muslim.uz

muslim.uz

Нигериянинг Эдо штати Гомбе туманида жорий йилнинг 28 декабридан 2019 йилнинг 5 январига қадар Қуръони карим ҳофизлари мусобақаси ташкил этилади. Бу ҳақда International Quran News Agency нашри хабар берди.

Мусобақа ташкилотчиси Шайх Иброҳим Ояркуанинг айтишича мусобақада 104 нафар иштирокчи қатнашади. Улардан 60 нафари 6 категория бўйича саралаб олинади. Энг юқори балл тўплаган 10 нафар қорилар Эдо штати номидан Нигерия миллий Қуръон мусобақасида иштирок этишлари қайд этилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Аллома Абу Муъин Насафийнинг ислом фалсафасига бағишланган “Табсиратул-адилла фи илмил-калом” (“Калом илмидаги далиллар кўзгуси”), “Ат-тамҳид ли қавоидит-тавҳид фий илмил-калом” (“Калом илмидаги тавҳид қоидалар учун ягона китоб”), “Баҳрул-калом” (“Калом денгизи”) асарлари Мисрнинг Ал-Азҳар университетида дарслик сифатида ўқитилмоқда. Бу ҳақда 5 декабрь куни Қашқадарё вилояти ҳокимлигида бўлиб ўтган “Илму зиёси кўзларга тўтиё бўлган аллома” номли илмий анжуманда маълум қилинди.

"Турон24" нашрининг ёзишича, Насафийнинг асарларидан бугун жаҳондаги 100 дан зиёд олий ўқув юртларида фойдаланилмоқда.

“Ҳақиқат қиличи” номи билан машҳур алломанинг “Баҳрул-калом” ва “Табсиратул-адилла фи илмил-калом” китобларида эзгу туйғуни тилга чиқариш эмас, қалбдан ўтказиш иймоннинг белгиси экани уқтирилади, – деди Республика маънавият ва маърифат маркази бўлим бошлиғи Эргаш Даминов. – Аммо айрим ақидапарастлик йўналишидаги тарафкашлар тилдаги ҳам, дилдаги ҳам ёлғон экани, инсоннинг эътиқодда қанчалик собитлиги фақат амалида кўринишини ёқлайди, амалдан бошқасини рад этади. Айнан мана шундай қарашлар ҳозир кўпгина давлатларда қонли низоларга сабаб бўлаяпти".

“Насафийнинг бизгача етиб келган уч асари моҳиятан тўғри йўлга даъват, нотўғри йўлдан қайтаришга қаратилган, – деди профессор Муҳаммаджон Қуронов. – Унинг “Ат-тамҳид ли қавоидит-тавҳид фий илмил-калом” китобида “Илмдаги қашшоқлик куфрга яқиндир” деб ёзилган. Янги асрда динда адашишларга олиб келаётган сабаб ҳам шу – илмдан узоқлашган одам куфрга яқин бўлади. Бугун расмий гапларнинг даври ўтди. Ўзини зиёлиман деб санаган ҳар бир киши Насафийдан уч ҳикматни ёддан билиши керак”.

1027 йили Қарши (Насаф)да туғилиб, 1114 йили Самарқандда вафот этган Абу Муъин Муҳаммад ан-Насафийнинг 15 та асар ёзгани фанга маълум. Шулардан учтаси сақланиб қолган.

Мазкур қўлёзмалар ҳозир Дубай, Дамашқ, Искандария кутубхоналарида сақланмоқда. Ушбу уч манба дунё олимлари томонидан таржима қилиниб, 200 дан ортиқ давлатда, жумладан, 1886 йили Бағдодда, 1908 йили Қоҳирада нашр этилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Дубайда Carrefour номли халқаро супермаркетлар тармоғининг сувда сузувчи илк дўкони ўз иш фаолиятини бошлади. Форс кўрфази қирғоқларига яқин сувларда сузувчи дўкон кема бошқарувчилари, спортчилар, ҳамда дам олувчи сайёҳларга мўлжаллангани айтилган.

Ушбу кема дўкон Jumeirah Public beach, Kite Beach и Al Sufouh Beach сингари пляжлар ҳудудида харидорларга хизмат кўрсатади, ушбу сузувчи супермаркет харидорларга етказиб бериш хизматини ҳам амалга ошириши қайд этилган. Дўконда 300 турдан ортиқ маҳсулотлар бўлиб, унда тиббиёт воситалари ва косметика ҳам сотилиши йўлга қўйилган.

Кема дўкон ҳафтада олти кун соат 10:00дан 18:00га қадар ишлайди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Жорий йилнинг 4 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари раислигида “Вақф: моҳияти ва ижтимоий аҳамияти” мавзусида бўлиб ўтган видеосеминарда фонднинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказишга доир кўрсатмалар берилган эди.

Мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида кеча, 5 декабрь куни Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов, ўринбосарлар Хайрулло Сатторов ва Ёқуб Мансуров томонидан Самарқанд шаҳридаги бир нечта масжидларга пешин ва аср намозлари вақтида ташриф буюрилди.

Ташриф доирасида жамоат билан суҳбатлар ташкил этилиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида "Вақф" хайрия жамоат фонди ташкил этилгани, фонд томонидан қисқа вақт ичида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилгани, кам таъминланганлар, боқувчисини йўқотганлар, ногиронлиги бор бўлган шахслар, беморлар, мусибат тушган фуқароларга кўплаб моддий ёрдамлар кўрсатилгани, масжидлар, диний таълим муассасаларига хайрия тарзида кўмак кўрсатилаётгани қайд этиб ўтилди.

Фонднинг барқарор фаолият олиб бориши учун халқимиз томонидан қўллаб-қувватлов лозимлиги тушунтирилиб, бу борада фаол бўлишга, бошқаларга ҳам етказиб, Фонднинг янада кўпроқ хайрли ишларни амалга оширишига кўмакчи бўлишга чорлаб қолинди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Оилаларимиз чироғи ва чароғбони бўлган аёлларга эҳтиром кўрсатиш, уларни эъзозлаш миллий қадриятларимизнинг ажралмас қисмидир. Муқаддас динимиз ҳам нозик хилқат эгаларининг ҳақ-ҳуқуқларини тўла-тўкис таъминлаб берди.

Исломдан аввал аёл киши инсон ўрнида кўрилмас, қиз туғилган чақалоқлар тириклайин кўмилар эди. Мана шу иллатнинг ўзи ҳам жоҳилият даврида аёлга бўлган муносабат қандай бўлганини кўрсатади. Ислом дини аёлларнинг ҳуқуқларини тўлиқ кафолатлади. Уларни эркаклардек жамиятнинг тўлақонли аъзоси эканини амалда кўрсатиб берди. Қуръони каримдаги узун суралардан бирининг номи “Нисо”, яъни “Аёллар” деб аталади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам аёл номини улуғлаш, унинг шаънини кўтариш, ҳақ-ҳуқуқларини белгилаб беришда фақат Ислом умматига эмас, балки бутун инсониятга ибрат ва намуна бўлдилар.

Динимизда аёл она, опа, сингил, қиз сифатида ниҳоятда улуғланади. Ислом – менинг диним, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом – менинг Пайғамбарим, деган киши борки, аввало у аёлни эъзозлаши шарт.

Афсуски, сўнгги пайтларда аёлларни хўрлаш, камситиш ҳолатлари кўп кузатиляпти. Арзимас баҳоналар билан жанжал чиқариб, турмуш ўртоғини дўппослаётган эркаклар сафи кенгайиб бормоқда.

Бундай ҳолатларни бартараф этиш мақсадида республикамиз миқёсида 25 ноябрдан 10 декабргача “Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши 16 кун” номи остида тадбирлар ўтказилаётгани давлатимизнинг аёлларга кўрсатаётган ғамхўрлигининг амалдаги ифодасидир.

Таҳлилларга кўра, айни пайтда дунё миқёсида 33 – 50 фоиз аёллар эрларининг калтаклаши, дўппослаши оқибатида ҳалок бўлаётган экан. Бу эса, ўз навбатида, нозик жинс вакилаларини маиший жиноятлардан ҳимоя қилиш давр талаби эканлигини кўрсатиб турибди. 

Салим қори Қодировнинг “Аёлни эъзозлаган дин” китоби айни вақтда аёлни эъзозлаш ва қадрига етишдек фазилатни кўрсатган манба бўлиб юзага келди. Муаллиф асарда аёлларга нисбатан қандай муносабатда бўлиш кераклигини далил-исботлар билан ёритиб берган.

