Ўзбекистон янгиликлари

Президентимиз Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Мамлакатимизда диний бағрикенгликни таъминлаш, маърифатли ислом қадриятларини асраш ва тарғиб этиш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Абу Исо Муҳаммад Термизий каби буюк алломаларимиз номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари барпо этилаётгани, диний таълим олиш имкониятлари кенгаяётгани, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниб, уларга шароитлар яратилаётгани жаҳонда эътироф этилмоқда. 
 
Жорий йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” номли махсус резолюцияси қабул қилингани Ўзбекистоннинг диний бағрикенглик борасидаги ташаббусининг ёрқин ифодаси бўлди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурган ташаббуси асосида қабул қилинган ушбу ҳужжат жаҳон халқлари ўртасида мавжуд динларга мансуб маърифий бағрикенглик маданиятини кучайтиришга хизмат қилади.
 
Бу тарихий воқеа Ўзбекистонда дин соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жаҳонда тан олинаётганидан, юртимизнинг айнан ушбу масалаларда бой тарих ва тажрибага эга эканидан далолат беради. 
Пойтахтимизда барпо этилаётган Ислом цивилизацияси маркази давлатимиз раҳбарининг айни соҳасидаги эзгу ташаббусларидан биридир. 
 
Шавкат Мирзиёев жорий йил 15 июнь куни ушбу марказ қурилишига ташриф буюриб, иншоот пойдеворига рамзий тамал тоши қўйган эди. 
 
Айни пайтда марказ қурилиши жадал олиб борилмоқда. Бош пудратчиси “12-трест” акциядорлик жамияти бўлган иншоот пойдевори қуйилиб, девор кўтарилмоқда. Қурилиш ишлари 3 сменада ташкил этилган, ишчи-муҳандисларга зарур шароитлар яратилган.
 
Марказ лойиҳаси шарқона услубда бўлиб, биринчи қаватдан маросимлар зали, қадимий қўлёзма ва осори-атиқаларни таъмирлаш, мавсумий кўргазма бўлимлари, дўконлар, музей омборлари, 200 ўринли автотураргоҳ ўрин олади. 
 
Иккинчи қаватда кутубхона, анжуманлар зали, аждодларимизнинг ислом дини, илм-фан ривожига қўшган ҳиссаси, санъат, таълим, шаҳарсозлик ва меъморлик анъаналарига бағишланган кўргазма заллари, ўртада Усмон Қуръони жойлашади. Учинчи қават ахборот-ресурс маркази, илмий кафедралар, халқаро анжуманлар зали ва бошқа хоналарни ўз ичига олади.
 
Президентимиз қурилиш жараёни билан танишди. Кўргазмалар залида Ўзбекистон тарихи даврлар бўйича, ҳар бир аср, ҳар бир алломага оид манбалар ва ашёлар асосида намойиш этилиши зарурлигини таъкидлади.
 
– Ҳамма ўз тарихини улуғлайди. Лекин бизнинг мамлакатимиздагидек бой тарих, боболаримиздек буюк алломалар ҳеч қаерда йўқ. Бу меросни чуқур ўрганишимиз, халқимизга, дунёга етказа билишимиз керак. Бу марказга келган одам тарихимиз ҳақида тўла тасаввурга эга бўлиши, катта маънавият олиб кетиши зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.
 
Давлатимиз раҳбари марказни пардозлаш ва жиҳозлашни такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берди.
 
Умар Асроров, ЎзА
 
Манба: http://www.uza.uz
 
 
Read 2618 times

Янгиликлар

Top