muslim.uz
Чинакам бойлик бизнинг маконда
Кеча Ўзбекистонда ислом цивилизацияси маркази қурилиши билан танишишга келган Президентимиз:
– Ҳамма ўз тарихини улуғлайди. Лекин бизнинг мамлакатимиздагидек бой тарих, боболаримиздек буюк алломалар ҳеч қаерда йўқ. Бу меросни чуқур ўрганишимиз, халқимизга, дунёга етказа билишимиз керак. Бу марказга келган одам тарихимиз ҳақида тўла тасаввурга эга бўлиши, катта маънавият олиб кетиши зарур”, – дедилар.
Муҳтарам Президентимиз тилга олган бой тарихимиз ва буюк алломаларимизни айримларини ёдга олиб кўрамиз:
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг “Саҳиҳи Бухорий”си неча асрлардирки, бутун дунё мусулмонларига дастуруламал бўлиб келмоқда;
Имом Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Заҳҳок ас-Сулмий аз-Заририй ал-Буғий ат-Термизийнинг «Сунани Термизий» асари «Саҳиҳ Бухорий» ва «Саҳиҳ Муслим» китобларидан кейинги ўринда туради;
Абул Қосим Маҳмуд ибн Умар аз-Замахшарий араб грамматикаси, луғатшунослик, адабиёт, аруз илми, география, тафсир, ҳадис ва фиқҳга оид элликдан ортиқ асарлар яратган. Араб тили грамматикасига оид «Ал-Муфассал» (1121 йил) асарини у Маккада яшаган пайтидаёзган. «Ал-Муфассал» араб тили наҳву сарфини ўрганишда йирик қўлланма сифатида азалдан Шарқда ҳам, Ғарбда ҳам шуҳрат топган асарлардан ҳисобланади. Ўша даврнинг ўзидаёқ араблар орасида бу асар катта эътибор қозонган ва араб тилини ўрганишда асосий қўлланмалардан бири сифатида кенг тарқалган;
Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Ҳанафий ал-Мотуридий ас-Самарқандий раҳимаҳуллоҳ мусулмонлар эътиқодига турли хил ёт ғоялар кириб келишининг олдини олган ва илмни жоҳилларнинг таъвилидан ҳимоя қилган раббоний олимлардан эди;
Имом Абу Муин Маймун ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муътамид ибн Муҳаммад Макҳул ан-Насафий “Имом фозил сайф ул-ҳақ” (ҳақиқат қиличи ) каби тахаллус билан улуғланган;
Буюк фақиҳ Али ибн Абу Бакр ибн Абдулжалил Фарғоний Риштоний Марғиноний фиқҳда беҳад катта илмга эга бўлгани ва бу соҳада беқиёс асарлар яратгани туфайли Бурҳонуддин (Ислом динининг далили) номи билан донг таратган.
Унинг “Ҳидоя” асари бутун мусулмон оламида машҳур бўлиб кетди, мусулмон ҳуқуқи – фиқҳ бўйича энг аниқ, изчил, мукаммал асар сифатида тан олинган;
Булардан бошқа яна не-не буюкларимиз борки, уларнинг фақат номининг ўзини санаб чиқишнинг ўзиёқ кишидан катта илм ва масъулият талаб қилади.
Муҳтарам Президентимиз Ўзбекистонда ислом цивилизацияни очишдан мақсад ана шарафли аждодларимиз қолдирган бебаҳо меросни пухта ўрганиб, ушбу илмлардан эл-юрт манфаат олсин деган эзгу ғояни назарда тутганини турли муносабатлар билан бир неча бор таъкидлаб ўтдилар. У киши айтганидек, Марказга келган одам бу ердан қуруқ таассуротлар билан эмас, маънавиятини бойитадиган илму ирфон олиб, руҳи юксалиб қайтмоғи керак.
Мана Ўзбекистон ташаббуси билан 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси қабул қилинди. Чинакам маърифат ва диний бағрикенглик илдизлари эса аждодларимиздан мерос бўлиб қолган илмий-ижодий ишларда ўз ифодасини топган. Ўзбекистонда ислом цивилизацияси маркази ана шундай бебаҳо мерос билан дунё халқини таништиришга, бутун олам аҳлини бағрикенгликда, илму маърифат устуворлигида яшашга даъват этади, иншоаллоҳ!
Дамин ЖУМАҚУЛ
Пойтахтда яна бир жоме пойдеворига ғишт қўйилди
Аллоҳ таолога шукрки, юртимизда янги масжидларни бунёд этиш, мавжудларини замонавий шаклда қайта барпо қилиш ишлари давом этмокда. Тошкент шаҳри Уч тепа тумани “Мирбобо ота” жоме масжидининг янги биноси замонавийлик ва миллийликни инобатга олган ҳолда янги лойиҳа асосида қайтадан қуриш ишлари бошлаб юборилди.
Кеча бўлиб ўтган хайрли тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари иштирок этиб, масжид биносининг биринчи ғиштини яхши тилак ва хайрли дуолари ила қўйиб бердилар.
Маросимда уламолар, масжид қавми, маҳалла фаоллари ва мўйсафид отахонлар иштирок этдилар. Шунингдек, нуронийлар ва эзгу ниятда йиғилган қалби пок инсонлар ҳам бирин-кетин пойдеворга ғишт қуйдилар.
Бундай эзгу ишга ҳисса қўшиш истагидаги қурувчилар ўз маҳоратларини кўрсатиб, бор куч-ғайрат билан меҳнат қилишмоқда. Зеро, масжид қуришнинг савоби улуғ экани Ислом манбаларида баён қилинган. Бу ҳақда Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан бундай ривоят қилинган: “Ким масжидда битта чироқ ёқса, ўша чироқнинг нури ўчгунича фаришталар у кишининг ҳаққига истиғфор айтиб турадилар”. Мана шундай савобли ишларга мухлис халқимиз масжид биноси қурилишида фаол иштирок этмоқдалар.
Ҳақ таоло ушбу жоме масжиднинг қад ростлаётган янги биносини файзу баракотли айласин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Нишонга урилган гаплар: “Инсонларнинг қандайлигини мусофирликда ёки мусибат келган пайтда биласан”
Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.
*****
Ёдингизда тутинг, азизлигингиз Исломга амал қилишингиздадир. Сизларга нусрат Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилганингизда келади. Бирорта хатони кичик санаманглар! Душманга ишонманглар!
Султон Абдулҳамид II раҳимаҳуллоҳнинг васиятидан
*****
Ҳеч қачон илм олаётган кишидан қўрқмадим. Аммо баъзи китобларни ўқиб олиб, ўзларини олим деб ҳисоблайдиган анави аҳмоқлардан йироқ юраман.
Султон Абдулҳамид II раҳимаҳуллоҳ
*****
Кучли – бошқанинг устидан ҳукм қилган кимса.
Буюк – ўз нафсининг устидан ҳукм қилган киши.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Инсонларнинг қандайлигини мусофирликда ёки мусибат келган пайтда биласан.
Абдурроҳман Мунийф
*****
“Мени фалончи юборди” деган сўз 10 йиллик тажриба ва 5 та дипломга тенг бўлиб қолди.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Кўп душманларга йўлиқдим. Лекин уларнинг ичидаги энг ёмони ўзларини менинг дўстим эканини даъво қилувчилардир.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Оғриқ қолдирувчи воситалар – кўп юриш ва инсонни хурсанд қиладиган ишлар билан машғул бўлишдир.
Абу Али ибн Сино
*****
Чин муҳаббат – собит турганидир.
Кетадиган муҳаббат муҳаббат эмас.
Ўзгарадиган муҳаббат муҳаббат эмас.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
Яна 22 мамлакат фуқаролари Ўзбекистонга визасиз келиши мумкин
Ўзбекистон ҳукумати яна 22 мамлакатга виза чекловини олиб ташлашни муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда 20 декабрь куни Ўзбекистон туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи Улуғбек Қосимхўжаев йил якунларига бағишланган йиғилишда айтган.
Бундан аввал мамлакатга туристлар оқимини кучайтириш ва виза чекловларини либераллаштириш мақсадида Ўзбекистон 18 давлат фуқаролари учун визасиз режимни йўлга қўйган эди. Хусусан, 2018 йилнинг февраль ойида Ўзбекистон Исроил, Индонезия, Жанубий Корея, Япония, Туркия, Тожикистон, Сингапур ва Малайзия фуқаролари учун, октябрда Франция фуқаролари учун визасиз режим жорий этган эди.
Бундан ташқари, фуқаролари соддалаштирилган тартибда кириш визаси олувчи мамлакатлар сони 12 тадан 50 тага етказилган. 2018 йил 15 июлдан хорижликларга электрон кириш визаларини бериш тизими йўлга қўйилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати