muslim.uz

muslim.uz

Дугонажон, эрта-индин оилангизга бағрингизни тўлдириб, фарзандингизни бахтли қилиш ва зурриёдингизни давом эттириш учун бошқа бир хонадоннинг суюкли қизи келин бўлиб келмоқда. Сизнинг ҳам орзуларингиз бисёр. Тўй яқин бўлгани сайин қариндошлар, қўшнилар, таниш-билишларингиз сизни қайноналик унвони билан муборакбод этишади. Аммо инсонлар орасида “Келинга бошидан қаттиқ туриш керак”, “Келин ҳеч қачон қиз бўлмайди”, “Келин келса, ўғил ҳам айнийди” кабиларни айтадиганлар ҳам учрайди.

Сиз эса битта болангиз иккита бўлганидан қувонинг. Келинингиз билан бирга оилангизга зурриётлар қўшилишини тасаввур қилинг. Остонангиздан келин деган номга муносиб бўлишни ният қилиб кириб келган бу нозик хилқатни она бўлиб қабул қилинг.

Ҳамма оналар ҳам “Ўғлимни бошини иккита қиламан, келин тушираман” деб, ўзи киймаса ҳам, сандиққа сарполар йиғади. Минг бир розилик билан сандиққа сарполар солганда юраги бир энтикиб, бўлғуси келинини ширин орзулар билан тасаввур қилади.

Аммо қайноналикка етиб, баъзи оналаримиз ширин орзуларини четга суриб, фарзандлари бахтига раҳна солаётганларини сезишмайди.

Янги оила – бу янги ўтқазилган кўчат демакдир. Ниҳолни бўй чўзиб,  кўкариб кетиши учун зийрак боғбоннинг парвариши лозим. Сиз билан биз зийрак боғбон бўлайликки, биз тутган йўллар оқибатида боғларимиз пайҳон бўлмасин.

Баъзи оналаримиз ўғилларини келинга меҳрибонлигини кўриб ичлари титрайди. Ўғли билан келинини суҳбатини пойлайдиган оналар ҳам бор. Бу нима, рашкми? Ўзлари сезмаган ҳолда келинни кундош ўрнида кўряптиларми?

Келинингиз эрталаб тура олмабди, дарров хулоса чиқаришга шошилманг. Қизингиз ухлаб қолса, “Чарчагандир, бир оз дам олсин” дейсиз-у,  келинингиз барвақт турмаса, “Яна ухлаб қолибди”, деб жаҳл отига минасиз.

Илгари қайноналар Аллоҳдан қўрққанлари учун ҳам келиннинг ишидан айб топмасдан, аксинча, тарбиялаб, олижаноб келинга айлантиришга харакат қилишган.Келиннинг онаси ҳам қизим бировнинг хонадонига борганда қийналмасин, деб рўзғорнинг икир-чикиригача ўргатишган. Ҳозирда эса оналаримиз “Қизим ўқишдан келди, ишлаб келди” деб, ҳамма юмушни ўзлари бажаришади. Оқибатда қиз бошқа хонадонга келин бўлиб борганида турмушнинг илк кунлариданоқ уқувсизлиги билиниб қолади. Агар келиннинг қайнонаси диёнатли бўлса, қаноат билан тарбиялаб йўриғига солиб олади, аммо диёнатсиз қайнона бўлса, 2-3 ойда кўч-кўрони билан онасиникига қайтариб юборади.

Келинини мақтаган қайнонанинг келини эмас, аввало ўзи яхшидир. Янги жой, янги рўзғор, янги феълли инсонлар. Келин ўрганиб кетгунича албатта, камчилиги бўлади. Қайнона келиннинг хатосини яшириб, яхшисини оширяптими, албатта, келин қиз ўрнида бўлғуси, иншааллоҳ.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида: “Албатта, амаллар ниятларга боғлиқдир”, деганлар. Яхши қайнона бўлиш  учун ёш ёки кекса бўлиши, ўқиган ёки кўп туққан бўлиши шарт эмас. У аёлнинг аслига, имонига, феълига ва албатта, ниятига боғлиқ бўлади.

Келинини доим мақтайдиган бир онахон билан ҳаёт тажрибалари ҳақида суҳбатлашганимда: “Мен ният қилганман, келинимни қиздек кўраман, деб. Мен келинимга она бўлолсам, у ҳам менга қиз бўлади.  Тўйдан олдин келиним билан учрашиб, оилада кўпчилик эканимизни тушунтириб, хонадонимизнинг азалий урфлари ҳақида суҳбатлашганман. Ҳозирги вақтда келиним нафақат менинг, балки барчанинг меҳрини қозонган. Келиним хасталаниб қолса, албатта, қизимга қандай қарасам, шундай парвариш қилишга харакат қиламан. Бир-икки кун уй юмушларини ўзим қиламан. Бу мен учун саломатлик бўлса, келинимга соғлигини тиклаб олиш учун бир оз ҳордиқ бўлади. Буни ҳамма қилиши мумкин. Бунинг учун бир инсоннинг қалбини оғритиш гуноҳ эканлигини, қилаётган амалларимизни эса савоб деб, кундалик ҳаётимизга татбиқ қилишимиз мумкин” дедилар.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

“Сўнгра ана ўша кунда (қиёматда), албатта, (сизларга ато этилган барча) неъматлар тўғрисида сўроқ қилинурсиз!”(Такосур сураси, 8 оят).

Аллоҳ таоло ато этган ҳар бир неъматга шукр қилдингизми, йўқми – сўраласиз. Каттаю-кичик ҳар бир неъмат тўғрисида сўралиш ҳисси ҳар бир имонли инсонни доимий равишда қамраб турмоғи лозим. Ана шундагина масъулият ҳисси ортади. Қайнона учун ҳам келин Яратганннинг неъмати. Келин келиб бағримиз тўлса, қўлимиздан ишимизни олиб, оғиримизни енгил қилиб турибдими, албатта, келинимиз ҳаққига дуоларимизни дариғ тутмайлик.

Доим ёдимизда сақлашимиз керак бўлган ҳақиқатлардан бири шуки, сиз келинингизнинг кўнглига қараб, қилган хизматлари учун дуо қиляпсизми, билингки, бошқа бир хонадонда сизнинг ҳам қизингиз дуоларга кўмилиб юрибди.

“Она  бўламан” деб, ният қилдингизми, Аллоҳ ниятингизга яраша шафқат, меҳр эшигини очади. Келинингизга ёққанингиз ўз фарзандингизга ёққанингиздан кўра гаштлироқ.

Кекса бир онахондан: “Устозингиз ким?”, деб сўралганда, онахон: “Аллоҳ раҳмат қилсин, қайнона ойимлар”, деб жавоб бердилар.

Ҳар бир аёлга келинларига устозлик қилиш бахти насиб этсин. Бу жуда улкан мартаба. Бу мартабага етишишнинг ўзига яраша машаққатлари борки, унга сабр-қаноат билан етишиш мумкин.

Дугонажон, яна бир истагим, зинҳор-базинҳор келинингизданми, ўғлингизданми ранжиб “Болангдан қайтсин” деб юборманг. Халқимизда  мақол бор - “Шохига урсанг, туёғи зирқирайди”. Набирангиз бадфеъл бўлса, ота-онасига қўшилиб сиз ҳам сиқиласиз. Феълимизни кенгроқ қилайлик, кечиримли бўлайлик. Келинингизни суйганингиз сари Аллоҳ таоло қувончли кунларингизни  кўпайтираверади. Аллоҳ барчамизни ҳидоят йўлида қилсин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси

Мунира АБУБАКИРОВА

Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ботиржон Асадов Россия муфтийлари кенгаши ва РФ мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Рушан Аббасов билан учрашди. Бу ҳақда muslim.ru нашри хабар берди.

Учрашув Москва жоме масжидида ўтказилган бўлиб, Ўзбекистон элчиси учун масжид бўйлаб сайр ташкил этилган. Рушан Аббасов Элчига Москва халқаро Қуръон мусобақаси, Moscow Halal Expo халқаро кўргазмаси, Диний ипак йўли конференцияси, жорий йилнинг 9-12 декабрь кунлари Парижда ўтадиган Халқаро Ислом форуми ҳақида маълумот берган.

Учрашувда 2016 йилда ташкил этилган Диний ипак йўли лойиҳаси Урумчи, Қозон, Бишкек шаҳарларида ўтказилгани, тўртинчи анжуман Остаона шаҳрида ташкил этилиши режалаштирилгани таъкидланиб, Ўзбекистоннинг ушбу лойиҳада иштирок этиши муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилган.

Ўзбекистон ва Россия ўртасида зиёрат туризми соҳасида келишув имзоланиши ва динлараро мулоқот бўйича конференция ташкил этилишига келишиб олинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

«Ҳилол» нашриётида чоп этилган Мусҳафи шарифнинг навбатдаги нашри бугун, 6 декабрь куни соат 09.00да нашриётнинг барча филиалларида сотувга чиқарилди.

Қуръони карим қуйидаги манзилларда сотилиши йўлга қўйилган:

Тошкент шаҳрида
1. «Hilol» нашриёт-матбааси бош дўкони
Манзил: Сўгалли ота, 5 уй (+99871) 216 29 27
Иш вақти: 09.00 - 18.00

2. Чорсу филиали
Манзил: Олмазор тумани, Сағбон(Фаробий) кўчаси, 7-уй (+99891) 134 82 88 Иш вақти: 09.00 - 18.00

3. Кўкча филиали
Манзил: Шайхонтоҳур туман, Маннон уйғур кўчаси, 362-уй (+99897) 755 23 70 Иш вақти: 09.00 - 18.00

Наманган филиали
Манзил: Наманган ш., А.Навоий кўчаси, 69-уй (+99869) 227 95 91
Иш вақти: 09.00 - 18.00

Андижон филиали
Манзил: Андижон ш., Олтинкўл кўчаси, 15 уй (+998 90) 211 05 74

Фарғона филиали
Манзил: Фарғона вил., Марғилон ш., Марғилоний кўчаси, 105-уй +998 91 6777903
Иш вақти: 09.00 - 18.00

Самарқанд филиали
Манзил: Самарқанд ш., Шоҳи Зинда кўчаси, 268-уй (+99891) 522 44 99
Иш вақти: 09.00 - 18.00

Сурхондарё филиали
Манзил: Денов ш., Мустақиллик кўчаси, 69-уй (+99893) 503 56 94
Иш вақти: 09.00 - 18.00

Хоразм филиали
Манзил: Урганч ш., (+99891) 421 00 10
Иш вақти: 09.00 - 18.00

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

"Iqra" миллий Қуръон мусобақаси Баҳрайн давлатида жорий йилнинг 4 декабрида бошлангани маълум қилинди.

Баҳрайндаги Қуръон жамияти вакиллари берган хабарга кўра, мусобақанинг маҳаллий босқичи 4-5 декабрь кунлари эркаклар ўртасида Шимолий вилоятларда бошланган. Бу ҳақда International Quran News Agency нашри хабар берди.

Мусобақанинг дастлабки босқичи Ал Муҳаррақ вилоятида 9-10 декабрь кунлари, Данубий вилоятда эса 11-12 декабрь кунлари ўтказилиши маълум қилинган.

Аёллар ўртасидаги мусобақалар 3-5 декабрь кунлари бошланган ҳамда 8-10 декабрга қадар давом этиши қайд этилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Жорий йилнинг 4 декабрь куни Қатарнинг Доҳа шаҳрида бўлиб ўтган йирик тақдирлаш маросимида Қуръон мусобақаси ғолиблари тақдирланди. 25 бор ташкил этилган Шайх Жассим бин Муҳаммад бин Тани Муқаддас Қуръон мусобақаси ғолибларига аталган совринлар топширилган.

iqnanews.ru нашрининг хабар беришича, 2018 йилда ташкил этилган мусобақа Қатар Исломий ишлар вазирлиги томонидан ташкил этилган.

Қатарлик беш нафар ғолибларни қатарлик вазир Муборак ао Кувари тақдирлаган. Бундан тақшари бангладешлик, мисрлик ва суданлик қорилар ҳам юқори ўринларни қўлга киритгани учун тақдирланган.

Мусобақанинг умумий мукофот жамғармаси 2 миллион риёлни ташкил этган бўлиб, биринчи ўрин соҳибига 100 минг риёл миқдоридаги мукофот топширилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top