muslim.uz
Нишонга урилган гаплар: “Чиндан севадиган қалбларда вафо кишнаб туради”
Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.
*****
Истаган одамингга яхшилик қил, унинг амирига айланасан.
Истаган одамингдан бирор нарса сўра, унинг асирига айланасан.
Исгана одамингдан ҳеч нарса сўрама, унинг ўхшаши бўласан.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу
*****
Сен ҳақингда ёмон гапларни гапиришади. Кейин сен билан бир дастурхон атрофида ўтиришади. Тез-тез юзингга табассум қилиб, яхши кўрувчи инсон ролини ўйнашади. Бу пасткашликдир.
“Ҳикмат дурдоналари”
*****
Агар ташқи кўринишингни гўзал қилсанг, одамларнинг назарини ўзингга жалб қиласан.
Агар ички дунёингни гўзал қилсанг, одамларнинг қалбларини ўзингга жалб қиласан. Билиб қўйки, ичинг фосид бўла туриб, ташқингни гўзал қилишингни фойдаси йўқ.
“Ҳикмат дурдоналари”
*****
Овозингни эмас, сўзларингнинг савиясини кўтар. Атиргулнинг ўсишига сабаб бўладиган нарса яшин, момақалдироқ эмас, ёмғирдир.
“Ҳикмат дурдоналари”
*****
- Бахилдан ҳам қабиҳроқ кимиса борми?
- Ҳа, бор. Сахий одам эҳсон қилган кишисига қилган эсҳосинини миннат қилса, шу қабиҳроқдир.
“Ҳикмат дурдоналари”
*****
Баъзилар оғриқ манбаи бўлади. Баъзилар дарс бўлади. Баъзилар ширин хотира бўлади.
“Ҳикмат дурдоналари”
*****
Чиндан севадиган қалбларда вафо кишнаб туради.
“Ҳикмат дурдоналари”
*****
Мушт қилиб олинган қўл билан сўрашиб бўлмайди.
Берк ақл билан мунозара қилиб бўлмайди.
Қотиб қолган ақллар билан гаплашиб бўлмайди.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Мунофиқ дўст ўнта душмандан ёмонроқдир.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
“Жим туриш унутишдир” деб ўйлашдан эҳтиёт бўл. Ер ўзи жим турса ҳам ичида мингта вулқон бор.
Форуқ Жувайда
*****
Хорлик остида минг йил яшама, азизлик сояси остида бир кун яша.
Антара ибн Шаддод
*****
Қилаётган ишимни одамларга тушунтириб ўтирмайман. Токи бирор киши “Бунинг қилаётган ҳар бир ишини билишга ҳаққим бор” деб ўйлаб қолмасин.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Уч киши сирни сақлай олади, агар улардан иккитаси вафот этган бўлса.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Ҳаётларда бирор нарсани қўлга киритишнинг уддасидан чиқа олмаганлар доим бошқаларни йиқитишга уриниб яшайдилар.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
Қизалоғим менинг
Эр-хотин тўйдан бир кун ўтиб, эшикни ҳеч кимга очмасликка келишиб олишибди. Ўша куни эрнинг қариндошлари келиб, эшикни таққиллатишибди. Эр-хотин бир-бирига қараб, келишувни бузмаслик учун сукут сақлаб тураверишибди. Эшик очилмагач, меҳмонлар ортларига қайтиб кетишибди. Бироз вақт ўтгач, аёлнинг қариндошлари келибди. Келин кўз ёш тўкиб: «Аллоҳга қасамки, яқинларимни эшик тагида туришларига тоқат қила олмайман. Эшикни очайлик, илтимос, майлими», деб ҳиққиллаб туриб олибди. Эр сукут қилди. Эшик очилди.
Орадан йиллар ўтди. Улар тўртта ўғил фарзандли бўлишибди. Бир йилдан сўнг яна бир чақалоқ дунёга келибди. Бу сафарги фарзанд - қиз эди. Ота ўзида йўқ хурсанд бўлди. У шодликдан ўзига сиғмас эди. Шукроналар келтириб, қўйлар сўйиб, эҳсонлар қилиб берибди. Одамлар ҳайрон бўлиб, удан сўрадилар: «Нима учун тўрт ўғил фарзандингизда бунчалик хурсанд бўлмагансиз? Қиз фарзандингизга бунча эътибор?! Бунинг сабаби нима?». У жавоб берди: «Бу фарзандим - менга эшик очадиганим. Қизалоғим менинг!!!»