Ҳар бир турмуш қураётган йигит ва қизларимизга никоҳ, оиланинг муқаддаслиги, маҳр, талоқ, идда, оилада эрнинг масъулияти, оилада аёлнинг вазифалари, фарзанд тарбияси борасида никоҳдан олдин тушунча олишлари ҳозирги замон талабига айланган. Инсон ҳаётининг никоҳдан кейинги даврининг муваффақиятли кечиши ёки аксинча бўлиши кўп нарсаларга боғлиқ. Оила шаънини пок сақлаш учун уни саодатли ва мустаҳкам бўлишини истаган, турмуш бўсағасида турган ҳар бир ёш ўзи учун бир умрлик жуфти ҳалол танлашда эътиборли бўлиши кераклиги Ислом таълимотида алоҳида таъкидланган. Бу борада Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аёл киши тўрт нарса учун никоҳ қилинади: моли, жамоли, насаби ва дини учун. Диндорини ихтиёр қилгин, барака топасан”, деганлар. Ҳадисда келтирилишича танланаётган умр йўлдошнинг дини ва одоб-аҳлоқи эътиборга олиниши таъкидланган.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлимига эридан ёки эркаклардан жабр ва зулм кўрган аёллар келиб туришади. Улар билан суҳбатлашиб: “Зулмга учраб, бу ҳақда нима учун тегишли ташкилотларга мурожаат қилмайсизлар?”, деб сўраганимизда, опа-сингилларимиз маҳалла-кўй олдида истиҳола қилишини, оиласи, эри ва бола-чақаси обрўйини ўйлашини айтишди.

Аёлларимиз – ориятли, улар оиласи шаънини ҳамма нарсадан устун қўйишади. Лекин буни суиистеъмол қилаётган эркакларимиз андишанинг отини қўрқоқ қўйишмоқда.

Аёллар, асосан, келинлар оила аъзолари томонидан камситилиши ва эри томонидан ҳақоратланишини, оилада куч ишлатилгани ёки калтакланганини маълум қилишди.

Оилада зўравонлик ва камситишларга учраётган аёлларнинг асосий қисми ҳаётида моддий ва маиший қийинчиликлар мавжудлиги, турмуш ўртоғининг ичкиликка ружу қўйганлиги ва рўзғорга масъулиятсиз эканлигини билдиришган.

Шу ўринда бир мулоҳаза.

Ҳурматли эркаклар, уруш даврини бир кўз ўнгингизга келтиринг. Ўша пайтлар қанча машаққату қийинчиликларга момоларимиз, боболаримиз бардош беришган. Лекин шунга қарамай, улар оилани муқаддас билишган. Наҳотки, бугунги тинчлик даврида тўқликка шўхлик қилиб, аёлларни ҳақоратласак, уларни камситсак. Ахир, хотин-қизлар наслимиз давомчилари-ку.

Бизга мурожаат қилганлар орасида ахлоқсизлиги туфайли ҳомиладор бўлиб қолган қизлар ҳам борлиги ташвишланарли ҳолдир. Демак, оиладаги муҳитни яхшилашга жиддий эътибор қаратиш, қиз ва ўғил болаларга ёшликдан атрофдагиларга ҳурмат назари билан қарашни сингдириб боришимиз лозим.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Ким – у хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл – мўминлик ҳолида савобли ишлар қилса, айнан улар жаннатга кирурлар ва уларга хурмо данагининг ипича ҳам зулм қилинмагай” (Нисо сураси, 124-оят), дея марҳамат қилади.

Ҳадиси шарифларда эса бундай дейилган: «Мўминларнинг энг имони мукаммали гўзал хулқлисидир.  Сизларнинг энг яхшингиз аҳли аёлига яхши муносабатда бўладиганингиздир» (Имом Термизий ривояти).

“Аёллар хусусида Аллоҳдан қўрқингиз. Зеро, сиз уларни Аллоҳдан омонат ўлароқ олгансиз” (Имом Муслим ривояти).

Мухтасар қилиб айтганда, биз Динимиздан, ўзлигимиздан, маънавиятимиздан, миллий қадриятларимиздан қанчалик узоқлашиб бораверсак, бошимизга шунча кулфатлар ёғилаверади. Шу маънода наслимиз давомчиларини таҳқирласак, ўзимизга, келажагимизга зулм қилган, ўзимиз ўтирган дарахт шохини ўзимиз кесган бўламиз. 

 

Мунира АБУБАКИРОВА,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси.

Top