muslim.uz
Қозоғистонда масжидлар янги стандартлар асосида қурилади
Қозоғистонда масжид қурилиши бўйича янги стандарт ишлаб чиқилди. Маълум бўлишича, бундан кейин масжиднинг сиғими ўша ҳудудда истиқомат қилаётган аҳоли сонига қараб ҳал қилинади ва қурилишга рухсат берилади.
Жумладан, ишлаб чиқилган стандартга кўра, бундан кейин қуриладиган масжидларнинг сиғими қуйидагича тақсимланади: қишлоқлар – 70-500 нафар, туман маркази – 500-1500 нафар, шаҳар ва вилоят марказлари – 1000-5000 нафар намозхон.
Қолаверса, масжидларда намозхонларнинг автомобили учун автотураргоҳ қуриш мажбурияти ҳам белгиланди. Азон интернет нашрининг IslamToday сайтига таяниб хабар беришича, ҳар бир масжидда автомашиналар учун тураргоҳлар ташкил этилади.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда бугунги кунда 2626 масжид фаолият кўрсатади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Дубайда интернет орқали Қуръон таълими бериладиган марказ очилади
Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида "Муҳаммад ибн Обаид" Қуръон маркази энг замонавий ва илғор технологияларни қўллаган ҳолда масофавий таълимга йўналтирилган халқаро Қуръон таълими марказини ишга туширмоқчи.
БААда нашр этиладиган “Ал-Баён” газетасининг ёзишича, ташкил этилганига эндигина бир йил бўлган ушбу марказ Қуръони карим таълими борасида катта ишларни бошлаб юборган. Ҳозирда марказ томонидан Қуръони каримни ёд олиш, тиловатини ўрганиш ва Қуръоний билимлар ўзлаштирилишини янада кенгроқ ҳамда самарали йўлга қўйишга жиддий киришилган.
Яқин келажакда ишга туширилиши режалаштирилаётган интернет орқали масофавий “Қуръон таълими халқаро маркази” лойиҳаси шулар жумласидандир.
Марказ раҳбари Надо Муҳаммад ибн Обаид ал-Фаласийнинг изоҳ беришича, марказ фаолияти асосан ҳофизи Қуръонларни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Унинг айтишича, марказ ўзининг биринчи йилдаги фаолиятида асосан қизлардан иборат бўлган 290 нафар Қуръон ўрганувчиларини таҳсил олишга жалб қилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Туркияда “Саҳиҳ ал-Бухорий” халқаро симпозиуми ўтказилади
2019 йилнинг 1-3 ноябрь кунлари Туркиянинг Истанбул шаҳрида жойлашган Ибн Халдун университетида “Саҳиҳ ал-Бухорий”: анъанавий ва замонавий ёндашувлар” номли халқаро симпозиум бўлиб ўтади.
Мазкур илмий анжуман “Саҳиҳ ал-Бухорий” асарида бобларнинг номланиши, муаллақлар, такрорий ҳадислар, ҳадис олишдаги шартлар, бир матнни бошқасидан ажратиш методологияси, қўлёзмалардаги фарқлар, матн билан боғлиқ изланишлар, шунингдек асарга қаратилган танқидларни тадқиқ этишни мақсад қилган.
Симпозиумда “Саҳиҳ ал-Бухорий”нинг тарихи ва ундаги методология, асардаги ҳадислар, “Саҳиҳ ал-Бухорий”га ёзилган шарҳлар, “Саҳиҳ ал-Бухорий” ва Ислом тамаддуни, “Саҳиҳ ал-Бухорий”га билдирилган танқидлар мавзулари кўриб чиқилади.
Азон интернет нашрининг маълум қилишича, симпозиумда маъруза қилиш учун аввал ўрганиб чиқилмаган мавзуларга устунлик берилади. Симпозиумда қатнашиш учун 2019 йилнинг 10 мартига қадар маълумотнома (резюмеларни) топшириш талаб қилинади.
“Саҳиҳ ал-Бухорий” халқаро симпозиумини ўтказиш муддатлари:
Тезисларни (маърузалар) қабул қилишнинг сўнгги муддати: 2019 йил 10 апрель
Ҳужжатларни топшириш муддати: 2019 йил 30 июль
Қабул қилинган маърузаларни эълон қилиш санаси: 2019 йил 5 сентябрь
Халқаро Симпозиумни ўтказиш санаси: 2019 йил 1-3 ноябрь
Симпозиум ҳақида тўлиқ маълумот қуйидаги сайтда инглиз, турк ва араб тилларида мавжуд: www.meeting.ihu.edu.tr
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Маъмун ва унинг устози
Ҳорун ар-Рашиднинг ўғли Маъмун кичкиналигида устози уни таёқ билан сабабсиз урди. Маъмун ундан: “Мени нега урдингиз?” деб сўради. Устози: “Жим!” деди. Маъмун ҳар сафар устозига мазкур саволни берса, устози унга: “Жим!” дерди.
Орадан йигирма йил ўтгандан сўнг Маъмун халифалик мансабини эгаллади. Унинг биринчи қилган иши устозини ўз ҳузурига чорлаш бўлди. Устози келгач, ундан: “Болалигимда мени нега урган эдингиз?” деб сўради. Устози табассум қилди ва: “Ҳалиям унутмадингми?” деб сўради. Маъмун: “Аллоҳга қасамки, унутмадим”, деб жавоб берди.
Шунда устоз Маъмунга: “Мазлум зулмни унутмаслигини билишинг учун шундай қилгандим. Ҳеч кимга зулм қилма! Зулм мазлумнинг қалбидаги олов бўлиб, йиллар ўтса ҳам ўчмайди. Бандаларнинг бандаларга қилган зулмлари эскирмайди, чиримайди. Агар мазлум золимни кечирмаса, Аллоҳ золимга жавоб қайтариш пайтини, муносиб вақтда ва муносиб жойда ҳукм қилишни белгилаб қўяди” деди.
Маъмун устозидан кўп йиллар давомида илм олди. Аммо устози билан кўришган пайтда, ундан олган илмларини эмас, балки бир марта олган тарсакисини эслади.
Ҳа, азизлар, зулм эсдан чиқмайдиган нарса. Шунинг учун одамларга зулм қилишдан, адолатсизлик қилишдан эҳтиёт бўлайлик!
Аллоҳ таоло барчамизни зулм қилишдан ва зулм кўришдан асрасин!
Интернет маълумотлари асосида
Нозимжон Иминжонов тайёрлади