Насибуллоҳ домла Юнусалиев,
Шаҳрихон тумани “Мулла Эгамберди Охун”
жоме масжиди имом-хатиби
Мўминаларга ибрат мўминалар: Ҳафса онамиз (Розияллоҳу анҳо)
Ҳазрати Ҳафса (розийаллоҳу анҳу) билимли, юксак ахлоқли, иродаси мустаҳкам, садоқатли бир саййида аёл эди. У ҳижратнинг учинчи йили Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) оилаларига қўшилиб, мўминларнинг онаси бўлиш шарафига эришди.
Ҳазрати Ҳафса табиатан бироз қаттиққўл эди. Ҳазрати Ойиша онамиз уни шундай тавсиф этади: “Ҳафса том маънода отасининг қизидир. Мустаҳкам иродаси бор. Бир сўзли ва қатъиятлидир“. Бир куни Расули Акрам Ҳафса онамиз олдида Ҳудайбияда байъат этган асҳобни эслаб: — Иншааллоҳ, Ҳудайбияда байъат этган асҳобим жаҳаннамга кирмайди, — деб марҳамат қилдилар. Ҳафса (розийаллоҳу анҳу) эса: “Сизлардан ҳар бирингиз унга (жаҳаннамга) тушгувчидирсиз. (Бу) Парвардигорингиз (амрига биноан) вожиб бўлган ҳукмдир“, (Марям,71) оятини ўкиди. Пайғамбаримиз ҳам унга: “Сўнг тақводор бўлган зотларни (ундан) қутқарурмиз ва золим кимсаларни тиз чўккан ҳолларида (жаҳаннамда) қолдирурмиз“, (Марям, 72) оятини ўқиб, жавоб бердилар. Ҳазрати Ҳафса онамиз ибодатда мустаҳкам эди. Кўп намоз ўқир ва нафл рўза тутарди. Унинг ҳаёти ҳам бошқа оналаримиз каби фақирликда ўтди. Ётоқ ўлароқ фойдаланадиган биргина шолчаси бор эди. Ёз кунлари уни тагига тўшар, қишда эса бир тарафини остига тўшаб, бир тарафини устига ёпарди. Кўпинча ейишга нон тополмас эди. Шундай бўлса ҳам сира шикоят қилмас, доим шукр қилиб яшарди. У Расули Акрамга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) садоқат ва муҳаббат билан боғланган эди. Ўзига ҳадя қилинган нарсаларни еб-ичмай, Расулуллоҳга икром қиларди. Ул зотни доимо ўз нафсидан юксак ва афзал биларди. Бир куни Ҳазрати Ҳафсага бир тулум асал тортиқ қилишди. Расули Акрам унинг хонасига кирганларида, Ҳафса ўша асалдан икром этарди.
Ҳазрати Ҳафса Фахри Коинотнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дорулбақога иртихолларидан сўнг ҳам муҳим хизматларни адо этди. Ҳазрати Абу Бакр даврида Қуръони карим оятлари бир ерга тўпланиб, Мусҳаф ҳолига келтирилган эди. Бу ягона нусха Ҳазрати Абу Бакрда турарди. Вафотидан сўнг Ҳазрати Умарнинг назоратига берилди. Ҳазрати Умар ҳам яраланиб, шаҳид бўлгач, қизи Ҳазрати Ҳафса онамизга топширилди. Ҳазрати Ҳафса уни садоқат билан муҳофаза қилди. Ҳазрати Усмон даврида бу нусха кўпайтирилди.
Саидаброр Умаров
Тафаккур қилиш вақти келди!
Тараққиёт. Ерда Одам болалари тарқалгандан бери башариятнинг энг катта мақсадларидан бири тараққиёт бўлиб келмоқда. Чунки, Аллоҳ таоло томонидан фақат инсонларгагина тараққий этиш неъмати тортиқ этилган. Асрлар давомида аждодларимиз ҳам тараққиёт сари олға интилганлар! Ва бу интилиш, илм-фан, маданият, иқтисод ва бошқа тараққиётга олиб борувчи омилларнинг шаклланишига туртки бўлди. Бугун ҳам, Ер юзидаги барча халқлар, тараққиётнинг юксак марраси учун “кураш” олиб бормоқда. Гап шундаки, бу жараён турли ҳудудларда турли даражаларда шаклланяпти. Яъни, ривожланиш мамлакатларда аҳолисининг дунё қараши, илмий салоҳияти ва фикрлаш доирасидан келиб чиқиб жадал, ўрта ёки аста-секинлик билан содир бўлмоқда. Шу ўринда ҳақли бир савол туғилади: Юксак тараққиётга эришишнинг энг асосий омили нима? Қандай қилиб халқ орасида ўтмишда ўтган аждодлари сингари фавқулодда истеъдод ва иқтидор эгаларини тарбиялаш мумкин? Юқоридаги саволларга жавоб қидириш жараёнида беназир бир манбага кўзим тушди ва жавоб топгандек бўлдим. Қуйида бизни қийнаётган саволларга жавоб бўлган асардан қисқа парча келтирамиз:
Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Бир соатлик тафаккур бир йил ибодат қилгандан хайрлироқ”, деб марҳамат қилганлар. Қуръони каримда тадаббур, эътибор, назар ва фикр қилишга ундайдиган оятлар кўп.
Сир эмаски, фикр нурлар калити ва билиш учун ҳаракат асосидир. Шунингдек, фикр илмларни ўзида тутиб қоладиган тўр, мақсад ва тушунча тузоғидир. Кўпчилик илмнинг фазл ва мартабасини билса ҳам, унинг ҳақиқати, самараси, масдари, макони, пайдо бўлиш жойи, йўли ва кайфиятидан хабардор эмас. Шу билан бирга, инсон қандай тафаккур қилиш, нима тўғрисида ва нима учун тафаккур қилишни, талаб этилган нарса айни мақсад ёки мақсад эмаслигини ҳам тўғри ҳал қилиб ололмаган.
Аллоҳ таоло тафаккур ва мушоҳадага буюриб, тафаккур кишиларини мақтаб, шундай дейди: “Улар туриб ҳам, ўтириб ҳам, ётиб ҳам Аллоҳни зикр этадилар ва осмонлару Ернинг яратилиши ҳақида фикр юритадилар (ва дуо қиладилар:) “Эй, Раббимиз! Бу (коинот)ни беҳуда яратмагансан. Сен (айблардан) пок зотдирсан. Бас, бизни дўзах азобидан сақлагин! (Оли Имрон сураси, 191-оят)
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо айтадики: “Бир қавм Аллоҳ азза ва жалла тўғрисида тафаккур қилиб ўтиришганди. Набий алайҳиссалом уларга: “Аллоҳ яратган нарсалар хусусида фикрланглар, Аллоҳ хусусида фикрламанглар. Сизлар ҳеч қачон унинг ўлчовини идрок этолмайсизлар”, дедилар. Бошқа бир ривоятда келадики, Набий алайҳиссалом бир куни бир қавмнинг олдига бордилар. Улар тафаккур ҳолатида ўтиришган экан. Набий алайҳиссалом: “Сизларга нима бўлди, гапирмайсизлар”, дедилар. Улар: “Аллоҳ яратган махлуқларни ўйлаб ўтирибмиз”, дейишди. Буни эшитиб Набий алайҳиссалом: “Шундай давом этаверинглар, Аллоҳ яратган махлуқларни фикрланглар, унинг ўзи тўғрисида фикрламанглар...”, дедилар.
Ҳасан Басрий: “Бир соатлик тафаккур бир кечани ибодат билан ухламай ўтказгандан хайрлироқ”, деган. Фузайл айтадики: “Фикр сенга яхши ва ёмон амалларингни кўрсатиб турадиган кўзгудир”.
Бир ривоятда келишича: Иброҳимга бунча узоқ тафаккур қилиб ўтирасан, дейишди. У: “Фикр ақлнинг илигидир”, деб жавоб берди. Суфён ибн Уйайна кўпинча мана бу шеърий парчани ўқишни ёқтирарди:
“Йигит кишида бўлса гар фикр,
Ҳар нарсада унга ибрат бор”.
Товус айтадики: “Ҳаворийлар Ийсо алайҳиссаломга: Эй Руҳуллоҳ! Бугун ер юзида сизга ўхшаган киши борми, деб сўрашди. У шундай жавоб берди: “Кимнинг нутқи зикр, сукути фикр ва назари ибрат бўлса, албатта у менга ўхшабди”. Ҳасан Басрий: “Кимнинг сўзи ҳикмат бўлмаса, у ларв (беҳуда)дир, кимнинг сукути тафаккур бўлмаса, у хато, кимнинг назари ибрат олиш бўлмаса, у лаҳв (бефойда амал)дир”, деган.
Аллоҳ таоло Ўз Каломида: “Ер (юзи)да ноҳақлик билан кибрланиб юрувчилар (онги)ни оятларимиз (идроки)дан четлатиб қўяжакмиз” дея марҳамат қилади. (Аъроф сураси, 146-оят) Аллоҳ таоло мазкур оятда уларни тадбирим тўғрисида тафаккур қилишдан тўсиб қўяман, дея таъкидламоқда.
Абу Саъд Худрий ривоятида Набий алайҳиссалом: “Кўзларга ҳам ибодат ҳақини беринглар”, дедилар. “Эй Расулуллоҳ, унинг ибодат ҳақи нима?” деб сўрашди. У зот: “Мусҳафга қараш (тиловат қилиш) ва ундаги ажойиботлар зикри ўтганда у ҳақда тафаккур қилиш”, дедилар.
Абдуллоҳ ибн Муборак бир куни Саҳл ибн Алини фикрга чўмиб, жим ўтирган ҳолда кўриб: “Қаерга етиб бординг?” деб сўради. “Сиротга”, деб жавоб берди у.
Хулоса шуки, тараққиётнинг энг асосий омили бу тафаккур яъни фикрлашдир. “Фикрлаяпманми, демак, яшаяпман!” деган эди машҳур файласуф Рене Декарт. Инсон фикрлагани учун қадри баланд, фикрлагани учун ҳайвондан фарқланади, фикрлагани учун ривожланади ва юксак илм-фан ютуқларига эришади. Бунга тарих ҳам гувоҳ! Ал-Хоразмий тафаккур ила “Алгебрага” асос солди, Ал-Беруний фикрият ила “Геодезия” ҳақида асар ёзиб, глобусни ясади, Ал-Фаробий тафаккури ила “Ал-муаллим ас-соний” – “Иккинчи муаллим” унвонига сазавор бўлди, Ал-Фарғоний илм-тафаккур ила Нилни “жиловлади”, Ибн Сино тиббиёт қонунларини ёзди, аз-Замахшарий тафаккури бир халқнинг унутилаёзган тилини қутқарди, Мирзо Улуғбек эса юлдузларга “нарвон қўйди”. Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Аммо, улар ўтмишда қолди биз эса бугуннинг эгаларимиз. Демак, аждодларимиз билан шунчаки фахрланиб, кибрланмасдан фақатгина ибрат олиб, истеъмолчилик, боқимандалик кайфиятидан воз кечган ҳолда, онгимиз ва ақлимизни ҳаракатга келтириш ҳамда Яратганнинг яратган неъматлари ҳақида, борлиқ ва олам хусусида фикрлашгина бизни тараққиёт сари одимлайди. Шунда биз ҳам дунёнинг энг ривожланган мамлакатлари қаторидан жой оламиз!
Тафаккур қилиш вақти келди!
Абу Ҳомид Ғаззолийнинг “Иҳёу улумид-дин” асарининг
“Тафаккур китоби” асосида Саидаброр Умаров тайёрлади.
Аллоҳ таоло кўриб турибди-ку!
Бир одам бир аёлни ёқтириб қолди.
Бир куни кечаси аёл ўз юмуши билан ташқарига чиққан эди, эркак уни кўриб қолди ва ортидан эргашиб, аёлнинг манзилигача борди. Унинг яшайдиган жойи бир кенг саҳрода эди. Эркак аёл билан холи қолганда, унга тегажоқлик қилмоқчи бўлди. Шунда аёл:
“Қарачи, одамлар ухладимикин?” деди. Эркак ўзича: “Аёл истагимга рози бўлади шекилли” деб қувонди ва атрофни кузатиб, текишириб чиқди. Қараса, ҳамма одамлар ухлаб бўлган экан.
Хурсанд бўлиб аёлнинг ёнига қайтди, ҳамма ухлаётганининг хабарини берди. Шу пайт аёл:
“Аллоҳ таоло ҳақида нима деб ўйлайсан?! Ҳозир У ҳам ухлаяптимикин?!” деди. Эркак:
“Аллоҳ таоло ухламайдиган, Уни мудроқ олмайдиган Зотдир!” деди. Аёл эркакка:
“Ҳозир ухламаётган Зот олдин ҳам ухламаган ва кейин ҳам ҳеч қачон ухламайди! Бизни одамлар кўрмаётган бўлса ҳам У кўриб турибди! Ундан қўрқишимиз муҳимдир!” деб таъкидлади.
Бу гапларни эшитган эркак ўзига келди, аёлнинг гапларидан таъсирланди, қилмоқчи бўлган ишини Аллоҳ таолодан қўрқиб тарк этди ва тавба қилди. Кейинчалик ўша киши вафот этганда, айрим одамлар уни тушларида кўришди. Ундан:
“Аллоҳ таоло сенга қандай муомала қилди?” деб сўралганда, у:
“Аллоҳ таолодан қўрққаним ва Унга тавба қилганим учун У мени мағфират қилди” деб жавоб берди.
Ҳоний Ҳожининг “Солиҳлар ва солиҳалар, зоҳидлар ва зоҳидалар
ҳаётидан минг бир қисса” китобидан Нозимжон Иминжонов таржимаси