар. Бу усул “тадарус” деб аталган бўлиб, “бир-бирига ўргатмоқ” маъносини англатган. Бир саҳоба ўзи билган ҳадисни бошқасига айтади. Ҳадис тинглаган саҳоба ўша ҳадисни такрор қилади. Шундай қилиб давом этаверадилар. Мақсад ҳадисни тўғри ўрганиш эди. Ҳар бири бошқасининг ҳадисини эшитади ва агар хатоси бўлса тузатарди. Бу “тадарус”нинг (музокара) самараси, ҳадисларни иложи борича пухта ёдлаш ва эсда сақлаш эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам илм олишни Аллоҳ наздида бутун кечани нафл ибодат билан ўтказгандан афзал эканини айтганлар: “Кечанинг бир қисмида илм[6] олиш билан машғул бўлиш, бутун кеча ибодат билан ўтказгандан афзалдир”[7].

Қолаверса, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам илмни яшириш катта гуноҳ экани ҳақида бундай деганлар: “Кимки билган нарсасидан сўралганида, уни яширса, у оловдан бўлган бир юган билан юганланади”[8].

Бошқа ҳадисда эса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам илм сўралмасада уни яшириш катта гуноҳлигини маълум қилганлар: “Ким ўзида фойдали бир илмни яширса, қиёмат куни оловдан бўлган юган билан келади”[9].

Ушбу ҳадисилардан илмни етказиш, уни тарқатиш ҳар бир олим кишининг вазифаси экани маълум бўлади. Ундан илмнинг сўралиши ёки сўралмаслиги муҳим эмас экан.

Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини билишни энг олий илм деб билганлари учун, улар суннат ҳақида билганларини бошқаларга этказишни зарурий вазифа деб билишган.

Шу сабабли, саҳобаларнинг бир ерга тўплангандаги энг севимли машғулотлари фойдасиз гап сўзлар ўрнига, у зотнинг сўз ва амалларини музокара қилиш бўларди. Уларнинг ҳар бири билганларини айтар, бошқалари эса, эшитиб ёдлашга ҳаракат қилишарди.

Бу доимий музокаралар суннатнинг муҳофазасида муҳим рол ўйнади. Бу музокаралар туфайли, фақатгина маълум бир шахслар билган ҳадислар, бошқаларга ҳам етиб борди ва шу туфайли ровийлар занжири кенгайди. Бу музокаралар Пайғамбаримизнинг ҳаётлик даврларида рўй бергани учун саҳобалар ўзларига етиб келган ҳадисларнинг тўғрилигини текшириш имкониятига эга эдилар. Ҳатто баъзилари шундай қилган ҳам эди. Натижада, нафақат ҳадислар ҳақидаги билимлар тарқатилди, балки қайта ривоят қилиш назорати ҳам таъминланди, чунки кимдир хато қилган бўлса, бошқалар дарҳол уни тузатдилар.

Амалиёт. Суннатни муҳофаза қилишнинг учинчи йўли – уни амалиётда қўллаш.

Суннат илми нафақат бир илм, у амалий ҳаётга ҳам боғлиқдир. Пайғамбаримиз фақат ваъз қилиш билан чекланмаганлар. Балки саҳобаларни амалий жиҳатдан ҳам тайёрлаганлар. Улар Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан нима ўргансалар уни амалий татбиқи учун асло чекинмадилар. Уларнинг яшаш тарзи тамоми ила суннатга эргашишдан иборат эди. Суннат фақатгина оғзаки бир ривоят эмас, балки кундалик ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида, ҳар бир соҳасида ўзини кўрсатган бир амалий, кенг қамровли муомала ва одат тарзига айланганди.

Агар математика ўқувчиси формулаларни сўз билан хотирлашга одатланса, бир муддат ўтиб, уни унутишнинг эҳтимоли катта. Аммо бу формулалар кунига ўн марта амалий қўлланилса асло унутилмайди.

Айни шаклда суннат ҳам саҳобалар томонидан оғзаки нақл қилинган бир иш эмасди. Улар суннатни кундалик ишларида қўллашарди. Суннат уларнинг бутун фаолиятларининг асоси эди. Шундай ҳолатда улар Пайғамбаримизнинг атрофида бутун ҳаётларини қурган суннатни қандай қилиб унутишлари мумкин?

Шундай қилиб, барча кундалик ишларда суннатга доимий риоя қилиш суннатнинг сақланишига ҳисса қўшган ва уни ҳимоя қилган яна бир муҳим омил эди.

Ёзув. Ҳадисларни муҳофаза қилишнинг тўртинчи йўли ёзув эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан баъзилари ҳадисларни эшитишлари билан қоғозга ёзиб олишарди.

Дастлаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга Қуръони каримдан бошқа нарсани ёзишни тақиқлаганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мендан ҳар бир эшитганингизни ёзманг. Ким мендан Қуръондан бошқасини ёзган бўлса, уни ўчириб ташласин. Мендан эшитганларингизни бошқаларга нақл қилинг. Бунда гуноҳ йўқ. Ким менга қасддан ёлғонни нисбат берса, жаҳаннамдаги ерига тайёрланаверсин”[10], деганлар.

Ҳадисларни ёзиш тақиқланишининг сабаб шу эдики, Қуръон ваҳийнинг бошланишида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари Қуръоннинг услуби билан тўлиқ танишмаган эдилар. Қуръон ҳам бир китоб шаклида эмас эди. Баъзи саҳобалар ҳадисларни Қуръон матни билан бир ерга ёзардилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан шарҳланган баъзи оятларнинг тафсирлари ҳам тўғридан-тўғри, ораларини ажратмасдан Қуръон оятлари билан аралаштирилиб ёзилганди. Шу сабабли, Қуръон оятларининг ҳадислар билан аралашиб кетишидан хавотир олинган.

Шу сабабли, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадис ёзишдан қайтарганлар. Қуръони каримдан ташқари ҳар қандай ёзувни ўчиришни амр қилганлар. Бу борада ўша замонларда ёзув қоғози қанчалик тақчил бўлганини ҳам унутмаслик керак. Ҳатто Қуръон оятлари ҳам тери парчалари, дарахт пўстлоқлари, ҳайвон суяклари ва баъзан тошларга ёзиларди. Уларни бир китоб ҳолида бир жойда тўплаш қийин эди. Агар ҳадислар ҳам айни шаклда ёзилса эди, Қуръон оятлари ва ҳадисларни бир биридан айириш янада қийин бўларди. Шу сабабли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга ҳадисларни ёзмасликни ва ҳадисларни юқорида келган уч йўлда сақлаш билан чекланишни буюрдилар.

Бу тартибнинг барчаси пайғамбарликнинг илк йилларига оид эди. Саҳобалар Қуръоннинг услубига ошно бўлганларида ва ёзув қоғозига улашиш имконлари пайдо бўлганида бу вақтинчалик эҳтиёт чораси бекор қилинди. Чунки энди Қуръон билан ҳадиснинг аралашиб кетиш хавфи қолмаганди.

Вақти келиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига ҳадис ёзишга шахсан ўзлари буюрдилар. У зот алайҳиссаломнинг бу мавзудаги таълимотларидан баъзилари қуйида келтирилади:

  1. Ансорлардан бир саҳоба Пайғамбаримизга баъзи бир ҳадисларни эшитганини, аммо баъзан уларни унутиб қўйишини айтиб шикоят қилди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай дедилар: “Чап қўлингдан ёрдам сўра”[11] ва қўллари билан ёзишга ишора қилдилар.
  2. Пайғамбаримизнинг саҳобаларидан бири Рофиъ ибн Ҳадиж розияллоҳу анҳу (ваф. 74/693) айтади: “Пайғамбаримизга “Сиздан бир қанча нарсалар эшитамиз, уларни ёзиб олсак бўладими?” деб сўрадим. У зот алайҳиссалом: “Ёзаверинг, унда гуноҳ йўқ”, дедилар.
  3. Анас розияллоҳу анҳу Пайғамбаримизнинг бундай деганларини ривоят қилади:

قيدوا العلم بالكتاب

“Илмни ёзиш билан муҳофаза қилинг”[12].

  1. Абу Рофиъ Пайғамбаримиздан ҳадисларни ёзиш учун рухсат сўради. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам унга ёзиш учун рухсат бердилар.

Ривоятларга кўра, Абу Рофиъ томонидан ёзилган бу ҳадислар бошқа саҳобалар томонидан ҳам ёзиларди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг шогирди Салмо розияллоҳу анҳу айтади: “Абдуллоҳ ибн Аббоснинг олдида айрим кичкина тахтачаларни кўрдим. У бу тахтачаларга Абу Рофидан олган, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амалларига оид баъзи ривоятларни ёзарди”.

  1. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс бундай ҳикоя қилади: “Мен Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ҳар бир гапни ёзар ва ёдлашга ҳаракат қилардим. Баъзи қурайшликлар мени ёзишдан тўсишга ҳаракат қилдилар. “Пайғамбаримизнинг оғзидан эшитганинг ҳамма нарсани ёзаверасанми? Ҳолбуки у зот ҳам инсон. Баъзида жаҳллари чиқиши мумкин”, дейишди.

Улар: “Пайғамбаримиз қизишган вақтида қасд қилмаган, жиддий бўлмаган баъзи гапларни айтиб юбориши мумкин”, деган хавотирда ҳадисларни ёзиб олишдан ман қилишган эди.

Шунда Абдуллоҳ ибн Амр уларнинг бу гапларини Пайғамбаримизга айтди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом муборак оғизларига ишора қилиб: “Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зотга қасамки, бу икки (лабнинг) орасидан ҳақдан бошқа бир нарса чиқмайди. Шундай экан ёзавер”, дедилар.

Бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир сўзларини ҳеч иккиланмасдан ва шубҳасиз ёзиб олиш мумкинлигига аниқ-равшан далил саналади. Унга амал қилган Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу бир қатор ҳадисларни ёзиб, тўплади ва уларни “ас-саҳифа ас-содиқа” деб номлаб, китоб ҳолига келтирди.

  1. 6. Макка фатҳ этилганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсон ҳақ-ҳуқуқларига тегишли бир қатор шаръий амрлар ҳақида хутба қилдилар. У ердаги одамлар орасида яманлик Абу Шоҳ деган бир одам Пайғамбаримиздан бу хутбани ёзиб беришларини илтимос қилди. Бунга жавобан Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобаларига: “Абу Шоҳга ёзиб беринглар”[13], деб амр қилдилар.

Бу олти мисол ҳадис ёзишга шунчаки рухсат берилмаганини, балки Пайғамбаримиз алайҳиссалом томонидан ёзилиши амр қилинганини, ёзишдан қайтаришнинг эски сабаби эса, Қуръон билан ҳадиснинг аралашиб кетиш хавфи туфайли вақтинча эҳтиёт чораси бўлганини кўрсатиш учун етарлидир. Бу ўткинчи хавф бир муддатдан кейин йўқолди. Қайтариқ бекор қилинди ва саҳобалар ҳадисларни ёзувли бир ҳолатда сақлаб қолишди.

 

[1] Имом Бухорий. Саҳиҳ.

[2] Имом Бухорий. Саҳиҳ.

[3] Имом Термизий. Жомеъ.

[4] Абу Довуд. Сунан.

[5] Ибн Абдулбар. Жомеъ.

[6] Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида илм деганда Қуъон ва ҳадис билан машғул бўлиш тушунилган.

[7] Ибн Абдулбар. Жомеъ.

[8] Имом Термизий. Жомеъ.

[9] Ибн Абдулбар. Жомеъ.

[10] Имом Муслим. Саҳиҳ. Ж. 2. – Б. 414.

[11] Имом Термизий. Жомеъ.

[12] Ибн Абдулбар. Жомеъ.

[13] Имом Бухорий. Саҳиҳ.

 

Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг

"Ислом шариатида суннатнинг ўрни" китобидан

Таржимон: Даврон НУРМУҲАММАД

 

1-қисм2-қисм3-қисм4-қисм, 5-қисм, 6-қисм, 7-қисм8-қисм9-қисм10-қисм11-қисм12-қисм13-қисм, 14-қисм, Давоми бор...

Top