muslim.uz

muslim.uz

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:

فَإِذَا نُقِرَ فِي النَّاقُورِ

“Ва қачонки дудга пуфланса” (Муддассир сураси, 8-оят).

Ушбу оятдаги “дуд” деб таржима қилинган сўз арабчада “наақуур” бўлиб келган. Бу Қиёмат олдидан чалинадиган, пуфланадиган сурдир. Кўплаб муфассирлар, жумладан, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо, Мужоҳид, Шаъбий, Зайд ибн Аслам, Ҳасан, Қатода, Заҳҳок, Рабийъ ибн Анас, Суддий ва Ибн Зайд каби улуғлар оятдаги “Наақуур”ни “Сур” деб тафсир қилишган. “Сур” дунё охирлаганда чалинадиган нарса бўлиб, у чалингач, одамлар қайта тирилиб, маҳшар майдонига тўпланади.

Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ “У (ҳайвоннинг шохидек) шохга ўхшаган нарса” деганлар.

“Нақр” деган сўз арабча бўлиб, ўзбекчада “тақиллатмоқ”, “чертмоқ”, “зарба бермоқ”, “чалинадиган нарсани чалмоқ” каби “овоз чиқариш” маъноларида келади.

Қушнинг дарахтга тумшуғини тез-тез уришини ҳам нақр сўзи билан ифода қилинади. Шунинг учун қушларнинг тумшуғини ҳам “минқор” дейилади. Бу сўз ҳам “нақр” сўзидан олинган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу оят ҳақида “Сур соҳиби сурни олиб, пуфлашга тайёр бўлиб, қачон пуфлашга амр қилинишини кутиб турган бўлсаю, мен қандай қилиб (дунё неъматлари билан) лаззатланиб юраман” деган мазмундаги ҳадисни ривоят қилган эканлар. Ҳадиснинг давомида саҳобалар “Бизга нимани буюрасиз, эй Расулуллоҳ?” деб сўрашганда, у зот алайҳиссалом: “Ҳасбуналлоҳ ва неъмал вакийл. Ъалаллоҳи таваккалнаа” деб айтинглар” деган эканлар.

Уламолар ушбу оятдаги пуфлаш иккинчи сур чалиниши эканини айтишган. “Бу биринчи сур чалиниши” деган олимлар ҳам бор. Сурни Исрофил алайҳиссалом пуфлайдилар.

Абу Жанобдан ушбу оят билан боғлиқ мана бу ривоят келтирилган: “Зурора ибн Авфо бизга имом бўлди. (Муддассир сурасини ўқиб,) “Фаизаа нуқиро фин наақуур” оятига етганда, жони узилиб, ерга йиқилди”.

Аллоҳ таоло оятнинг давомида бундай деган: 

فَذَلِكَ يَوْمَئِذٍ يَوْمٌ عَسِيرٌ عَلَى الْكَافِرِينَ غَيْرُ يَسِيرٍ 

“Ўшал кун, қийин кундир. У кофирларга осон эмасдир (Муддассир сураси, 9-10-оятлар).

Ҳа, бу кун жуда оғир, шиддатли кундир. Аллоҳга, Пайғамбарларга иймон келтирмаганларга жуда оғир кун бўлиб, асло осон эмас. Валлоҳу аълам.

Аллоҳ таоло бизга у кунни осон қилсин! Барчамизни жаннатига меҳмон айлаб, дўзахидан паноҳ берсин, омин! 

 

Ибн Касир, Табарий, Қуртубий тафсирлари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

 

 

Бағдод.

Ироқ пойтахти Бағдод шаҳридаги “Уммул Қуроъ” университетидаги мажлислар залида  2019 йил 16 февраль куни “Қуръони каримдаги илмий мўъжизакорлиги” мавзусидаги 1-халқаро анжуман ўтказилади.

Ислом олами доирасида аҳамиятли саналган мазкур анжуманда тиббиёт, коинот, ер курраси, денгиз илмлари, шунингдек гуманитар ва табиий фанлардаги Қуръони каримнинг мўъжизакорлигига оид мавзулар муноқаша этилади. Анжуманга мақолалар араб ёки инглиз тилида тақдим этилади.

“Қуръони каримнинг илмий мўъжизакорлиги” мавзусидаги 1-халқаро анжуман Ироқдаги суннийлик жамғармаси раиси доктор Абдуллатиф ал-Ҳамим раҳбарлигида “Маърифат асрида Қуръони каримнинг улуғланиши” шиори остида ўтказилиши режалаштирилган.

  

Халқаро алоқалар бўлими мутахассиси

Илёс Аҳмедов тайёрлади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита тавсиясига асосан жойларда фаолият юритаётган имом-хатиб, отинойи ва диний соҳа ходимларини мамалакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳатлар билан яқиндан таништириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасида фаолият юритаётган имом-хатиблар, отинойи ва диний соҳа ходимлари учун ўқув-семинари ташкил этилди.

Семинар доирасида маданий-маърифий табдирлар дастурига асосан жорий йилнинг 24 декабрь куни Элликқалъа туманида фаолият кўрсатаётган беш нафар отинойилар Элликқалъа туманидаги "Абдулло Норижоний" зиёратгоҳига ташриф буюрдилар. Улар зиёратгоҳ фаолияти билан танишиб, кўплаб маълумотларга эга бўлишди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган. 

*****

Ўзингда бор нарсалар ҳақида тафаккур қил, ўзингда йўқ нарсалар ҳақида эмас. Сенда бор нарсалар Аллоҳнинг карамидандир. Сенда йўқ нарсалар Аллоҳнинг ҳикматидандир.

“Ҳикмат дурдоналари”

*****

Агар сени қоронғуда топа олмасам, (тонг отиб, атроф) ёруғ бўлганда сенга эҳтиёжим йўқ.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Шайтонлар – Ватан учун эмас, балки Ватанга қарши урушувчилардир.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Лаганбардорлик ва мунофиқликни бас қил! Нима бўлган тақдирда ҳам ҳақиқатни гапир! Сенинг ёнингда қоладиганлар битта қўлингдаги бармоқлар ададидан ошмайди. Лекин ана ўшалар сен билан бир умрга бирга бўладилар.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Муаммо ҳақни билишда эмас. Балки натижа нима бўлишидан қатъи назар ҳақни айтишдадир.

Муҳаммад Ғазолий раҳимаҳуллоҳ

*****

Одамларнинг тасарруфларини кузатадилар.

Одамларнинг хулқ-атворини танқид қиладилар.

Одамларнинг ниятларини таҳлил қиладилар.

Шу билан ўз ҳаётларини яшамай, балки одамларнинг ҳаётини яшаб умрлари ўтиб кетади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Бир оғиз гапирмасингдан туриб сени эшитадиганлар ва тушунадиганларни эҳтиёт қил!

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Кутаётган киши учун вақт секин ўтаётгандек туюлади.

Қўрқаётган киши учун вақт тез ўтаётгандек туюлади.

Маҳзун киши учун вақт узундек туюлади.

Ўйин-кулги қилаётган киши учун вақт қисқадек туюлади.

“Ҳикмат дурдоналари”

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Машҳур устозлардан бири Абдулазиз ат-Тавийжирийнинг уйларида меҳмон бўлиб, кундузи билан у кишининг суҳбатларида бўлдим.

Аср намози яқинлашган бир пайтда устоз мени қўлимдан ушлаб хонасига олиб кирдиларда: Сени ажойиб роҳат баҳш этувчи уч дақиқалик дам олишинги истайман дедилар. Гўёки бу Хитойнинг тиббиётига ўхшар эди.

Шундоқ ҳам дам олиш учун бир неча дақиқалардан ортиқ вақт йўқ эди. Мен ётдим. Устоз: кўзингни юм, оғзингни ёп ва дунёни унит, дедилар.

Мен икки кўзимни юмдим. Кўзни юмиш деганда: дунёни, муаммоларни, ғам-ғусса ва хафагарчиликларни эслатадиган манзараларни кўрмайсиз. Оғизни юмиш деганда: суҳбатлашмайсиз ва гапирмайсиз. Дунёни унитиш деганда: ўйингизни дунё ишларини тафаккур қилиш билан машғул қилмайсиз.

Ҳақиқатда кечаси билан ухлаб дам оламиз бироқ, борлиқ ўзгармайди. Чунки борлиқ Аллоҳнинг ҳимоясидадир. Ҳаётда борлигимиз йўқлигимизга, тириглигимиз вафот этганимизга ўхшайди. Биз шундай бир башармизки таом еймиз, бозорларда юрамиз, ухлаймиз ва яна уйғонамиз. Бироқ биз борлиқга келсакда ва ўтиб кетсакда дунёда бирор-бир нарса ўзгармайди.

Мен ушуб уч дақиқада унитишни бошладим. Ҳеч нарсани ўйламадим сўнг ўтириб олдим. Ишониг ажойиб бир роҳатни ҳис қилдим.

Устоз: бу машқни катта табиблардан ўргандим. Агар ишларинг ва ташвишларинг кўпайиб кетган бўлса кўзингни юм ва дунёни унит. Чунки бу иш билан дам оласан, қалбинг ва руҳинг таскин топади. Бу иш гўёки йўл юрган одамни бекатда дам олишига ўхшайди, дедилар.  Мен ушбу уч дақиқалик дам олиш тажрибасидан келиб чиқиб айтаманки: сиз дунё муаммоларини юк қилиб кўтариб юрманг чунки сиз борлиқга масул эмассиз. Шунингдек оилангизни қазо қадарига ҳам эга эмассиз.

Болангиз касал бўлиб қолса, шифо Аллоҳдан, қизингиз бирор-бир ташвиш билан сизга шикоят қилса, унинг ечими Аллоҳдан, қарздор бўлиб қолсангиз, унинг ҳал бўлиши ҳам Аллоҳдан ва агар сизга бирор бир мусибат етса, унинг ечими ҳам Аллоҳдандир.

Шундай экан барча ишларнинг калитини Аллоҳга топширинг ва дунёни унитинг. Шуни билинки, сиз бу оламда бир заррасиз. Тадбирингиз ҳам ҳаракатингиз ҳам Аллоҳнинг қўлидадир.

Сизга фақатгина Мавлоингизга гўзал бандалик қилишингиз даркордир. Шу билан Аллоҳнинг розилигига эришасиз, ишларингизни тадбири гўзал бўлади ва сизни Яратган зот энг яхши йўлга йўналтириб қўяди.

Бугунли кунимиз шовқин, захмат, толиқиш ва қийинчиликлар билан тўлиб тошган. Ғам-ғуссалар ва муаммолар билан машғул бўлиб қолганмиз. Мисол учун: болаларимизнинг ўқиши, уй ишлари, ҳисоб китоб, ниҳоясига етмаган ишларимиз, ҳаққини талаб қилаётган дўстларимиз, қарзларини сўраётган пул эгалари ва бир қанча ҳаёт талаб қиладиган узундан-узун ишлар.

Буларнинг барчасидан узулиб, ҳаётингизда ҳотиржамлик, сокинлик ва осойишталикни пайдо қилишингиз учун кўзингизни юмиб ва дунёни унитишингиз учун бир қанча дақиқа зарур бўлади. Бу вақтда барча ишингизни ҳатто қалблардаги нарсаларни ҳам билувчи Зотга топширинг!

Бу қандай ҳам роҳат берувчи бир лаҳзаки, мен уни ҳеч эсимдан чиқармайман. Қачон ушбу ишни қилсам роҳат қиламан, хотиржам ва тинч бўламан.

Бу ўрганган ишимни қилишимдан олдин жуда ташвишли, қачон мошинамга ўтирсам жисмимни толиқганини ва руҳимни безовта бўлганлигини сезаман.

Лекин ушбу уч дақиқалик кўзни юмиб, дунёни унитиш менга доимо вазминликни, роҳат ва хотиржамликни қайтариб беради.

Шундай экан эй азиз дўстим! Ҳаётингиз давомида сизга роҳат ва ҳотиржамлик берувчи бир бекат қуринг. Борлиқни Эгасига, халқни Яратувчисига ва ишингизни Аллоҳга топширинг. Қурган бекатингизда тўхтаб, дам олиб, тинчлик, сакинат ва ҳотиржамликка эга бўлганингиздан сўнг куч-қувватга эга бўлиб, ҳаётингизни давом эттиринг!

“Ниҳоят баҳтли бўлишни кашф қилдим” асаридан. “Кулол-Қўрғон” жомеъ масжиди имом хатиби Абдурахманов Яҳё таржимаси.

 

Top