muslim.uz
Саҳобалар ҳаёти – Умму Сулайм (розияллоҳу анҳо)
Кечиринг ва соғлом бўлинг!
Шифокорлар хулосаси: аксарият инсонлардаги сурункали касалликлар асосан руҳий бузилиш ёки зўриқишдан келиб чиқади ва айнан шунинг учун ҳам дарддан тузалиши қийин бўлади. Кузатувлар натижасида маълум бўлдики кўнглида ва онгида салбий фикрлар (ғараз, ҳасад ва алам) сақлайдиган инсонларда сурункали касалликлар тез шаклланади ва тузалиши ҳам қийин кечади. Бу тоифадаги инсонларнинг энг хавфлиси кишиларга нисбатан кечиримлилик ҳисси паст даражадагилардир. Кечиримлиларга нисбатан кечирмайдиган инсонларда бош мия, асаб ва юрак, шунингдек ошқозон билан боғлиқ сурункали патологик симптомлар кўп учрайди. Мазкур тоифадаги инсонлар аввало ички дунё ва фикрларини ижобий томонга ўзгартиришлари лозим.
Зеро, Аллоҳ таоло кечиримлилик хусусида биз бандаларга шундай марҳамат қилади:
“Агар сизлар (уларни) афв этсангизлар, койимасангизлар ва кечирсангизлар, у ҳолда, албатта, Аллоҳ (ҳам) мағфиратли ва раҳмлидир” (Тағобун, 14).
“Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ёмонликни) гўзалроқ (муомала) билан даф қилинг! (Шунда) бирдан сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ (қалин) дўстдек бўлиб қолур” (Фуссилат, 34).
“... балки уларни афв қилиб, кечирсинлар! Аллоҳ сизларни мағфират қилишини истамайсизми?! Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир.” (“Нур” сураси, 22-оят)
Отамиз билан бизнинг ўртамиздаги фарқ
Туғилганимизда ўзини қўярга жой топа олмай, оламларга сиғмасдан, ёш боладек «суюнчи, суюнчи» деб, югурган;
Бағрига босиб, ҳидимизни ҳидлаб, «Жаннатнинг ҳиди» дея, мақтаниб қўйган;
Бир онлик табассум қилишимизни соатлаб кутиб, уни кўргач ҳамма ғам-ташвишларини бутунлай унутган;
Биринчи қадамимиз, биринчи «дада» дейишимизга дунёларни алишмаган;
Биринчи олган «5» баҳойимиздан мағрурланган;
Уйланиш ҳаракатини бошласак, кўзи тўла ёш билан бизга бахт тилаган, бу – Отадир.
Отамиз бетоб бўлиб қолса, ўзини қўярга жой топа олмай, «ака сен даволат, ука сен қара» деб югурган;
Бағрига оғриниб босиб, ҳиди келса «чўмилволинг» дея, энса қотирган;
Бир оз муддат гаплашса, ҳазиллашса, соатлаб ёнида ўтиргандек, муаммоларимизни баҳона қилиб чиқиб кетган;
Оёқлари оғриб, белидан қувват, кўзидан нур кетганида, ҳасса олиб берган;
Докторларнинг уйга берган энг сўнгги жавобларидан малолланган;
Ўлим тўшагида, сўнгги манзилга тайёргарлик кўраётганида, ишимиздаги муваффақиятни кўзимизда ёш билан нишонлаётган бу – Бизлармиз.
Абдулқодир Муҳаммадрасул
Инсонийликнинг баҳоси
Бир киши ошхонада овқатланиб ўтирган эди. Ташқаридан бир болакай билан қизалоқ ошхона деразаси яқинига келиб, ҳалиги одамнинг овқат ейишини томоша қилиб турдилар.
Шунда у одам болажонларни «Ичкарига киринглар», деб имлади. Улар кириб, ўша одамнинг олдига ўтирдилар. Кейин у киши официантга болалар учун ҳам таом, ичимлик олиб келишларини буюрди.
Беғубор меҳмонлар таомларни еб, шарбатларни ичиб, қоринлари тўйиб, хурсанд бўлиб, ташқарига чиқиб кетдилар.
Бояги киши ҳам таомланиб бўлиб, касса олдига келиб, пул тўламоқчи бўлди. Шунда кассир йигит қўлидаги «Бизда инсонийлик баҳосини ҳисоблайдиган аппарат йўқ!» деб ёзилган қоғозни мижозга узатди-да, ундан пул олмади.
Нозимжон Иминжонов тайёрлади
Маккага Брайл ёзувидаги Мусҳафлар ва электр аравачалар олиб келинди
Ҳаж ва Умра мавсумида нафақат соғлом кишилар, балки балки ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳам ибодатларини адо этишлари учун шароитлар яратилмоқда.
Макка ва Мадина шаҳарларига ногиронлиги бўлган кишиларга ёрдам кўрсатиш мақсадида, уларнинг ибодатларни қийинчиликсиз адо этишларини таъминлаш мақсадида Брайл ёзувидаги Қуръони карим нусхалари ва ногиронлиги бўлган шахслар учун электр ёрдамида ҳаракатланувчи ногиронлик аравалари олиб келинди.
Arab News нашри берган маълумотларга кўра, Маккадаги Катта Масжиднинг биринчи қавати ногиронлиги бўлган шахслар кириши учун мослаштирилди.
Масжидларда Қуръон ўқишда кўмак берувчи гапирувчи ручкалар тарқатилган. Брайл ёзувидаги Мусҳафлар ҳам масжидлар кутубхоналари жойлаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати