muslim.uz

muslim.uz

Жорий йилнинг 10-11 декабрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтиши кутилаётган “Ўзбекистоннинг маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳасининг 2018 йил якунлари ва 2019 йил учун “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқишга бағишланган халқаро мультимедиа форумида мамлакатимиз ва хорижлик 300 дан ортиқ олимлар, мутахассислар, экспертлар иштирок этиши кутилмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ташаббуси билан бир қатор ҳамкор ташкилотлар кўмагида ташкил этилаётган ушбу нуфузли тадбирда хорижий мамлакатларнинг кутубхоналари, музейлари, илмий муассасалари, шахсий коллекцияларидан топилган янги осори атиқалар ҳақида батафсил маълумот берилади.

Шундай нодир топилмалардан бири мутафаккир Мир Алишер Навоийнинг Буюк Британиядан топилган, унинг тириклик пайтида кўчирилган ноёб қўлёзмасидир.

Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси бошқаруви раиси, “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” лойиҳаси раҳбари Фирдавс Абдухолиқов бу ҳақда шундай деди:

– Мазкур қўлёзмалар “Хамса” бешлиги таркибига кирган, алоҳида муқоваланган достонлар бўлиб, XV аср охири XVI аср бошларидан Ҳиротда, темурий шаҳзода, Ҳусайн Бойқаронинг катта ўғли Бадиуззамон Мирзо топшириғига кўра Алишер Навоийга туҳфа қилиш учун кўчирилган, – деди Ф.Абдухолиқов. – Бу қўлёзмалар Буюк Британиянинг Оксфорд шаҳридаги Бодлеан кутубхонасида сақланмоқда. Биз бу ерда фақат тўртта достонни топа олдик. Демак, улардан яна бири қаердадир бўлиши керак. Китоблар жуда чиройли безатилган, алоҳида дид ва маҳорат билан кўчирилган. Қўлёзмалар Навоий асарларининг асосий котиби Султон Али Машҳадий томонидан кўчирилган, миниатюраларни Камолиддин Беҳзод ишлаган бўлиши ҳақиқатга яқин. Ҳали бу асарлар тегишли мутахассислар томонидан жиддий ўрганилиши, тадқиқ этилиши лозим. Чунки биз бу топилмалар ҳақида таниқли навоийшунос олимларимизга айтганимизда, улар ҳайратда қолишди. Буни қарангки, шу пайтгача бу қўлёзмалар адабиётшуносларимиз учун сир бўлиб келган. Биз келгусида, албатта, буюк боболаримизга тегишли бу жавоҳирларнинг аслиятдан қолишмайдиган факсимиле нусхаларини тайёрлаб, Ватанимизга туҳфа этамиз. Форумнинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, унда иштирокчилар хорижий мамлакатларда сақланаётган “Катта Лангар Қуръони”, “Девони Ҳусайний”, “Меърожнома”, “Зафарнома”, “Темур тузуклари”, “Равзатус-сафо” китоблари билан танишишга муваффақ бўлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бир муддат ваҳий келмай қолди. Бундан Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ташвишга тушиб маҳзун бўлдилар. Мушриклар: “Муҳаммаднинг Раббиси унга ғазаб қилди, уни тарк этди”, дедилар. Шунда Аллоҳ таоло Зуҳо сурасини нозил қилди (Абул Баракот Насафий. “Мадорику ат-танзил ва ҳақоиқу ат-таъвил”).

Қасамёд этурман чошгоҳ вақти билан ва (ўз зулмати билан атрофни) қоплаб турган тун биланки. Чошгоҳ вақти қуёш кўтарилаётган пайт, кундузнинг бошланишидир.

(ўз зулмати билан атрофни) қоплаб турган тун”дан мурод одамлар ва турли овозларлардан ҳоли бўлган сокинлик, сукунат қамраб олган кечадир. 

(эй, Муҳаммад!) Роббингиз Сиздан воз кечгани ҳам йўқ, ёмон кўриб қолгани ҳам йўқ! Чошгоҳ ва тун билан қасамки, эй Муҳаммад, Парвардигорингиз Сизни пайғамбарликка танлаганидан сўнг тарк этгани йўқ, сизни яхши кўрганидан кейин ғазаб ҳам қилгани йўқ.

Бу оят мушрикларнинг “Роббиси уни ташлаб қўйди”, деган сўзларига раддиядир (Шайх Муҳаммад Али Собуний. “Софватут тафасийр”). 

Албатта, Сиз учун охират (саодати) дунё (фароғати)дан яхшироқдир. Яқинда Раббингиз Сизга (шундай неъматларни) ато этурки, Сиз, албатта, (ундан) рози бўлурсиз.

Ўткинчи дунёдан охират диёри, жаннат ва ундаги боқий неъматлар яхшироқдир. Чунки Аллоҳ таоло охиратда сизга жаннат ва ундаги ҳавзи Кавсарни, қиёматда умматингизни шафоат қилиш мақоми (мақоми маҳмуд)ни тайёрлаб қўйган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бошқа оятда бундай марҳамат қилади: “Шоядки, Роббингиз Сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (шафоат қиладиган) мақомда тирилтирса” (Исро сураси, 79-оят).

Мақоми маҳмуд бу Қиёмат кунида Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ато этиладиган буюк шафоат мақомидир. Қиёмат кунида умматларини шафоат қиладилар. Расулулоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳар бир пайғамбарнинг қабул бўладиган дуоси бор. Мен дуоимни умматимга шафоат қилиш учун охиратга олиб қўйдим” деганлар (Имом Бухорий ривояти). 

(Эй, Муҳаммад! Раббингиз) Сизни етим ҳолда топиб, бошпана бермадими?! Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) она қорнидаликларидаёқ оталаридан, олти ёшларида оналаридан айрилдилар. Аллоҳ таоло у зотнинг боболари қалбига чексиз меҳр-шафқат ҳиссини солди. Боболари Абдулмутталиб вафотидан сўнг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) амакилари Абу Толибнинг қарамоғида қолдилар. Узоқ йиллар Абу Толиб у зотни ҳимоя қилди. Буларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг ҳикмати ва инояти билан бўлди. 

Яна Сизни гумроҳ (ғофил) ҳолда топиб, (тўғри йўлга) ҳидоят қилиб қўймадими?!

Аллоҳ таоло Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ваҳий юбориб, у зотга шариатни билдирди ва Қуръондан таълим берди. Аллоҳ таоло бошқа оятда бундай марҳамат қилади: “Агар (Биз) Сизни (ҳақ йўлда) собитқадам қилмаганимизда...” (Исро сураси, 74-оят).

Ҳодий (Ҳидоят қилувчи) – Аллоҳ таолонинг сифатларидан бири бўлиб, У Зот Ўзи хоҳлаган кимсани фазли ила ҳидоят қилади. “Аллоҳ кимни ҳидоят қилса, бас, ўша ҳидоят топувчидир. Кимни йўлдан оздирса, бас, улар учун Ундан ўзга дўстларни топа олмассиз, уларни Қиёмат кунида юзтубан ҳолларида кўр, соқов, кар қилиб тирилтирурмиз” (Исро сураси, 97-оят).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳ таолодан ҳидоятни яъни тўғри йўлда собитқадамликни сўраб: “Аллоҳим! Мен Сендан ҳидоятни, иффатни, беҳожатликни сўрайман”, деб дуо қилардилар (Имом Муслим ривояти). 

Сизни камбағал ҳолда топиб, (Хадичага уйланишинингиз туфайли) бой қилиб қўймадими?! Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Хадича бинти Хувайлид (розияллоҳу анҳо)нинг тижорат карвонларига бошчилик қилганлари ва кейинчалик у аёлни никоҳларига олганларидан кейин бой-бадавлат кишилардан бирига айландилар.

Аллоҳ таоло у зотни моддий тарафдан тўкис қилиб қўйди ва қаноатли қилди. Дунёнинг ўткинчи матоҳларига берилмадилар. Чин бойликни нафс хотиржамлигида деб билдилар. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бойлик мол-дунёнинг кўплигида эмас. Балки нафс тўқлигидир”, дедилар (Имом Муслим, Имом Термизий ривояти). 

Бас, энди Сиз (ҳам) етимга қаҳр қилманг! Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг етимликда вояга етишларининг катта ҳикмат бор эди. У зот етимликни ҳис этганлари учун ҳам уларга нисбатан меҳрибон, ҳамиша етимпарвар бўлдилар ва бошқаларни ҳам шунга тарғиб этдилар. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мен ва етимни ўз қарамоғига олган киши жаннатда мана шундай ёнма-ён турамиз” – деб кўрсаткич ва ўрта бармоқлари орасини очиб кўрсатдилар” (Имом Бухорий ривояти). 

Соил (гадо)ни эса (малол олиб) жеркиманг! Бирор нарса сўраб келган тиланчини ҳайдаманг, унга мулойим бўлинг. Эҳсон, ҳадя беринг ёки чиройли муомала билан ортига қайтаринг.

Шунингдек, илм ўрганиш мақсадида бирор савол сўраб келганни ҳайдаманг, унга ўртагинг (Абул Баракот Насафий. “Мадорику ат-танзил ва ҳақоиқу ат-таъвил”). 

Раббингизнинг (Сизга ато этган барча) неъмати ҳақида эса (одамларга) сўзланг! Аллоҳ таоло берган неъматлар ҳақида гапириш шукрнинг бир кўринишидир. Чунки банда ўзига етган инъом ёлғиз Аллоҳ таолонинг фазли билан эканига ишонади ва эътироф этади.

Анас ибн Башир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) минбарда туриб: “Ким озига шукр қилмаса, кўпига ҳам шукр қилмайди. Ким одамларга шукр қилмаса, Аллоҳга ҳам шукр қилмайди. Аллоҳнинг неъматлари ҳақида гапириш шукрдир. Уни тарк қилиш куфрдир. Жамоат раҳматдир”, дедилар” (Имом Байҳақий ривояти).

Абу Ражо (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Имрон ибн Ҳусайн (розияллоҳу анҳу)ни қўлида шойидан бўлган чойшабни олиб кетаётганини кўрдим. Илгари уни бу ҳолда ҳеч кўрмаган эдим. Шунда у: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло бир бандасига бирор неъматни берса, ўша бандасида берган неъматини асари кўриниб туришини яхши кўради”, деганларини эшитганман», деди (Имом Абу Мансур Мотуридий. “Таъвилату аҳлис-сунна”).

Аллоҳ таоло барчамизни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га чин уммат бўлиб, у зотнинг гўзал ахлоқларидан ўрнак олиб яшашимизни насиб қилсин!

 

Шайх Муҳаммад Али Собунийнинг “Софватут тафасийр”,

Абул Баракот Насафийнинг “Мадорику ат-танзил ва ҳақоиқу ат-таъвил”,

Имом Абу Мансур Мотуридийнинг “Таъвилату аҳлис-сунна” асари асосида

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

 

1. Агар итлар шоколад еса, бу уларнинг ўлимига сабаб бўлиши мумкин экан.

2. Кўзингизнинг ҳажми ҳозир қандай бўлса, туғилганингизда ҳам шундай бўлган. Чунки бурун ва қулоқ ўсишдан тўхтамас, кўзлар эса ўсмас экан.

3. Хитойда инглиз тилида гапирувчилар АҚШ аҳолисидан кўпроқ экан.

4. Биз қоғоз пул деб атайдиган пуллар қоғоздан эмас, аслида пахтадан ишлаб чиқарилар экан.

5. Пиёз тўғраш пайтида сақич чайнаш кўз ёшланишининг олдини олар экан.

6. Кетчуп 18 асрда дори сифатида ишлатилган экан.

7. Дунёдаги товуқлар сони одамлар сонидан кўпроқ экан.

8. Капалакларда таъм билиш сезгиси икки оёғида жойлашган экан.

9. Агар чумолилар заҳарланиб қолса, ерга ўнг тарафи билан йиқилар экан.

10. Шиллиқурт уч йил ухлаши мумкин экан.

11. Итларда ўн хил, мушукларда эса юздан ортиқ турдаги овоз бор экан.

12. Шимолий қутб айиқлари чапақай бўлар экан.

13. Аёллар кўзларини эркакларга нисбатан бир неча баробар кўпроқ юмиб-очишар экан.

14. Шиллиқурт дарахт баргларини тили воситасида ер экан. Унинг тишлари сони 25 мингтагача етиши мумкин.

15. Ерда яшайдиган баъзи қуртларнинг кўзи бўлмас экан.

16. Бойўғли бошини доира шаклида айлантира олар экан.

17. Инсон вафот этаётганда биринчи бўлиб кўриш ҳиссини, кейин таъм билиш, кейин ҳид билиш, ундан сўнг ушлаб ҳис қилиш ва охирида эшитиш қобилиятини йўқотар экан.

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Бугун, 9 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Франциянинг Париж шаҳрида бўлиб ўтадиган Халқаро мусулмонлар форумида иштирок этиш учун жўнаб кетдилар.
Халқаро мусулмонлар форуми ҳар йили дунёнинг етакчи мамлакатлари пойтахтларида кўп йиллардан буён ўтказиб келинади. 2014 йил Россия Федерациясининг Москва шаҳрида, 2015 йил Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида, 2016 йил Франциянинг Париж шаҳрида, 2017 йил Финляндиянинг Хельсинки шаҳрида Халқаро мусулмонлар форумининг йиғилишлари ўтказилган
Ушбу йирик тадбир Халқаро мусулмонлар форуми котибияти, Россия мусулмонлари диний идораси, Россия муфтийлар кенгаши, Москва Ислом институти, Финляндия мусулмон ташкилотлари тармоғи ва Бутунжаҳон мазҳабларни яқинлаштириш форуми томонидан ташкил этилди. Шунингдек, Буюк Британия мусулмонлар кенгаши, Италиянинг динлараро ва маданиятлараро таълим фонди томонидан қўллаб-қувватланган.
Мазкур халқаро нуфузли тадбирда муҳокама қилинган масалалар сайтимиз орқали ёритиб борилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Маълумки жорий йилнинг октябрь ойидан бошлаб мунтазам равишда юртдошларимиз Умра ибодатини адо этмоқдалар. Куни кеча 8 декабрь куни Саудия Арабистонининг Макка шаҳридаги зиёратчиларимиз жойлашган “Абраж ал Кисва” меҳмонхонасида “Ал Ҳидоя” ширкати томонидан  Ўзбекистон Республикаси Конститутцияси қабул қилинганининг 26 йиллиги муносабати билан  юртдошларимизга байрам дастурхони ёзилди.

Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Муҳаммад Акмалхон Шокиров иштирок этиб, зиёратчиларни байрам билан муборакбод этди. Конститутциямизда белгиланган ҳуқуқий нормалар, хусусан виждон эркинлиги кафолати сабаб Ҳаж ва Умра тадбирлари йилдан-йилга такомиллашиб бораётганлигини билдирди. Ўзбекистонлик зиёратчиларга алоҳида ҳурмат кўрсатиб, маросимни ташкил этган “Ал Ҳидоя” ширкатига юртдошларимиз номидан ўз миннатдорчилигини изҳор этди.

Ширкат мутасадди ходими Абдулбоқий Асқарали ватандошларимизни байрам билан қутлаб, Ўзбекистон ширкатнинг асосий ҳамкорларидан саналиши, доимо намуна кўрсатиб келаётган ўзбекистонлик зиёратчиларга хизмат кўрсатишидан мамнун эканлигини айтиб ўтди. Таъкидлаш лозим, Ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш бўйича мазкур ширкат Ўзбекистон билан кўп йиллардан бери ҳамкорлик қилиб келади.

Бир оз бўлсада ватанларидан йироқда бўлиб турган зиёратчилар учун кўрсатилган кичик бир эътибор бу албатта ўзбек халқи, миллати учун юксак ҳурмат ифодасидир.

 

Макка

ишчи гуруҳи аъзолари

Top